12 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ходимлари ва Ҳадис илми мактаби устоз-талабалари иштирокида буюк алломаларимиз таваллуд саналарига бағишлаб “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур – Шарқ Ренессансининг ёрқин намояндалари” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов буюк мутафаккирларнинг маънавий мероси ҳақида сўз юритиб, дастлаб Алишер Навоийнинг туркийни ижод ва илм-фан тили сифатида сақлаб қолишда, ўша давргача ҳеч ким кўрсатиб бермаган улуғворлигини намоён этишдаги беқиёс хизматларига тўхталди. Ҳазратнинг юксак бадиий ва илмий мероси ҳақида сўзлар экан, “Навоийнинг асарлари ҳамма замонларда бўлгани сингари бугун ҳам инсониятни маънавий юксалиш сари етакловчи асосий манбалардан бўлиб қолмоқда”, деб таъкидлади.
Профессор Бахтиёр Тўраев эса Ҳазрат Навоий ва Бобур Мирзонинг нечоғли улуғ инсонлар бўлгани ҳақида фикр юритиб, асарларидаги беназир маънавий бойлик, инсонпарварлик ғоялари ва юксак ақлий салоҳият улар ижодий меросининг бутун дунёда ҳали-ҳануз изчил ўрганилаётганига сабаблардан бири эканини қайд этди.
Тадбир давомида Марказ ходимлари, устоз ва талабалар Навоий ва Бобурнинг ижодий фаолияти ҳақида маърузалар қилди. Жумладан, Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси, Ал-Азҳар университети доктори Маҳмуд Ҳасан Навоий ғазалидан бир парча ўқиб, даврадаги навоийхонлик ва умуман ғазалхонлик руҳини юксакларга кўтарди.
Марказ илмий ходими Баёзхон Маҳмудов Навоийнинг “Арбаин” асари ҳақида фикр билдириб, унда илму маърифат ва ахлоқий камолот ҳақидаги ҳикматлар акс этганини, ҳар бир сўзи комиллик калити эканини таъкидлади. Ҳазратнинг ҳадисларни назм йўлида таржима қилиш борасидаги маҳоратини очиб берувчи мисоллар келтирди. Навоийнинг жасорати – бу унинг қаламидаги ҳақиқат, улус ва тил учун курашида яққол намоён бўлишини алоҳида қайд этди.
Иштирокчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида фикр билдириб, унинг нафақат буюк шоир, балки йирик мутафаккир ва ноёб давлат арбоби сифатидаги камолоти ҳақида ҳам сўз юритди. У “Бобурнома” асари орқали нафақат тарих, география, этнография каби фанларга оид, балки инсон ҳаёти ва ахлоқи билан боғлиқ ўлмас манба қолдирганини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий котиби Бахтиёр Турсунов айтганидек, “…бу икки давлат арбоби, бошқа буюк аллома аждодларимиз фақат таваллуд кунида эслаш эмас, балки ҳар кун, ҳар соат ёдга олишга арзийдиган даҳолардир, уларнинг инсониятни маънавий камолот сари бошловчи дурдона асарлари ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди”.