Home / МАҚОЛАЛАР / ХУРОСОН МАВОЛИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

ХУРОСОН МАВОЛИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

Исломни етказиш ва баён қилиш вазифаси юклатилган Пайғамбаримиз (с.а.в) ва биринчи навбатда хитоб қилинган қавм араблар экани маълум. Аммо Ислом фақат бир халққа эмас, балки бутун инсониятга юборилган, яъни умуминсоний дин экани ва бунинг амалга ошиши учун ўз издошларини масъул қилгани ҳам алоҳида ҳақиқатдир. Шунингдек, бу масъулиятни англаган илк мусулмон наслларнинг азму шижоати билан даъват ва даъват чегаралари тезда кенгайиб, натижада араблар билан бирга араб бўлмаган кўплаб миллатлар, жамоалар – ажамлар ҳам исломни қабул қилган. Шунингдек, Исломнинг ирқчилик ва қабилачиликни қоралаб, ягона устунлик илм ва тақво билан таъминланиши мумкинлиги ҳақидаги асосий қоидаси натижасида исломни қабул қилган кишилар исломий илмларга йўналиб, бу соҳада ғайрат кўрсатганлар. Шундай қилиб, ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида маволийлар, яъни араб бўлмаган мусулмонлар диний илмларда устунликлари билан мақталган, араблар эса озчилик томонда қолган. Аммо бу ҳолат, айниқса, Умавийлар даврида арабларнинг қабилачилик ва жамиятдаги юқори мақомларига қарши кўрсатилган ҳаракати натижаси сифатида ҳам баҳоланади. Шунингдек, ушбу илмлар билан шуғулланиш, илгари маданиятдан узоқ, оддий ва кўчманчи ҳаёт кечирган уммий араблар эмас, балки муқим ҳаётни қабул қилган маданий жамиятларнинг иши бўлиши мумкинлигини таъкидловчилар ҳам бор. Ростини айтганда, биографик асарлар кўздан кечирилганда, «мавло» деб қайд этилиб, «ровий», «муҳаддис», «фақиҳ», «муфассир» ва «олим» каби сифатлар билан тавсифланган шахслар жуда кўпчиликни ташкил этгани аён бўлади. Ҳадис усули китобларида ҳам «маърифатул маволий минар рувот вал уламо» сарлавҳаси остида маволий ровий ва уламоларга бағишланган махсус бўлим ажратилиши масаланинг аҳамиятини кўрсатиши жиҳатидан диққатга сазовордир. Баъзи манбалар ва тадқиқотларда ҳам маволийларнинг илмдаги устунликлари билан бирга Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларининг тил ва услубини бузганлари, ўтмиш маданиятлари /исроилий ривоятларни исломга олиб кирганлари, ҳатто ислом душманлиги ёки миллатчилик сабабли ҳадис тўқиш фаолияти билан шуғулланганлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Шу билан бирга, исломнинг илк йиллари, Умавийлар ва Аббосийлар даврлари билан боғлиқ маволийларнинг сиёсий, маъмурий, ижтимоий-маданий таъсир ва роллари ҳақида турли тадқиқотлар олиб борилган бўлса-да, уларнинг ҳадис ривоятларидаги ижобий ёки салбий таъсирлари ҳақида мустақил ва кенг қамровли тадқиқот олиб борилмаган. Шунинг учун бу мавзуни алоҳида кўриб чиқишни маъқул топдик.

«Маволий» сўзи «мавло»нинг кўплиги бўлиб, «валайа» илдизидан келиб чиққан. Бу илдизга тегишли асосий масдарлар эса «валий», «вилоят», «валоят» ва «вало»дир. «Валий» ва «вало» яқинлик маъносини англатади. Шунингдек, «вало» бир нарсага эга бўлиш ва мулкдор бўлишни англатади. «Вилоят» ва «валоят» эса умумий ёрдам маъносини англатади. Аммо «вилоят» кўпроқ бошқарув ва ҳокимият маъносини ўз ичига олади[1]. Шу илдиздан келиб чиққан «мавло» эса ҳам исми фоил, ҳам исми мафъул маъносида кўплаб маъноларда қўлланилади[2]. Шунга кўра, «мавло» сўзи хожа, қул, озод қилувчи, озод қилинган, неъмат берувчи, неъмат берилган, иттифоқчи, шерик, дўст, ёрдамчи, дўст, амаки ўғли, яқин қариндош ва қўшни каби маъноларни англатади[3].

Қуръони каримда «Билиб қўйингизки, Аллоҳ сизларнинг хожангиздир (мавлоингиздир). У қандай яхши хожа (мавло) ва нақадар яхши мададкордир»[4]. “Бунга сабаб имон келтирганлар Аллоҳнинг дўсти (ҳомийси) экани ва кофирларга эса ҳеч қандай ҳомий (мавло) йўқ эканидир”[5] маъносини англатадиган оятларда Аллоҳ таолога ёрдамчи, дўст, эга, ҳимоячи, эҳсон қилувчи, яхшилик қилувчи маъноларида мавло дейилган[6]. Шунингдек, Қуръонда «мавло» сўзи, Закариё пайғамбарнинг сўзи сифатида келган «Мени ортимда қоладиган қариндошларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман»[7] маъносини англатадиган оятда, кўпликда яқин қариндош ва меросхўрлар маъносида қўлланилган[8]. Шунингдек, ўхшаш маънода бошқа бир оятда шундай келтирилган: « Ҳар бир киши учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган (мерос)дан (олувчи) меросхўрлар (маволий) қилиб қўйдик»[9].

Баъзан «мавло» бир масъулиятни ўз зиммасига олган маъносида «волий» сўзи билан бир хил маънода қўлланилади[10]. Никоҳланадиган аёл ҳақидаги икки турли ривоятдан бирида «волийсининг изнисиз»[11], бошқасида «маволийсининг изнисиз»[12] деган ҳадислар бунинг мисолидир[13]. Шунингдек, умумий ҳолда ҳадисларда мавло ва маволий атамалари баъзан хожа, баъзан эса озод қилинган қул маъносида қўлланилади[14].

Юқоридаги мисолларда келтирилган мавло сўзи жоҳилият даврида ҳам, исломда ҳам кўпроқ кўплик шаклида маволий деб ҳам истилоҳий маъно, ҳам қўлланиш соҳасига кўра хилма-хиллик касб этган. Энди бу маънода маволий тушунчаси ва турларини кўриб чиқамиз.

Аввалги сарлавҳа остида ёрдамчи, дўст, қариндош, амаки ўғли, қўшни ва ҳоказо каби кўплаб маъноларни англатган мавло сўзи, жоҳилият даврида аввало озод қилинган қул маъносида қўлланилган. Бу «итқ» ёки «атака» мавлоси деб аталади. Шунингдек, ўша даврда жамиятда мавжуд бўлган қабилачилик ва қонли низолар сабабли тарафлар ўртасида ёрдамлашиш ва ҳимоя қилишга қаратилган шартномалар натижасида юзага келган бир турдаги вало ҳам борки, бу «ақд» ёки «ҳилф» мавлоси деб аталади. Даврнинг яна бир дўстлик сабаби эса ҳар қандай қабиланинг маволийларидан бир аёлга уйланиш орқали юзага келган «раҳим» мавлолигидир. Жоҳилият арабларида «атака», «ҳилф» ва «раҳим» бўлиб, асосий уч турдаги маволий гуруҳи мавжуд бўлган[15].

 

Исломда маволий тушунчаси

Жоҳилият даврига тегишли бўлган турли маъно ва қўлланилишларини кўриб чиққанимиз мавло ёки маволий тушунчалари ислом даврида қўлланилиши ва тури жиҳатидан қисман ўзгариш ва ривожланиш кўрсатган, мазкур тушунчалар бу даврга тегишли манбаларда «атака», «ислом» ва «ҳилф» мавлоси деб асосий учта сарлавҳа остида кўриб чиқилган[16]. Биз ҳам қуйида шу сарлавҳалар остида, мавзумизни ёритувчи аниқ нуқталарни олдинга чиқариб, даврнинг вало турларини кўриб чиқамиз.

Ислом маволийлиги – мусулмон бўлмаган шахснинг исломни қабул қилишига сабабчи бўлган киши билан ўртасида пайдо бўлган дўстликнинг номидир[17]. Бу яқинлик натижасида янги мусулмон бўлган шахс исломни қабул қилишга сабаб бўлган кишининг мавлоси ҳисобланиб[18], қабиласига нисбат қилинади. Масалан, баъзи асарларда Бухорийнинг (в. 256/869) биографияси зикр қилинганда Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жуъфий мавлоси, Абу Абдуллоҳ Бухорий дейилади[19]. Ибнус Салоҳнинг маълумотига кўра, Бухорийнинг бу нисба билан аталиш сабаби, бобоси Аҳнаф мажусий бўлиб, Яман ибн Аҳнас Жуъфий орқали мусулмон бўлганидан келиб чиқади[20]. Шунингдек, атака мавлосида бўлгани каби ислом мавлосида ҳам занжирли вало ҳақида сўз юритиш мумкин. Бу ҳолат маволий мусулмонлар воситасида исломга кириши мумкин бўлган шахслар бўлиши ҳақиқатидан келиб чиқади. Масалан, насроний бўлган Ҳасан ибн Исо Мосаржисийнинг (ваф. 239/853) исломни қабул қилиши маволийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 181/797) орқали бўлган[21]. Шу сабабли Ҳасан ибн Исо бир мавлонинг мавлоси мақомида бўлади.

Бошқа томондан, жоҳилият даврида вало масаласида диний фарқлар катта аҳамиятга эга бўлмаган бўлса, ислом буни вақт ўтиши билан йўқ қилган ва маволийликни фақат мусулмонларга хос қилган[22]. Мусулмон жамиятидаги яҳудий ва насронийлар эса «зиммийлар» деб аталган[23].

Ҳилф маволийлиги араб бўлмаганлар билан араблар ўртасида тузилган ҳимоя ва дўстлик шартномасидир[24]. Бу вало турини валоул исломдан ажратиб турадиган хусусият, мавло бўладиган шахснинг бошқа бировнинг қўли билан мусулмон бўлишининг шарт қилинмаслигидир. Яъни мазкур вало, шахснинг ўз хоҳиши билан мусулмон бўлганидан кейин истаган кишини мавло сифатида танлаши шаклида амалга ошади[25]. Жоҳилият даврида араблар орасида кенг тарқалган бу шартнома ислом даврида икки араб қабиласи ўртасида тузилиши тақиқланган[26]. Чунки бундай шартнома кўпинча жоҳилият даври қабилачилик таассубига, шунингдек, жамиятда тинчлик ва осойишталикнинг бузилишига сабаб бўлар эди[27]. Шунингдек, ёрдамлашиш ва ҳамкорликка ўша даврда куч ва ҳокимиятни қўлларида ушлаб турган араблардан кўра кўпроқ араб бўлмаган мусулмонлар муҳтож эди. Шунинг учун бу шартноманинг араблар билан ғайри араблар ўртасида тузилиши мақбул кўрилган[28].

Ислом фатҳларидан кейин жамиятда кенг тарқалган «ҳилф валоси» орқали юзага келган бу интисобга, шунингдек, «валоул муволот» ҳам дейилади[29]. «Муволот» бир шахснинг бошқасига «Сен менинг мавломсан, вафот этсам менга ворис бўласан, тирик қолсам мени мудофа ва ҳимоя қиласан», деган сўзларига жавобан, ўша шахснинг «Қабул қилдим» деб бу таклифга ижобий жавоб бериши билан юзага келар эди[30].

Натижада, қисман жоҳилият анъанасининг бир давоми сифатида мусулмон жамияти ичида ҳам, айниқса, ҳижрий илк икки асрда маволийлик институти жуда фаол ишлагани кузатилади[31]. Шундай қилиб, ота-боболари бирор сабаб билан вало воситасида араб қабилалари билан алоқа ўрнатган ғайри арабларнинг барча оила аъзолари мусулмон жамияти ичида маволий мақомида, этник гуруҳ сифатида ҳаёт кечиришга мажбур бўлганлар.

Ислом билан бирга даврнинг ҳукмрон кучи мусулмон араблар бўлгани ва ҳозирги кунда исломни қабул қилган ва қабул қиладиганлар ғайри араблардан иборат бўлгани сабабли, фатҳлардан кейин Хулафои Рошидин даврининг охирига келиб, айниқса, Умавийлар билан бирга маволий сўзи араб бўлмаган мусулмонлар маъносида қўлланила бошлаган.

 

Хуросон минтақасининг чегаралари ва муҳим илмий марказлари

Ислом географларига кўра, Хуросон шарқдан Ҳуттел (Тожикистондаги Кулоб), Ғур (Марказий Афғонистон) ва қисман Сижистон; жанубдан Даштилут ва Кирмон билан Журжон; шимолдан эса Туркманистон-нинг бир қисми, Хоразм ва Мовароуннаҳр томонидан ўралган кенг ҳудуддир[32].

Бир вақтлар Форслар қўлида бўлган Хуросон минтақаси мусулмонлар томонидан ҳазрати Усмон даврида фатҳ қилинган[33]. Ҳижрий биринчи асрда Хуросоннинг бирон-бир шаҳрида илмий фаолият бўлганини айтиш мумкин эмас. Чунки бу асрни исломлаштириш ва барқарорлик даври деб ҳисоблаш тўғрироқдир. Фатҳдан сўнг бошқа ҳудудларда бўлгани каби бу ерда ҳам баъзи саҳобаларнинг бўлгани кўринади. Ҳакам ибн Амр (ваф. 50/670), Бурайда ибн Ҳусайб (ваф. 63/682) ва Қурайд ибн Абу Римса кабилар шулар жумласидандир[34].

Бироқ саҳобаларнинг Хуросонда ҳам аҳоли, ҳам илмий жиҳатдан аввал фатҳ қилинган ҳудудлар каби фаол бўлмагани тушунилади. Шунинг учун ҳижрий иккинчи асрдан бошлаб Хуросонда пайдо бўлган ҳадис илми соҳасидаги фаолиятларнинг бевосита ҳудудда бўлган саҳобалардан кўра тобеин ва таба тобеин давридаги илмий саёҳатлар туфайли амалга ошганини айтиш мумкин.

Иккинчи асрда минтақадаги муҳим илм марказларининг бошида аввало Марв келади. Шунингдек, Балх, Ҳирот, Нишопур ва Сарахс шаҳарларидаги баъзи олимларнинг мавжудлиги ҳам диққатга сазовор. Ҳижрий иккинчи асрда бу минтақада яшаган уламо-ларнинг ҳаёти ўрганилганда, уларнинг кўпинча Марвда истиқомат қилгани, бир қисмининг эса Нишопур, Балх ва Ҳирот каби шаҳарларда қолгани кўринади[35]. Миқдор жиҳатидан кўп бўлмаган бу ердаги уламолар орасида араблар билан бирга маволийлардан бўлган шахслар ҳам бор эди. Шунингдек, қуйида хуросонлик деб танилган маволий муҳаддисларнинг ҳадис ривоятларидаги фаолиятлари ҳақида сўз юритилади.

[1] Ибн Манзур. Лисон. Ж. XV. – Б. 407; Забидий. Тож. Ж. X. – Б. 398, 399; Осим Афанди. Қомус. Ж. IV. – Б. 1223, 1224.
[2] Фирузободий. Басоир. Ж. V. – Б. 281; Саҳовий. Фатҳул муғийс. Ж. III. – Б. 396.
[3] Ибнул Асир. Ниҳоя. Ж. V. – Б. 228; Ибн Манзур. Лисон. Ж. XV. – Б. 408; Фирузободий. Басоир. Ж. V. – Б. 283; Забидий. Тож. – Б. 399.
[4] Анфол сураси, 40-оят.
[5] Муҳаммад сураси, 11-оят.
[6] Замахшарий. Кашшоф. Ж. III. – Б. 454; Розий. Мафотиҳ. Ж. XV. – Б. 131, Ж. XXVIII. – Б. 44; Шу мазмунда келган оятлар ҳақида қаранг. Бақара, 286; Оли Имрон, 150; Анъом, 62; Тавба, 51; Ҳаж, 78; Таҳрим, 2.
[7] Марям сураси, 5-оят.
[8] Табарий. Жомеъул баён. Ж. XVI. – Б. 59; Розий. Мафотиҳ. Ж. XI. – Б. 155.
[9] Нисо сураси, 33-оят. Табарий. Жомеъул баён. Ж. V. – Б. 71, 72; Замахшарий. Кашшоф. Ж. L. – Б. 265; Розий. Мафотиҳ. Ж. IX. – Б. 69.
[10] Роғиб. Муфрадот. – Б. 533; Ибн Манзур. Лисон. Ж. XV. – Б. 408; Фирузободий. Басоир. Ж. V. – Б. 281.
[11] Термизий. Сунан. Никоҳ. 14; Доримий. Сунан. 11.
[12] Абу Довуд. Сунан. Никоҳ. 19.
[13] Ибнул Жавзий. Ғарибул ҳадис. Ж. II. – Б. 483; Ибнул Асир. Ниҳоя. Ж. V. – Б. 228.
[14] Қаранг: Бухорий. Саҳиҳ. Илм, 3; Жизя, 17; Фароиз, 24; Муслим. Сунан. Айман, 45; Итқ, 18; Абу Довуд. Сунан. Закот, 29; Термизий. Сунан. Закот, 25; Насоий. Сунан. Закот, 97; Ибн Можа. Сунан. Никоҳ, 43; Доримий. Сунан. Фароиз, 31; Аҳмад ибн Ҳанбал. 1, 84.
[15] Жоҳилият даври маволийси ҳақида батафсил маълумот учун қаранг: Зайдон. Тарихут тамаддун. Ж. IV. – Б. 28-32.
Биз вало турларидан ташқари, баъзи манбаларда бу давр билан боғлиқ «валоул қароба», «валоул живор» ва «валоур риқ» деб аталадиган уч турдаги валодан ҳам сўз юритилади. Улардан биринчиси, бир хил қабила аъзолари ўртасидаги қариндошлик боғини англатадиган яқинликдир. Бу турдаги вало раҳим мавлоси сифатида кўриб чиқилади. Иккинчиси эса, қўшничилик сабабли юзага келган ҳимоя ва ҳимоя қилишга қаратилган вало туридир. Бу ҳам бир турдаги ҳилф мавлоси сифатида кўриб чиқиладиган ақд мавлосига ўхшайди. Учинчиси, яъни «риқ» мавлосига келсак, бу хожа билан қул ўртасидаги – озод қилиш амалиётисиз – ўзаро масъулият ва ёрдамлашиш маъносини англатадиган валодир. Шунингдек, юқорида мавло сўзининг маъноларини санаб ўтар эканмиз, унинг ҳам қул, ҳам хожа маъносини англатишини таъкидлаган эдик. Батафсил маълумот учун қаранг: Миқдод. ал-Маволий. – Б. 40-72; Жавда. ал-Авдоъ. – Б. 13-52; Demircan. Arap-мevali ilişkisi. – Б. 25-34.
[16] Қаранг: Ибнус Солаҳ. Улумул ҳадис. – Б. 358, 359; Нававий. Иршод. – Б. 247, 248; Ироқий. Фатҳул муғийс. – Б. 475; Саҳовий. Фатҳул муғийс. Ж. III. – Б. 392, 393; Суютий. Тадриб. Ж. II. – Б. 333, 334.
[17] Ибнул Асир. Ниҳоя. Ж. V. – Б. 228; Ибн Манзур. Лисон. Ж. XV. – Б. 407.
[18] Ҳанафийлар ҳилф маволийлигига ўхшаш бу яқинликнинг маълум шартлар билан мерос сабаби бўлиши мумкинлиги фикридадирлар. Қаранг: Жассос. Аҳком. Ж. III. – Б. 145, 146.
[19] Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. V. – Б. 33.
[20] Ибнус Солаҳ. Улумул ҳадис. – Б. 359; Нававий. Иршод. – Б. 248; Ироқий. Фатҳул муғийс. – Б. 475.
[21] Ибнус Солаҳ. Улумул ҳадис. – Б. 359; Ироқий. Фатҳул муғийс. – Б. 475; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. I. – Б. 509;– Б. 29, 48.
[22] Қуръони каримда мусулмон бўлмаганлар билан дўст (валий) бўлиш тақиқлангани ҳақидаги оятлар ҳақида қаранг: Нисо, 144; Моида, 51; 57. Аммо ҳанафийлар зиммийлар билан ҳилф маволий-лиги қилишни жоиз дейишган. Косоний. Бадойеъ; Билмен. Истилоҳот. Ж. IV. – Б. 69.
[23] Ибн Қоййим. Аҳкому аҳлиз зимма. Ж. II. – Б. 874; Зайдон. Тарихут тамаддун. Ж. IV. – Б. 31.
[24] Эҳсон Нос. Асабийя. – Б. 67; Миқдод. ал-Маволий. – Б. 129.
[25] Жавда. ал-Авдаъ. – Б. 87. Ибн Ҳажар. Исоба. Ж. III. – Б. 86.
[26] Миқдод. ал-Маволий. – Б. 129, 130.
[27] Ибнул Асир. Ниҳоя. Ж. I. – Б. 424; Ибн Манзур. Лисон. Ж. IX. – Б. 53; Миқдод. ал-Маволий. – Б. 130, 131.
[28] Билмен. Истилоҳот. Ж. IV. – Б. 69; Миқдод. ал-Маволий. – Б. 130, 131.
[29] Сарахсий. Мабсут. Ж. VIII. – Б. 81.
[30] Зайдон. Тарихут тамаддун. Ж. IV. – Б. 30, 31.
[31] Зайдон. Тарихут тамаддун. Ж. IV. – Б. 30, 31.
[32] Ибн Ҳавқал. Суратул арз. – Б. 426; Истахрий. Масолик. – Б. 253.
[33] Ибнул Асир. Комил. Ж. III. – Б. 123.
[34] Sandıkçı. İslam coğrafyasinda hadis. – Б. 386.
[35] Ибн Саъд. Табақот. Ж. VII. – Б. 368; Ибн Ҳиббон. Машоҳир. – Б. 125, 126, 194.
ОТАБЕК МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим

Check Also

ХУРОСОН МАВОЛИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ 2-ҚИСМ

Хуросон минтақасидаги асар соҳиби бўлган маволий муҳаддислар Ато ибн Абу Муслим (Абдуллоҳ) Хуросоний, мавло Муҳаллаб …