Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Шеъриятнинг олий мутасаввифи, тасаввуфнинг аъло шоири

Шеъриятнинг олий мутасаввифи, тасаввуфнинг аъло шоири

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида навоийхонлик кечаси ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми мактабининг устоз ва талабалари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, таълим соҳаси фахрийлари, илмий жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ака-ука тадқиқотчилар Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажиднинг “Навоийдан чу топқайлар навое” китоби асосида шоирнинг шеърият ва ҳадисларга оид илмий меросига мурожаат қилинди. Муаллифлардан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, авваламбор, Алишер Навоий ижодиётининг маърифий йўналишлари, хусусан, Ҳазратнинг шариат ва тариқат илмига хизмати борасида сўз юритди. Жумладан, Навоийнинг илму одоб тўғрисидаги қарашлари, бу ҳақдаги айрим асарлари таҳлил этилди. Шоир ғазалларидаги мажозий образлар ҳақида маълумот берилди.

Муаллиф Навоий нафақат шеърият мулкининг султони, балки етук ва одил давлат арбоби, ижтимоий фаол инсон ва тасаввуф машойихларидан бири ҳам бўлганига эътибор қаратди. У улғайган муҳит қалбини ишқи илоҳий билан тўлдириб, онгини диний маърифат билан бойитганини таъкидлади. Қуръон, тафсир, ҳадис ва асосан тасаввуф имлари борасида ҳам камолга етган аллома Абдураҳмон Жомийни ўзига устоз деб билгани, айнан тасаввуфда Жомийга ҳеч ким ҳали-ҳануз Навоийчалик тенг кела олмаганини қайд этди.

Филология фанлари доктори, профессор Эркин Мусурмонов адиб асарларида маънавий поклик мавзусининг акс этиши ҳақида хулосалар берди. Яна бир нотиқ – Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев аллома ижодининг Мовароуннаҳр адабий муҳитига таъсирини мисоллар орқали ёритиб берди.

Навоийхонлик доирасида самарқандлик ижодкор Фармон Тошевнинг тўрт жилдлик сайланма асарлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Хорижий тилларни ўрганиш ва таълим муаммолари муҳокамаси

19 февраль куни Тошкентда Ориентал университети ташаббуси билан ташкил этилган “Хорижий тиллар тадқиқи ва таълими …