Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАНАФИЙЛАР ТАЪЛИМОТИДА ИМОН МАСАЛАСИ

ҲАНАФИЙЛАР ТАЪЛИМОТИДА ИМОН МАСАЛАСИ

Ўрта асрларда (IХ-ХII) юртимиз заминидан етишиб чиққан улуғ алломалар ўз кашфиёт ва таълимотлари билан жумлаи жаҳонни лол қолдирган. Шундай буюк бобокалонларимиздан бири – ислом оламида аҳли сунна вал жамоа ақидаси кенг ёйилишига сабабчи бўлган ватандошимиз Имом Мотуридийдир. Унинг ҳаёт даври ҳанафийлик Хуросон ва Мовароуннаҳрда кенг тарқалган ҳижрий II/VIII асрларга тўғри келади.

Ҳанафий уламолар Абу Мансур Мотуридийни ўзининг ақидадаги имоми деб ҳисоблайди. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Имом Мотуридий алоҳида бир мазҳабга асос солган эмас. Балки Абу Ҳанифанинг мазҳабига таяниб, ақоид илмига оид фатво ва таълимотини ёйган. Айрим манбаларда “Мотуридий мазҳаби” ё “Мотуридийлар” деган атамалар учраб турса-да, буни алоҳида бир мазҳаб деб тушунмаслик керак. Уларни Абу Ҳанифанинг усули дин соҳасидаги таълимотини Имом Мотуридийдан ўрганган ва шунга амал қилган ҳанафийлар сифатида қабул қилиш тўғри бўлади.

Мотуридий таълимоти карромийлар, рофизийлар ва мўътазилийларни ҳанафий йўналиши асосида танқид қилади ва уларнинг қарашлари асоссиз эканини исботлаб беради. Воқелик ва Аллоҳ сифатларининг моҳияти борасидаги масалаларда бир қанча қарашларни баён қилади.

Жумладан, ҳозирги кунда кўп тортишувларга сабаб бўлаётган имон масаласида ҳам мазкур фирқалар билан ҳанафий мазҳабига асосланган Имом Мотуридий таълимоти ўртасида фарқ бор. Ҳадис аҳли айтади: “Имон – бу тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлаш ва рукнларга амал қилишдир”. Карромийлар: “Имон – ёлғиз иқрорнинг ўзи”, дейди. Қадарийлардан бўлган Жаҳм ибн Сафвон: “Имон – бу билишдан иборатдир”, деб таъриф берган. Бизнинг муҳаққиқ уламоларимиз эса бундай дейди: “Имоннинг маъноси тасдиқ этиш, ишонишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло нозил ҳамма нарсани дил билан тасдиқлаб, уларга тил билан иқрор бўлиш “имон” дейилади. Имон бундай изҳор қилинади: Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росувлуҳ” (яъни “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Расулидир”).

Ушбу масала бўйича Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Олим вал мутааллим” (“Уcтоз ва шогирд”) китобида шогирди Абу Муқотилга бундай деган: “Имон – тасдиқлаш, билиш, кучли ишонч, иқрор бўлиш ва бўйсунишдан иборат. Тасдиқлаш бобида инсонлар уч даражада бўлади. Баъзилар қалби ва тили билан Аллоҳни ва Унинг ҳузуридан келган нарсаларни тасдиқлайди, баъзилар тили билан тасдиқлаб, қалби билан инкор қилади, айримлари қалби билан тасдиқлаб, тили билан инкор этади”.

Демак, Аллоҳ ҳузурида ва инсонлар олдида ҳақиқий мўмин қалби ва тили билан Аллоҳни ва Унинг ҳузуридан келган нарсаларни тасдиқлаган кишидир. Тили билан тасдиқлаб, қалбида инкор қилган киши Аллоҳ ҳузурида кофир, одамлар наздида мусулмон бўлади. Чунки одамлар унинг қалбида нима борлигини билмайди. Аслида мунофиқ бўлса ҳам шаҳодат калимасини айтгани учун уни мўмин дейиш лозим бўлади. Зеро, инсонлар ўзгалар қалбидаги нарсани билишга мажбур эмас.

Қалби билан тасдиқлаб, тили билан инкор қилган киши Аллоҳ таоло ҳузурида мўмин, одамлар олдида кофир ҳисобланади. Яъни, Аллоҳ таолога имон келтирган ҳолида, шароит тақозоси билан тилидан куфр сўз чиқади. Одамлар уни кофирга чиқаради. Ҳолбуки, у Аллоҳ таоло ҳузурида мўминдир.

Абу Ҳанифанинг наздида ёлғиз тил билан иқрор бўлиш ё фақат қалб билан тасдиқлашнинг ўзи имон ҳисобланмайди. У “Ал-Васийя” китобида айтади: “Имон – қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлишдир. Фақат тил билан иқрор бўлиш имон эмас. Чунки имон ҳисобланганда, мунофиқларнинг барчаси мўмин бўлар эди. Шунингдек, ёлғиз тасдиқнинг ўзи ҳам имон эмас. Чунки имон ҳисобланганда, аҳли китобларнинг барчаси мўмин бўлар эди”.

Ҳақ таоло мунофиқлар ҳақида айтади: “Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур”[1]. Яъни, мунофиқлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканларига чин дилдан имон келтиргани йўқ, фақат тилдагина гувоҳлик берган, демак, бу ёлғон гувоҳликдир.

Аллоҳ таоло аҳли китоблар ҳақида айтади: “Биз китоб ато этган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. Ўзларига зиён қилган кимсаларгина имон келтирмайдилар”[2]. Яъни, аҳли китоблар Аллоҳ ва Унинг Расулини шунчаки таниганидан фойда йўқ. Чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга пайғамбар бўлиб келганларига иқрор бўлмаган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларга хос қилиб юборилганлар, деган гумонга борган.

Шу боис уламоларимиз: “Имон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлишдир”, деган фикрни олға сурди. Албатта, шаръий ҳукмларни ижро қилиш учун киши тили билан мусулмонлигини эътироф этиши шарт. Қалб билан тасдиқлаш ботиний ишдир. Дилдаги имон учун бир аломат-белги зарур, одамлар шунга қараб хулоса чиқаради – амалига қарайди. Шу боис қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлмаганлар Аллоҳ таолонинг наздида мўминдир, гарчи, дунёдаги шаръий ҳукмларда мўмин бўлиб кўринмаса ҳам. Лекин тили билан эътироф этиб, қалби билан тасдиқламаганлар мунофиқ даражасида бўлади.

Демак, мотуридия таълимотига кўра, имон қалб тасдиғи ва тил иқроридир. У зиёда ёки ноқис бўлмайди. Имоннинг ўзи камаймайди, банданинг хатти-ҳаракатига қараб нури камайиб ё кўпайиб туриши мумкин.

Бугунги авлод уламолари шу ақидада собит туриб, ёшларни ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик таълимоти асосида Қуръон ва суннатга мос равишда тарбиялаши, ёт оқимларга бир неча асрлар муқаддам юзага келган таълимот воситасида раддиялар бериши зарурдир.

[1] Мунофиқун сураси, 1-оят.
[2] Анъом сураси, 20-оят.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

НОГИРОНЛИГИ БОР (ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН) РОВИЙЛАР

Инсониятнинг пайдо бўлишидан буён ҳаётнинг бир ҳақиқати сифатида мавжуд бўлган ногиронлик ҳолати айрим эътиқод ва …