Марказий Осиё тарихи қадим тарихга эга минтақа ҳисобланади. Минтақа тарихига доир маълумотлар юнон-рим, арман, форс, паҳлавий, ҳинд, элам, хитой, туркий, бақтрий, арабий тилли кўплаб манбаларда етиб келган. Ушбу манбаларнинг катта қисми Марказий Осиё халқлари муҳитидан ташқарида ёки бир неча асрлар кейин ёзилган. Шу боис, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон халқлари тарихини ўрганишда қўшимча исбот талаб этилади.
Марказий Осиё халқлари тарихини тадқиқ этишда юқорида зикр этилган манбалар билан бир қаторда суғдий ёзма ёдгорликлар ҳам мавжудки, уларнинг илмий аҳамияти кўп маротаба таҳлил қилинган ва илмий асосланган. Лекин ушбу туркум манбаларнинг тарихий таҳлили бугунги кунга қадар тўлиқ амалга оширилмаган бўлиб, буни В.Б.Хеннинг, Э.Бенвинист, В.А.Лившиц, М.Исҳоқов, Ю.Йошида каби олимлар таъкидлаб келади. Бунинг асосий сабабларидан бири – бу суғдий ёзма ёдгорликларнинг талқин этилиши ёки уларни ўқишнинг қийинлиги десак муболаға бўлмайди. Бугунги манбашуносликдаги долзарб масала бўлиб келаётган жиҳатлардан бири ҳам айни шу – суғдий ёзма ёдгорликларни тўғри талқин қилиш бўлиб, бунинг учун ёзувнинг график фондини тиклаш, бойитиш ва уни унификациялаш масаласидир.
Суғдийлар ҳозирги Ўзбекистоннинг Зарафшон ва Қашқадарё воҳаси, Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳудудларининг қадимги аҳолиси бўлган. Мил. авв. III-II асрларда улар Аҳамонийлар даврида маҳкамачиликда амал қилган оромий ёзуви алифбосини ўз тилига мослаштирган [5:25-26]. Бу ёзув алифбоси фақат ундош товушларни акс эттирган. Қисқа унлилар ёзувда акс этмаган. Улар сўз таркибида келган пайтда интуитив тиклаб талаффуз қилинган. Бу амалиёт ёзув маданиятининг оммавийлиги шароитидагина мумкин бўлгани эътиборга олинса, суғдийлар бу соҳада анча илғор бўлган. Сўз таркибида чўзиқ унлилар учраган ҳолда суғдийлар ундош товуш белгилари yоy ҳарфидан ῑ учун, waw ҳарфидан ū учун фойдаланишган. Чўзиқ ᾱ оромий алифбосининг alēf ҳарфи билан берилган [8:374-377].
Суғдий тил шомий оромий тилидан фонетик тизимига кўра, жиддий фарқ қилган. Бунга хос баъзи товушларни оромий ҳарфларида ифода этиб бўлмагани сабабли суғдий алфавит lᾱmed ҳарфини тил учи ва тиш оралиғи сирғалувчи δ (th) ва унинг жарангсиз жуфти ϑ учун ишлатилган. Суғдий тилда қоф (qaf) товуши бўлмаган. Бироқ туркий ўзлашма сўзларда ёки оромийча гетерограммаларда қ товушини ёзиш шарт бўлган ҳолда оромий kaf ташдидда, яъни қўшалоқ “кк” шаклида ёзилган [6:16].
Бу маълумотлар ёзув график шаклларининг функционал мослашуви ҳақида бир шингил эди [6:10-22]. Масаланинг муҳим жиҳати суғдий ёзувнинг график фондини яратиш эҳтиёжи тобора ортиб бораётганидир. Агар биз ёзув археологияси ва назарий грамматология методларини суғдий ёзувга татбиқ эта олсак эди, бугунга қадар топилган ва келажакда топилиш эҳтимоли бўлган ҳар қандай суғдий матн билан ишлашдаги мураккабликлар чекинган бўларди.
Қолаверса, суғдий ёзувнинг расмий китобий ҳуснихат (каллиграфик) шаклларидан ташқари, кўплаб индивидуал хат шакллари, маҳкамачиликда амал қилган эркин хат машқлари, ниҳоят тош ва бошқа қаттиқ материаллар юзасида, айниқса, тангаларда етиб келган эпиграфик ёдгорликлардаги хатнинг ўзига хос жиҳатлари мавжудки, буларнинг ҳаммаси суғдшунослик ёдгорликларида етиб келган хат (ҳарфий) намуналарининг график фондини яратиш масаласини долзарб қилиб қўймоқда.
Суғдий матнларнинг сатрлари юқоридан пастга – вертикал йўналишда жойлаштирилган намуналарида ҳарфларнинг график шакллари ҳам алоҳида жиддий муаммодир. Аввало, вертикал сатрли суғдий матн тузиш амалиётининг тарихий илдизлари ҳали ишончли тарзда очиб берилмаган. Япон олими Ютака Йошида ушбу масалага оид мақоласида бунга бир қадар ойдинлик киритишга ҳаракат қилган. Жумладан, олим Эски хатлар, Афросиёб деворий ёзуви, Панжикент деворий суратлари орасидаги вертикал битикларни таҳлил қилган [22:375-391]. Буғут ёдномасидаги вертикал ёзув мисолида В.Б.Хеннинг суғдий ёзувнинг монументал мақсадларга мос эмаслигини қайд этган [16:20-25; 7:135-137]. Айни шу сабабли вертикал суғдий матнлар график таҳлили умумсуғдий ёзув график фонди доирасида алоҳида тадқиқот объекти бўлиши лозим. Чунки вертикал ёзув кўникмаси шунчаки ҳашам учун эмас, балки касбий маҳорат ва барқарор кўникмани талаб қилгани аниқ. Бу эса, ўз навбатида, ёзув технологияси ва техник имкониятлари доирасида қаралмоғи лозим бўлган масаладир.
Таъкидлаш лозим бўлган яна бир масала шуки, суғдий ёзув график фондини яратиш асносида ҳарфларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари юзасидан ёзувни унификацияга интилиш ҳам муҳимдир. Бу ҳолат ёзувни талқин этишда янада яхшироқ ёрдам беради. Буни соҳа мутахассислари ҳам ўз тадқиқотларида таъкидлайди [12:113].
Қайд этиш лозимки, суғдийлар Аҳамонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ва ушбу мамлакатда суғдий ёзувнинг аждоди бўлмиш оромий ёзув кенг тарқалган даврлардан буён ёзув маданиятига эга бўлган. Шу сабабли ҳам улар Суғд устидан ҳукмронлик қилган бошқа халқларга катта маданий таъсир ўтказди. Масалан, суғдий ёзувнинг “уйғур ёзуви” номи билан қадимги турк тилидаги ёзма асарларни ифодалашда ишлатилгани бунга далил бўла олади [13:15-27]. Суғдий ёзувнинг сўнгги кўриниши бўлган ва “турк”, “уйғур ёзуви” деб аталган ушбу ёзувга кейинчалик мўғул тилидаги ёзма асарларни ифодалашда фойдаланиш мақсадида яна ўзгартириш киритилган [4:46-57]. Шу аснода миллий суғдий ёзув ҳам турли таъсирлар сабаб ўзгаришга учради.
Миллий суғдий ёзув қадимда ва илк ўрта асрларда Марказий Осиёдан то Мўғулистон ва Хитойгача, Тибетдан Еттисувгача бўлган жуда катта ҳудудда шундай бир маданий, ижтимоий омил бўлдики, натижада, ёзувнинг ўзи ҳам кўпгина умумий хусусиятлар, имловий қоидалар касб этди, бир сўз билан айтганда, унификация томон ривожланди. Бунинг натижасида, суғдий матнларнинг деярли барчасида акс этган ёзув ва ҳарфларнинг график шакллари, умумий ташқи хусусиятларига кўра катта тафовутга эга эмас. Айниқса, котиблар томонидан битилган суғдий-буддавий, суғдий-моний ва суғдий-несториан матнлари хаттотлик санъатининг нодир намунаси ҳисобланади [19].
Муғ тоғи суғдий ҳужжатларидаги ҳарфларнинг график шакли ва шу асосда дастхатлар ўртасида фарқлар кўзга ташланади. Бундай тафовутлар асосан ёзув тараққиётининг муайян босқичи, индивидуал дастхат хусусиятлари ҳамда у ёки бу матннинг мақсади ва вазифаси билан боғлиқ ҳолда изоҳланиши мумкин. Масалан, Муғ тоғи архиви Nov. 3, Nov 4 (никоҳ шартномаси) I.1 (Абдураҳмон ибн Субҳнинг Деваштичга мактуби) ҳужжатларидаги каллиграфик гўзал ҳуснихат ушбу ҳужжатларнинг тантанавор ва сиёсий-дипломатик мазмуни ҳамда мақсади билан боғлиқ ҳолда изоҳланса [9: 18-49], кўпгина кундалик хўжалик иш ҳужжатларидаги ёзув ҳуснихат талабларига риоя қилинмаган ҳолда битилгани кўзга ташланади.
Суғдий ёзувнинг маҳаллий шакллари ҳақидаги мулоҳазалар суғдшуносликда XX асрнинг 50-йилларида билдирилган эди. Бухорхудотлар – Араб халифалиги истилоси арафасидаги (VIII асрнинг биринчи чораги) Бухоро ҳукмдорларининг тангаларида қўлланилган суғдий ёзувидаги айрим белгиларнинг шакли ва мазмунига кўра, умумсуғд миллий ёзувининг бир варианти сифатида талқин қилинган [10:150-163]. Суғдий ёзувдаги ҳарфларнинг график хусусиятлари ва палеографияси масалалари кейинчалик М.Исҳоқов томонидан [4], айни масалаларнинг тангаларда акс этиши юзасидан Ғ.Бобоёров [1:14; 2:196] муҳим илмий натижаларга эришди. Лекин шуни эслатиш лозимки, В.А.Шишкин томонидан Варахшада (Бухорхудотларнинг ёзги қароргоҳи) топилган сопол бўлакларидаги суғдий ёзув парчалари одатдагидек Самарқанд ёки миллий суғдий ёзув билан битилган [14:66]. Ёки 2006 йилда Пойкентдан топилган сопол парчасига ёзилган суғдий ёзув намунасини мисол қилиб олиш мумкин. Архаик шаклларини сақлаб қолган ҳарфлар, курсив ҳисобланади. Ҳарфлар палеографияси уларнинг қадим эканини кўрсатади. Ёзув бир қатор бўлиб, унда ] k-y-δr ʼ(βt δ) [ – Кидара ўн е[тти] жумласи битилган.
“Кидара” шахс исми сифатида маълум бўлиб, кидарийлар (IV-V асрлар) ҳукмдори ҳисобланади. “Кидара” исми битилган мазкур суғдий жумлани суғдшунос П.Б.Лурье [ʼLKŠNT ʼYKZY ZKn] k-y-δr ʼ(βt δ) [s srδ ʼʼz]– “[мана бу йил] Кидаранинг ўн е[ттинчи йил] (ҳукмронлик йили)” шаклида тиклашга ҳаракат қилади. Жумланинг палеографик тузилиши “Самарқанд суғдий” ёзуви ёки суғдий ёзув “стандарт”идан фарқ қилади. Аммо жумладаги Кидара исми гап V асрнинг биринчи ярми ҳақида бораётганига ишора қилади. Ф.Грене кидарийларнинг Суғдни босиб олишини V асрнинг 40-йиллари ва айни сулоланинг Бақтриядаги ҳукмронлиги тугаган даврни 467 йиллар билан боғлайди. Юқорида келтирилган маълумотлар ва “Кидаранинг ўн еттинчи йили” суғдий жумласи орқали кидарийларнинг Бухорони босиб олиши V асрнинг ўрталари бўлиши мумкинлигини аниқлаш имконини беради [11:47-48]. Лекин ушбу ёзувдаги суғдий ёзув ҳам бухорхудот тангаларидан фарқ қилади. Бу ҳол эса, юқорида алоҳида кўрсатилган Бухоро миллий ёзувининг ишлатилиш доираси ниҳоят тор бўлганидан далолат беради. Ёки фақат бухорхудотлар ўз номидан зарб қилинган тангалардагина ушбу ёзувдан фойдаланган. Мазкур ҳолат ҳам суғдий ёзув график фондининг турли туманлигидан дарак беради.
Юқоридаги фикрларни янада аниқлаштириш мақсадида айрим мисолларни ҳам келтириб ўтиш лозим. Масалан, баъзи ҳарфларини ҳисобга олмаганда, суғдий ёзувли ёдгорликларда мавжуд ҳарфларнинг график шакллари уларнинг қарийб бир хил асосли эканини кўрсатади. Жумладан, Турфан воҳасидан граф Отани Кудзуй (1876 – 1948) томонидан топилган (Ҳозирда Киото (Япония)даги Рюкоку кутубхонасида сақланади) яна бир суғдий алифбо эълон қилинган эди. Ушбу коллекция ҳамда суғдий алифбо К.Кудара, В.Зундерман ва Ю.Йошида томонидан япон тилида эълон қилинган [18]. Алифбо қоғозга битилган бўлиб, таҳлил натижасида вояга етмаган ўқувчи томонидан ёзилгани маълум бўлади Унда ҳам ҳарфларнинг аксарият катта қисми суғдий алифбодаги ҳарфлар билан қарийб бир хил экани кўзга ташланади [21:75-79].
Турфандан топилган алифбо ва Панжикентдан топилган суғдий алифбо ҳарфларининг қиёсий таҳлилига биринчилардан бўлиб эътибор қаратган В.А. Лившицнинг келтиришича, 1965 йил Панжикент қазишмаларида археолог А.Исоқов томонидан топилган сопол парчасидаги суғдий алифбо 23 та ҳарфдан иборат бўлган: ʼ (āleph), β (bēth), γ (gimel), d (dālet), h (hē), w (wāw), z (zayin), x (арам.ḥ – ḥeth), ṭ (ṭeth), y (yōdh), k (kāph), δ (lāmedh),m (mēm), n (nūn), s (sāmek), ‘ (ayin), p (pē), c (орамийча. ṣ – ṣādē),q (qōph), r (rēš), š (šīn), t (tāw), l (lāmedh)[9: 299].
Турфандан топилган алифбодаги ёзув машқи уч қатордан (3-қатор тўлиқ сақланмаган) иборат бўлиб, Панжикентдаги алифбодан тартиби билан фарқ қилади. Ушбу алифбодаги ҳарфларни эса қуйидагича талқин қилиш мумкин:
ʼ β w γ δ m ‘ (100 рақамига ўхшаш) с r p δ (такрор) t
n z ṭ (?) δ (такрор) ʼ (ёки с?) t
w y [] (p) r (?) št[9: 305]
Бизнингча, ушбу алифбо Панжикентдан топилган алифбонинг яна бир кўриниши бўлиб, ҳарфлар палеографик жиҳатдан фарқ қилади. Алифбодаги ҳарфларнинг график шакли уларни қуйидаги тарзда талқин қилиш имконини беради:
Биринчи қатор: – āleph,- bēth, – gimel (γ/х), – lāmedh, – mēm, – ‘ayin (ушбу график шакл “Кўҳна хатлар”да 100 сонини ифодалаш учун ишлатилган), – č (оромийча. ṣ – ṣādē), – y (yōdh), – k (kāph) (?), – δ (lāmedh), – m (mēm).
Иккинчи қатор: – n (nūn) (?), – ‘ayin, – lāmedh, – āleph, – r (rēš), – š (shῑn), – t (tāw).
Ёзув машқи таҳлили қуйидагилардан дарак беради:
Алифбодаги lāmedh ҳарфи ўзидан кейинги ҳарф билан қўшиб ёзилган бўлиб, сиёҳи жуда хира ва ҳарфга қўшилиб кетган. Ушбу ҳарф биринчи қатор 4-ва иккинчи қатор 3-ўринда такрорланган;
Курсив nūn () ҳарфи алифбедаги айни ҳарфдан чап томон чизиғининг юқорига тўғри қаратиб чизилгани ва ҳарфнинг бош қисмидаги тугун мавжудлиги орқали фарқ қилади;
Иккинчи қатордаги ‘ayin ҳарфи ҳам икки ўринда – биринчи ва иккинчи қаторда такрорланган. Биринчи қатордаги ‘ayin ҳарф белгисидан кўра кўпроқ сонни ифодалаш учун ишлатилган. Иккала шакл ҳам бир-биридан анчайин фарқланади. Айниқса, иккинчи ‘ayin ҳарфи иккита ҳарф каби ёзилган;
Иккинчи қатордаги lāmedh ҳарфи биринчи қаторда бошқача шаклда такрорланган;
Иккинчи қатордаги āleph биринчи қаторда ҳам такрорланган. Ушбу ўринда āleph ҳарфининг “шох”лари ўнгга қаратиб акс эттирилгани билан фарқланади;
Алифбода he, самеҳ (sῑn), pe ҳарфлари етишмайди. Алифбодаги ҳарфлар тартиб билан жойлаштирилмаган. а, l, m, ‘ayin ҳарфлари такрорланган. Баъзи ҳарфларнинг ўқилиши очиқлигича қолмоқда. Масалан, иккинчи қатордаги сўнгги ҳарф номаълум. Шунингдек, алифбодаги ҳарфларнинг тузилиши ёки чизма шаклига қараб ёдгорлик қачон битилганини аниқлаш мушкул. Ҳарфларнинг асосий шаклий хусусиятлари уларда финикий ва оромий ҳарфларининг кучли даражада трансформацион ҳолатини кўрсатади.
Таъкидлаш лозимки, баъзи суғдий ёзма ёдгорликлар жуда қаттиқ шикаст етган ҳолда бизгача етиб келганки, улардаги ҳарфларнинг график шаклларини қайта тиклаш ҳужжат мазмуни ва унинг тарихий аҳамияти очиб беришда муҳим ҳисобланади. Хусусан, Пекин шаҳридаги Хитой Ренмин университети (Бейжинг) олимлари томонидан Хўтан (СУАР жанубий ғарбидаги шаҳар уезди) вилоятида бир гуруҳ суғдий ҳужжатлари мавжудлиги аниқланган. Улардан 4 та иқтисодий мазмунга эга ҳужжат Америка Шарқшунослари Жамияти журналида (Journal of the American Oriental Society) чоп этилган 130/4 (2010). Битта тўлиқ хат ва бир нечта қисман сақланган ҳужжатлар таҳлилидан иборат. Ушбу мақола Такламакон чўлининг (СУАР/ғарбий Хитой) жанубидаги савдо йўлларида суғдий тилда сўзлашувчи аҳоли анчайин зич яшагани тўғрисида бугунги кунда тобора кўпайиб бораётган фикрларни тўлдириб, ушбу тўплам ҳужжатларининг нашр этишни якунлайди. Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу мақола эса тўпламда GXW 0114 рақам билан рўйхатга олинган Тахсич-Ванданинг Анянгга мактуби ҳисобланади.
32 қатордан иборат ушбу ҳужжат матнида қуйидаги график ҳолатлар кўзга ташланади: aсатрнинг охири бўш қолдирилган, bёки шунчаки pr’γt?,c Sic,dноаниқ, eбиринчи ҳарф w га ўхшайди, лекин ўқиш фақат контекстдан аниқлашади, gkšym ёки’? ksym ’? hёки m’n, iSic, jёки ny’ty??, kдан ташқари, sжуда аниқ, 1алоҳида ҳарфлар ноаниқ, аммо сўзни ўқиш эҳтимоли катта, mбиринчи учта ҳарфдан фақат озгина изларни кўриш мумкин, аммо kдеярли аниқ, nёки rymx ’? RBmx ’?, kбу ерда жуда ноаниқ, pушбу сўз охиридаги излар жуда ноаниқ, qёки mn’, rэмас, s -ns- жуда ноаниқ, tёки ’krt’ym?, иккала ҳолатда ҳам, олдинги хат ёмон ёзилган, vушбу сўзлар 30- ва 31-қаторлар орасида сиқилган; уларнинг қайси қаторга мансублиги аниқ эмас, w ноаниқ; фақат бошланғич t (?) ва охирги š ҳақиқатан ҳам кўринади.
Мазкур ҳолатлар ҳам суғдий ёзув график фондини тиклаш, ҳарфларнинг график шаклларини қиёсий таҳлил қилиш, турли минтақаларда топилган ва топилаётган ҳужжатлар палеографиясини тадқиқ этиш муаммоларини муҳим масала қилиб қўймоқда. Бу каби ҳолатларнинг бошқа суғдий манбалар орқали учраши масаланинг долзарб эканини кўрсатади.
Мазкур манбадаги ёзувларнинг график шакли ҳам бошқа суғдий манбаларга ўхшаш. Айниқса, миллий суғдий ёзув ҳарфларининг аксариятини такрорлайди. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, миллий суғдий ёзувдаги умумий унификация жараёни суғдий ёзма ёдгорликларнинг барча турида кўзга ташланади. Аввало, шуниси муҳимки, суғдий ёзув, у қандай материалда бўлмасин – ёдгорликнинг ёзилган вақти билан мутаносиб ҳолда ягона палеографик ривожланиш босқичларидан ўтган. Бу ҳол, ўз навбатида, суғдий ёзувнинг монументал шакллари бўлмаган, деган хулосага олиб келади. Масалан, соф монументал мақсадларни кўзда тутган Буғут ёдномасидаги ёзув (580 йилларга оид, Мухан ҳоқоннинг укаси Махан тегин қабрига қўйилган тош эпитафия) [17:69-102], 808-832 йилларга оид Қораболғасун ёдномасидаги суғдий матн ёзуви [15:125-133], Тибетдаги Ладак манзилгоҳида сақланган 841 йилга оид қоятошдаги суғдий ёзув [20:25-32], Еттисув вилояти Талас дарёси водийсидаги Тераксой ва Қулонсой дараларидаги қоятошга битилган суғдий ёзувлар монументал ёдгорликлар бўлишига қарамай [9:368-388], палеографик жиҳатдан қўлёзма матнлардаги ёзув хусусиятларини ўзида тўла мужассам этган. Ҳатто, Буғут ёдномасида мутахассислар китобий каллиграфия ёки “сутра” суғдий ёзув элементлари билан жиддий яқинлик ва умумийлик топмоқдаки [23: 97-108], бу, ўз навбатида, суғдий ёзувнинг юқори такомил босқичи VII-X аср, суғдий-буддавий диний матнларида кузатилган “сутра” ёзуви анъанаси V-VI асрлардаёқ шаклланган эди [7:121-146], деган фикрга келиш имконини беради. Тангалардаги ёзувлар ҳам палеографик жиҳатдан суғдий қўлёзмалардаги ёзувга ўхшаш суғдий ёзувнинг унификациясига интилиш тенденциясидан четда эмас.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, суғдий ёзув, айрим маҳаллий хусусиятлардан ташқари, умумий ягона ривожланиш тенденциясини бошдан кечирган. Бу ҳам бўлса, суғдий ёзувнинг қўлёзма, китобий шакллари таъсири остида бўлгани натижасидир. Ёзув монументал, китобий ва оддий кундалик эҳтиёжлар учун умумий маданий-тарихий ҳодисага айланган ва жамиятда саводхонлик даражаси кутилганидан баланд бўлган, дейишга асос бор. Ёдгорликларнинг ёзувларидаги ҳуснихат анъанасининг юксаклиги, хат турларининг хилма-хиллиги, ташқи тафовутларнинг умумий ёзув маданияти доирасида хронологик кетма-кетлиги ва изчиллиги, индивидуал хат намуналарининг кўплиги, ҳужжатларнинг функционал жиҳатдан жамият ҳаётининг ижтимоий тартиби, бошқарув ва турли даражалардаги назорат тизимига хизмат қилиши, ўзаро хат (муншаот) алмашуви намуналари услубий хусусиятларининг қатъий қоидаларга бўйсуниши, ҳатто подшолик фармонларида ҳам муншаот анъаналаридан фойдаланиш (ҳужжатнинг бошлов қисми: инвокация (ҳужжатдаги Яратганнинг сифатлари билан боғлиқ қисм), интитуляция (ҳужжат кимнинг номидан жўнатилгани тўғрисида кўрсатма), инскрипция (ҳужжат жўнатилган манзил – адресат), салютация (ҳужжатда келтирилган табрик ва салом); ҳужжатнинг асосий қисми: аренга (преамбула – ҳужжатни тузиш учун сабаб), промульгация (ҳужжат мазмуни ҳақида олдиндан огоҳлантириш), наррация (ҳужжат мазмуни ҳақида маълумот бериш), диспозиция (ҳужжат матнидаги гап ва саволлар), санкция (ҳужжатларда келтирилган шартларни бузишни тақиқлаш), корроборация (ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш, имзо ва муҳр); ҳужжат якуни: датум (ҳужжат битилган жой ва сана), аппрекация (ҳужжат хулосаси ва миннатдорчиликлар); ҳужжат тузилиши: эскордиум (ҳужжатнинг ифода тарзи, услуби, баён этиш), публикация (эълон, ҳужжат мазмунидан хабар бериш), сигилла (ҳужжат мазмунини очиб бериш учун ишлатилган қўшимча белгилар)ларнинг муншаот ва фармонларда қўлланиш тартибининг қатъий амал қилиши), ҳужжатлар формулярларининг пухта ишлаб чиқилган стандартлари мавжудлиги – булар ҳаммаси ислом даврига қадар суғдий ёзув маданиятининг юқори даражага эришганидан далолат беради.
Ёзув маданиятнинг бундай юксак даражаси туфайли Марказий Осиё халқлари ислом даври араб ёзувига ўтиш жараёнида қийинчилик сезмаган. Чунки араб ёзувининг типологик тузилиши билан суғдий ва маҳаллий оромий аждодли ёзувлар типологик асослари (АБИГИДИ) бир хил эди. Масала араб ёзувининг график асосларини ўзлаштиришдан иборат эди. Бироқ араб ёзувини маҳаллий тилларга мослаштириш масаласи бир қадар муаммоли эди. Лекин бу масаланинг ечимини араб ҳарфларига диакретик қўшимчалар киритиш орқали осонгина ҳал қилинган. Зеро, аждодларимиз оромий ёзувидан маҳаллий тилларга ўтиш алифболари тажрибасини унутмаган эди.
-
Бабаяров Г., Кубатин А. Доисламские монеты Согда: новые чтения и интерпретации легенд // Ўзбекистон тарихининг долзарб муаммолари ёш тадқиқотчилар талқинида. ЎзР ФА Археология институтида 2012 йил 6-7 апрелда ўтказилган ёш олимлар Республика конференцияси материаллари. – Самарқанд, 2012.
-
Бабаяров Г., Кубатин А. Монеты Западно-Тюркского каганата с титулом тюрк-каган // ЭВ. XXXI. – Москва, 2015.
-
Исхаков М.М. Палеографическое исследование согдийских письменных памятников: Дисс. докт. ист. наук. –Т., 1992. –280 л.
-
Исхаков М.М. Преемственность в истории древних тюркских систем письменности (согдийско-тюркские контакты) // Ўзбекистон тарихи. – Т., 2000. №4.
-
Исхаков М.М. Центральная Азия в системе мировой писменной культуры. – Т.: УМЭД, 2008.
-
Исҳоқов М., Ғойибов Б. Туркий ва суғдий ёзувлари яратилишининг тарихий бирлиги асослари // Ўзбекистон тарихи. 2023/
-
КляшторныйС.Г. ЛившицВ.А. Согдийская надпись из Бугута // СНВ. – Москва, 1971. – Вып. 10.
-
Лившиц В.А., Хромов А.Л. Согдийский язык / Основы иранского языкозания. Сренеиранские языки. – Москва: Наука, 1981.
-
Лившиц В.А. Согдийская эпиграфика Средней Азии и Семиречья. Санкт-Петербург, 2008.
-
Лившиц В.А., Кауфман К.В., Дьяконов И.М. О древней согдийской письменности Бухары // ВДИ. 1954, №1.
-
Лурье П.Б. О согдийских остраках из раскопок Пайкенда 2006 г. // Материалы Бухарской археологической экспедиции. Вып. VIII. СПб., 2007.
-
Лурье П.Б. Методы Лившица // Письменные памятники Востока. Том 15. №1. Весна, 2018.
-
Тугушева Л.Ю. Уйгурская версия биографии Сюань Цзяна (фрагменты из Ленинградского рукописного собрания Института Востоковедения АН СССР). – Москва: Наука, 1991.
-
Шишкин В.А. Варахша. – Москва: Изд. АНССР, 1963.
-
Hamilton J. L’inscription trilingue de Qara Balgasun d’après les estampages de Bouillane de Lacoste // A. Haneda, ed., Documentset archives provenant de l’Asie Centrale. – Kyoto, 1990.
-
Henning W.B. Mitteliranisch. Handbuch der Orientalistik, 1. Abt., Bd IV: Iranistik. Abschnitt l: Linguistik. – Leiden– Köln, 1958.
-
Kljaštornyj S.G., Livšic V.A. The Sogdian inscription of Bugut reviced // AOASH. – Budapest, 1972. – Tom. XXVI (1).
-
Kudara K., Sundermann W., Yoshida Y. Iranian Fragments from Ôtani Collection: Iranian Fragments unearthed in Central Asia by the Ôtani Mission and kept at the Library of Ryūkoku University. Facsimile Volume. Text Volume. – Kyoto, 1997. (in Japanese).
-
Reck C. The Sogdians and their religions in Turfan: Evidencein the Catalogue of the Middle Iranian fragments in sogdian script of the Berlin Turfan Collection // Entangled religions 11.6 (2020) https://er.ceres.rub.de/index.php/ER/ article/view/9222
-
Sims-Williams N. The Sogdian Merchants in China and India. Cina e Iran. Da Alessandro Mango alla Dinastia Tang, a cura di Alfredo Cadonna e Lionello Lanciotti. – Firenze., 1996.
-
Yoshida Y. Sogdian miscellany IV. Studies in the Inner Asian languages X (1995).
-
Yoshida Y. When did sogdians begin to wrety wertically? // Tokyo university linguistic papers (TULIP), 2013, 33.
-
Yoshida Y. Sogdian version of the Bugut inscription revisited // Journal Asiatique. 307 (1).