Айни вақтда бутун оламнинг тинчини бузаётган энг асосий иллатлар бошида экология ҳам, вируслар ҳам, иқтисодий бўҳронлар ҳам эмас, балки терроризм ва экстремизм туради. Шу сабабли кўплаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилиб, одамлар ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, юртлар вайронага айланиб, минглаб инсонлар бошпанасидан маҳрум бўлмоқда. Инсониятнинг бахтли келажаги, Ер юзини обод этиш учун хизмат қилиши керак бўлган беҳисоб мол-давлат ана шу терроризмнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш учун сарфланаётгани яна ҳам ачинарли. Терроризмдан энг кўп зарар кўраётган ислом ва мусулмонлар бугун ўша нокас кимсаларнинг касрига қолиб, ёмонотлиқ бўлаётгани эса чидаб бўлмас адолатсизликдир.
Ислом – оламшумул дин, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга юборилган пайғамбардирлар. Аллоҳ таоло бундай деган: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик”[1]. Мусулмонларнинг вазифаси ана шу оламшумул динни – миллатлар ва элатларнинг хилма-хиллигини табиий воқелик деб қабул қилган ҳолда – дунёдаги барча халқлар ва турли маданият вакилларига етказиш, унинг соф ва туб тамойилларини кўрсатиб беришдан иборат. Шунинг учун Ҳақ таоло: “Раббингиз хоҳлаганида, (барча) одамларни бир уммат (бир динга тобе) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар. Бундан Раббингиз раҳм қилган кишиларгина мустаснодирлар. Уларни шунинг учун яратгандир”[2], деб, шу ранг-барангликка диққатимизни қаратади.
Ҳа, Қодир Парвардигор одамларни хилма-хил эътиқодда яратган ва бу борлиқнинг қонунидир. Мусулмоннинг вазифаси Яратганнинг ана шу хоҳиш-иродасига бўйсуниб, инсонлар билан энг яхши суҳбат ва муомала асосида мулоқотда бўлишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга хитоб қилиб: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[3], деган. Эътибор берсак, бу хитоб алоҳида бир дин вакилларига қаратилмаган. Бундан келиб чиқадики, ислом дини жинси, ирқи, миллати ё динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга ҳурмат-эҳтиром билан қарайди. Аллоҳ таоло инсонлар орасидаги мазкур хилма-хилликни улар ўзаро танишиши, Ерни обод қилишдек буюк мақсадни амалга ошириш йўлида бир-бирининг тажрибасидан фойдаланиши, ҳамкорлик қилиши учун яратган. Бу ҳақда Унинг Ўзи бундай дейди: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчи ва хабардор зотдир”[4].
Экстремизм терроризмнинг дарвозасидир.
Сиёсатчи ва шарҳловчилар ислом билан боғлайдиган экстремизмни уламолар иккига ажратади. Биринчиси диндан йироқ экстремизм бўлиб, унинг мақсади динни одамлар қалби ва ақлидан узоқлатиш, шахсий ва ижтимоий ҳаётда диннинг таъсирини камайтиришдан иборат. Иккинчиси динни англашда юзага келадиган экстремизм бўлиб, бунга аҳкому арконлар, тамойил ва тушунчаларни нотўғри ва радикал тарзда тушуниш (аниқроғи, тушунтириш, оми инсонлар миясига қуйиш) сабаб бўлади. Ислом дини экстремизмнинг бу икки кўринишини ҳам рад қилади ва улардан қайтаради. Қайтарганда ҳам, қаттиқ танбеҳ берган ва оқибатидан огоҳлантирган ҳолда қайтаради. Экстремистларни мусулмонларнинг йўлларидан юрмайдиган ва маслакларини тутмайдиган кимсалар деб ҳисоблайди. Чунки баъзилари суннатлардан юз ўгириб, фарз амалларга қаттиқ киришиб кетган бўлади, бошқалари яна ўзгача хурмача қилиқлар орттирган бўлади. Ваҳоланки, фарз фақат суннат билан комил бўлишини яхши билади, лекин парокандалик келтириб чиқариш, фитна қўзғаш, жаҳолат уруғини ёйиш учун хунрезлик ва ғаразгўйлик йўлидан юради.
Бир неча мусулмонлар Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраганда, унинг жавобини эшитиб, буни оз санайди ва: “Биз қаёқда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқда? Аллоҳ у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечирган бўлса”, дейди. Кейин улардан бири: “Аммо мен туни билан ухламасдан ибодат қилиб чиқаман”, дейди. Иккинчиси: “Мен эса, йил бўйи рўза тутаман ва бирор кун ҳам очиқ оғиз юрмайман”, дейди. Учинчиси: “Мен аёллардан узоқда бўламан ва уйланмай яшаяпман”, дейди. Уларнинг гап-сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулоқларига етиб боргач, у зот бундай дейдилар: “Аммо мен намоз ўқийман ва ухлайман ҳам. Рўза ҳам тутаман ва очиқ оғиз ҳам юраман. Аёлларга уйланаман ҳам. Шундай экан, ким менинг суннатимдан юз ўгирадиган бўлса, мен(инг умматим)дан эмасдир”[5].
Бинобарин, одамларни дин ишида енгилдан қийинга, тўкинликдан тангликка, соддадан мураккабга бошлайдиган ҳар қандай одам радикал ва экстремист бўлиб, Аллоҳнинг таълимотига қаттиқ қарши чиқадиган кишидир, деб айтиш мумкин экан. Чунки экстремист – Қодир Парвардигор: “Аллоҳ сизларга енгиллик истайди, оғирлик хоҳламайди”[6], деб қўйгани ҳолда инсонларни Ҳақ таоло ато этган енгилликдан машаққатга чақирадиган кишидир. Шуниси аянчлики, экстремистлар динимиздаги барқарор ҳукмларга, муқаддас диний қадриятларимизга ҳужум қилиш учун пайт пойлаб юради. Китоб ва мақолалари билан одамларни мўътадилликдан тангликка чақиради.
Террорчилар эса ўзига тобе бўлганларни алдайди, чалкаштиради. Ўзининг бузғунчилик ҳаракатлари ва жиноятларини динга боғлаб, оқ қилиб кўрсатишга уринади. Ўзини дин ҳимоячиси, таянчи, мададкори сифатида намоён этишга ҳаракат қилади. Яъни пок диннинг номини сотиб иш қилади. Унинг моҳияти ва муборак суратини бузиб талқин қилади. Аммо биз биламизки, дин, жон, ақл, шаън, насаб ёки мол-мулкка тажовуз бўладиган ҳар қандай хатти-ҳаракат террорчилик ҳисобланади.
Террорчилар мусулмонларни ўлдиради. Ёшу қарини, эркагу аёлни, каттаю кичикни ажратиб ўтирмайди. Бутун Ер юзида бузғунчилик қилади. Аллоҳ таоло: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир”[7]; “Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир”[8], деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қасамки, Аллоҳнинг наздида дунёнинг заволга юз тутиши бир мусулмон кишининг ўлдирилишидан кўра енгилроқдир”[9], деганлар. Яна: “Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофир бўлиб кетмангиз”[10], деб насиҳат қилганлар.
Террорчилар одамларни азоблаб, қафасланган ҳолда сувга чўктириб, тириклайин ўтда ёқиб, хурсанд бўлади. Келишув ва битимларни ҳурмат қилмайди. Жангу жадалга умуман алоқаси бўлмаган тинч аҳоли вакилларига ҳам тажовуз қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”[11], деган сўзларига риоя қилмайди. Террорчилар Аллоҳнинг уйлари ҳисобланмиш масжидларни портлатиб, ибодат қилиб турган мўмин-мусулмонларни ҳам ўлдириб юбораверади. Бу фақат шуни билдирадики, улар исломнинг асл таълимоти ва муқаддас аҳкомларидан четлашиб кетган кимсалардир. Улар на мусулмонларнинг ва на масжидларнинг ҳурматини жойига қўяди. Ўта бераҳм, ўта бешафқат (ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди” [12], деганлар). На бегуноҳ қонни, на ўзгаларнинг мол-мулкини эътиборга олади. Аслида ислом дини уй ва масжидлар нари турсин, ҳатто ғайридинларнинг ибодатхоналарига ҳам тегинмасликни буюради. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом: “Болаларни ҳамда ўз ибодатхоналарида ибодат қилиб турганларни ўлдирмангиз”[13], деганлар.
Хўш, унда экстремистик ва террорчи ташкилотларга аъзоликнинг ҳукми қандай бўлади?
Бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, арзимас важлар ва ботил даъволар билан мусулмонларни кофирга чиқариш, инсонларнинг шаънини ерга уриш, мол-мулкини ўзлаштириб олишни ҳалол ҳисоблашга чақирадиган ҳар қандай экстремистик ва террорчи ташкилотга аъзо бўлиш ислом нуқтаи назардан ҳаромдир! Чунки бундай ишлар исломнинг олийжаноблик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зид. Ана шундай ташкилотларга аъзо бўлиб кирган кимсалар Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилган, ҳақ йўлдан оғишган, очиқ-ойдин залолатга кетган бўлади. Бундай тўдаларга қўшилганлар охир-оқибат муқаррар зиёнга учрайди, узоқ яшамайди, ҳаловат топмайди, икки дунёсини ўз қўли билан куйдиради, тезда ҳалокатга йўлиқиб, жоҳилият давридаги тубан инсонлар каби жирканчли тарзда вафот топади. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким тарафкашликка чақирган ёки унга ёрдам берган ҳолда ўлдирилса, жоҳилият ўлимини топибди”[14], деганлар.
Террорчилар томонида туриб қуролли низоларда иштирок этиш ёки уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш диний нуқтаи назардан ҳаромдир. Бундай ишларга қўл урган киши мавҳум байроқ остида жанг қилган, ўзгалар мулкини ўзлаштириб олиш, инсонлар шаънини топташ ва бегуноҳ инсонлар қонини тўкишга ташна бўлган террорчи ва жиноятчи ҳисобланади. “Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”[15] ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, бир-бирингизнинг қонингиз, молингиз, обрўйингизга дахл қилмоқ худди шу бугун (Қурбон ҳайити куни назарда тутилган) шу ойда шу шаҳар (Макка)да (бошқа жиноятлар қилиш ҳаром бўлгани каби) ҳаромдир!” [16] деган сўзлари бу таъкиднинг далил-исботларидир. Бас, бир мусулмонни ўлдирган киши гуноҳларнинг энг каттасига қўл урган бўлади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: “Гуноҳи кабиралар орасида энг каттаси – Аллоҳга ширк келтириш, жон (эгаси)ни ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик беришдир”[17], деганлар.
Юқорида айтилганлардан хулоса чиқарган ҳолда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик, илм-маърифат дини бўлмиш исломни ўз ғаразли ниятларини амалга ошириш учун ниқоб қилиб олган ҳар қандай шахс ва гуруҳга, улар илгари сурадиган ботил ва асоссиз даъволарга қарши барчамиз бир ёқадан бош чиқариб бирлашмоғимиз лозим. Бу жипслашиш, аввало, бағрида динимиз буюрган барча арконлар ва амалларни эмин-эркин адо этиб келаётган шу азиз юртнинг равнақи, шу ҳур Ватанда истиқомат қилиб келаётган инсонларнинг саодати учун ҳам руҳан, ҳам жисман курашга ўз ҳиссамизни қўшишимизда намоён бўлади.