Тарих, антропология, археология, социология ва ижтимоий психологияга оид тадқиқотлардан маълумки, инсонлар ижтимоий мавжудотдир. Улар турли сабабларга кўра жамоа бўлиб яшашга одатланган. Давлат негизида бирлашиш тарихнинг қайсидир даврида амалга оширилгани тарихчилар томонидан аниқланган. Шундай бўлсада, файласуф олим Жон Локк фикрича, бир вақтлар ер юзида ҳукумат ёки сиёсий жамоа бўлмаган. Ҳамма одамлар табиий анархия ҳолатини бошидан кечирган. Бироқ, тартиб ва тинч-тотув яшаш мушкул бўлган табиий анархия ҳолати ўз фикрига эга бўлган ҳар қандай инсонни қониқтирмас эди. Кучсизлар кучлилардан қўрқар ва уларга қарши ҳимоясиз бўлган. Шу сабабли инсонлар бирлашиб, сиёсий жамоа тузди ва уни бошқарувчи ҳукмдорларга фуқароларни ҳимоя қилишига ишонч билдирди. Ҳозирги кунгача ўтган барча ҳукмдорлар ўз ҳукмронлиги учун ушбу биринчи ижтимоий шартнома туфайли инсонлар олдида қарздордир. Шунга кўра, ҳукумат бирор масалада қарор қабул қилишда халқнинг розилигини олиши лозимдир [7:92].
Афлотун кишиларнинг жамоа бўлиб яшаши ва давлат барпо этиш заруриятини уларнинг якка шахс сифатида ўз эҳтиёжларини қондира олмаслиги билан боғлайди [9:86]. Арасту инсон ижтимоий мавжудот бўлгани ҳолда фақат жамият ичида маънавий камолотга етиши мумкинлигини таъкидлаб, давлатнинг асосий мақсади фуқароларнинг маънавий камолотга етишига ёрдам бериш эканини таъкидлайди [9:89].
Форобий юнон файласуфлари каби инсонлар ўз эҳтиёжини қондириш ва камол топиши учун жамоа ва жамият бирлашувига зарурият борлиги билан изоҳлайди [2:238]. Низомулмулк эса давлатни илоҳий иноят деб ҳисоблайди. Жамиятдаги уруш ва ихтилофларнинг олдини олиш, кишиларни тинч ва осойишта яшаши учун Аллоҳ таоло ҳар асрда халқ ичидан бир кишини подшоҳликка кўтаради. Барча ишлар шу ҳукмдор орқали амалга оширилиб, халқ унинг адолати соясида тинч-тотув яшайди [12:16].
Лютернинг сиёсат фалсафаси инсон зотини икки қарама-қарши кучга, яъни Тангри қудрати ва дунёга талпинувчи иблис кучларига ажратади [10:27]. Гоббс эса ресурслар танқислиги ва одамларнинг мол-дунёга ўчлигини бунга асосий сабаб сифатида келтиради. Унга кўра, одамлар эгалик қилиши мумкин бўлган ресурслар чекланган. Агар икки киши бир вақтнинг ўзида бир нарсани хоҳласа, улар бир-бирига душман бўлиб қолади ва бири иккинчисини йўқ қилишга интилади. Урушларнинг яна бир сабаби одамлар ўртасидаги номус ва шаън учун курашдир. Бу туйғу жамиятда ҳасад, нафрат ва ниҳоят уруш муҳитини яратади. Гоббснинг фикрига кўра, одамларни бошқариш учун қонун қабул қилиш ва жамиятда тартибни сақлашга масʼул бўлган мутлақ ҳокимият манбаи бўлиши керак. Бунинг учун эса давлат керак бўлади [13:54].
Инсон, жамият ва давлат мажмуасида яна бир муҳим масала ҳукмдор ва халқ ўртасидаги муносабатдир. Сиёсатномаларда ҳукмдор ва унга бўйинсинувчилар ўртасидаги муносабатлар ҳақида муҳим маълумотлар қайд этилиб, уларнинг бир-бири олдидаги масъулият ва бурчи аниқ баён этилган. Жумладан, «Қутадғу билиг»да ҳукмдорнинг халқ устидаги ҳуқуқлари сифатида ҳукмдорга итоат этиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, ҳукмдор яхши кўрган нарсани яхши кўриш ва аксинча унга хуш келмаган нарсани қилмаслик келтирилган. Бунинг эвазига ҳукмдор халқни ҳимоя қилиши, давлатни бошқариш учун адолатли қонунлар чиқариши, зулмнинг олдини олиши ва йўлларни хавфсиз ҳолатга келтириши керак [15:863-865].
Тарих давомида жамиятни бошқарадиган шахсларнинг халққа нисбатан адолатли ва меҳр-оқибатли бўлиши кутилган. Бироқ ҳокимиятни қўлга киритган ҳукмдорнинг ўз давлатини адолатли бошқармаслиги, халқига зулм қилиши тарихда кўп учрайдиган ҳодисалардан биридир. Шафқатсизлик билан бошқариладиган давлатлар узоқ давом этмай, ички тартибсизлик оқибатида давлатни ташқи кучларга нисбатан заиф қилиб, унинг қулашига замин яратган. Давлат арбоблари, саркардалар, файласуфлар ва олимлар давлат бошқарувидаги иллатларни кўрсатиб, халққа яхши ва адолатли муносабатда бўлиш каби масалаларда ҳукмдорларга тавсия ва панд-насиҳат мажмуаларини тақдим этган. Вақт ўтиши билан бу асарлар сиёсатномалар тарзида шаклланди. Сиёсатнома типидаги асарларни кенгроқ ўрганиш зарур. Чунки бу асарларда келтирилган насиҳатлар фақат ҳукмдорларга берилмасдан, балки айрим мансабдорлар, жумладан, вазир, вилоят ноиби, ҳоким ва ҳокимият тепасига энди келадиган валиаҳдларга берилган маслаҳат бўлиши мумкин.
Сиёсатнома анъанаси исломдан олдин ҳам Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлган. Бу соҳада Шарқ дунёсидаги ҳинд-эрон асарлари одатда намуна сифатида келтирилган. Сосонийларнинг сўнгги ҳукмдорлари даврида ёзилган «Андарзнома», «Панднома» асарлари ва Бузургмеҳр рисолалари анча машҳурдир. Абдуллоҳ ибн Муқаффа томонидан таржима қилинган «Калила ва Димна» номли асарнинг асл номи Панчатантра бўлган бу асар санскрит тилидан таржима қилинган. Панчатантра Эрон шоҳи Хусрав Анушервон (531–579) буйруғига биноан, унинг шахсий табиби Барзуя Ҳиндистондан келтирган ва паҳлавий тилига таржима қилинган [8:3].
Шарқдаги ҳинд-эрон мактабига туркий халқлар анъанасини ҳам қўшиш мумкин. Ўрхун-Энасой ёдгорликларида келтирилган насиҳатлар давлат бошқарувига оид сиёсатнома ёзиш анъанасини ифодалайди. Сиёсатнома асар ёзиш бўйича Ғарбда асосан юнон файласуфлари, тарихчи ва шоирлари устунлик қилади. Юнонлар бу мавзуда муҳим асарлар тақдим этган. Улардан Афлотун ва Арасту томонидан ёзилган асарлар ҳозиргача сиёсат фалсафасига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Шунингдек, юнон шоири Эзоп, Лафонтен, Фенелон ва Никколо Макиавелли каби мутафаккирлар сиёсатнома анъанасининг муҳим вакиллари саналади.
Исломда сиёсат фалсафасининг ибтидоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлиги давридан бошланган, десак бўлади. У зот фаолияти давомида ислом умматининг пайғамбари, давлат бошлиғи, қонун чиқарувчи қози ва қўшин қўмондони каби вазифаларни бажарган. У тарқоқ араб қабилаларини ислом байроғи остида бирлаштирди. Исломда халифалик мақоми бўйича баҳслар Пайғамбар вафоти ва хулафои рошидиндан кейин вужудга келди [4:40]. Муовия томонидан ўғли Язиднинг халифа этиб тайинлаши халифалик тизимининг бузилишига ва ислом жамоасига раҳбарлик қилиш масаласига оид мунозаралар пайдо бўлишига олиб келди. Шу даврдан бошлаб халифалик отадан ўғилга меросий тарзда ўтадиган мансабга айланди. Бироқ халифа мамлакатдаги диний ва дунёвий ҳокимиятнинг ягона раҳбари сифатида сақлаб қолинди. Бу ҳолат Уммавийлар ва Аббосийлар даврида ҳам давом этиб, токи халифа Мутаваккил (847-861) даврига келиб халифалик парчаланиш даврига қадар давом этди. Аббосийлар халифаси Мутаваккил даврида ҳокимият заифлашди ва бу, ўз навбатида, давлатнинг парчаланиб кетишига олиб келди.
Ислом тарихида сиёсатнома анъанаси Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан бошланган. Кейинги даврларда ёзилган сиёсатномаларнинг мавзулари Қуръони каримда келтирилган буйруқ ва таъқиқлардан иборат эканини кўриш мумкин. Қуръони карим инсонни ахлоқли, адолатли, саховатли бўлишга чақиради ва бахиллик, адолатсизлик, ахлоқсизликдан қайтаради. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатларини ҳам ушбу муқаддас китобда келтирилган оятларнинг тафсири ва кенгайтирилган тавсифи деб таъкидлашимиз мумкин. У зот Қуръони каримда келтирилган буйруқ ва тақиқларни ҳаётлик чоғларида шахсан амалга ошириш орқали кўрсатиб ўтганлар. Кишиларга адолатли муносабатда бўлиш унинг шиори бўлиб, доимо бошлиқларни адолатга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмаган қиёмат кунида ўз сояси остидан паноҳ берадиган етти кишининг биринчиси одил ҳукмдор бўлишини таъкидлайди [14:84].
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз фаолиятидан ташқари, турли ҳудудларга юборган қўшин қўмондонлари ва жангчиларга ҳам баъзи тавсиялар берганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда бирон бир аҳоли манзилига келсалар, кечаси унга ҳужум қилмай, кундузни кутар эдилар. У кексалар, аёллар ва болаларни ўлдиришни ман қилганлар. У зот асирларга ёмон муносабатда бўлишни истамас, уларни қўлларини ечиб қўйишни, овқатлантиришни, касалларни даволаб, кийинтиришни буюрган. Бу амр ва тавсиялар Пайғамбардан кейин ҳам амалга оширилганини кўрамиз.
Абу Бакр халифа бўлгач, Усома ибн Зайдни қўшинга бош қилиб Шомга юборди. Халифа Усома ибн Зайдга қўшин билан бирга бўлган пайтда унга хиёнат қилмасликни, берган ваъдасини бажаришни, ўлжани тенг тақсимлашни, душманларнинг оғзи, бурни ва қулоқларини кесмасликни, монастирларда ибодат қилувчи ёши улуғ диндорлар, қариялар ва болаларни ўлдирмасликни амр қилади. У давлат бошқарувига жиддий эътибор билан қарайди, ҳатто вафот этса, ўз ўрнига кимни қолдиришини маслаҳатлашиб, Умар ибн Хаттобни ўринбосар сифатида танлаганини айтиб ўтади. Ўлими олдидан Умарни ёнига чақириб, халифаликни қабул қилганидан сўнг давлат бошқарувига оид қисқача ўз тавсияларини беради. Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳу халифалиги даврида бу анъана давом эттирилган.
Али вафот этишидан олдин ўғилларига тақвога амал қилиш, етим, мискин ва бева-бечораларга ғамхўрлик қилиш, золимга душман, мазлумга ҳимоячи бўлиш, Аллоҳнинг китобига итоат қилиш, намозни ўз вақтида ўқиш, закотни тўғри тўлаш, қилган гуноҳларига тавба қилиш, ғазаб ва гиналарни енгиш, эр-хотин муносабатларига риоя қилиш, жоҳилларга бағрикенг бўлиш, динни яхши тушунишга ҳаракат қилиш, яхши қўшничилик муносабатларини сақлашни амр қилган [5:391].
Уммавийлар давлатининг энг одил ҳукмдори Умар ибн Абдулазиз борасида ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Унинг давлат бошқарувидаги эътиборли инсон эканини аҳли аёли Фотима шундай ҳикоя қилади: «Бир куни Умарнинг олдига бордим. У кўрпада йиғлаб ўтирган эди. «Бирор нарса бўлдими?» деб сўрадим. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг ишларини ўз зиммасига олиб, беморлар, камбағаллар, мискинлар, кексалар, мазлумлар, етимлар, кўп болали оилалар ва бошқалар ҳақида ўйлаб, Аллоҳ таоло қиёмат куни мендан улар ҳақида сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар туфайли мендан хафа бўлишидан йиғлаяпман деб айтди». Умар ибн Абдулазизнинг Куфа ҳокими Абдулҳамидга ёзган мактубида қуйидаги тавсияларни етказади: «Куфа ёмон ҳокимлар томонидан бошланган қийинчилик ва зўравонлик гирдобига дучор бўлди. Диннинг моҳияти адолат ва хушхулқликдир… Гуноҳ ишнинг ози бўлмайди. Экин ўсмайдиган чўл жойларни аҳоли яшайдиган жой деб ҳисобламанг. Аҳолидан солиқларни юмшоқлик билан йиғинглар… Мамлакатимиздаги мусулмон кишилардан хирож олманг. Менинг бу амрларимга амал қилинг…[5:63-65].
Хулафои рошидин ва уммавий халифаларнинг юқорида келтириб ўтилган баъзи буйруқ ва насиҳатлари Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган деб ҳисобланади. Бунда эса, ислом даври сиёсатнома анъанасининг давоми экани ойдинлашади. Уммавийлар даврининг охирларида сиёсатномалар ёзиш бўйича Шарқ ва Ғарб илм ўчоқларининг ўзаро уйғунлашуви натижасида янгича қарашлар шакллана бошлади. Уммавийлар халифаси Ҳишом (724-743) даврида олимлар антик даврдаги давлат бошқаруви билан боғлиқ ишларни таржима қилишга киришди. Улардан бири Мавло Абул Аъло Салим Арастунинг Искандарга ёзган рисолаларини таржима қилди. Ушбу рисолаларнинг аксарияти форс маданияти таъсирида ёзилган юнон олимларининг қарашлари эди. Бу олимнинг «Китаб фис-сиясатил-амия» рисоласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу даврда Форс подшоҳлари ҳақида ҳикоя қилинадиган асарларни ҳам таржима қилиш бошланди.
VIII асрда «Панчатантра»нинг «Калила ва Димна» номи остида таржима қилиниши одоб-ахлоқ ва тарбияга оид асарларнинг араб адабиётига кириб келишига сабаб бўлди [4:99]. Аббосийлар даврида панд-насиҳат мавзусидаги китоблар янада кенгроқ ва тизимли тарзда ёзилганини кўрамиз. Халифа Маъмун даврида ташкил этилган «Байтул-ҳикма»да қадимги Шарқ ва юнон олимларининг илм-фан ва фалсафага оид асарлари араб тилига таржима қилинди. Бу таржималар ичида бошқарув тизимига оид асарларнинг салмоғи ҳам етарлича бўлган. Аббосийлар даврида ёзилган сиёсатнома асарларда Шарқ ва Ғарб илмий мактабларининг таъсири яққол кўзга ташланади. Уммавийлар даврида ёзилган китобларда ягона манба Қуръони карим ва ҳадислар эди. VIII асрдан бошлаб ёзилган асарларда Қуръон ва ҳадислардан ташқари Ҳиндистон, Эрон ва Қадимги Юнонистонда яшаган ҳукмдорлар, файласуфлар ёки давлат арбоблари ҳам мисол тариқасида келтирила бошланди. Хусусан, хулафои-рошидин, Муовия, Умар ибн Абдулазиз, Ҳорун ар-Рашид каби давлат бошқарувида муваффақият қозонган халифалар, Афлотун, Арасту, Искандар Зулқарнайн, Жамшид, Анушервон каби Эрон ва Юнонистон тарихида кўзга кўринган ҳукмдор ва файласуфларни шулар жумласига киритиш мумкин. Баъзи асарларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ўтган Пайғамбарлар фаолиятини ҳам мисол тариқасида келтириш бошланди. Мавардий (974-1058) «Насиҳатул-мулук» асарини ёзаётганда қўллаган усули ҳақида шундай дейди: «Лекин биз китобимизга фақат ўз фикримизни киритиб қўймаганмиз, биз ўз нафсимизга эргашмасдан, ҳар доим айтганларимизга далил келтирганмиз. Ҳар бир айтган сўзимизга Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган китобдан бир оят, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва ҳадисларидан ривоят далил келтирдик. Сўнгра хулафои рошидин, ўтмишдаги ҳукмдорлар, аввалги султонлар ва файласуфларнинг тарихдаги босиб ўтган йўлларини ҳам тилга олдик» [11:115]. Низомулмулк (1018-1092) ўзининг «Сиёсатнома» асарида шундай ёзади: «Мен ҳадислар, Қуръон оятлари, замона уламоларининг сўзлари, улар айтган қиссалар ва уларнинг талқинларини ҳар бир жой ва бобда тушунарли тилда етказдим, токи одамлар бу китобни ўқиётганда шубҳа-гумонга тушиб, кайфияти тушмасин» [12:17]. Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1038) асосан Беруний ва Ибн Сино каби олимларни ўз саройига таклиф қилган Маъмун ибн Маъмунга бағишлаб ёзган «Адабул-Мулук»асари ҳам шу тартибда баён қилинган [1:3].
Аббосийлар ва ундан кейинги даврларда юқоридаги тартибга мос келмайдиган панд-насиҳатга оид асарлар ҳам ёзилган. Ғазнавийлар ҳукмдори Сабуқтегиннинг ўғли Маҳмуд учун вазири Абул Фатҳ Бустий томонидан ёзилган «Панднома» шулардан биридир. Бу китобда ҳеч бир оят, ҳадис ёки бирор ҳукмдор ёки олим келтирилмаган. Бироқ ушбу пандномага диққат билан эътибор қаратилса, ислом дини таъсири дарҳол сезилади. Асарда келтирилган панд-насиҳатлар бирор оят тафсири ёки ҳадис шарҳига ўхшайди. Айрим сиёсатномаларда, исломнинг илк даврида ёзилгани каби фақат Қуръони карим ва ҳадислар манба сифатида тилга олиниб, бошқа уламолар фикри келтирилмайди. Тоҳирийлар сулоласи асосчиси Тоҳир ибн Ҳусайн (821-822)нинг ўғли Абдуллоҳга (828-845) халифа Маъмун томонидан Мисрга ҳоким этиб тайинланганида ёзган узун мактубини мисол қилиб келтириш мумкин. У ўғлига бошқарув бўйича берган насиҳатларини шундай ёзадики, унда Қуръони карим оятлари матн мазмунига сингдириб юборилади [5:258-267].
Аббосийлар даврида мана шундай услубда ёзилган асарлардан бири Йоқуб Абу Юсуф томонидан (731-799) халифа Ҳорун ар-Рашидга (765-809) тақдим этилган «Китаб ал-харож» асаридир. «Китаб ал-харож» аслида сиёсатнома анъанаси доирасида халифага панд-насиҳат қилиш учун ёзилган китоб эмас. «Китоб ал-харож» асари ислом тарихида давлат харажатларини маблағ билан таъминлашда солиқларнинг ўрни ва роли, солиқ турлари, миқдори, уларни йиғиш, тўплаш, жамият ва давлат эҳтиёжлари учун тенг тақсимлаш тартиби, фуқаролар ва солиқ йиғувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи мусулмон ҳуқуқшунослиги нормаларига бағишланган асардир. Бунда Ҳорун ар-Рашидга давлат бошқаруви бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олган кириш қисми эътиборимизни тортади. Сиёсатнома анъанасига оид асар ҳисобланадиган бу китобнинг муқаддимасида Абу Юсуф халифага маслаҳат беришда фақат оят ва ҳадислардан манба сифатида фойдаланган.
Абу Юсуф халифалик солиқ тизимининг шаклланишига улкан ҳисса қўшган. Унинг солиқ солиш муаммолари тўғрисидаги «Китоб ал-харож» рисоласи ислом оламида иқтисодий масалаларни қамраб олган биринчи рисола ҳисобланади. У бу китобни ҳижрий 174-182 йилларда Аббосийлар халифалигининг бош қозиси бўлиб ишлаган пайтида ёзган.
Аббосийлар халифалиги ислом ҳуқуқ ва анъаналарига асосланган ҳолда бошқарилар эди. Бунда ўша даврда бош қози бўлган Абу Юсуфнинг хизмати каттадир. Унинг халифа Ҳорун ар-Рашидга бағишлаб ёзган «Китоб ал-харож» асарининг муқаддимасида исломий бошқарув тизими хулафои рошидин ва Умар ибн Абдулазиз каби бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Халифа Ҳорун ар-Рашид мамлакат аҳолисининг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлашга, адолат билан ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилган ҳукмдор эди. У Имом Абу Юсуфдан иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича саволларга жавоб беришни, ислом динида солиқ қоидалари қай тартибда бўлиши ҳақида сўрайди. Абу Юсуф бу саволларга жавоб бериш мақсадида «Китоб ал-харож» асарини ёзди. Унда нафақат давлат даромадлари ва харажатлари, балки турли ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳам ёритилган.
Абу Юсуфнинг китоб муқаддимасида келтирилган бошқарувга оид тавсиялари сиёсатнома анаъанаси доирасида ёритилган мавзулардан фарқ қилмайди. Ҳукмдорга берилган тавсияларда халқни адолат билан бошқариш масаласи сиёсатномаларга хос хусусият ҳисобланади. Абу Юсуф тавсияларининг яна бир хусусияти шундаки, у асарда Эрон-Ҳинд ёки Қадимги Юнонистон ҳукмдорлари ва файласуфларидан мисол келтирмасдан, балки масалани шарҳлашда турли оят ва ҳадислардан фойдаланади.
Абу Юсуф бу китобни ёзишдан мақсадини қуйидагича ифодалайди: «Мўминлар амири, Аллоҳ уни қўллаб-қувватласин, мендан ўзи учун хирож, ушр, закот, жизя ва бошқа солиқларни йиғишда, мазкур ишнинг моҳиятини англаб, унга мувофиқ иш тутишда қўлланма бўладиган китоб ёзиб беришимни сўради. Бу китобни ёздиришдан мақсад – фуқароларига зулм (жабр) қилмаслик ва уларнинг фаровонлигини таъминлашдан иборат. Аллоҳ мўминлар амирини кўзлаган ишига муваффақ қилсин, уни тўғри йўлга бошлаб, мақсадига эришишида ёрдам берсин, уни ташвишга солаётган нарсалардан саломат қилсин» [6:8].
Абу Юсуф ундан сўралган масалалар ҳақида ёзишни бошлашдан олдин Ҳорун ар-Рашидга адолатли бошқарув ҳақида бир қанча маслаҳат беради. Бу маслаҳатларнинг энг биринчиси адолат билан ҳукм чиқариш ҳақида эди. У бу ҳақда: «Эртага тажовузкорлар йўлидан борганлар қаторида Аллоҳ ҳузурида тўхтамагин, негаки, қиёмат кунининг эгаси ўз бандаларининг мақомига қараб эмас, балки бажарган ишига қараб жазо беради» [3:35].
У давлатни ҳукмдорнинг қўлидаги Аллоҳнинг инъоми деб билади. «Аллоҳ сизга берган нарсага эҳтиёт бўлинг ва сизга ишониб топширилган ҳукмларни бажаринг». Мусулмон давлатининг фаровонлиги учун у шундай таъкидлайди: «Ҳукмдор халқ фаровонлиги учун жавобгардир ва у улар учун ҳамма нарсани қилиши керак». Халифа Ҳорун ар-Рашидга ёзган рисоласида у одамлар фаровонлигини таъминлаш ва қийинчиликлардан халос қилиш мусулмон давлатининг асосий вазифаси, деб таъкидлаган. Шунингдек, у жамиятнинг барча аъзолари фаровонлигини таъминлайдиган ва умумий фаровонликни юксалтирадиган сиёсат зарурлигини ёзади. Абу Юсуф халифага ўз ишини вақтида бажаришни, ҳеч бир ишни кечиктирмасликни, халқни адолат билан бошқаришни, кунига бир соат бўлса ҳам адолатли бўлишни маслаҳат беради. Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида бошлиқларнинг энг бахтлиси қўл остидаги фуқаролари ундан хурсанд бўлганидир. Халифа тўғри йўлдан адашмаслиги, ўз хоҳишига кўра ва ғазаб устида иш кўрмаслиги керак. Шунингдек, у Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришда узоқ-яқин инсонларнинг ҳаммасини тенг кўриши ва уларга бирдек муносабатда бўлиши лозимлигини таъкидлайди [6:9].
Абу Юсуф Ҳорун ар-Рашиднинг ғафлат пардасини ўраб, охиратини унутишини истамайди. Қиёмат куни келишидан хабар берувчи оятлардан мисол келтиради. Яна охиратда ҳукм қаттиқ бўлишини билдирувчи оятларга эътибор қаратади ва халифага зулм йўлига киришдан сақланишни маслаҳат беради. Унинг фикрича, ҳукмдор халқнинг чўпонидир ва улар учун масʼулдир. Агар чўпон қўйини ташлаб кетса ёки бошқа иш билан банд бўлгани сабабли сурувдаги ҳайвонлар йўқолиб қолса ёхуд нобуд бўлса, чўпон уларни тўлаши шарт. Шу муносабат билан ҳайвонларнинг йўқ қилиниши чўпоннинг йўқ қилинишига ҳам олиб келиши мумкин. Чўпоннинг яхши қўриқлаши, назорати ва ҳимояси туфайли поданинг яхши хулқ-атвори унинг бахти ва меҳнати эвазига муносиб жавоб олишига сабаб бўлади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло халифани охиратда ҳимоя қилиши ва ғамхўрлиги унинг дунёда ўз қўл остидагиларини ҳимоя қилиши ва ғамхўрлигига боғлиқдир. Халифанинг ўз қавмини адолат билан бошқариши охиратда нажот топишига сабаб бўлса, зулми эса Аллоҳ таоло томонидан жазоланишига олиб келади. Шу сабабдан халифа ўз қавмининг аҳволидан хабардор бўлиши керак [6:10].
Абу Юсуф Ҳорун ар-Рашидга берган насиҳатини дуо билан якунлайди ва халифанинг бу китобга бўлган талабини ошириш учун ўзи танлаган кўплаб ҳадисларни китоб охирига қўшади.
-
Абу Мансур ас-Саолибий. Китоб латоиф ал-маориф. – Т.: Фан, 1987.
-
Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. – Т.: Янги аср авлоди, 2016.
-
Абу Юсуф Якуб б. Ибрахим ал-Куфи. Китаб ал-Харадж (Мусульманское налогообложение) / Пер. с арабского и комментарии А.Э.Шмидта. Супракомментарии к переводу А.С.Боголюбова. Подготовка к изданию, вступит. статья и указатели А.А.Хисматулина. – Санкт Петербург.,
-
Erwin I.J. Rosenthal. Political thought in medieval islam. – Cambridge: University press, 1962.
-
İbnüʼl-Esîr, İzzeddin Ebiʼl-Hasan Ali b. Ebiʼl-Keram Muhammed b. Muhammed eş-Şeybânî, el-Kâmil fiʼtTârîh. – Beyrut: Dar-u Sadr, 1979. II.
-
Imom Abu Yusuf Yoqub ibn Ibrohim Kufiy. Kitob al-xaroj. – T.: Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi, 2021.
-
John Locke and government by consent / by Maurice Cranston. // IN: Political ideas/ edited by David Thomson. – London: Watts, 1966.
-
Калила ва Димна / Таржимон: Суйима Ғаниева. – Т.: Янги аср авлоди, 2014.
-
Macit Gökberk. Felsefe tarihi, remzi kitabevi. – Istanbul, 1985.
-
Martin Luther and the “Two Kingdoms” / W.D.J.Cargill Thomson. // IN: Political ideas/ edited by David Thomson. – London: Watts, 1966.
-
Siyaset sanati (Nasihatüʼl-Mülûk, Çav. Mustafa Sarıbıyık, Kırkambar Yay., İst., 2000.
-
Низомулмулк. Сиёсатнома (Сиярул мулук). –Т.: Янги аср авлоди, 2008.
-
Thomas Hobbes and Philosophy of Absolutism / K.R.Minogue. // Political ideas/ edited by David Thomson. – Harmondsworth, England: Penguin Book Ltd., 1966.
-
Яҳё ибн Шараф Нававий. Риёзус солиҳийн. – Т.: Мовароуннаҳр.
-
Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. – Т.: Фан, 1971.