Чингизхон бошлиқ Мўғул империяси тарихи жаҳон халқлари тарихида ҳам муҳим ўрин тутади. Ўтган саккиз аср мобайнида мўғулшунос, номадолог (кўч-манчишунос), шарқшунос ва тарихчи олимлар диққат марказида бўлган мўғуллар тарихининг турли жиҳатлари ҳақида хориж ва маҳаллий тадқиқотчилар томонидан изланишлар амалга оширилган. Шунга қарамасдан, бу даврда минтақадаги этник ҳолат, мўғуллар қўшинининг этник таркиби ва шунга доир масалалар ҳалигача тўла ечим топмаган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, мўғуллар билан бирга Ўрта Осиёга кириб келган уруғ-қабилалар ва уларнинг манбаларда акс этишига доир масалаларни таҳлил қилмоқчимиз.
XIII аср бошларида узоқ давом этган курашлардан сўнг, мўғулларнинг қиёт-бўржиғин қабиласига мансуб Темучин аксарият қабилаларни бўйсундириб, янги давлатга асос солди [29:117-121]. 1190 йилга қадар Темучин ён атрофидаги мўғул қабилаларини бирлаштирди ва бошқа халқлар устига юриш бошлади [43:235-255]. 1202 йил татарлар, 1203 йил керайитлар, 1204-1205 йилларда найманлар ва маркитлар мўғуллар босқинига учради [35:148-149]. 1206 йилги қурултойда Темучин «Чингизхон» номи билан хонликка кўтарилди [39:158]. Шу тариқа Чингизхоннинг қўшни кўчманчи халқлар ва ўтроқ давлатларни босиб олишдан иборат фаолияти бошланди.
1207, 1209 ва 1227 йиллардаги ҳужумлардан сўнг Танғут давлати батамом мўғул империясига қўшиб олинди [35:149-151; 41: 173-174]. Чингизхон 1207 йилда қирғизлар ва бошқа «ўрмон халқлари»ни тобеъ қилди [35:151]. 1208-1209 йилларда маркит-найман иттифоқи парчаланди [35:146-152] ва натижада маркитлар гуруҳларга бўлиниб, йўқ бўлиб кетиш даражасига етди. Найманлар сардори Кучлук қорахитойлар гўрхони ёрдамида 1218 йилгача жонини омон сақлади [14: 70-87, 128]. 1209 йил ойратлар ҳам бўйсундирилди. Шу йили Идикут Барчуқ бошлиқ уйғурлар қорахитойлардан қутулиб, мўғуллардан қочган маркитларни йўқ қилди ва бу билан Чингизхонга тобелик билдирди [18:238].
Чингизхоннинг 1211-1215, 1232 йилларда уюштирган юришлари натижасида Хитой тўла эгалланди [35:76-78, 95].
Чингизхон найманлар хони Кучлук ортидан ғарбга силжийди. Кучлукнинг мусулмонларни таъқиб қилиши ва уларни Чингизхондан ёрдам сўраши натижасида 1218 йил собиқ қорахитойлар мулки – Шарқий Туркистон ва Еттисув ҳам мўғуллар ихтиёрига ўтди [42:56-58]. 1217-1219 йилларда маркитларнинг қолган қисми мўғулларга қарши бош кўтарди, аммо бу фойда бермай, уларнинг сардори Тўқтабеги ўлдирилди [3: 8-9; 13: 17-23]. Шуни таъкидлаш жоизки, мўғулларнинг маркитлар юртига юриши аслида Хоразмшоҳлар билан бўлажак тўқнашув олдидан аҳволни ўрганиш ва назорат қилишга қаратилган режа эди. Юқорида айтилганидек, бу ҳолат «Ўтрор воқеаси» жараённи тезлашишига хизмат қилди ва 1219 йил кузда бошланган уруш натижасида уч йилдан сўнг Хоразмшоҳлар давлати батамом яксон этилди [16:43; 35:199-217].
Мақолада XIII аср форсий, арабий ва бошқа тилларда ёзилган ўнлаб манбаларидаги Чингизхоннинг босқинчилик юришларига оид маълумотлар холислик тамойили асосида таҳлил қилинди. Хусусан, Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонкушой», Рашидиддиннинг «Жоме ат-таворих», Жамол Қаршийнинг «Мулҳақот ас-суроҳ» ва бошқалар шулар жумласидандир.
Мўғул истилоси XIII аср охирига қадар давом этди ва натижада қирққа яқин давлат уларнинг босқинига дучор бўлди [40:107-139]. Улар Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилиб, аҳолига нисбатан шафқатсиз сиёсат олиб борди. Уларнинг аксарияти асир сифатида Мўғулистонга олиб кетилди. Натижада, бу даврда Мовароуннаҳр аҳолисининг катта қисми йўқ қилинди. Масалан, 1221-1222 йилларда Самарқандда бўлган хитойлик роҳиб Чан Чун урушгача бу ерда 100 минг хонадон яшагани, мўғул истилосидан сўнг аҳолининг фақат тўртдан бир қисми қолганини [28:311; 17:137-142] ёзади.
Омон қолган халқ оғир иқтисодий қийинчиликда яшар, қишлоқ аҳолиси бир неча йил мобайнида унумли деҳқончилик қилолмаган эди. Моли ва еридан ажралган халққа деҳқончиликни йўлга қўйиш мушкул бўлиб, ҳосил олган тақдирда ҳам мўғуллар катта ўлпон солиб, етиштирилган маҳсулотни тортиб олган. Айни шу йилларда воҳа атрофларида кўчиб юрган чорвадорлар сони ҳам кескин камайди. Чорвадорлар мол-мулки мусодара қилиниб, ўзи асир олинди. Хуллас, мўғул истилоси минтақа халқлари бошига оғир кулфат келтирди.
Мўғуллар босқинидан кейин Мовароуннаҳрдаги аҳоли қарийб ярим аср мобайнида этник таркибини тиклай олмади. Мўғуллар кўп минг йиллик тарихга эга шаҳарларни вайрон қилди. Натижада, Мовароуннаҳр тараққиёти бир неча асрлар орқага улоқтириб ташланди.
Воҳалардаги камчил аҳолининг этник ҳолати деярли ўзгармади. Маҳаллий халқнинг асосини аввалги даврдагидек ўтроқ аҳоли ташкил қилган. Камбағаллашган ярим кўчманчи ва ярим ўтроқ қавмлар ўтроқлашиб, маҳаллий аҳолига аралашиб кетди. Мўғуллар босқинидан кейин анча вақтгача янги этнослар Мовароуннаҳрга кўчиб келмади.
1224 йилда Чингизхон империяси ҳудудини ўғиллари ўртасида улусларга тақсимлаганда Мўғулистон, Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳудудлари Чиғатойга берилади [26: 366]. Шунингдек, бошқа улуслар қатори Чиғатой улусини ҳам сипоҳ ва муҳофизлар қўшини билан таъминлаб, маълум бир уруғ-қабилаларни унинг ҳукмига топширади. Ўзбек халқи этник масалалари ёритилган кўплаб тадқиқотларда Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудларга мўғуллар бошлиқ турли этносларнинг кўчирилиши XIII аср 60 йилларидан бошлаб амалга оширила бошлангани таъкидланади [38:385-386; 7: 452]. Бунга сабаб қилиб, шу йилларда Чиғатой улуси ҳокимият талашишлар натижасида аста-секин кучсизлана бошлангани кўрсатилади. Аммо манбаларга кўра, Чингизхон мамлакатни улусларга тақсимлаганда тўртта қабилани мингбошиси бошчилигида Чиғатой улусига юборади. Бу қабилаларнинг номи ва мингбошилари хусусидаги маълумотлар манбаларда турлича. Хусусан, «Мўғулларнинг махфий тарихи»га кўра, Чингизхон Чиғатойга қўшин тақсим қилганда унинг ҳиссасига Харачар (Қорачор), Мунгге, Идохудой, Кокочос исмли мингбошиларни беради. Улар орасидан Кокочос Чиғатой мушавири бўлиб, барин (баҳрин)лардан, Харачар барлослардан, Мунгге жалойирлардан эди [27:162]. Аммо Идохудойнинг қабиласи номи келтирилмаган. Рашидиддин Чингизхон Чиғатойга тўрт мингбоши бергани ҳақида сўз юритиб, фақатгина барлослардан Барулатай ва Қорачор, жалойирлардан Мунгге нўён номини тилга олган [35:275]. «Муизз ал-ансоб»да эса Қорачор (барлос), Муге (жалойир), Қишилик (сулдуз), кичик Чиғатой (сунит) ва Кошук (ёки Косу шаклида ҳам ўқилади) нўён номи келтирилган. Чиғатой улусида барлос, жалойир, сулдуз бирликларининг мавжудлиги ҳақиқатдир. Аммо сунит этник гуруҳининг бўлгани бошқа тарихий манбаларда учрамайди. Шунга кўра, бу 4-этник гуруҳ арлотлар бўлган дейишга асос бор [27:62-163; 33:94]. Чунки арлотлар кейинчалик ҳам Амир Темур ва темурийлар империясидаги асосий этнослардан ҳисобланган. Бундан ташқари, Чингизхон Чиғатойга найман халқидан иборат саккиз минг кишилик қўшинни ҳам ажратади [27:162]. Кўчиб келган мингбошилар ўзи билан бирга оиласи ва қабиладошларини ҳам Чиғатой улуси ҳудудига кўчирган.
Бу қабилаларнинг улус ҳудудига келиб ўрнашиш даври масаласига қайтсак. Рашидиддинга кўра, Чиғатой хони Бароқхон (1266-1271) ва унинг ворислари даврида, яъни XIII аср 60 йилларидан жалойирлар нуфузи анча ортиб, 3-4 минглик махсус отлиқ бўлинмани ташкил қилган [33:99]. Кўриниб турибдики, улусга келиб ўрнашган қабилалар (мингликлар) XIII аср 60 йилларидан эмас, 20 йилларданоқ кириб келган ва 60 йилларга келиб уларнинг нуфузи 3-4 баробарга ортган.
Чиғатой улусига келиб жойлашган йирик этнослардан яна бири жалойирлар эди. Улар ҳар бири минг оиладан иборат етмиш уруғга бўлинган [10:39]. Рашидиддин жалойирларни XII асрда Онон ва Керулен дарёлари ҳавзаларида яшаган мўғул деб аталувчи турк қабиласи сифатида зикр этади [32:129-149]. Унга кўра, жалойирлар асли туркий қабила бўлиб, кейинчалик, мўғул тилини ўзлаштирган. Абулғозий жалойирлар мўғулларнинг дарлагин элига тақалишини таъкидлаб, бу эл нукуз авлоди [1:43], дейди. В.В.Бартолд, И.П.Петрушевский, П.Б.Голден каби олимлар уларни мўғул тилли халқ эканини ёзади [9:173; 18:256-257]. С.А.Аманжўловга кўра, жалойирларнинг асосий негизи турклар бўлган. Олим Рашидиддинга таяниб, жалойир қабиласи таркибида қуриқин, тулангит, тури этнонимлари борлигини айтади [5:43-45]. К.Шониёзовнинг таъкидлашича, қуриқинлар ёқут ва енисей қирғизларининг илк аждодлари эди [38:385]. Туленгий, теле (теленгит) атамаси қадимги туркий қабила иттифоқининг номи бўлиб, IV-V асрларда 11 қабилани бирлаштирган йирик этник уюшма ҳисобланган. Уларнинг кейинги авлодлари ҳозир ҳам (теленгит, телес, телеут номлари билан) Олтой ва Сибирнинг бир неча минтақаларида сақланиб қолган. Шунга кўра, теленгит, қуриқин ва турилар туркий халқ бўлганини инобатга олсак, жалойирларнинг туркий эканига шубҳа қолмайди.
Ҳақиқатда, жалойирлар Онон ва Керулен бўйларида истиқомат қилаётган вақтда мўғул тилида сўзлашган. Буни шу даврдаги шахс исмлари ҳам исботлайди [44:271]. Улар дастлаб Дашти Қипчоққа, кейинчалик Мовароуннаҳрда ўрнашгач, тил жиҳатидан турклашадилар. Мўғул хони Кейхатунинг жалойирлардан бўлган хотинидан туғилган фарзандларининг исмлари Қутлуғ, эл-Қутлуғ, аз-Қутлуғ [44:272] бўлгани ҳам уларни тил жиҳатидан турклашганини кўрсатади.
Мовароуннаҳрда ўрнашган жалойирларга Есун нўённинг ўғли Мука бошчилик қилган [33:94]. Улар Ангрен ҳавзалари ва Хўжанд атрофида жойлашган. Ўнта йирик қабиладан иборат жалойирларнинг аксарияти киданларга қарши жангда ҳалок бўлган. Бароқхон ва унинг авлодлари даврида улар янада кучайиб, Чиғатой хонларининг асосий ҳарбий кучига айланган.
XIII аср давомида жалойирларнинг бир гуруҳи Озарбайжон ва Ироққа кўчиб, ўз давлатини барпо қилган [36:15-16]. XIV аср ўрталарида уларнинг бошқа гуруҳи Эрон шимолида ўрнашиб, Жалойирлар сулоласига асос солган. Бу вақтда уларнинг яна бир қисми Олтин Ўрда ҳудудида истиқомат қилган [18:249]. Улар мўғулларнинг бошқа улусларида ҳам йирик этнос сифатида сиёсий ҳаётда фаол ўрин тутган.
Жалойирлар билан бирга минтақага келиб ўрнашган барлосларнинг ватани Онон ва Керулен дарёлари ҳавзаларида эди [1:46]. Улар дастлаб мўғул тилида сўзлашган, кейинчалик, Дашти Қипчоққа кўчиб, у ердаги туркий этнослар таъсирида тил жиҳатидан турклашган. Барлослар Мовароуннаҳрга кириб келгандан сўнг, тамоман турклашиб кетган [44:82].
Чингизхон даврида барлослар йирик ва ишончли кучга айланган. Мўғуллар истилоси даврида тилга олинган Тоғочор нўён[1], Қубилай ноён [35:189] ва Қорачур ноён [37:21] (Қорачор нўён – У.С.) қабиланинг йирик ҳарбий лавозимдаги вакиллари эди.
Чингизхон ворислари даврида барлосларнинг бир қисми Или дарёси чап соҳилида, Шарқий Туркистоннинг ғарбий ҳудудлари ва Қошғарда ўрнашди. Қошғардаги барлослар бошлиғи XV асрда Амир Мирак Мирзо эди. Мирзо Ҳайдар бу ҳақда «Мирзо амакимга тоға бўлиб, барча кенгаш ва мажлисларда уларнинг фикрлари асосий ҳисобланган» [26:423], деган.
Или дарёси бўйлари ва Шарқий Туркистонда яшовчи барлосларнинг бир қисми XIII аср 20 йилларидан Қашқадарё воҳасига келиб ўрнашди. Рашидиддиннинг ёзишича, 1224 йил Чингизхон Чиғатойга улус учун тўрт минг кишилик қўшин берганда, унинг минг кишилик бўлинмаси барлослардан иборат бўлган. Унга Барулатой ва Қорачор нўён бошчилик қилган [35:275]. Барлосларнинг ушбу гуруҳи Амир Темурнинг қавмдошлари бўлиб, кейинчалик, Соҳибқиронга сидқидилдан хизмат қилган.
Барлосларнинг этногенези бугунги кунда ҳам тўла ечим топмаган ва бу хусусда турли қарашлар мавжуд. Хусусан, уларни В.В.Бартолд мўғул тилли халқ [9:173], З.В.Тўғон асил мўғул халқи [44:64], П.Б.Голден эса турклашган мўғул қабиласи [18:256-257], деб ёзади. Рашидиддин берган маълумотларга кўра, барлосларнинг илк аждодлари турклар бўлиб, кейин мўғул номини олган нурун қабила иттифоқига кирган [35:178-198]. Шунга кўра, уларнинг аждодлари туркий халқлар бўлганига шубҳа қолмайди. Таъкидлаш жоизки, барлослар узоқ вақт мобайнида мўғуллар билан бирга яшаб, уларнинг тилини ўзлаштирган. А.Ю.Зуев хитой манбаларини таҳлил қилиб, барлослар туркий халқ [49:178-185], деган хулосага келади. Бу эса барлосларни туркий халқ эканини манбалар асосида яна бир карра исботлайди. Келтирилган маълумотларга асосланиб, барлосларнинг этногенези туркий этнослар билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Бизгача етиб келган Ўзбекистон ва Тожикистондаги барлослар ўзини турк-барлослар деб атагани ҳам бунга ёрқин мисолдир.
Найманлар ҳам XIII аср 20 йилларида Чиғатой улуси ҳудудига келиб жойлашган асосий этнослардан эди. Уларнинг келиб чиқиши борасида турли қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ тарихчилар найман мўғулчада «саккиз», «саккиз қабила» деган маъноларни англатишига қараб, уларни мўғул деса [18:236], бошқалари уларнинг туркийлигини исботлашга ҳаракат қилади [32:249-251].
Маълумки, қадимги шарқ қўлёзмалари ва Ўрхун ёзувларида «саккиз ўғуз» қабила иттифоқи тилга олинган. X аср ўрталарида улар яшаган ерларни қорахитойлар ишғол қилгач, уларнинг вассалларига айланган бу халқ найманлар деб атала бошланган [48:98].
XIII асрда найманлар мўғуллашган эди. Аксарият қисми христиан бўлган найманлар [44:262] уйғурлар урф-одатларини қабул қилади. Найманлар уйғурлар билан яқин маданий алоқада бўлган. Дарвоқе, XIII аср бошларида найман хони ўз қароргоҳида ўқимишли уйғурни давлат муҳрини сақлаш ва ёзув ишлари учун сақлаган. У Хитой транскрипциясида «Та-та-тонга» деб аталган [48:97].
XIII аср бошларида Найман давлати парчалангач, уларнинг хони Таянгхоннинг ўғли Кучлук аввал амакиси Буйруқхондан, кейин Или дарёси соҳилидаги қорахитойлардан ёрдам сўрайди [34:135-138]. Бу вақтда найманлар бир қанча тумандан иборат йирик ва кучли қабила эди. Чингизхон уларнинг катта қисмини қириб юборади. Қолганлари Чингизхоннинг кейинги ҳарбий юришларида иштирок этади. Манбаларга кўра, Чингизхон уларни ўғиллари ҳамда яқин қариндошлари орасида бўлиб беради. Хусусан, Чингизхон онаси ва кичик укаси Отчигинга ўн минг, Жўжига тўққиз минг, Чиғатойга саккиз минг, Угадойга беш минг, Тулуга беш минг, Хасарга тўрт минг, Алчидайга икки минг, Белгутайга бир минг беш юз одам берди [27:162]. Натижада, найманлар парчаланиб, йўқ бўлиб кетиш даражасига етади. Манбаларда Чиғатой улусига кўчирилган найманларнинг жойлашган ҳудуди тўғрисида аниқ маълумот келтирилмаган. Аммо «Зафарнома»да ушбу қабиланинг бир қисми шимолий Хуросон ва Амударё бўйларида яшаётгани ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, уларнинг йирик амирларидан бири Муҳаммад Хожа Апардий ҳақида сўз юритилган [50:316]. Амир Темур қўшинида ҳам найманлар бўлиб, уларга Оқбуға найман бошчилик қилган [50:46]. Найманларнинг Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам етакчи ҳарбий-сиёсий куч эканига қараганда улар Мовароуннаҳр ва унга туташ ҳудудларда истиқомат қилган.
Найманларнинг бошқа бир қисми Жўжи улусида бўлиб, кейинчалик, кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Абулхайрхон уларга Тура шаҳри доруғалигини топширади [44:292].
Бу даврда Мовароуннаҳрда ўрнашган этнослардан яна бири сулдузлар бўлиб, улар мўғул тилида сўзлашувчи қабила эди [44:82]. Абулғозий сулдузларни мўғул халқи, деб атайди [1:41]. Бу фикрни П.Б.Голден ҳам такрорлайди [18:256-257].
Чингизхон саройидаги нуфузли амирлар сулдузлардан бўлган [34:172-174]. Улар мўғулларнинг Мўғулистон, Хитой ва Эрондаги (Элхонийлар) давлатларида юқори амалларда хизмат қилган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мўғуллар даврида сулдузлар бошқа қабилаларга қараганда бир қанча кўп туманни ташкил этган [44:252]. Рашидиддинга кўра, улар Чингизхонга тойжовутларга қарши курашда ёрдам берган. Бу даврда уларга Тойжу сулдуз бошчилик қилган [34:172-174, 180-183].
Сулдузларнинг катта гуруҳи Чингизхон қўшини таркибида Дашти Қипчоқда, қисман Мовароуннаҳр ва шимолий Афғонистонда ҳам ўрнашган. Ундан кейинги даврларда сулдузларнинг маълум қисми Озарбайжон ва Эронга кўчиб ўтади. Мовароуннаҳрдаги сулдузлар Амир Қазағон вафот этгач, амир Баён Сулдуз етакчилигида бир неча йил Самарқандни бошқарган. Уларнинг бошқа қисми XIV аср ўрталарида Ўлжой Буқо Сулдуз раҳбарлигида Балхда яшаган.
XIII аср 20 йилларида Мовароуннаҳрга келиб ўрнашган яна бир йирик этнос – арлотлар бўлиб, уларнинг ватани Мўғулистон эди [35:78, 87-88]. Рашидиддин арлотларни ҳақиқий мўғул қавми сифатида тилга олади. Унинг ёзишича, арлот киши номи бўлиб, кейинчалик ўша шахс номи қабилага нисбатан қўлланган [35:78, 87-88]. Абулғозий ҳам бу фикрни такрорлаб, арлотнинг маъноси – «отани севган ўғил» [1:40], деган.
Арлотлар Мовароуннаҳрда яшаб, ўз тилини аста-секин унутиб, туркий тилни қабул қилган. Еттисув арлотларининг бир қисми Сурхондарё вилоятининг жануби, Термиз атрофлари ва шимолий Афғонистон минтақаларига ўрнашади. Улар кейинчалик, Амир Темурга садоқат билан хизмат қилиб, унинг ҳарбий юришларида иштирок этган [26:87].
Арлотларнинг шарқий Чиғатой улуси (Мўғулистон)да қолган гуруҳлари мўғул хонлари даврида юқори мансабларни эгаллаган. Арлотлар Элхонийлар давлатида ҳам катта мавқега эга йирик қабила ҳисобланган [44:231]. Аммо баъзи мўғул хонлари арлотларни ёқтирмаган [26:187].
Қавчин муҳофиз қўшини ҳам мўғул ҳукмдорлари билан Мовароуннаҳр ва унга туташ ҳудудларга келиб, ўрнашиб қолган. Улар дастлабки йилларда Чиғатой ҳукмдорлари қаерда тўхтаб, жойлашган бўлса, шу ерда ўрнашган. Чиғатойлилар Или водийсидан Мовароуннаҳр ичкарисига силжигани сари қавчинлар ҳам мамлакат ичкарисига келиб жойлашган. Уларнинг мўғул хонлари билан бирга ҳаракатланишига сабаб – муҳофиз қўшини эканидир. Улар Чингизхон империя ташкил этган илк йилларданоқ турли уруғ-қабилалардан ташкил этилган қўриқловчи гуруҳ бўлган. Аммо улар бу даврда қабила бўлмаган. Бундан англашиладики, қавчин термини дастлаб этноним сифатида қўлланмаган. Бу сўз мўғул хонларини қўриқловчи муҳофиз гуруҳларига нисбатан ишлатилган умумий ном бўлган.
Қавчинларнинг Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларга жойлашиши хусусида тўхталсак. Аксарият олимлар, жумладан К.Шониёзов ва А.Асқаровнинг ўзбек халқининг этник тарихига бағишланган қатор тадқиқотларида қавчин этноними кузатилади. Олимлар қавчинларнинг Мовароуннаҳрга келиб жойлашиши тўғрисида деярли бир хил маълумот беради [38:384; 7:452]. О.Бўриев «Зафарнома» муқаддимасига асосланиб, қавчинлар Чингизхон давридан эътиборли қабилалардан саналгани ва Чингизхоннинг катта хотини Барта (Борте – У.С.) қавчинларга мансуб бўлганини таъкидлайди [51:96]. Аммо «Мўғулларнинг махфий тарихи» ва «Жоме ат-таворих»да Борте фужин (ужин, кужин, кучин шаклларида ҳам учрайди) унггират [Унггират] қабиласидан Дай сеченнинг қизи экани айтилган [27: 21; 35:68]. Рашидиддин исм билан бирга келган шу каби қўшимчалар бу даврдаги бошқа олиймақом турк-мўғул аёллари исмига ҳам қўшиб айтилган, деган. Хусусан, Чингизхоннинг онасининг исми ҳам «фужин», «ужин» қўшимчалари билан бирга тилга олинган. «Мўғулларнинг махфий тарихи»да Ҳоэлун-ужин, Жувайнийда Есужин, Рашидиддинда Оэлун-фужин шаклларида учрайди [27:17; 52:107; 35:51]. Рашидиддинга кўра, бу атамалар хитойча сўз бўлиб, туркий «хатун», «хотун» атамалари билан айнан бир хилдир [35:51]. Яна бир факт «Тарихи Рашидий»га тегишли. Унга кўра, «Қошғар ва Хўтан аҳолиси (ижтимоий жиҳатдан бўлиниш назарда тутилган – У.С.) «тўрт қисм»га бўлинади. Биринчиси «туман» бўлиб, раиятни англатган. Улар хонга тобе бўлиб, ҳар йили солиқ тўлаб турган. Иккинчиси «қавчин» – уларни ота-боболарим бошқариб келган (Бу ерда қавчин этноним сифатида эмас, ҳарбий гвардия учун умумий ном шаклида қўлланган. Агар этноним тарзида қўлланилганда эди қолган 3 гуруҳда ҳам этнонимлар келтирилган бўлар эди. Дуғлотлар Мўғулистоннинг улусбегиси бўлгани учун ҳарбий қўшин ҳам тўғридан-тўғри уларга бўйсунган – У.С. ). Кейингиси «аймоқ» дейилади, улардан ҳар бири дон, мато ва бошқа нарсалар кўринишида даромад олган, ота-боболарим ҳам шу қисмга тегишли бўлган. Тўртинчиси – шариат мансабдорлари, масжид, мадраса, вақф ерларининг мутасаддилари бўлган, уларнинг кўпчилиги ота-боболаримга тобе бўлган» [27:418].
Тадқиқотларда қавчинлар Мовароуннаҳрга бошқа қабилалар қаторида қабила сифатида келиб ўрнашганидан ортиқ маълумот келтирилмаган. Мўғуллар даври акс этган бирорта тарихий манбада (Жувайний, Рашидиддин ва бошқ.) қавчин этнонимининг қайд этилмагани ҳам бу даврда қавчин деб аталувчи қабила бўлмаганини исботлайди. Фақатгина «Мўғулларнинг махфий тарихи»да муҳофиз қўшини ҳарбий гвардия уюшмаси мўғулча ҳарбий «қавчин» дейилишига ишора қилингани ва кейинчалик темурийлар даври манбаларида ҳам қавчинларни ҳукмдорларнинг асосий ҳарбий гвардияси бўлгани бизнинг юқорида илгари сурган фикримизни тасдиқлайди [46:35-39].
Қавчинлар чингизийлар ва темурийлар қўшинида алоҳида нуфузга эга бўлган [53:49-51]. Темурийлар даври манбаларида Мирзо Улуғбек қўшинининг асосини қавчинлар ташкил қилгани бир неча марта тилга олинган.
XIII-XIV асрларда Мовароуннаҳрга мўғул ва турклашган мўғул қабилаларининг кириб келиши янада жадаллашган. Шу даврда ўлкамизга юқорида келтирилган этник гуруҳлардан ташқари олчин, дуғлот, баҳрин, маркит, боёвут ва бошқа кўплаб мўғул, турклашган мўғул ва туркий қабилалар кириб келган. Улар нисбатан кам сонли бўлиб, иқтисодий ҳолати ҳам турлича бўлган. Шу боис, аввало, камбағал қисми қисқа вақтда маҳаллий аҳолига сингиб, маданий-хўжалик таъсирида ўз тилини унутган ва туркий тилда сўзлашган.
Мовароуннаҳрда ўрнашган этнослардан яна бири турклашган мўғул қавми саналган баҳринлар эди. Бироқ Рашидиддин уларни Чингизхон давридаги турк қабилалари қаторида тилга олади [32:249-251]. Улар мўғул истилоси даврида Дашти Қипчоққа келиб жойлашиб, вақт ўтиши билан турклашган [53:55-56].
Абулғозийнинг ёзишича, мўғул хони Бачин қаённинг Барин исмли ўғли бўлиб, баҳринлар унинг наслидан тарқалган. Баҳринлар турк ва мўғул халқлари ижтимоий ҳаётида муҳим мавқега эга эди. З.В.Тўғон маълумотларига кўра, улар ўрдага мансуб «улуғ бек»лар чиққан уйғур, қиёт, боёвут ва конгит қабилалари қаторидан жой олган [44:252].
Мовароуннаҳрдаги баҳринларнинг аксарияти Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсида, қолган қисми эса Зарафшон воҳасида ўрнашган. Улар Шарқий Чиғатой улусида ҳам талайгина бўлиб, Дўландан уч кунлик йўлда жойлашган Уруқтомда истиқомат қилган [26:263].
Чиғатой улуси амалдорлари ва саркардалари орасида ҳам баҳринлар алоҳида ўрин тутган. Хусусан, шарқий улусда Яғлибей барин (баҳрин) [44:366], Думаса ва Чанпу баҳринлар [26:81] (булар Илёсхожанинг амирлари эди), Эрзан барин (Юнусхонни 30 минг уйлик мўғул билан бирга Самарқандга Мирзо Улуғбек ҳузурига олиб борган [26:136-137]) ва бошқ.
Бу даврда Чиғатой улуси ҳудудларида ўрнашган этнослардан яна бири дуғлотлар эди. Рашидиддинга кўра, улар мўғул қабиласи бўлган [34:78,193]. В.В.Бартолд ҳам бу фикрни такрорлайди [9: 529-533]. Аммо Н.А.Аристов Ғарбий Турк хоқонлигидаги йирик қабила иттифоқларидан бири дулуларни дуғлотлар билан бир халқ эканини таъкидлайди. Буни инобатга олсак, дуғлотларнинг қадимий туркий қавм экани маълум бўлади.
Чингизхон қўл остидаги мамлакатларни ўғилларига бўлиб берганда, дуғлотлар Чиғатой улуси тасарруфида эди. Бу пайтда дуғлотлар Шарқий Туркистон, Иссиқкўлнинг жануби ва Фарғона водийсининг шимолий туманларида кўчиб юрган. XIV аср иккинчи ярми – XV асрда шарқий Чиғатой улусида дуғлотлар мавқеи анча ошди. Уларнинг бир қисми мустақиллик учун тинимсиз кураш олиб бориб, 1427/28 йилда Қошғарни эгаллайди ва давлатни XVI аср биринчи чорагигача идора қилади [23: 35-44].
Бу даврда Мовароуннаҳрда ўрнашган этнослардан яна бири маркит (меркит, макрит)лардир. Рашидиддинга кўра, улар мўғул қабиласи эди [34:114]. Маркитлар ўрта асрларда Марказий Осиёнинг энг жанговар ва кўп сонли қабилаларидан саналган [53:48-49]. Баъзи тарихчилар маркитни мукрилар билан тенглаштирса, Л.Н.Гумилёв уларни қирғизларга чегарадош «ўрмон халқи» [48:89], деган.
Маркитлар XII аср охири – XIII аср бошларида Селенга дарёси бўйлари ва Байкал кўлининг жанубида яшаган. Шу даврда уларнинг аксарияти уйғурлар таъсирида христианликни қабул қилган [18:236]. Маркитлар уч қабилавий иттифоққа (удуит, қаат, увас) бўлинган [11:51]. Бу вақтда уларга аввал Тўқтабеги (унинг ўғиллари Қуду, Қал ва Члажун мўғуллардан қочиб, қипчоқлар олдига боради [27:70-79]. Мўғуллар қипчоқлар билан урушиб, Қуду маркитни ўлдиради [3:8-9]), ундан сўнг Тайр Усун бошчилик қилган. Тайр Усун Чингизхонга қизи Кулон Хотунни хотинликка беради. Рашидиддиннинг ёзишича, Кулон Хотуннинг Чингизхондан Кулкан деган ўғли бўлган [34:116].
Маркитлар яқин қўшнилари керайитлар, татарлар ва мўғуллар билан доим урушиб турган. Ҳужумлардан бирида улар Чингизхоннинг хотини Бортени асирга олади [1:38]. Керайит хони Ўнгхон Бортени қутқариб, Чингизхонга қайтаради. Бироздан сўнг Чингизхон маркитларни бутунлай тор-мор этади. Натижада, улар тамоман йўқ бўлиш даражасига етади. Маркитларнинг маълум қисми XIII асрда Мовароуннаҳрга кўчиб ўтади. Чиғатой улусида уларга Қулика баҳодир бошчилик қилган [26:426].
Маркитлар кейинчалик Амир Темур қўшини таркибида ҳам ҳарбий юришларда иштирок этади.
Шу даврда Мовароуннаҳрда яшаган этнослардан яна бири боёвут (баёт)лар эди. Улар аслида туркий этнос бўлиб [30:89-90], Чингизхонгача мўғуллашиб, турк анъаналарини унутиб юборган [44:67]. Абулғозийнинг ёзишича, боёвутлар иккига бўлинган (жадайин боёвут ва макрит боёвут) [1:42].
Рашидиддин боёвутлар Мовароуннаҳрга мўғуллар билан бирга кириб келганини таъкидлайди [34: 175-177]. Улар мўғул империясида йирик қабила сифатида ўрдага мансуб «улуғ бек»лар чиқарган уйғур, қиёт, баҳрин ва конгитлар қаторидан жой олган. Шунингдек, боёвутлар уйғурлар билан бирга мўғул улусларида «битикчи» – давлат девони маъмури вазифасини ҳам бажарган [44:252]. Хусусан, улар Чингизхон, Тули ва Хубилай саройида хизмат қилган [34:175-177].
Манбаларда қипчоқларга тегишли уруғ сифатида тилга олинган баёт этноними билан боёвутлар ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкин. Негаки, бу икки термин баъзан алмашиб келган. Абулғозий берган маълумотларга кўра, боёвут қадимги туркчада бойлар деган маънони англатади [1:26-27]. Боёвут туркий қавмлар таркибида бой, бойдор, бойлар, боёт каби этнонимлар билан генетик жиҳатдан бирдир, яъни боёвутнинг асоси баёт билан бир хил.
Жувайний Хоразмшоҳнинг онаси Туркон Хотун баёт (боёвут – У.С.)лардан эканини ёзади. Бу аксарият тадқиқотларда ҳам акс этган [22:73,147; 44:432]. Баётлар Оққуюнли туркман гуруҳларини ҳам қўллаб-қувватлаган этнос эди. Насабномаларда боёвутлар 92 ўзбек уруғининг бири сифатида тилга олинади. Бу уруғга мансуб кишиларнинг авлодлари ҳозиргача Ўзбекистон ҳудудида яшаб келмоқда.
Мўғуллар ўзи назорат ўрнатган мамлакатларда уруш йилларида камайиб кетган ва асирликка олинган халқлар ўрнини Онон, Керулен, Или водийлари, Шарқий Туркистон ва Еттисув ҳудудларидан келган барлос, жалойир, баҳрин, сулдуз, арлот, найман каби ўнлаб туркий ва мўғул этнослари билан тўлдирди. Рашидиддин Дувахон ҳукмронлиги даврида (1281-1307) Мовароуннаҳрда ўрнашган этнослар салмоғи Чиғатой даврида келиб жойлашган халқларга қараганда бир баробарга ортганини ёзади [54:130].
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мўғуллар ҳужуми йилларида камайиб кетган Мовароуннаҳр ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси улар билан бирга келиб ўрнашган этнослар ҳисобига тўлдирилди. Кириб келганларнинг аксарияти туркий ёки турклашган мўғул уруғ – қабилалари эди. XIII аср давомида Мовароуннаҳрга кўплаб (жалойир, барлос, арлот, манғит, қўнғирот, ойрот, керайит, некўз, бурқут, унгут, чиноз, тойжовут ва бошқ.) уруғ-қабилалар келиб ўрнашди. Мўғуллар билан бирга Мовароуннаҳрга келиб ўрнашган турк-мўғул этносларининг биринчи тўлқини тадқиқотларда айтилганидек, XIII асрнинг 60 йилларидан эмас, 20 йилларидан экани манбалар асосида исботланди. Мовароуннаҳрда жойлашган этносларнинг аксарияти XIV аср ўрталарига келиб этник мансублигидан қатъи назар тил жиҳатидан тамоман туркийлашди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
-
Абулғозий Баҳодурхон. Шажарайи турк. – Т.: Чўлпон, 1992.
-
Alan H. Bozkırdan Cennet Bahçesine Timurlular (1360-1506). (1360-1506). – İstanbul, 2007.
-
Allsen T.T. Prelude to the Western campaigns: mongol military operations in the Volga-Ural region, 1217-1237. // AEMAe. № 3. 1983.
-
Allsen T.T. The Yuan dynasty and the Uighurs of Turfan in the 13th century // CAE. – Berkeley., 1983.
-
Амонжолов С.А. Вопросы диалектологии и истории казахского языка. – Алма-Ата., 1959.
-
Ан-Насавий Шиҳобиддин Муҳаммад. Султон Жалолиддин Мангуберди. – Т., 2006.
-
Асқаров А.А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Т., 2015.
-
Бартольд В.В.Туркестан в эпоху монгольского нашествия. Соч. Т.I. – Москва, 1963.
-
Бартольд В.В. Двенадцать лекций по истории турецких народов Средней Азии. Соч. Т. V. – Москва, 1968.
-
Бўриев О. Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сида Марказий Осиё аҳолисининг этник-ҳудудий ҳолати ҳақида маълумотлар // ЎзМУ хабарлари. – Т., 2013.
-
Боʼриев О., Хоʼжамбердиэв Т. Этнологик атамаларнинг қисқача изоҳли луғати. – Қарши, 2004.
-
Boyle J.A. The Mongol world empire (1206-1370). – London, 1977.
-
Buell P.D. Early mongol expansion in Western Siberia and Turkestan (1207-1219): a Reconstruction // CAJ. № 36/1-2. 1964.
-
Буниятов З.М. Государство хорезмшахов – Ануштегинидов (1097-1231). – M.: Наука, 1986.
-
Cüvaini Alaaddin Ata Melik. Tarih-i Cihangüşa / Çev. M.Ozturk. – Ankara, 1988.
-
Джамал ал-Карши. Мулхакат ас-Сурах / Перевод с арабского и примечание А.Саидов. – Душанбе: Ирфон, 2006.
-
Eberhard W. Türkistan Seyahatnamesi // Belleten. VIII/29. 1944.
-
Golden Р.В. Türk halklari tarihine giriş / Çev. O.Karatay. – Ankara, 2002.
-
Греков Б.Д., Якубовский A.Ю. Золотая Орда и ее падение. – Москва, 1950.
-
Juvaini ʼAla-ʼ-ad-Din ʼAta-Malik. The History of the world conqueror / Transl. from the text of Mirza Muhammad Qazvini by J.A.Boyle; With a new introduction and bibliography by David O. Morgan. – Manchester: Manchester University Press, 1997.
-
Kafalı Çağatay Hanlığı // Türkler. VIII. – Ankara, 2002.
-
Kafesoğlu İ. Harezmşahlar devleti tarihi (485-616/1092-1221). – Ankara, 1956.
-
Кутлуков М.К. К истории взаимоотношений Яркендского ханства и Китая в ХV-ХVII вв. // Новое в изучении Китая. – Москва, 1988.
-
Кутлуков М.К. К истории взаимоотношений Яркендского ханства и Китая в ХV-ХVII вв. // Новое в изучении Китая. – М., 1988.
-
Kwanten L. Imperial Nomads: A history of Central Asia 500-1500. – Phildelphia, 1979.
-
Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий / Нашрга тайёрловчилар: В.Раҳмонов, Я.Эгамова. – Т.: Шарқ, 2010.
-
Moğollarin Gizli tarihi. – Ankara, 1986.
-
Описание путешествия даосского монаха Чан Чуня на Запад. Труди членов Российской духовной миссии в Пекине. Т. IV. – СПб., 1866.
-
Pelliot P., Hambis L. Histoire des campagnes de Gengis Khan. I. – Leyden, 1951.
-
Qoshgʻariy Mahmud. Devonu lugʻotit turk / Tarjimon va nashrga tayyorlovchi: S.M.Mutalliboyev. T. I. – T.: Fan, 1960.
-
Rachewiltz I de. Turks in China under the Mongols: A Preliminary investigation of Turco-Mongol relations in the 13th-14th centuries// CAE. – Berkeley, 1983.
-
Rashid ad-Din Fazlallāx. Djāmi at-tavārix / A.Alizada. T. I. – Baku-Moskva, 1957.
-
Рашид ад-Дин. Сборник летописей. Т. II. / Пер. с перс. Ю.П.Верховского. – Москва, 1960.
-
Рашид-ад-Дин. Сборник летописей. Т. I/1. / Пер. с перс. О.И. Смирновой. – Москва, 1952.
-
Рашид-ад-Дин. Сборник летописей. Т. I/2. / Пер. с перс. О.И. Смирновой. – Москва, 1952.
-
Reid J.J. Tribalizm and society in islamic Iran 1500-1629. – Malibu, Calif, 1983.
-
Шомий Низомиддин. Зафарнома / Форс тилидан ўгирувчи Ю.Ҳакимжонов. Таржимани қайта ишлаб нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир А.Ўринбоев. – Т.,
-
Шониёзов К.Ш. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. – Т., 2001.
-
Сокровенное сказание. Монголская хроника 1240 г. Т.I / Введ. в изучение памятника, пер., тексти, глоссарии С.А. Козина. – Москва, 1941.
-
Татаро-монголи в Азии и Европе. Сборник статей. – Москва: Наука, 1977.
-
The secret history of the mongols. – Cambridje, Mass., 1982.
-
The Taʼrich-i-Jahan-gusha of ʼAlaʼu ʼd-Din ʼAta Malik-i- Juwayni. / Ed. by Mirza Muhammad ibn ʼAbduʼl-Wahhab-i-Qazwini. Pt. I, containing the history of Chingiz Khan and his successors. – Leyden-London: Brill, Luzac, 1912.
-
Togan İ. Çinggis han ve moğollar türkler. VIII. – Ankara, 2002.
-
Togan Z.V. Umumi türk tarihine giriş. 1. Cilt. En eski devirlerden 16 asra kadar. – İstanbul., 1981.
-
Улашова С.У. Жалойирлар ҳақида айрим мулоҳазалар // Акад. У.Каримов номидаги ёш шарқшунослар конференцияси материаллари. – Т., 2008.
-
Улашова С.У. Қавчинлар тарихида. Мозийдан садо. 3.(79). – Т., 2018.
-
Улашова С.У. Чингизхоннинг муҳофиз қўшини // Акад. У.Каримов номидаги ёш шарқшуносларнинг конференцияси тезислари. – Т., 2019.
-
Зиётов З. Турон қавмлари. – Т.: Истиқлол, 2008.
-
Зуев A.Ю. “Джами-ат-таварих” Рашид ад-дина как источник по ранней истории жалойиридов (Писменний памятники Востока. Историко-филологические исследования). – Москва, 1972.
-
Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. – Т., 1997.
-
Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Муқаддима. 1-китоб. // Форс тилидан О. Бўриев таржимаси. – Тошкент, 2020.
-
Alaaddin Ata Melik Cüvaini. Tarih-i Cihangüşa / Çev. M.Ozturk. – Ankara, 1988.
-
Martin H.D. The Mongol Army // JRAS. – 1943.
-
Рашидиддин. Жоме ат-таворих. Топкапи кутубхонаси, Туркия. № 1518.
[1] У Қорачор нўённинг акаси бўлиб, мўғулларнинг Нишопур юришида қат-нашган (Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди. Т., 2006. – Б. 111.