Ижтимоий фанлар, гуманитар соҳа ва диний-маърифий йўналишдаги тадқиқотлар бўйича нуфузли халқаро нашр – “Journal of Social Sciences and Humanities Research Fundamentals” журналида 2025 йил 23 январда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаровнинг “Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг ислом оламида кенг тарқалиши тарихи” номли илмий мақоласи чоп этилди.
Мақолада ушбу машҳур ҳадис тўпламининг ёйилиш тарихи илмий-тарихий жиҳатдан ва манбашунослик асосида таҳлил қилиниб, асарнинг илк нусхалари бизгача қандай етиб келгани, ҳадисларнинг ишончлилиги ва ровийлар силсиласи, асарни оққа кўчириш ва тарқатишда иштирок этган муҳаддис ва хаттотлар, китобнинг Бухоро, Самарқанд, Насаф, шунингдек, Африка, Ироқ, Шом, Арабистон ва Андалусияда тарқалиш босқичлари, турли илмий марказларда ўрганилганлик даражаси каби масалалар батафсил ёритилган. “Саҳиҳ”нинг дунё бўйлаб кенг тарқалишида Бухоро, Самарқанд, Кеш, Иштихон, Ахсикентдан етишиб чиққан муҳаддисларнинг буюк хизматлари алоҳида таъкидланган. Асарнинг бир неча асосий қўлёзма нусхалари қиёсий ўрганилган, Имом Бухорийдан кейин уни сақлаб қолиш ва тарқатишда муҳим роль ўйнаган муҳаддислар фаолияти чуқур таҳлил қилинган.
Ш.Умаров мақолада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳақида ҳам маълумот бериб, унинг исломий қўлёзмаларни ўрганиш, сақлаш ва илмий тадқиқ қилишдаги улкан ўрнини алоҳида таъкидлайди. Айниқса, “Саҳиҳул Бухорий” асарининг қўлёзма нусхаларини таҳлил қилиш, турли ҳадислар саналарини солиштириш ва манбаларни қайта тиклашда Марказнинг илмий ишланмалари катта аҳамият касб этаётганини кўрсатиб ўтган.
Соҳа бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, Ислом тарихи, ҳадисшунослик ва қўлёзмалар тадқиқоти билан шуғулланувчи олимлар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга мазкур муаллифлик иши “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг тарқалиш тарихини ёритиш билан бирга, ислом илмий меросини асраш ва ундан тўғри фойдаланишнинг муҳим жиҳатларини ҳам очиб беради.