Home / МАҚОЛАЛАР / ХУРОСОН МАВОЛИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ 2-ҚИСМ

ХУРОСОН МАВОЛИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ 2-ҚИСМ

Хуросон минтақасидаги асар соҳиби бўлган маволий муҳаддислар

  1. Ато ибн Абу Муслим (Абдуллоҳ) Хуросоний, мавло Муҳаллаб ибн Абу Суфра (ваф. 135/752)

Абу Айюб кунясига эга бўлган Ато ибн Абу Муслим, Азд қабиласидан Муҳаллаб ибн Абу Суфранинг мавлосидир[1]. Асли Хуросоннинг Балх шаҳридан[2]. Отасининг Абдуллоҳ исми ёнида Майсара исми билан ҳам қайд этилгани келтирилади[3]. Аммо Атонинг келиб чиқиши ва қуллик ҳолати ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Аммо унинг ватани ва отасининг исми ҳақидаги маълумотлар унинг аввал форс оиласига мансуб бўлганини эҳтимол қилади.

50/670 йилда туғилган Ато ибн Абу Муслим ҳаётининг муҳим қисмини ўз ватани Хуросонда ўтказган, кейинчалик Дамашқ ва Қуддусда яшаган[4]. Шунингдек, унинг кўп саёҳат қилган шахс экани қайд этилган[5].

«Муҳаддис», «муфассир», «фақиҳ» ва «воиз» унвонлари билан тавсифланган Ато ибн Абу Муслим[6] саҳоба ва тобеиндан кўплаб кишилардан ривоят қилган, ундан ҳам кўплаб уламолар ҳадис тинглаган[7]. Ато ҳақида жарҳ ва таъдил уламолари одатда «сиқа», «ла бъаса биҳи», «ла баъса биҳи, садуқ» каби атамаларни қўллаганлар[8]. Ибн Ҳиббон (ваф. 354/965) унинг ҳифзи яхши бўлмагани ва кўп хатолар қилганини таъкидлаган[9]. Аммо Заҳабий (ваф. 748/1347) мазкур танқидни баҳсга очиқ деб айтади[10]. Бошқа томондан, Атонинг мурсал ривоятлари борлигига эътибор қаратилган, шунингдек, саҳобалардан нақл қилган ҳадисларнинг деярли барчасини улардан эшитмагани таъкидланиб, тадлис қилгани айтилган[11]. Ривоятлари эса Бухорийнинг (ваф. 256/869) «Саҳиҳ»идан ташқари «Кутуби ситта»га кирган бошқа асарларда, Имом Моликнинг (ваф. 179/795) «Муватто»си билан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (ваф. 241/855) «Муснад»и ҳамда Доримийнинг (ваф. 255/868) «Сунан»ида мавжуд[12].

Ато ибн Муслим 135/752 йилда Эриҳода вафот этган ва Қуддусда дафн этилган[13].

Устозлари: Саид ибн Мусайяб (ваф. 93/711), Ато ибн Абу Рабоҳ (ваф. 114/732), Нофеъ (ваф. 117/735), Амр ибн Шуъайб (ваф. 118/736) ва бошқалар.

Шогирдлари: Маъмар ибн Рошид (ваф. 153/770), Шуъба ибн Ҳажжож (ваф. 160/776), Ҳаммод ибн Салама (ваф. 167/783), Молик (ваф. 179/795) ва бошқалар[14].

Асарлари: 1. ат-Тафсир[15]. 2. Носих вал мансух[16]. 3. Танзилул Қуръон[17].

  1. Муқотил ибн Ҳайён ибн Давол Наботий, мавло Бакр ибн Вайл Балхий (ваф. 150/767)

Абу Бистом кунясига эга бўлган Муқотил ибн Ҳайён, Бакр ибн Вайлнинг мавлоси деб қайд этилган[18]. Шунингдек, Бани Шайбоннинг мавлоси сифатида танитилган отаси Ҳайённинг Ироқдан Хуросон ҳудудига келгани, келиб чиқишига кўра асли Наботийлардан бўлгани таъкидланади[19].

«Имом», «муҳаддис» ва «ҳофиз» унвонлари билан аталган Муқотил, тобеин уламоларидан кўплаб кишилардан ҳадис эшитган, ундан ҳам кўплаб ҳадис олимлари ривоят қилган[20]. Муқотил кўпроқ Балх шаҳрида истиқомат қилган, аммо вақт-вақти билан баъзи ҳудудларга саёҳат қилган[21]. Обид ва солиҳ шахсияти билан диққатга сазовор бўлган Муқотилнинг бу саёҳатлари, илм талабидан ташқари даъватга қаратилгани ҳам тушунилади. Масалан, охирги бор борган Кобулда, бир гуруҳ одамлар унинг воситасида исломни қабул қилгани кузатилади[22]. Шунингдек, Муқотилнинг одатда ишончли муҳаддис сифатида баҳолангани, аммо уни заиф деб ҳукм қилганлар ҳам борлиги қайд этилган[23]. Ривоятлари Бухорийнинг (ваф. 256/869) «Саҳиҳ»идан ташқари «Кутуби ситта»га кирган бошқа асарларда ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (ваф. 241/855) «Муснад»и ва Доримийнинг (ваф. 255/868) «Сунан»ида мавжуд[24].

Муқотил ибн Ҳайён 150/767 йилда Кобулда вафот этган[25].

Устозлари: Саид ибн Мусайяб (ваф. 93/711), Мужоҳид (ваф. 103/721), Икрима (ваф. 104/722), Қатода (ваф. 118/736) ва бошқалар.

Шогирдлари: Букайр ибн Маъруф (ваф. 163/779), Нилҳ ибн Абу Марям (ваф. 173/789), Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 181/797), Исо ибн Муса Ғунжор (ваф. 187/802) ва бошқалар[26].

Асарлари: Тафсиру Муқотил ибн Ҳайён[27].

  1. Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ, мавло Бани Ҳанзала, Марвази, Хуросоний (ваф. 181/797)

Абу Абдурраҳмон кунясига эга бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак, умумий ҳолда Бани Ҳанзаланинг мавлоси деб қайд этилган[28].

Унинг валосининг бу қабилага тегишлилиги бир вақтлар отасининг Ҳанзала оиласидан бир савдогарнинг қули бўлганига бориб тақалади[29]. Унинг Тамим қабиласидан Бани Абду Шамснинг маволийси ҳам бўлгани келтирилади[30]. Этник келиб чиқишига келсак, отаси турк. Хоразмлик бўлган онаси ҳам турк аслли бир оиладан келган[31].

118/736 ёки 119/737 йилда эҳтимол Хуросоннинг Марв шаҳрида туғилган Абдуллоҳ ибн Муборак[32], йигирма ёшларида илм ўрганишни бошлаган[33]. Аввало Хуросон, Ҳижоз, Шом, Ироқ, Жазира, Миср ва Яман ўлкаларини кезган, шу туфайли кўплаб устозлардан ҳадис эшитган, ундан ҳам кўплаб ҳадис олимлари ҳадис ривоят қилган[34].

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадисларни ёзиш тарафдори эди ва табиийки, нақл қилган ҳадисларни ёддан кўра китобларидан ривоят қиларди[35]. Шу билан бирга, у ўз сўзларининг бошқа ривоятлар билан бирга ёзилишини маъқул кўрмасди. Бундай ҳолатга дуч келганда, шахсан ўзи ёзилганни ўчириб, «Мен кимманки, сўзларим ёзилсин» деб норозилик билдиргани нақл қилинади[36]. Шунингдек, Ибн Муборак Хуросон минтақасида, айниқса, Марвда ҳадисларни тасниф қилган биринчи олим сифатида тақдим этилган[37]. Яҳё ибн Маин (ваф. 233/848) унинг китобларида йигирма мингдан ортиқ ҳадис бўлганини айтади[38].

Ибн Муборак ҳадис ривояти билан бирга, айниқса, фиқҳда ҳам ажралиб турган. Бу соҳада аввало Абу Ҳанифадан фойдаланган[39]. Ҳатто унинг, фиқҳ бобларига кўра тасниф этган «ас-Сунан фил фиқҳ» номли асарида Абу Ҳанифанинг (ваф. 150/767) усулини асос қилгани таъкидланади. Ибн Муборак Абу Ҳанифанинг вафотидан кейин имом Моликнинг (ваф. 179/795) дарс халқасига қўшилган ва фиқҳ ўрганишни унинг ёнида давом эттирган[40]. Натижада у фиқҳда ҳанафий ва моликий мазҳабларини бирлаштирган бир усулни яратган[41].

Барча бу сифатлари туфайли Ибн Муборак, фиқҳул ҳадис илмининг машҳур уламоларидан бири сифатида тақдим этилишга ҳақли бўлган[42]. Шунингдек, унинг араб тилидан билимдонлиги, шеърият билан шуғулланиши, зуҳд ва жиҳод тушунчаси қайдга сазовор хусусиятларидандир[43].

«Имом», «аллома», «фақиҳ», «ҳофиз», «шайхул ислом», «касирул ҳадис», «фахрул мужоҳидин» ва «қудватуз зоҳидин» каби сифатлар билан тавсифланган Абдуллоҳ ибн Муборак[44] жарҳ ва таъдил мутахассислари томонидан «сиқа, сабт», «сиқа», «маъмун», «ҳужжа», «саҳиҳул ҳадис» каби таъбирлар билан баҳоланган[45]. Шу билан бирга, унинг ҳам илмий салоҳиятини, ҳам ишончлилигини кўрсатувчи кўплаб мақтов сўзларига дуч келамиз. Масалан, Али ибн Мадиний (ваф. 234/848), ҳадис илми икки кишига бориб тақалишини, улардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак, иккинчиси эса Яҳё ибн Маъин эканини айтади[46]. Шунингдек, у ҳақида «ҳадисчилар орасидаги мавқеи, одамлар орасида амирул муъмининнинг мавқеи кабидир» дейилган[47]. Ибн Муборак, шунингдек, тобеиндан кейинги табақадаги жарҳ ва таъдил уламоларининг етакчилари орасида зикр қилинади[48]. Тўрт мингга яқин кишидан ҳадис ўрганган ва уларнинг фақат мингга яқинидан ривоят қилган Ибн Муборакнинг[49] лаёқатсизларнинг ҳадисларини қабул қилмаслик ва бундайларга ҳадис нақл қилмасликни шарт қилиб олган[50]. Бу маънода у исноднинг қиймати ва зарурияти устида қатъий туриб, динини иснодсиз ўрганмоқчи бўлган кишини, уйининг томига нарвонсиз чиқмоқчи бўлган кишига ўхшатган[51], иснод бўлмаган ҳолда ҳар ким дини ҳақида хаёлига келганини айтишини таъкидлаган[52]. Тадлис қилган кишилар ҳақида ҳам қаттиқ танқидлар билдирган Ибн Муборак бу ишни кечирилмас хатолардан бири деб таъкидлаган[53]. Ривоятлари эса «Кутуби ситта»да ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (в. 241/855) «Муснад»и билан Доримийнинг (в. 255/868) «Сунан»ида мавжуд[54].

Абдуллоҳ ибн Муборак, бир ғазотдан қайтишда 63 ёшларида 181/797 йилда Фурот дарёси бўйидаги Ҳит деган жойда вафот этган[55].

Устозлари: Ҳишом ибн Урва (ваф. 146/763), Аъмаш (ваф. 148/765), Авзоий (ваф. 157/773), Ҳаммад ибн Зайд (ваф. 179/795) ва бошқалар.

Шогирдлари: Абдуллоҳ ибн Ваҳб (ваф. 197/812), Абдурраҳмон ибн Маҳдий (ваф. 198/813), Яҳё ибн Саид Каттон (ваф. 198/813), Исҳоқ ибн Роҳуя (ваф. 238/852) ва бошқалар[56].

Асарлари: 1. Китобуз зуҳд вар рақоиқ (Малегон/ Ҳиндистон, 1966, Байрут, т.с.). 2. Китобул жиҳод (Н. Ҳаммод таҳқиқи, Байрут, 1971/1391). 3. ал-Муснад. 4. Китобул бирр вас сила. 5. ас-Сунан фил фиқҳ. 6. Китобут тафсир. 7. Китобут тарих. 8. ал-Арбаъин. 9. Китобул истиъзон. 10. Китобул маносик[57].

  1. Умар ибн Ҳорун ибн Язид ибн Жобир, мавло Сақафий, Балхий (ваф. 194/809)

Абу Ҳафс кунясига эга бўлган Умар ибн Ҳорун, Сақийф қабиласининг мавлоси сифатида қайд этилган[58]. Қуллик ҳолати ва этник келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо Балх шаҳрига нисбат қилиниши сабабли Умарнинг форс аслли шахс бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

128/745 йилда эҳтимол Хуросоннинг Балх шаҳрида туғилган Умар ибн Ҳорун, Балхдан ташқари Макка ва Бағдод каби баъзи илм марказларида ҳам бўлган, аввало Ибн Журайж (ваф. 150/767) бошчилигида кўплаб уламолардан ҳадис эшитган, ундан ҳам кўплаб кишилар ҳадис тинглаган[59]. Шунингдек, унинг етмиш мингга яқин ҳадисни билгани; ёддан ривоят қилгани, китоб тасниф қилгани ва қироат бўйича илмга эга экани таъкидланади[60]. Умар ибн Ҳорун «имом», «олиму Хуросон», «муқрий», «муҳаддис», «ҳофиз» ва «муксир» сифати билан ҳам тавсифланади[61], аммо жарҳ ва таъдил мутахассислари томонидан «саййиул ҳифз», «ғайру сиқа», «лайса би шай», «заифул ҳадис», «матрук» ва «каззоб» каби атамалар билан баҳоланади[62]. Шунингдек, Умарнинг узоқ вақт бирга яшаган ўгай отаси Ибн Журайждан кўплаб ҳадис тинглагани, аммо ундан нақл қилган ривоятлар мункар экани таъкидланган[63]. Шунингдек, баъзи ҳадис уламолари Умардан кўплаб ҳадис ёзгани, аммо кейинчалик бу ривоятларни нақл қилишдан қочиб, тарк этгани таъкидланади[64]. Ривоятлари Ибн Можа (ваф. 273/886) ва Термизийнинг (ваф. 279/892) «Сунан»ларида мавжуд.

Умар ибн Ҳорун 66 ёшларида 194/809 йилда Балхда вафот этган[65].

Устозлари: Айман ибн Набил (ваф. 150/767), Ибн Журайж (ваф. 150/767), Авзоий (ваф. 157/773), Юнус ибн Язид Айлий (ваф. 159/775) ва бошқалар.

Шогирдлари: Қутайба ибн Саид (ваф. 240/854), Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855), Ҳаннод ибн Сарий (ваф. 243/857), Абдуллоҳ ибн Саид Ашажж (ваф. 257/870) ва бошқалар.

Асарлари: Исм ва мазмуни берилмаган бўлса-да, Умар ибн Ҳоруннинг баъзи ҳадис жузлари мавжудлиги таъкидланади[66].

  1. Фазл ибн Мусо Синоний, мавло Бани Қатия, Марвазий (ваф. 192/807)

Абу Абдуллоҳ кунясига эга бўлган Фазл ибн Мусо, Бани Зубайддан Қатиъа оиласининг мавлоси сифатида зикр қилинган[67]. Синоний нисбаси билан аталиши эҳтимол унинг аслида Марвга боғлиқ Синон номли бир қишлоқдан бўлгани сабаблидир[68]. Шунинг учун Фазлнинг аввало форс келиб чиқишига эга оиладан келгани тахмин қилинади.

115/733 йилда туғилган Фазл ибн Мусонинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумот мавжуд эмас, аммо унинг ҳадис талабида ватанидан ташқарига чиққани, турли илм марказларини кезгани ва у ердаги кўплаб уламолардан ҳадис олгани ва ундан ҳам кўплаб ҳадис олимлари ривоят қилгани тушунилади[69].

«Имом» ва «ҳофиз» унвонлари билан аталган Фазл ибн Мусо[70] жарҳ ва таъдил уламолари томонидан ҳам «сиқа», «сабт», «садуқ, солиҳ» каби таъбирлар билан баҳоланган[71]. Ҳатто унинг Ибн Муборакдан ҳам мустаҳкамроқ эканини таъкидлаганлар бор[72]. Шу билан бирга, Фазлнинг баъзан мункар ва ғариб ривоятлар нақл қилгани ҳам таъкидланган[73]. Ҳадислари эса «Кутуби ситта»да ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (ваф. 241/855) «Муснад»и билан Доримийнинг (ваф. 255/868) «Сунан»ида мавжуд[74].

Фазл ибн Мусо 192/807 (ёки 191/806) йилда вафот этган[75].

Устозлари: Исмоил ибн Абу Холид (ваф. 145/762), Ҳишом ибн Урва (ваф. 146/763), Аъмаш (ваф. 148/765), Маъмар ибн Рошид (ваф. 153/770) ва бошқалар.

Шогирдлари: Исҳоқ ибн Роҳуя (ваф. 238/852), Маҳмуд ибн Ғайлон (ваф. 239/853), Абда ибн Абдурраҳим Марвазий (ваф. 244/858), Али ибн Ҳужр (ваф. 244/858) ва бошқалар[76].

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Хуросон ҳудудида тўрт асар эгаси ва бир асар эгаси бўлмаган жами беш маволий муҳаддис аниқланди.

Асар эгаси бўлган маволий муҳаддислардан бир кишининг келиб чиқиши (Абдуллоҳ ибн Муборак) турк, бир киши (Муқотил ибн Ҳайён) наботийдир. Бошқа икки киши (Ато ибн Муслим, Умар ибн Ҳорун)нинг келиб чиқиши форс бўлгани тахмин қилинади. Улар орасида тўғридан-тўғри қул бўлган шахс қайд этилмаган.

Бу муҳаддислардан фақат Ато ибн Абу Муслимнинг биргина саҳобадан (Анас ибн Молик) ҳадис эшитгани ривоят қилинади. Шунингдек, Хуросондаги асар эгаси бўлган маволий муҳаддислардан ҳадис тўқувчи ёки исроилий ривоятларни нақл қилувчи ёки араб тили бузуқ бўлган шахс қайд этилмаган. Аммо Умар ибн Ҳоруннинг ўта заифлигига эътибор қаратилган. Шу билан бирга, келиб чиқиши турк Абдуллоҳ ибн Муборакнинг араб тилига бўлган билимдонлиги мақтов билан таъкидланади ва унинг тобеиндан кейинги даврда рижол танқидининг етакчи уламоларидан бири бўлгани, айниқса, иснодга аҳамият бергани ва тадлис қилувчиларни қаттиқ танқид қилгани кўринади.

Бу қисмдаги муҳаддислардан бир кишининг (Абдуллоҳ ибн Муборак) «Кутуби ситта»да, икки кишининг (Ато ибн Абу Муслим, Муқотил ибн Ҳайён) Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан ташқари «Кутуби ситта»га кирган бошқа асарларда ва бир кишининг (Умар ибн Ҳорун) Ибн Можа ва Термизийнинг «Сунан»ларида ривоятлари мавжуд.

Хуросон минтақасида асар эгаси бўлмаган бир муҳаддис (Фазл ибн Мусо)нинг келиб чиқиши форс бўлгани эҳтимоли бор. Унинг ҳадис тўқигани ёки исроилий ривоятларни нақл қилгани ёки араб тили бузуқ бўлгани ҳақида бирон-бир қайдга дуч келинмади. Ривоятлари ҳам «Кутуби ситта»да мавжуд. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
[1] Ибн Манжуя. Рижалу Саҳиҳи Муслим. Ж. II. – Б. 102; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. IV. – Б. 136.
[2] Бухорий. Тарихул Кабир. Ж. VI. – Б. 474; Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХ. – Б. 107.
[3] Ибн Асокир. Тарих. Ж. XL. – Б. 416.
[4] Заҳабий. Мийзон. Ж. III. – Б. 73.
[5] Абу Нуъайм. Ҳиля. Ж. V. – Б. 193; Заҳабий. Мийзон. Ж. III. – Б. 73-74.
[6] Абу Нуъайм. Ҳиля. Ж. V. – Б. 193; Заҳабий. Сияр. Ж. VI. – Б. 140; Зириклий. Аълом. Ж. Ж. IV. – Б. 235.
[7] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХ. – Б. 107; Суютий. Табақот. – Б. 67.
[8] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 369; Ижлий. Маърифа. Ж. II. – Б. 137; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VI. – Б. 335; Ибн Адий. Комил. Ж. V. – Б. 361.
[9] Ибн Ҳиббон. Мажруҳийн. Ж. II. – Б. 130-131.
[10] Заҳабий. Мийзон. Ж. III. – Б. 74; Сияр. Ж. VI. – Б. 142.
[11] Заҳабий. Сияр. Ж. VI. – Б. 140-141; Ибн Ҳажар. Тақриб. – Б. 392.
[12] Миззий Кутуби ситта мусаннифларининг барчаси Ато Хуросоний ривоят қилган ҳадисларини киритиганини келтиради. Таҳзибул камол. Ж. ХХ. – Б. 115.
[13] Абу Нуъайм. Ҳиля. Ж. V. – Б. 200; Заҳабий. Сияр. Ж. VI. – Б. 143.
[14] Устоз ва шогирдлари ҳақида батафсил қаранг: Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХ. – Б. 107; Заҳабий. Сияр. Ж. VI. – Б. 140.
[15] Довудий. Табақотул муфассирийн. Ж. I. – Б. 385; Сезгин. Турос. Ж. I. – Б. 79.
[16] Довудий. Табақотул муфассирийн. Ж. I. – Б. 385; Зириклий. Аълом. Ж. IV. – Б. 235; Сезгин. Турос. Ж. I. – Б. 79.
[17] Довудий. Табақотул муфассирийн. Ж. I. – Б. 385. Олимга нисбат берилган тасаввуфга оид асар ҳақида қаранг: Абу Нуъайм. Ҳиля. Ж. V. – Б. 194-195.
[18] Бухорий. Тарихул Кабир. Ж. VIII. – Б. 13; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. V. – Б. 522.
[19] Самъоний. Ансоб. Ж. V. – Б. 454.
[20] Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 174; Сияр. Ж. VI. – Б. 341.
[21] Ибн Ҳиббон. Машоҳийр. – Б. 195; Заҳабий. Сияр. Ж. VI. – Б. 341.
[22] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХVIII. – Б. 433.
[23] Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VIII. – Б. 354; Ибн Ҳиббон. Сиқот. Ж. VII. – Б. 508; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. V. – Б. 522-523.
[24] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХVIII. – Б. 433.
[25] Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. V. – Б. 523.
[26] Устоз ва шогирдлари ҳақида қаранг: Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХVIII. – Б. 430; Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 174.
[27] Ҳожи Халифа. Кашф. Ж. Ж. I. – Б. 459.
[28] Бухорий. Тарихул Кабир. Ж. V. – Б. 212; Ибн Ҳиббон. Машоҳийр. – Б. 194; Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 152; Ибн Халликон. Вафаёт. Ж. III. – Б. 32; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 379; Ибнул Имод. Шазарот. Ж. I. – Б. 295.
[29] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 153; Ибн Асокир. Тарих. Ж. ХХХII. – Б. 402.
[30] Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 381.
[31] Ибнул Жавзий. Сафва. Ж. IV. – Б. 134; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. III. – Б. 247.
[32] Ибн Қутайба. Маориф. – Б. 511; Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 154.
[33] Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 379.
[34] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХVI. – Б. 6; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 381.
[35] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 165; Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХVI. – Б. 16; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 407, 409.
[36] Ибнул Жавзий. Сафва. Ж. IV. – Б. 135.
[37]– Б. 611-612.
[38] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 164; Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 276.
[39] Қураший. Жавоҳир. Ж. II. – Б. 326; Деҳлавий. Бустон. – Б. 115.
[40] А.Наим-К.Мерос. Тажриди сариҳ. Ж. VII. – Б. 382.
[41] Деҳлавий. Бустон. – Б. 115.
[42] Ҳоким. Маърифа. – Б. 66-67.
[43] Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 397.
[44] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 378-379; Тазкира. Ж. I. – Б. 374; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. III. – Б. 248.
[45] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Ижлий. Маърифа. Ж. II. – Б. 54; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. V. – Б. 181; Божий. Таъдил. Ж. II. – Б. 831; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. III. – Б. 248-249.
[46] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 164; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 391.
[47] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. Х. – Б. 156.
[48] Саҳовий. ал-Мутакаллимуна фир рижал. – Б. 99.
[49] Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 276.
[50] Муслим. Муқаддимма, 7; Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 277.
[51] Хатиб Бағдодий. Шарафу аҳлил ҳадис. – Б. 42.
[52] Муслим. Муқаддимма, 7.
[53] Ҳоким. Маърифа. – Б. 103.
[54] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХVI. – Б. 24.
[55] Устоз ва шогирдлари ҳақида қаранг: Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХVI. – Б. 6; Заҳабий. Сияр. Ж. VIII. – Б. 379-380.
[56] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Ибн Ҳиббон. Машоҳийр. – Б. 194; Ибн Халликон. Вафаёт. Ж. III. – Б. 134.
[57] Асарлари ҳақида батафсил қаранг: Ибнун Надим. Фиҳрист. – Б. 280; Исмоил Пошо Бағдодий. Ҳадийя. Ж. I. – Б. 438; Каттоний. Рисола. – Б. 102; Каҳҳола. Муъжам. Ж. VI. – Б. 160; Сезгин. Турос. Ж. I. – Б. 175.
[58] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХI. – Б. 520-521; Заҳабий. Тазкира. Ж. I. – Б. 340; Мийзон. Ж. III. – Б. 228.
[59] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. ХI. – Б. 187; Заҳабий. Сияр. IХ. – Б. 267.
[60] Заҳабий. Сияр. Ж. IV. – Б. 267, 270; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. IV. – Б. 316-317.
[61] Заҳабий. Сияр. Ж. IХ. – Б. 267; Тазкира. Ж. I. – Б. 340.
[62] Ижлий. Маърифа. Ж. II. – Б. 171; Насоий. Зуафо. – Б. 84; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VI. – Б. 141; Абн Адий. Комил. Ж. V. – Б. 30-31; Ибнул Жавзий. Зуафо. Ж. II. – Б. 218; Заҳабий. Мийзон. Ж. III. – Б. 228-229.
[63] Хатиб Бағдодий. Тарих. Ж. ХI. – Б. 188.
[64] Абн Адий. Комил. Ж. V. – Б. 30-31; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. IV. – Б. 317.
[65] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 374; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VI. – Б. 141.
[66] Исмоил Пошо Бағдодий. Ҳадийя. Ж. I. – Б. 78; Каҳҳола. Муъжам. VIII. – Б. 5.
[67] Ибн Ҳиббон. Машоҳийр. – Б. 97; Сиқот. Ж. VII. – Б. 319; Ибн Манжуя. Рижалу Саҳиҳи Муслим. Ж. II. – Б. 132; Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХIII. – Б. 254.
[68] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Ибн Манжуя. Рижалу Саҳиҳи Муслим. Ж. II. – Б. 132.
[69] Заҳабий. Сияр. Ж. IХ. – Б. 104.
[70] Заҳабий. Сияр. Ж. IХ. – Б. 104; Тазкира. Ж. I. – Б. 296.
[71] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 372; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VII. – Б. 69; Божий. Таъдил. Ж. III. – Б. 1048.
[72] Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ. Ж. VII. – Б. 69.
[73] Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. IV. – Б. 499; Тақриб. – Б. 447.
[74] Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХ III. – Б. 258.
[75] Ибн Ҳиббон. Машоҳийр. – Б. 97; Ибн Ҳажар. Тақриб. – Б. 447.
[76] Устоз ва шогирдлари ҳақида қаранг: Миззий. Таҳзибул камол. Ж. ХХ III. – Б. 255; Заҳабий. Сияр. Ж. IХ. – Б. 404.
OTABEK MUHAMMADIYEV,
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi direktor oʻrinbosari,
tarix fanlari boʻyicha falsafa doktori (PhD), katta ilmiy xodim

Check Also

ИХТИЛОФ ФОЙДАЛИ НАРСАМИ?

Ихтилоф луғатда “ҳар хиллик” деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса мужтаҳидларнинг бирор фиқҳий масалада ҳар …