Home / МАҚОЛАЛАР / Илмнинг зиёда бўлиши китоб билан

Илмнинг зиёда бўлиши китоб билан

Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади.[1]

Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси, илми ва раҳмати билан инсон зотини ақл-идрокли қилиб яратди ва унинг ер юзида ҳаёт кечириши учун лозим бўлган барча шароитларни ҳам муҳайё қилди. Инсон мана шу ақл-идрок, илмуодоби билан ўзи яшаб турган жамиятдаги бошқа инсонларга манфаат етказиши керак, чунки илм ўз эгасини икки дунё саодатига эриштиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди.

Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.

Аллоҳ таоло айтади:яъни: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11). Пайғамбаримиздан (а.с) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган.

Имом Бухорий ва Муслимларнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён (р.a)дан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, – деганларини эшитдим”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.

Пайғамбар (а.с.) илм ҳақида яна бундай деб, мажозий ўхшатма ясаганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, бу диёр аҳолиси илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.

Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашиб-сийқаланса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Бунга тарихда мисол кўп. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка ва маҳдудликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой бўлади.

«Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар, яхши бўлмасмикин?», деб фикр юритди маърифатпарвар адиб ва ношир Исҳоқхонтўра Ибрат. Имон ва куфр, ҳақ ва ботил, эзгулик ва ёвузлик орасида бўлгани каби маърифат ва жаҳолат ўртасидаги олишув ҳам ҳозиргача давом этиб келяпти.

Айни пайтда кўпгина мусулмонларимиз ҳамон дунёвий илм билан дўстлаша олмай юришибди. Айрим жоҳил кимсаларнинг замонавий илмларни ўрганишни гуноҳ санашларини қандай изоҳласа бўлади? Илм-маърифатга, илм толибларига ҳомийлик қилишдан кўра Аллоҳ буюрмаган кераксиз жойларга пул сарфлашни афзал кўрадиган кишиларнинг борлиги ҳам ачинарли.

Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш, эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз сабот билан давом эттиришяпти. Биз бу ҳаракатни навқирон ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган олимларимиз тимсолида ҳам кўришимиз мумкин.

Албатта олимларимизнинг олим бўлишида жуда катта ҳаракат, интилиш, қизиқиш ва энг муҳими кўп китоб ўқиши сабабидандир. Китоб – инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади.

Яқин кунларда Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Унда Президентимиз шуни таъкидлаб ўтдилар: “Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади.”

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

[1] Президент ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. 2019 йил 19 март.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …