Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Ойсара Мадалиева “Алишер Навоий “Бадоеул бидоя” девонининг қўлёзмалари ва тадқиқи тарихига назар” мавзусида маъруза қилди.
Олима дастлаб улуғ шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг ижоди нафақат унинг замондошлари, балки кейинги асрлар ва бугунги авлодда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келаётганини таъкидлади. Ҳазрат асарларининг қўлёзмалари эса дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, уларни ўрганиш ишлари билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар талайгина.
Навоийнинг дастлабки девони бўлмиш “Бадоеул бидоя” шоирнинг болалик ва ёшлик давридаги лирик ижоди намунасидир. Асарнинг саккизта қадимий қўлёзма нусхаси Франция, Буюк Британия, Эрон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистонда сақланмоқда. Энг қизиғи, ушбу қўлёзмалар турли ҳажмдаги шеър ва жанрларни ўз ичига олган бўлиб, улар бир-биридан бироз фарқ қилади. Масалан, Париждаги қўлёзма шоирнинг ўз қўли билан тартибга солинган илк девон сифатида қадрланади. У 1480 йилда кўчирилган бўлиб, 831 та шеърни ўз ичига олади. Тошкентдаги нусха эса энг кўп – 916 та шеърдан ташкил топган. Бошқа нусхалардаги жанр жиҳатидан фарқлар Навоий ижодининг турли босқичларини ўрганиш учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Тадқиқотчи ушбу қўлёзмаларнинг баъзиларидаги ўзига хос жиҳатлар олимлар ўртасида баҳс мавзусига айланганини қайд этди. Масалан, Парижда сақланаётган ва бошқалардан сезиларли даражада фарқ қиладиган қўлёзманинг таркиби Навоий ижодий изланишларининг дастлабки босқичини очиб беради.
Семинарда билдирилган фикрларга кўра, бу қўлёзмаларнинг чуқурроқ ўрганилиши Навоий ижодий меросини янада яхшироқ англаш имконини беради. Шу билан бирга, Ҳазрат девонларини қиёсий таҳлил қилиш асосида унинг ижодий фаолияти билан боғлиқ жараёнларга оид янги хулосалар чиқариш мумкин бўлади.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.