Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Алишер Навоий мероси – маънавий ва маърифий юксалиш манбаи

Алишер Навоий мероси – маънавий ва маърифий юксалиш манбаи

Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишлаб 8-9 февраль кунлари Навоий вилоятида илму фан, адабиёт, санъат, маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида ўтказилган тадбирларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Турсунов ҳам иштирок этди.

Марказ вакили вилоят миқёсида ўтган “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” анъанавий халқаро симпозиум доирасида Нурота туманида “Хамса” асарининг яратилишига бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатида “Алишер Навоий бадиий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Нотиқ улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалби, онг-у шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келаётганини, нафақат миллий қадриятларимиз, балки дунё тамаддуни ривожида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Марказ олими, шунингдек, ислом маданияти ва фалсафасисиз Алишер Навоийни англаш мумкин эмаслигини қайд этди. Ҳазрат исломий эътиқодга суянган ҳолда ўзигача бўлган жами адабий, илмий-фалсафий қарашларни синтез қилган, инсон фитрати билан боғлиқ қарашлар чексизлигини, унинг маънавий илдизлари башарият пайдо бўлган давр, қадим тушунчалар ва тасаввурлар билан узвий боғлиқлигини илмий асосда исботлаб берган. Алишер Навоий “Хамса”, “Мажоилун нафоис”, “Арбаин”, “Сирожул муслимин”, “Муншоат”, “Маҳбубул қулуб”, “Муножот”, “Лисонут тайр” каби тил, адабиёт, тарих, тасаввуфга оид ўттиздан зиёд мукаммал асар ёзган моҳир дипломат ва давлат арбоби сифатида жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган феномен эканига урғу берди. Ҳар бир асарининг мазмун-моҳияти инсонни улуғлашга, уни маънавий такомилга, ўзликни англашга йўналтириб, ёш авлод тарбиясида муҳим илмий-амалий аҳамият касб этишини қайд этди. Шоир “Хамса” бешлигидаги сўнгги достонни “Садди Искандарий” – “Искандар девори” деб номлаб, унинг инсониятни дунёдаги жаҳолат, қабоҳат, хиёнат каби жами бузуқликлардан ҳимоя қилишга қодир маънавий тўсиқ бўлишига умид қилган.

Тадбирда иштирок этган Тошкент амалий фанлар университети доценти, филология фанлари номзоди Зиёда Ғаффорова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова ва бошқалар Алишер Навоий ижодининг комил инсонни тарбиялашга доир турли жиҳатларини ёритиб берди. “Хамса” достонларидаги инсонпарварлик ғоялари, тўпламнинг миллий ўзликни англашдаги ўрни, бетакрор шеърий услуби ва ғоявий-мафкуравий жиҳатлари ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Шунингдек, маърузаларда Алишер Навоий маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, бу борада замонавий технологиялар, электрон кутубхоналар, интернет платформалар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш муҳим эканини, бу эса ҳазрат асарларининг моҳиятини кенг оммага етказишда катта аҳамият касб этиши таъкидланди.

Бир сўз билан айтганда, ҳазрат номи билан аталувчи вилоятида ўтказилган халқаро симпозиум доирасидаги илмий-маърифий тадбирлар улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий мероси моҳиятини чуқур англаш ва келажак авлодга етказиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Радикализмнинг олдини олишда маърифий ёндашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш университетида “Радикализм – …