Home / МАҚОЛАЛАР / ҚАРИНДОШЛИК РИШТАСИНИНГ АҲАМИЯТИ

ҚАРИНДОШЛИК РИШТАСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Қариндошлик риштаси – бу инсонларни бир-бирига яқин қилиб турадиган, уларни бир оила, бир жамоа қилиб бирлаштирадиган муҳим алоқадир. Унинг аҳамияти беқиёс бўлиб, инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутади ва уларнинг шахсий, ижтимоий ва маънавий ривожланишига катта таъсир кўрсатади.

Қариндошлар деганда, авваламбор, ота-она, фарзандлар, ака-укалар, опа сингиллар ва бошқа яқин хеш-ақрабо тушунилади. Ислом динининг аввалидан қариндошлар билан яхши муомала қилишга ундалган. Ҳатто улар билан борди-келди қилиб туриш, ришталарни боғлаш ибодат даражасига кўтарилган.

“Силаи раҳм” арабча сўз бирикмаси бўлиб, “сила” – боғламоқ, “раҳм” – қариндошлик, яъни “қариндош уруғлари билан алоқаларни боғлаш” деган маънони билдиради.

Силаи раҳм ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўрроқ ва муҳаббатлироқ бўлиш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.

Қариндошликнинг олий намунаси, яқинлари билан чиройли муомала қилиш, имкон топса, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, қуйи даражаси эса, ҳеч бўлмаганда салом-алик қилиб туришдир. Ўзига тўқ инсон ночор қолган яқин қариндошларига ёрдам кўрсатиши вожиб.

Силаи раҳм динимиз моҳиятини кўрсатиб берувчи буюк ибодатдир. Ушбу амал мўмин-мусулмонлар ҳаётида ғоят аҳамиятли бўлгани учун Қуръони карим оятларида қайта-қайта такрорланади. Жумладан, Нисо сурасининг 36-оятида бундай марҳамат қилинган:

«وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى«

“…Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга … яхшилик қилинг”.

Мазкур оятда Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилишга амр этилгандан сўнг, ота-онага ва қариндошларга яхшилик қилиш буюрилмоқда.

Қариндошларга яхшилик қилиш борасида Бақара сурасининг 215-оятида бундай марҳамат қилинган:

«يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ».

Сиздан (эй Муҳаммад), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруққа, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни билгувчидир””.

Мазкур оятда эҳсон ва нафақага лойиқ инсонлар орасида бекорга биринчи бўлиб ота-она зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати ўзи шуни тақозо қилади. Ўзидан кейинги биринчи ҳақдор ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқага нафақа қилишдан нима манфаат бор? Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқалардан устундир ва ҳоказо. Нафақа қилиш тартиб-одоби ва фазилати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадисларида баён қилинган.

Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” китобидаги кўплаб ҳадислар айнан силаи раҳим ҳақида бўлиб, улардан бирида бундай марҳамат қилинган:

كُلَيٍبِ بْنِ مَنْفَعَةَ قَالَ: قَالَ جَدِّي: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ وَأَبَاكَ وَأُخْتَكَ وَ أَخَاكَ وَ مَوْلاَكَ الَّذِي يَلِي ذَاكَ حَقُّ وَاجِبٌ وَرَحِمٌ مَوْصُولَةٌ».

Кулайб ибн Манфаъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бобом: “Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган мавлоларинга (яқинларингга) бу (яхшилик қилмоқ) вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”, дедилар”.

Ушбу ҳадисда яхшиликни кимдан бошлаб, қандай тартибда давом эттириш кераклиги баён қилинмоқда.

عن أبى أيُّوبَ الأنصاريِّ أنَّ أعْرابيًا عَرَضَ علي النبي صلى الله عليه و سلم في مسيرةٍ فقال: أخبِرنِي ما يُقَرِّبُنِى من الجنَّةِ ويُباعِدُنِي من النَّارِ قالَ:»تَعْبُدُ اللهَ ولا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا وتُقِيمُ الصَلاةَ وتُؤْتِي الزَّكَاةَ وتَصِلَ الرَّحِمَ».

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида у зотнинг йўлларини тўсиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Таолога ибодат қиласан, унга ҳеч бир нарсада ширк келтирмайсан, намозни қоим қиласан, закот берасан ва силаи раҳм қиласан”, дедилар”.

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш исломнинг имон, намоз ва закот каби асосий рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал бандани жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини шундан ҳам англаб олиш мумкин.

عن أنسِ بن مالكٍ أَنَّ رسولَ اللهِ صلى الله عليه و سلم قالَ: «مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ له فِي رِزْقِهِ، وأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқининг кенг ва фаровон бўлиши ва орқасидан асари кўп қолишини (умри узун бўлишни) яхши кўрса (хоҳласа), силаи раҳм қилсин (қариндошлари билан ришталарни боғласин)”, дедилар”.

Демак, Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини кенгайтириб, бойлигини зиёда қилиб, умрини узайтириб, ундан яхши хотира, эсдалик қолишини таъминлар экан. Ушбу ҳадис силаи раҳмнинг икки дунёда ҳам фойда беришини кўрсатади.

عن عبد الله بن أبى أوفى يقول عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: «إنَّ الرَّحْمَةَ لا تَنْزِلُ عَلَى قَوْمٍ فِيهِمْ قَاطِعُ رَحِمٍ».

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, орасида қариндошлик риштасини узувчи киши бўлган қавмга Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлмайди”, дедилар”.

Демак, бир одам туфайли бошқалар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Шунинг учун ҳар бир жамоа, ҳар бир маҳалла аъзолари доимо бир-биридан хабардор бўлиб, “орамизда шунақалар пайдо бўлиб қолмасин, ҳаммамиз у сабабли балога йўлиқмайлик” деб, ўзаро силаи раҳмга ундаб туриши лозим.

Улуғларимизнинг айтишларича, силаи раҳмда бир нечта мақталган хислат бор экан. Булар:
– силаи раҳмда Аллоҳнинг ризоси бор, чунки Аллоҳ таоло шуни буюради;
– силаи раҳм сабабли Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади;
– у (мўмин)ларга хурсандлик етказиш бор, чунки улар силаи раҳм билан қувонади;
– силаи раҳмда фаришталарнинг ҳам хурсандлиги бор, чунки улар ҳам силаи раҳмга гувоҳ бўлган онлари қувонади;
– силаи раҳмда мусулмонлар шаънига яхши мақтовлар бор;
– силаи раҳмда иблисга ғам етказиш бор;
– умрнинг зиёда бўлишида силаи раҳмнинг ўрни беқиёсдир;
– ризқнинг баракали бўлишини силаи раҳмсиз тасаввур қилиш қийин.
Силаи раҳм исломнинг гўзал фазилатларидан бўлиб, динимиз доим уни одамлар қалбига сингдирган ва шу хислат билан тарбиялаб келган.

Ушбу оят ва ҳадисларга мувофиқ узоқлашиб кетилган қариндошларнинг ҳолидан хабар олиб, борди-келдини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чинакам силаи раҳм шунда пайдо бўлади. Акс ҳолда, алоқани узган одам Яратганнинг раҳматидан бебаҳра қолиб, жаннатга кирмас экан. Шунинг учун силаи раҳмга эътиборли бўлиш, қариндошлар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш зарур. Тез-тез борди-келди қилиб туриладиган қариндошлар билан ҳам, узоқлашиб кетган қариндошлар билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлаб, алоқаларни давом эттириш икки дунё саодатига етаклайди.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АЛЛОҲ ЗАМОН ВА МАКОНДАН ОЛИЙДИР

Мушаббиҳа ва карромийлар: “Аллоҳ таоло Арш устини макон тутган. У бошқа жисмларга ўхшамаган бир жисмдир. …