Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезиянинг Шариф Ҳидоятулло Давлат ислом университети делегацияси ташриф буюрди.
Айни кунларда делегация аъзолари “Ҳадис илмида мусулмонлар амири Имом Бухорий меросини ўрганиш йўлида: Индонезиянинг 1000 нафар изланувчиси” номли маърифий-сайёҳлик дастурининг илк қатнашчилари сифатида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди. Дастур индонез халқи орасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда академик ва маданий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида қатор илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш назарда тутилган.
Меҳмонларни Марказ раҳбари Шовосил Зиёдов кутиб олиб, музей билан таништирди.
Ташриф доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Индонезиянинг Шариф Ҳидоятулло Давлат ислом университети раҳбарияти ўртасида мулоқот ўтказилди.
Суҳбат аввалида меҳмонларга Марказ фаолиятининг йўналишлари, эришилган натижалар хусусида маълумот берилиб, муассасанинг яратилиш тарихи ва бугунги салоҳияти ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
Делегация раҳбари Шариф Ҳидоятулло Давлат ислом университетини ривожлантириш қўмитаси раиси проф. др. Исмату Ропи ушбу олий таълим даргоҳи ҳақида батафсил маълумот берди.
Университет Жакарта шаҳрида жойлашган бўлиб, Индонезиядаги етакчи диний олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Анъанавий исломий фанлар ва замонавий академик йўналишларни ўзида мужассам этган таълим даргоҳи султонлик даврининг машҳур исломий уламоси ва арбоби Шариф Ҳидоятулла шарафига шундай номланган.
1957 йилда Давлат ислом тадқиқот институти (IAIN) сифатида ташкил этилган муассаса 2002 йилда университет мақомини олиб, бугунги кунда диншунослик, ижтимоий, табиий ва техник фанлар бўйича таълим беради.
Мулоқот жараёнида муассасалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Ҳадис илмида мусулмонлар амири Имом Бухорий меросини ўрганиш йўлида: Индонезиянинг 1000 нафар изланувчиси” дастурини ҳамкорликда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва тадқиқот лойиҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Шовосил Зиёдов ўз навбатида, Имом Бухорийнинг илмий меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳа аҳамиятига тўхталиб, унинг ўзаро ҳамкорлик, маданий ва зиёрат туризми соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
Профессор Исмату Ропи университетнинг илмий ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорлик соҳасидаги тажрибасига таяниб, Имом Бухорийнинг илмий меросини ўрганишга оид дастурлар ўз мамлакатидаги исломий таълимни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Университет делегацияси аъзолари, шунингдек, Марказнинг мавжуд лойиҳалари ва илмий тадқиқотлар натижаларини ўз мамлакатидаги илмий жамоаларга таништириш ва оммалаштиришга тайёрлик билдирди. Шу университетнинг ўзи билан ўнга яқин йўналишда илмий ҳамкорлик ўрнатиш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Индонезия томонининг фикрича, бу ҳамкорлик ҳам аниқ илмий натижаларга, ҳам икки томоннинг маданий-илмий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мулоқотнинг сўнгги қисмида яқин фурсатда ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш ва шу асосда биргаликда янги тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қўшма илмий конференциялар ташкил этишга келишиб олинди.
Ўрнатилажак муассасалараро ҳамкорлик, айниқса, келажакда Имом Бухорийнинг илмий меросини изчил ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.