Яҳё ибн Саид Каттон раҳматуллоҳи алайҳ
120/738 санада туғилган. Ҳишом ибн Урва, Ҳумайд Товийл, Яҳё ибн Саид Ансорий, Аъмаш (р.а.) каби бир қанча таниқли олимлардан ҳадис тинглаган[1].
Пахта савдоси билан шуғуллангани учун “Каттон” нисбаси билан танилган[2].
198/813 йили Сафар ойида Басрада[3] 78 ёшида вафот этган.
Абдурраҳмон ибн Маҳдий раҳматуллоҳи алайҳ
Сиқа ровий сифатида танилган олим 135/752 йили дунёга келган[4]. Молик ибн Анас, Шуъба, Суфёни Саврий (р.а.) каби олимлардан ҳадис ривоят қилган[5].
Марварид савдоси билан шуғулланган. Шу сабабли у “Луълуъий” нисбаси билан танилган[6].
198/813-814 йилда[7] 63 ёшида вафот этган.
Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ
150/767 йили Ғаззода туғилиб, у ердан Маккага кўчиб ўтган[8]. Муслим ибн Холид Занжийдан илм ола бошлаган. Имом Моликнинг «Муватта» номли ҳадис асарини ёд олган[9].
Ёшлик чоғида таълимни тўловсиз давом эттириб, таълим харажатларини суяклар ва девон идорасининг чиқиндиларини йиғиб олиш орқали таъминлаган[10]. Кейинчалик савдо билан шуғулланган. Ҳатто у уч марта банкрот бўлгани ва қўлида бор-йўқ нарсаларини оиласининг рўзғорини таъминлаш учун сотганини айтган. Бир ривоятда уй ҳайвонини ёки миниладиган ҳайвонининг узангисини тўрт динорга сотгани айтилади.
Шунча нарсага қарамай жуда сахий ва очиқ қўл бўлган Шофиъий қўлидаги динорини, дирҳамини, таомини, ичимлигини муҳтожларга тарқатган. Халифа Ҳорун Рашид томонидан унга бир миқдор пул берилган[11].
Бундан ташқари, Яман волийси Мусъаб ибн Абдуллоҳ унга маъмурий вазифа таклиф қилган, бу таклифни қабул қилган имом Шофиъий Нажрон вилоятида маъмурий вазифада ишлаган. Бу вазифага киришишида мол-мулки йўқлиги ва онасининг уйини гаровга қўйиб йўл харажатларини қоплаганини айтган[12].
204/820 йилда Мисрда[13] 54 ёшида вафот этган.
Имом Воқидий раҳматуллоҳи алайҳ
130/747 йили Мадинада туғилган[14]. Ибн Ажлон, Ибн Журайж, Маъмар ибн Рошид (р.а.) каби бир қанча устозларидан ҳадис тинглаган[15].
Ёшлигида Мадинада буғдой тижорати билан шуғулланган, жудаям қўли очиқ, саховатли бўлгани учун музораба[16] усули билан бошқаларга тегишли бўлган 100,000 дирҳамлик сармоясини йўқотиб банкрот бўлган[17]. Шунингдек, Воқидий Ҳорун Рашидга ҳаж ибодатини адо этишда раҳбарлик қилган ва ундан мамнун бўлган халифа Воқидийга 10,000 дирҳам совға қилган[18].
Давлат раҳбарлари билан муносабатлари яхши бўлган Воқидийни Яҳё ибн Холид Рамазон ойида кечалари суҳбатга чақириб, унга ҳар келганида 500 динор совға қилган[19].
Маъмун эса уни Аскарул Маҳдий қозиси этиб тайинлаган ва у вафотига қадар бу вазифасини давом эттирган[20].
207/823 йили 77 ёшида[21] вафот этган.
Абдураззоқ ибн Ҳаммом Санъоний раҳматуллоҳи алайҳ
126/743-744 йили Санъода туғилган[22]. Маъмар ибн Рошид, Ибн Журайж, Авзоъий, Суфёни Саврий, Молик ибн Анас (р.а.) каби нуфузли олимлардан ҳадис ривоят қилган[23].
Тижорат билан шуғулланган ва шу мақсадда Ҳижоз, Шом ва Ироқ каби ўлкаларга сафар қилган[24].
211/826-827 йили 85 ёшида Яманда вафот этган[25].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими