Home / МАҚОЛАЛАР / НОГИРОНЛИГИ БОР (ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН) РОВИЙЛАР

НОГИРОНЛИГИ БОР (ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН) РОВИЙЛАР

Инсониятнинг пайдо бўлишидан буён ҳаётнинг бир ҳақиқати сифатида мавжуд бўлган ногиронлик ҳолати айрим эътиқод ва жамиятларда шахснинг камчилиги ва нуқсони сифатида қабул қилинган, баъзи ҳолларда жамиятдан изоляция қилиниб, ногироннинг янада қийин шарт-шароитларда ҳаёт кечиришга сабаб бўлган. Аммо бунинг акси ўлароқ ислом дини ҳам жамият ҳаётида, ҳам диний ҳаёт қоидалари доирасида ногирон шахсга нисбатан имтиёзлар бериш билан бир қаторда бундай кишиларнинг ижтимоий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватланишини таъминлаган.

Ногиронлик ҳолати моддий қийинчиликлар билан курашаётган жамиятнинг камбағал кишиларидан тортиб, дунёвий имконият ва бойликка эга бўлган шахсларида, ҳатто одамларнинг дунё ва охират саодатига эришиши учун юборилган пайғамбарларда ҳам, барчасида кузатилган.

Баъзида ислом ҳуқуқида қисас масалаларида бўлгани каби инсоннинг қилган ишига жазо сифатида берилган бу ҳолат, баъзан дунёда бир синов сифатида кўрилиши мумкин.

Тадқиқотимизда ҳар қандай инсон тушиши мумкин бўлган бу қийин ҳолат ва шу ҳолатда ҳам илмга бўлган саъй-ҳаракатини тарк этмаган шахслар кўриб чиқилган. Ҳар қандай инсон фарзанди тушиши мумкин бўлган бундай қийин ҳолатга саҳобалар ҳам дучор бўлишган. Тадқиқотимиз ҳадис илми билан шуғулланган ва ҳадис ривояти билан шуғулланган ногирон ровийлар ҳақида бўлади.

Тадқиқотимиз ислом динининг иккинчи манбаи бўлган ҳадис соҳасида, ровийлар ҳаётида инсоннинг энг қийин ва оғир ҳолати бўлган ногиронликка қарамасдан қўшган ҳиссалари ва хизматларининг инкор қилиб бўлмас даражада кўплигини намоён қилишни мақсад қилади.

Тадқиқотимизнинг мақсади, ҳаёт шароити қандай бўлишидан қатъи назар, инсоннинг ҳам ўз-ўзига ҳам бошқаларга фойда келтириши, ногиронликка қарамасдан жисмоний ва маънавий жиҳатдан инсон муваффақиятли бўлиши мумкинлигини намуналари билан кўрсатишдир.

Тадқиқотимизда ҳадис ровийларининг ногиронлик сабаблари ва бу ҳолат ровийнинг туғилишидан бошлабми ёки ҳаётининг қайси даврида пайдо бўлганини илмий нуқтаи назаридан аниқлаш ва мумкин қадар маълум қилиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, ҳадис ровийларининг ногиронлик ҳолати жарҳга сабаб бўлган бўлса, уларни аниқлаш мақсад қилинган.

Зеҳний ва жисмоний ногиронлик шаклида иккига бўлинадиган ногиронлик турларидан бири зеҳний ногиронлик «Ровийнинг устозидан ўрганган ҳадисини бошқаларга ривоят қилгунга қадар ақлан ёки ёзма шаклда сақлаши» маъносини билдирадиган забт шартига зид келгани учун табиийки бу турдаги ногиронликка ўрин берилмади. Тадқиқотимиз жисмоний ногиронлик сифатида кўриш, эшитиш ва ортопедик жиҳатдан ногирон бўлган ровийларни қамраб олган.

Турли тадқиқотлар натижасида минглаб ногирон ровийларнинг мавжудлиги туфайли тадқиқотимизда асосан энг мўътабар ҳадис китоблари сифатида қабул қилинган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Муслим ибн Ҳажжожнинг “ал-Жомеъус-саҳиҳ” асарларида учраган ногирон ровийларни ҳақида сўз юритилади. Саҳиҳайнда зикр этилган ногирон ровийларни аниқлаш учун Калободийнинг “Рижалус Саҳиҳул Бухорий” ва Ибн Манжуянинг “Рижалус Саҳиҳил Муслим” асарларидан фойдаланилди. Мазкур “Саҳиҳайн”да зикр этилган ногирон ровийлардан ташқари “Кутуби Ситта”да учрайдиган бошқа ногирон ровийларга ҳам ўрин берилди.

Ногиронлик билан боғлиқ асосий тушунчалар ва ислом жамиятида ногиронлар

Бу тадқиқотда қўлланадиган тушунчаларни аниқлаш, текшириш ва уларнинг таърифларини бериш учун аввало туркча ва арабча тушунчаларни бир жойга жамлаб, бу тушунчаларнинг таърифларини келтиришга ҳаракат қилинди. Бу тушунчаларни келтиришда эса тушунчанинг оммалашганлигини ҳисобга олинди ва энг оммалашган тушунчадан энг нодирига кўра бир тизим асосида тартибланди. Қуйида бу тушунчаларни бирма бир кўриб чиқамиз.

 

Нуқсон (тўсиқ) нима?

«Нуқсон» сўзи луғатда «Бир нарсанинг амалга ошишига тўсқинлик қилувчи сабаб, монелик, машаққат, муаммо, тўсиқ, қийинчилик» деган маъноларни билдиради. Нуқсон – жисмоний, ақлий ёки хатти-ҳаракатдаги бир бузилиш ва муваффақиятга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай камчиликдир. Нуқсон бир камчиликнинг таъсири ва шу сабабли шахс ёки жамиятнинг ўзидан кутилаётганидан кўра камроқ муваффақият даражасида қолишини билдиради[1].

Шахснинг ёши, жинси, ижтимоий ва маданий омилларга боғлиқ ҳолда бажариши лозим бўлган ролларини, вужудида мавжуд бўлган ёки кейинчалик пайдо бўлган нуқсон туфайли тўғри бажара олмаслиги ҳолатига “нуқсон” дейилади[2].

Нуқсонли (имконияти чекланган) киши ким?

Имконияти чекланганлик ҳолатини ифода этувчи “узрли”, “мажруҳ” каби тушунчалар мавжуд бўлса-да, сўнгги пайтларда умумий қабул қилинган тушунча “ногирон” тушунчасидир. Ҳатто бугунги кунда бу тушунчанинг жамият назарида янада ичкилаштирилиши ва психологик таъсири туфайли “имкониятсиз” сифатида ишлатилаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Генерал Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Мажруҳ шахслар ҳуқуқлари декларацияси»да ногирон шахснинг таърифи шундай қилиб берилган: “Оддий бир шахснинг шахсий ёки ижтимоий ҳаётида ўзи бажариши керак бўлган ишларни, жисмоний ёки руҳий қобилиятидаги туғма ёки кейинчалик пайдо бўлган ҳар қандай нуқсон туфайли бажара олмайдиган шахслардир”[3].

Ногирон – туғма ёки кейинчалик пайдо бўлган ҳар қандай касаллик ёки бахтсиз ҳодиса натижасида жисмоний, ақлий, руҳий, ҳиссий ёки ижтимоий қобилиятларини турли даражаларда йўқотган, одатий ҳаётнинг талабларига мослаша олмайдиган шахсдир”[4].

Ногирон тушунчаси – ақл, руҳ, бадан ва аъзоларда мавжуд бўлган бир нуқсон ва касаллик туфайли ҳаётини давом эттиришда, ишларни бажаришда ва жамиятга мослашишда қийинчилик чекаётган шахсларни ифода этади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ногиронлик концепциясини қуйидагича таснифлаган ва муайян қўлланмаларга асосланган ҳолда, соғлиқ бўйича аниқ таъриф ва таснифлар тақдим этган:

Нуқсон (Impairment): «Соғлиқ нуқтаи назаридан “нуқсон”; психологик, анатомик ёки физик тузилиш ва функциялардаги бир нуқсон ёки мувозанатсизликни англатади».

Ногиронлик (Disability): «Соғлиқ соғлиқ соҳасида “ногиронлик” бир нуқсон натижасида юзага келган ва оддий инсонга нисбатан муайян бир ишни бажара олиш қобилиятини йўқотиш ёки чегаралаш ҳолатини англатади».

Малоллик, ногиронлик (Handicap): «Соғлиқ соҳасида “малоллик” бир нуқсон ёки ногиронлик натижасида, маълум бир шахсда юзага келган ва унинг ёш, жинс, ижтимоий ва маданий ҳолатига кўра оддий деб ҳисобланадиган фаолиятни бажариш қобилиятини чеклайдиган ва чегаралайдиган камчиликни англатади»[5].

 

Ровий ким?

Луғатда “Сув бошига бориб сув ичмоқ; ҳадис ривоят қилиш” маъноларидаги ривоят сўзидан келиб чиққан “ровий” (кўплик шакли – рувот) атамаси, термин сифатида «Ҳадисни ўрганган ва уни адо этиш терминларидан бири билан ривоят қилган шахс» маъносида ишлатилади. Бу атама «Ҳадисни илк бор айтган кишига нисбатан ривоят қилган киши», баъзан эса «Ҳадис тўғрисида маълумоти бор ёки бўлмаган ҳолда уни санади билан ривоят қилган киши» сифатида мусниднинг муқобили сифатида таърифланади.

Ровий сўзидан фиқҳу-р-ровий, адолату-р-ровий, бидъату-р-ровий, фисқу-р-ровий, жаҳолату-р-ровий; кўплик шакли бўлган рувотдан эса тасмияту-р-рувот, табақоту-р-рувот, ҳолу-р-рувот (аҳволу-р-рувот), булдону-р-рувот (автону-р-рувот ва булдонуҳум) каби терминлар пайдо бўлган[6].

Ногирон ровий

Ногирон киши “нуқсони бўлган, баданининг қайсидир қисми ёки аъзоси йўқ ёки нуқсонли бўлган одам” маъносини англатувчи сифат ҳисобланади. Бизнинг тадқиқотимизда кўриш ва эшитиш нуқсони ёки баданининг қайсидир қисми; қўл, елка ёки оёқ каби аъзолари йўқ ровийлар таҳлилини ўрганиш мақсад қилинган. Бу нуқсонларни ифода этувчи тушунчаларни ўрганадиган бўлсак, қуйидаги тартибда саралаш ва изоҳлаш мумкин:

 

Кўриш нуқсони билан боғлиқ тушунчалар

Кўриш нуқсонини ифода этувчи кўплаб тушунчалар мавжуд. Улар орасида энг кенг тарқалгани аъмо сўзидир. Умуман олганда, бу сўз бошқа барча тушунчалар учун ҳам қўлланилган. Шунинг учун аввало бу тушунча зикр этилади, сўнгра бошқа тушунчаларга қисқача тўхталиб ўтилади.

 

Аъмо أعمى

Бу сўзнинг келиб чиқиши арабча бўлиб, عمي сўзидан келиб чиққан ва давомийликни ифода этувчи сифати мушаббаҳа қолипидандир. Кўриш қобилиятининг тўлиқ йўқолиши, икки кўзнинг ҳам кўриш қобилиятидан маҳрум бўлиши каби маъноларни англатади. Бу сўз бир кўзнинг кўриш қобилиятини йўқотишни англатмайди. Чунки у ҳар иккала кўзнинг ҳам кўриш қобилиятидан тўлиқ маҳрум бўлишини англатади.

Аъмо тушунчаси кўзнинг кўриш қобилиятини йўқотиши маъносида ҳақиқий маъносини англатгани каби, қалбнинг ғафлат ва залолатга тушиши маъносида ҳам қўлланилган. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Кимки, бу (дунё)да кўр (гумроҳ) экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озувчидир”[7].

Бундан олдинги оятда Аллоҳ таоло дунё неъматларини санаб ўтган, шундан кейин “бу неъматларни кўрмаган, кўришдан бош тортган ва залолатга тушганлар охиратда ҳам бу неъматларни кўра олмайди ва залолат йўлига мустаҳиқ бўлади”, деб таъкидлаган. Оятда бу тушунча мажозий маънода қўллангани хабар қилинган[8].

Хулоса қилиб айтганда, кўплаб сўз ва тушунчаларда бўлгани каби, бу сўзнинг ҳам ҳақиқий ва мажозий маънолари мавжуд. Аммо бизнинг тадқиқотимизда бу тушунчаларнинг ҳақиқий маъноларига эътибор қаратилади. Шунга кўра, аъмо сўзи кўриш қобилиятини тўлиқ йўқотган маъносида баҳоланади.

 [1] Alptekin H. Engel türünün ve spor yapma alişkanliğinin girişimcilik üzerine etkilerinin incelenmesi. 3/2018.
[2] Musayev İ. Engelli bireylerin din eğitimi. 7/2013.
[3] Gencer M. Engellilik durumu ve engellilere yönelik toplumsal algi. 10/2019.
[4] T.C. Başbakanlık devlet istatistik enstitüsü başkanliği. 2004.
[5] Koca C. Engelsiz şehir planlamasi bilgilendirme raporu. 4/2010.
[6] Efendioğlu М. Ровий. ТДИЭ, 2020.
[7] Исро сураси, 72-оят.
[8] Ибн Манзур. Лисонул араб. – Байрут: Дору Содир, 1993. Ж. 15. – Б. 95.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

СУҒДИЙ ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАР ГРАФИК ФОНДИНИ ЯРАТИШ МАСАЛАСИ

Марказий Осиё тарихи қадим тарихга эга минтақа ҳисобланади. Минтақа тарихига доир маълумотлар юнон-рим, арман, форс, …