Home / АЛЛОМАЛАР / БАДРУДДИН АЙНИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МEРОСИ ВА ҲАДИС ИЛМИГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

БАДРУДДИН АЙНИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МEРОСИ ВА ҲАДИС ИЛМИГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Бадруддин Айний мамлуклар даврининг кўзга кўринган катта аллома, муҳаддис ва фақиҳларидан бири бўлган. У Марказий Осиё диёри ҳанафий фиқҳида маълум ва машҳур бўлган «Ҳидоя» китобини шарҳлаш билан бир қаторда, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асарига ҳам ниҳоятда мукаммал шарҳ ёзган. Аллома фаолияти давомида амалга оширган ишлари ва тасниф этган асарлари айниқса, Мовароуннаҳр алломаларининг қаламига мансуб асарлардан таҳсил олиб, кейинчалик уларга ёзган шарҳ ва ҳошиялари билан ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳанафий олимлари томонидан юксак баҳоланади.

 Бадруддин Айний яшаб, фаолият юритган давр – Миср ва Шом диёрларида ҳукмронлик қилган мамлуклар даврига (1250-1517) тўғри келади. Мазкур даврда Мисрдаги ижтимоий-сиёсий, диний, иқтисодий, давлатчилик, маъмурий ва бошқа кўринишдаги масалалар: Ибн Асир, Мақризий, Ибн Халдун, Ибн Ҳажар Асқалоний, Бадруддин Айний, Зоҳирий, Ибн Тағриберди, Абдураҳмон Саховий, Жалолиддин Суютий каби Ўрта аср олимлари томонидан яратилган асарларда ўз аксини топган. Улар орқали сиёсий, диний-ижтимоий муҳити ва мамлакатда рўй берган кўплаб воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Мақолада Бадруддин Айний тарих ва ҳанафий фиқҳига оид ёзган асарлари «Ақд ал-Жамон фи тарих аҳл аз-замон», «Ал-Бинаяту фи шарҳ ал-ҳидая», «Мағонил ахяр фи рижал маъанил» кабилардан ташқари, мамлуклар даври ва ундан кейин яшаб илмий фаолият юритган Ибн Ҳажар Асқалоний, Муҳаммад ибн Абдур Раҳмон ас-Саховий, Ҳожи Халифа, Ибн Тағрибарди каби олимлар асарлари асосида таҳлил қилинди. Хусусан, «Адурар ал-камина фи аъян миат ал-самина», «Китоб ат-тибр ал-масбук фи зайл ис-сулук», «Кашфуз зунун ан асам ал-кутуб вал-фунун», «Ан-нужум аз-зоҳироҳ фи мулук Миср ва ал-Қоҳира» ва бошқалар шулар жумласидандир.

«Умдат ал-қорий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий» асари муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуд Ҳалабий бўлиб, у 762/1361 йил рамазон ойининг 17-санасида Айнатоб шаҳри*да таваллуд топди [5:5, 9:418, 13:198]. Олим «Буюк имомларнинг имоми», «Буюк муҳаддис», «Асрининг шайхи ва фақиҳи», «Миср диёри олими», «Қози ул-қуззот», «Шайхул ислом» каби унвонларга сазовор бўлган, «Абус Сано», «Абу Муҳаммад» каби кунялари ва «Бадруддин Айний» куняси билан танилган.

Унинг отаси Шиҳабиддин Аҳмад ибн Қозий Шарафуддин Мусо (725/1325 йил туғилган) асли ҳалаблик бўлиб, кейинчалик Айнатобга кўчиб борган. У ерда қозилик лавозимида фаолият юритган.

Ибн Ҳажар ва Имом Саховий айтганидек, Бадруддин Айний ушбу шаҳарда дунёга келиб, шу ерда вояга етган [16:378]. У илк бор, шаръий билимлар – Қуръон ҳифзи, фиқҳ илмини отасидан, саккиз ёшга етгач бошқа шайхлардан етти қироат, ҳанафий фиқҳи, араб тили, тафсир, мантиқ каби фанлар боъйича таҳсил олади. 783/1381 йилда илм олиш мақсадида Ҳалабга йўл олиб, у ерда Жамолиддин Юсуф ибн Муса Малтийдан ҳанафий фиқҳига оид китобларни ўрганади. Сафардан қайтгач, отаси Шиҳабиддин Аҳмад 784/1382 йилда Айнатобда вафот этади. 785/1383 йили Дамашққа ҳадис илмини ўрганиш учун сафар қилади ва ҳадис илмига ихтисослашган «Нурия» мадрасасида таҳсил олишни бошлайди. Кейинчалик бир муддат Ҳалабда ҳам илм сафарида бўлади [5:5].

Бадруддин Айний 788/1386 йили ҳаж қилиб, Ҳижоз ўлкасига илм талабида сафарга чиқади. Сўнг Байт ал-Мақдисни ҳам зиёрат қилади. Шу аснода ҳаж зиёратига чиққан Шарқ алломаси Алоуддин Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Сайрамийни (ваф. 790/1388) учратади. Шайхга ҳамроҳ бўлиб, ундан илм олади. Уларга Мамлуклар султонлиги амири Зоҳир Барқуқнинг (ҳукм. дав. 784-801/1382-1399) яқинда қурдирган катта Барқуқ мадрасасига уламоларнинг дарс бериши учун таклифнома эълон қилингани тўғрисида хабар етади. Бадруддин ва устози Шайх Алоуддин Султон Зоҳир Барқуқ (ваф. 801/1399)нинг динга ва илмга бўлган муносабатини кўриб, Қоҳирага йўл олади. Уларни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишади. Мадрасанинг очилишида илмий йиғилишда Шайх Алоуддин Сайрамий табаррукан биринчи дарсни ўтиб беради. Илмий мажлисда султонлар, амирлар ва аёнлар ҳам иштирок этади. Қози Нуриддин ибн Хатибнинг айтишича, Султон Зоҳир Барқуқ Алоуддин Сайрамийни ўзи асос солган мадрасага бош шайх (мураббий) қилиб тайинлайди. 788 йили Сайрамий шогирди Бадруддин Айнийни ўзига ёрдамчи қилиб олади. Бадруддин Айний яна илм олишда давом этиб, шайхи Алоуддин Сайрамий ва бошқа Қоҳирадаги улуғ шайхлардан ҳадис илмига оид асарларни, сунан китобларни, жумладан, Аҳмаднинг «Муснад»и, Дорақутний ва Доримийнинг «Сунан»и, Бағавийнинг «Масобиҳ ус-сунна», Насоийнинг «Сунани Кубро»си каби китоблар боъйича таҳсил олади ва ўзи ҳам олимлик даражасига етади. Шайх Сайрамий вафоти (790/1388)дан сўнг, унинг ўрнига Зоҳирия мадрасасида бош шайх этиб тайинланади [12:232].

 Бадруддин Айний турли илмий марказларда илм талабида бўлиб, кўплаб катта устоз ва улуғ шайхларнинг илмий суҳбатларидан баҳраманд бўлиши билан бирга уларнинг таълим-тарбиясини ҳам олади. Устоз ва шайхлари тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олган «Муъжам уш-шуюх» («Шайхлар ҳақида қомус») номли бир китоб ҳам тасниф этган [5:12].

Муҳаддиснинг энг улуғ устозларидан бири Ҳофиз Зайниддин Абдураҳим Ироқий (ваф.806/1403) бўлиб, 788/1386 йили Қоҳирада Бадруддин ундан «Саҳиҳул-Бухорий»ни Шаҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад қироати билан эшитган. Ҳофиз Сирожиддин Балқинийнинг (ваф. 805/1402) «Маҳасин ал-истилаҳ» («Атамаларнинг афзалликлари номли») асарини эшитган, буюк муҳаддис Тақийюддин Муҳаммад ибн Муҳаммаддан (ваф. 809/1406) «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим» ва Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Насоийнинг сунанларини ва Доримий, Абд ибн Ҳумайд ва Аҳмаднинг муснадларини эшитган. Устозларидан яна бири Али ибн Муҳаммад Фавий бўлиб, Бадруддин Айний ундан Насоийнинг «Сунан Кубро» асарини ва Дорақутнийнинг сунанидан айримларини ва Ибн Моликнинг «Таҳсил» асарини ривоят қилган. Ҳофиз Нуриддин Абул Ҳасан Али Ҳайсамийдан бир қанча китобларни эшитган. Яна Бадруддин Айнийнинг устозларидан бири Қутбиддин Абдукарим ибн Тақий ибн Ҳофиз Ҳалабий бўлиб, унга шогирди Бадруддин Айний Табаронийнинг учта мўъжам китобини ўқиб берган. Шарафуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад (ваф. 821) ҳам Бадруддин Айнийнинг устози бўлиб, у кишидан Қози Иёзнинг «Шифо» китобини, Имом Абу Ҳанифани «Муснад» китобини эшитган. Шайх муҳаддис Зайниддин Тўғрибермиш ибн Юсуф Туркманийдан Абу Жаъфар Таҳовийнинг «Маъон ал-осор» китобини эшитган. Шайх Қози ал-қуззот Нажмиддин ибн Аҳмад ибн Имодиддин бўлиб, ундан «Саҳиҳул-Бухорий»нинг айрим бобларини тинглаган [22:125, 16:132].

Бундан ташқари, фиқҳ илмини Аҳмад ибн Хос Туркийдан (ваф. 809/1406), қироат илмини Абу Фатҳ Асқалонийдан (ваф. 793/1391) ўрганган. Дамашқдаги Нуния мадрасасида Нажмиддин ибн Кешк Ҳанафийга (ваф. 799/1397) «Саҳиҳул Бухорий»ни ўқиб берган. Булардан бошқа устоз ва шайхлардан ҳам кўплаб илмларни ўрганган ва бу борада юқорида зикр қилинган асарида қайси устозларидан қандай китоб ўқигани ёки тинглагани тўғрисида батафсил маълумот берилган.

Абул Муҳасин Жамолиддин Юсуф ибн Тағрибарди «Ал-Манҳалус софий вал муставфа баъд ал-вафий» асари [13:193] да келтиришича, Бадруддин тафсир, ҳадис ва араб тили грамматикасига оид китоблардан таҳсил олган. Жумладан, тафсир илми бўйича Замахшарийнинг «Кашшоф», Насафийнинг «Тафсир Насафий» ва Алоуддин Самарқандийнинг «Баҳрул улум» («Илмлар уммони») каби тафсирларни мутолаа қилган. Шунингдек, ҳадис илмида «Кутуб ситта» («Олтита ишончли ҳадис тўплами»), Имом Аҳмаднинг «Муснад»и, Байҳақий ва Дорақутнийнинг «Сунан»и, Ҳумайд Кешийнинг «Муснад»и каби ҳадис тўпламлари ҳамда Табаронийнинг «Муъжам» китобларини ўқиган.

 Бадруддин Айний илм ўрганиш билан бирга илм марказларида унинг дарсларини тингловчилар ва кўпгина шогирдлари боълган. Манбаларда Қоҳира ва бошқа диёрлардаги илм марказларида устоз бўлиб ишлаганидан ташқари, «Муайядийя» мадрасасининг ўзида 40 йил давомида устозлик қилиб, шогирдларига ҳадис фанидан дарс бергани таъкидлаб ўтилган [5:8]. Шу ўринда, Имом Саховий ҳам, бу муҳаддис атрофидагиларга ҳусни муомала ва тавозеъ билан ҳадис илми ва бошқа фанлардан дарс ўтган ҳамда керакли масалалар юзасидан фатво берган. Унинг исми машҳур бўлиб, ҳатто дин пешволари ҳам келиб, ундан тўрт мазҳабга оид илмларни ўрганганини алоҳида қайд этади [16:135].

 Бадруддин Айнийдан Имом Муҳаққиқ Камолиддин ибн Ҳимом, Ҳофиз Аллома Қосим ибн Қутлубуғо, Ҳофиз Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий, Шом диёрлари муҳаддиси Носириддин Абулбақо Муҳаммад ибн Абу Бакр, Аллома Абулфатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад, Муҳибиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий, Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Али Қураший, Абулвафо Муҳаммад ибн Халил Ҳанафий, Бадруддин Ҳасан Ҳанафий, Аллома Зайниддин Кухтовий, Қози ал-қуззот Иззиддин Аҳмад Каттоний Ҳанбалий, Шайх Камолиддин Моликий, Қози Нуриддин Али Ҳанафий ва Абул Муҳасин Жамолиддин Юсуф ибн Тағрибарди каби кўплаб ислом оламида машҳур бўлган замондош таниқли уламолар таҳсил олган [13:196]. Бадруддин вафот этган вақтда Жалолиддин Суютийнинг ёши кичик бўлгани сабаб, бирор китобни ундан ўқиб шогирд бўлмаган бўлсада, Суютий ундан умумий ижоза йўли билан ривоят қилган.

Бадруддин Айний ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганишни истаб келган ўзининг хос шогирдларига 814/1411 йилда «Ал-Азҳар» масжиди ва яшайдиган уйи яқинида бир мадраса барпо қилди. Тасниф этган китобларини мадрасага вақф қилди [20:290]. Бу мадраса бугунги кунга қадар сақлангани, изланишлар натижасида аниқланди.

У Қоҳирада қозилик, ғазначилик, йирик мадрасаларда устозлик каби олий, илмий ва маъмурий мансабларни эгаллаган, ҳатто вақф ишларида Султон (Вазири) ёрдамчиси бўлиб (819/1416) ишлаган. Султон Барсбой даврида, 829/1426 йилдан бошлаб, ҳанафий мазҳаби қозиси лавозимида ўз фаолиятини давом эттирди [8:347,351].

Қозилик ишлари фақат шахсий ҳолат бўйича ишларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, балки унга топширилган фуқаролик, жиноий ишларни кўриб чиқиш, масжидларга имомларни тайинлаш, зарбхонани назорат қилиш, пулнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа шу каби вазифалар ҳам юклатилган эди. Бундай масъулиятли ишларнинг оғирлигига қарамай, Бадруддин Айний 818/1415 йилда очилган «Муайядийя» мадрасасида ҳадис илмидан, «Маҳмудия» мадрасасида эса, фиқҳ, тарих, грамматика, адабиёт каби фанлардан дарс берар эди. Ушбу даргоҳлардан буюк ҳанафий фақиҳи Камол ибн Ҳамам, Ибн Тағрибарди, Абдураҳмон Саховий ва Абул Фазл Асқалоний каби шогирдлари етишиб чиқди [3:297].

 Бадруддин Айний Мисрда ўз даврининг кўплаб ҳукмдорлари – султонлари билан замондош бўлиб, улар билан яхши муносабатда бўлган. Ҳатто Султон Муайяднинг вакили сифатида Рим юртига 823/1420 йилда элчи сифатида борган [12:135].

Султон Ашраф Барсбой даврида Бадруддин Айний Бош қозилик лавозимида ишлаб, ҳукмдорнинг сафарларида ҳамроҳлик қилар эди. У истаган вақтда Султоннинг бошқарув кенгашига кириб, у билан хоҳлаган ишлари юзасидан маслаҳатлашарди. Бадруддин Айний туркий тилни яхши билгани сабаб, Султон Барсбой билан муносабатлари кучайиб, улар ўртасида устоз-шогирдлик муносабатлари пайдо бўлган. Ибн Тағрибардининг айтишича, Султон ундан диний илмлардан ва тарих фанидан сабоқ олган [10:111]. Султон Барсбой (ваф.842/1438) ҳузурида кечалари соатлаб қолиб, ислом шариати ва фиқҳга оид масалаларни унга тушунтирар ва тарихдан айрим нарсаларни унга ўқиб берар эди. Султонга туркий тил бўйича таржимонлик қилган. Султон илм истаб шайхнинг қўлида шогирд бўлиб, атрофдагиларга фахр билан: «Қози Айний бўлмаганида, исломимиз гўзал бўлмасди, салтанатда қандай юришни ҳам билмас эдик» [22:12,14], деб айтар эди. Султон Барсбой устози Айнийни шу даражада улуғлар ва ишонар эдики, келган делегацияларни қабул қилишда Султон номидан иш кўришни сўраган ҳамда қўшни диёрлардан келган мактубларни таржима қилишни унга топширган.

Бадруддин Айний давлат маъмурий ишлардан ғазначи, вақф ишлари масъули ва бош қози каби лавозимларда фаолият юритган. Мамлуклар давлатидаги айрим сиёсий-ижтимоий сабабларга кўра, тайинланган лавозимидан четлатилар, айрим вақтларда яна қайта тайинланар эди. Илк маротаба Қоҳира ғазначилигига 804/1401 йил Тақийюддин Мақризийнинг ўрнига тайинланиб, ўша йили ишдан четлатилган [15:377]. Иккинчи маротаба 819/1416 йилда тайинланиб, 853/1449 йилга қадар фаолият юритган.

Бош қозилик лавозимига ҳам икки маротаба тайинланган бўлиб, биринчи марта 829/1425 йилдан 833/1429 йилларгача, иккинчи марта, 837/1433 йилдан 842/1438 йилгача бош қозилик лавозимида фаолият юритган.

838/1434 йили Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо (1377-1447) кисва (Каъба пўш)ни Каъбага ёпишни назр қилгани учун Мамлук Султони Ашраф Барсбойдан ушбу шарафли ишни амалга оширишни сўраб элчи юборди. Султон бу масалани муҳокама қилиш учун тўрт мазҳаб бошлиқларини жалб қилади. Улар ўртасида баҳс узоқ давом этади. Бадруддин Айний бу назр қилинган ишнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, унинг қилган назри боғланмаганини айтади. Ибн Ҳажар эса, бу ишни амалга ошириш Ҳарамайн масъулларидан бошқаларга жоиз эмаслигини айтади. Кенгаш йиғилиши яна узоқ давом этгандан сўнг Айнийнинг берган жавоби билан якун топади. Султон «Айнийнинг жавоби кисвани каъбага ёпишдан Шоҳрухни маҳрум қилгани зўр иш бўлди» деб, мақтар эди [23:928]. Чунки Шоҳрух бундан олдин ҳам бир неча марта Султон Барсбойдан «Фатҳ ал-Борий» ҳадислар тўпламини ва Каъбага кисвани ёпиш хизматини сўраганида рад жавобини олган эди. Кейинчалик Султон Зоҳир Жақмоқ даврида сўраганида унга рухсат берилади. Бу ишни амалга оширишга Бош қози Ибн Ҳажарни масъул қилиб тайинлайди [16:297].

Мамлуклар даври бўйича илмий тадқиқот олиб борган З.Арипова ўз тадқиқотларида Мисрнинг маъмурий ва илмий соҳаларида кўзга кўринган Ибн Ҳажар қаламига мансуб бўлган «Саҳиҳул Бухорий»нинг шарҳи – «Фатҳ ал-Борий» асари ислом оламида машҳур бўлганда, темурий султон Шоҳрух Мирзо катта қизиқиш билдиргани тўғрисида маълумот берган [26:5]. Шунингдек, унинг фикрича, XIII-XV асрларда Мисрда ҳукм сурган Мамлуклар султонлиги даврида тил, тарих ва анъаналар жиҳатидан Марказий Осиё ва Мисрнинг жуда кўп ўхшашликлари мавжуд ва уларни ўрганиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Бадруддин Айний ҳаёти давомида қуйидаги тўққизта: Зоҳир Барқуқ, Фараж ибн Барқуқ, Мансур ибн Барқуқ, Муайяд Шайх, Зоҳир Тотор, Муҳаммад ибн Зоҳир, Ашраф Барсбой, Юсуф ибн Ашраф ва Зоҳир Жақмоқ каби Мамлук султонлари билан ҳамкорликда ишлаб, диний-ижтимоий масалаларда маслаҳатчи бўлган [1:241, 244]. Бу олим ҳақида ёзилган барча манбаларда олимнинг султонлар билан яхши муносабатда бўлиб, диний-маърифий ишларда уларга кўмак бергани тўғрисида маълумотлар берилган.

Ҳар бир султон тахтга ўтирганида, одатда, ҳадялар, кўпинча, унинг сийрати ҳақида, мақтов ва панду насиҳатлар ёзилган асар тақдим этилар эди. Шунинг учун, бу одатга кўра, кўпгина уламолар Мамлук султонлари тўғрисида сийрат ва тарожим китоблар ёзган. Жумладан, Айний ҳам Султон Муайяд, Зоҳир Тотор ва Ашраф Барсбой сийрати ҳақида китоб тасниф этган.

Бадруддин Айний яшаган даврда Миср масжидлари ва мадрасаларида катта олимлар ўртасида турли илмий мунозаралар, савол-жавоблар бўлган, Айний ҳам ана шундай баҳс-мунозараларда илмий салоҳияти билан кўзга кўринган олимлардан эди. Ибн Ҳажар Бадруддин Айнийдан ўн икки ёш кичик бўлиб, бу икки замондош ўртасида қизғин илмий баҳс-мунозаралар бўлиб турган. Уларнинг иккаласи ҳам имом, фақиҳ ва тарихчи бўлиб, ўз мазҳабида етакчилик қилган. Ибн Ҳажар – шофеий, Бадруддин Айний эса ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан бўлиб, уларнинг ҳар бири қозилик лавозимида фаолият олиб борган. Уларнинг ҳар бирининг тарафдор ва ёрдамчилари бўлган. Улар «Саҳиҳул Бухорий»га бир даврда мукаммал шарҳ ёзган. Ибн Ҳажар Бадруддин Айний «Умдат ал-қорий» номли шарҳидаги айрим маълумотларни ўзининг «Фатҳ ал-Борий» номли ҳадислар шарҳи китобидан кўчирилганликда айблагани ва иқтибос келтирсада, Ибн Ҳажарга ишора қилмагани улар ўртасидаги келишмовчиликнинг авж олишига сабаб бўлган [19:392]. Бу масала ҳалигача тадқиқотчилар ўртасида баҳс-мунозара мавзуси бўлиб келмоқда. Бу икки буюк муҳаддис ўртасида қандай масала бўлмасин, улар ҳадис илмида ва бошқа фанларда ёзиб қолдирган илмий мероси бутун ислом уммати учун асосий манба сифатида хизмат қилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Улар ўртасидаги рақобат улардан бирининг иккинчисидан истифода қилишига тўсқинлик қилмаган. Дарҳақиқат, Ибн Ҳажар Айний илмидан истифода қилганини айтган ҳамда ундан «Саҳиҳи Муслим»дан икки ҳадисни ва «Муснади Аҳмад»дан битта ҳадис эшитган. Ибн Ҳажар Асқалоний устозлари ҳақидаги «Ал-Мужаммаъ ал-муассис лил муъжам ал-муфаҳрис» («Фиҳрисли қомус асосчиси ва тўпловчиси») номли китобида Бадруддин Айний учун алоҳида сарлавҳа ажратиб, учинчи табақа шайхлари қаторида зикр қилган [8:347]. Шунингдек, Имом Саховий ҳам «Аз-Завʼ ал-ламеъ» номли китобида Ибн Ҳажар ўлимидан олдин бемор бўлиб ётганида, Бадруддин Айний уни зиёрат қилиб, Зайнул Ироқийдан эшитган ҳадисларини айтиб беришини сўраганини таъкидлаб ўтган [16:131].

 Бадруддин Айний нақлий ва ақлий билимларда асрининг имоми, фуруʼ ва усул масалаларида ўз замонасининг ягона олими бўлган. Илмий баҳсларда чуқур илми ва гўзал хулқи билан барчага намуна бўлган. Мукаммал китоб ёзишда буюк олимлар орасидан ажралиб турганки, ҳатто ҳадис, фиқҳ, тарих, араб грамматикаси йўналишларида кўплаб китоб тасниф этган.

Бадруддин Айний Ибн Ҳажарнинг вафотидан уч йил кейин, яъни 855/1451-йилда 91 ёшида вафот этади. Тонгда «Ал-Азҳар» масжидида жаноза намози ўқилиб, ўзи қурдирган мадрасада дафн этилади [22:81; 17:661]. Кейинчалик бу мадрасага «Саҳиҳул Бухорий»нинг шарҳи – «Иршадус Сорий аъла Саҳиҳул Бухорий» («Сафар қилувчини Саҳиҳул Бухорийга йўллаш») асари муаллифи яна бир муҳаддис Шаҳобуддин Аҳмад Қасталоний (ваф. 923/1517) ҳам дафн этилган.

Бадруддин Айний Умм ал-Хойр (ваф. 819/1416) исмли аёлга уйланган ва саккиз нафар фарзанд дунёга келган. Улар ҳам вафот этганларида Айний қурдирган мадрасага дафн қилинган [16:156, 234].

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қоҳирадаги «Қаср ал-Айний» номли шифохона унинг набираси – Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдураҳим ибн Маҳмуд Айнийга мансуб бўлиб, у ўз даврининг таниқли амирларидан бири бўлган [11:183]. Шифохона 870/1466 йилда мамлуклар даврида қурилган бўлиб, бугунги кунда тиббиёт маскани сифатида фаолият олиб бормоқда.

Имом Бадруддин Айний ўз замонасида энг кўп китоб тасниф этган имомлардан саналади. Бу борада Имом Саховий Айний каби кўп китоб тасниф этганлар қаторида яна Ибн Ҳажарни (773/1372-852/1449) зикр қилиб ўтади.

Бадруддин Айнийнинг турли мансабларга эга бўлиши, қози ва мударрис сифатида фаолият юритганига қарамай, бу ҳол унинг илм ва асар тасниф этишни давом эттиришига тўсқинлик қилмади. Шунинг учун у турли мавзуларда кўплаб китоблар ёзди. Илк асари «Малаҳ ал-алваҳ шарҳу Мираҳ ал-арваҳ» («Ёрқин қайднома номли Мираҳул арваҳ асарига шарҳ») бўлиб, уни 19 ёшида ёзган. Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Айний турли йўналишларда етмиш иккига яқин асар тасниф этгани аниқланди [16:137; 22:85]. Масалан, тафсир ва Қуръон илмида 3 та, суннат ва ҳадис илмида 9 та, фиқҳ ва усулда 13 та, сийрат, тарих ва тарожимда 18 та, тилшунослик ва адабиётда 19 та, ваъз, хутба ва руқияда 6 та ҳамда бошқаларнинг ёзган китобларига 4 га яқин тақриз ёзган.

Бугунги кунда шулардан 17 таси нашр этилган. 12 таси қўлёзма ҳолатида турибди. Қолган 39 та асари ва 4 та тақризи бизгача етиб келмаган.

Бадруддин Айний ҳадис илми йўналишида: «Умдат ал-қорий фи шарҳи ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» («Ўқувчининг ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ шарҳига оид асоси»), «Нахб ал-афкор фи танқийҳи мабан ал-ахбор» («Хабарлар манбасини очиқлашда фикрларни саралаш»), «Шарҳ сунани Абу Довуд» (2 жилд), «Ал-Илм ал-ҳийб шарҳ ал-калим ут-тийб» («Калим ут-тоййиб асарига «улуғ илм» номли шарҳ»), «Китаб мажмуʼ мин аҳадис мутафарриқа» («Тарқалиб кетган ҳадисларни ўзида жамлаган асар»), «Кашф ал-Қинаъил мараний» («Ниқобни очиб ташлаш»), «Такмил ал-атроф» («Ҳадис парчаларини такомиллаштириш»), «Мағон ал-ахяр фи рижал маъан ал-асар» [4:520] («Маон ал-осордаги ровийлар ҳақида энг яхши маълумотлар») каби 10 га яқин мўътабар асарлар тасниф этган. Айнийнинг ҳадис илмидаги асарлари ўша даврда ҳадис илми ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, муҳаддислар билан илмий баҳс ва мунозаралар олиб борилгани ҳадисларни қиёсий ўрганиш ва жадал (баҳс, музокара) илмларининг янада ривожланишига туртки бўлди.

Манбаларда Бадруддин Айнийнинг китоб тасниф этишда ҳусни хат билан тез ёзишга моҳир бўлгани зикр қилинади. Ҳатто бир кечада ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий (ваф. 428/1037)нинг «Мухтасар Қудурий»ни ёзиб тугатгани айтилади.

Бадруддин Айний мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб бир нечта асарларга шарҳ ва ҳошиялар ҳам ёзган.

  1. Ҳанафий фиқҳи йўналишида Имом Марғиноний (ваф. 593/1169)нинг «Ал-Ҳидоя» китобига «Ал-Бинаяту фи шарҳ ал-ҳидая» («Ҳидоя китобига «Ал-Биноя» номли шарҳ) номли шарҳ ёзган. Шарҳни 817/1414 йилда бошлаб, 850/1446 йилда ўз мадрасасида ёзиб тугатган [2:52]. Асарнинг қўлёзма нусхаси ўн жилддан иборат бўлиб, илк марта 1293/1876 йили Ҳиндистоннинг Лакнау шаҳрида тўрт жузда нашр этилган.
  2. Ҳофизиддин Насафий Ҳанафий унвони ила танилган Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад (ваф. 710/1310)нинг «Манор ал-анвор фи усул ал-фиқҳ» («Фиқҳ асосларига оид нурлар манбаи») номли асарига (Бу асарнинг XVIII асрга оид қўлёзма нусхаси Буюк Британиянинг Манчестэр университети Жон Райленс кутубхонасида №Арабиc МС 258 (Тҳе Жоҳн Рйландс Либрарй, Тҳе Университй оф Манчестер-Референcэс: Cаталогуэ но. Арабиc МС 157 [258]) рақами остида сақланади. Шунингдек, Буюк Британиянинг Этон Поте коллежи кутубхонаси Этон Поте 357 (Этон Cоллеге Либрарй, Этон Cоллеге – Референcэс: Марголиоутҳ но. 18 (шельф/итем: 5/12)) рақам остида сақланади. Кейинчалик муаллиф бу асарига «Ҳошия ала манарил анвар» номли ҳошия ҳам ёзган бўлиб, бу асарнинг XVII аср (1067/1657 йил)га оид қўлёзмаси Кембриж университетининг кутубхонасида № Адд. 3609 (Университй Либрарй, Cамбридге Университй – Референcэс но. 1248) рақами остида сақланади) «Шарҳ ал-манор» («Манор ал-анвор асарига шарҳ») номли шарҳ ёзган. Бу асар илк бор «Нафисия усмония» нашриётида 1891 йили нашр этилган [14:379]. Бу асарнинг 1623 йилга оид қўлёзма нусхаси Британиянинг Бодлеан кутубхонасида МС. Араб. э. 222 (Бодлеиан Либрарй, Охфорд Университй) рақами остида сақланади.
  3. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (ваф. 710/1310)нинг ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган «Канз ал-дақоиқ» («Нозик масалалар хазинаси») китобига (Бу асарнинг XVI асрга оид қўлёзмаси Бодлеан кутубхонасида № МС. Араб. д. 178 рақам остида, XVI асрга оид қўлёзмаси Кембриж университети № Дд. 11 рақам остида, араб ва форс тилидаги қўлёзмаси № Адд. 3747 рақам остида, 17-асрга оид қўлёзмаси №Оо. 6. 42 рақам остида, шунингдек, № мс. 48137 рақам остида Шарқ ва Африка тадқиқотлари маркази СОАС кутубхонасида сақланмоқди) «Рамз ал-ҳақоиқ шарҳ канз ал-дақоиқ» (Канз уд-дақоиқ асарига «Ҳақиқатлар ишораси») номли шарҳни 816/1413 йилда якунлаган. Асар илк бор 1868 йилда Қоҳирада шарҳи билан чоп этилган [7:352; 22:93]. Бу асарнинг XIII/XIX асрга оид қўлёзма нусхаси Кембриж университети кутубхонасида №Б.3 (Университй Либрарй, Cамбридге Университй – Э.Г.Броwне Cоллеcтион) рақамида, 1082/1672-йилга оид қўлёзмаси №Ор.706 (но.710 Университй Либрарй, Cамбридге Университй – Ориэнтал Манусcриптс) рақами остида сақланади.
  4. Абу Лайс Самарқандий (ваф. 373/983)нинг «Тафсир ал-Қуръон»номли китобига (Ушбу асар бугунги кунда Британиянинг Бирмингем университети Кедбюри тадқиқот кутубхонасида «Исламиc Арабиc 941» рақами остида сақланмоқда. Асарда икки охирги пора, Мулк сурасидан ан-Нас сурасигача бўлган суралар мавжуд. XVIII асрда насх услубида кўчирилган. Бу бўйича қўшимча бошқа маълумотни https://www.fihrist.org.uk/ дан олиш мумкин.) «Ал-Ҳаваший аъла тафсир Абал-Лайс» номли ҳошия ёзган. Бу асар бизгача етиб келмаган [22:108; 16:134].
  5. Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Замахшарий (ваф.538/1143)нинг «Тафсир ал-кашшоф» асари (Бу асарнинг қўлёзма нусхаси Кембриж университети кутубхонасида № Адд.815, «Кашшаф Замаҳшарий» номи билан Кембриж коллежи кутубхонасида № Кинғс Поте 86 рақами остида сақланади. Маълумот учун қаранг: https://www.fihrist.org.uk/catalog/work_20743.)га «Ал-Ҳаваший аъла тафсир ал-кашшоф» («Кашшоф тафсирига ҳошиялар») номли ҳошия ёзган [24:82016:135]. Бу асарни Солиҳ Юсуф бизгача етиб келмаган асарлар қаторида зикр қилган [22:109].

2022 йил Буюк Британияда олиб борилган илмий тадқиқот натижасида, Айнийнинг «Тафсир ал-кашшоф» асарига ёзган ҳошиясининг қўлёзма нусхаси Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонаси фондида №МС. Араб. д. 240 (Бодлеиан Либрарй, Охфорд Университй) рақами остида сақланаётгани аниқланди. Асар тўғрисида берилган маълумотларга кўра, Бадруддин Айний Замахшарийнинг мазкур тафсир асарини кўчириш билан бирга, унга ҳошия ҳам ёзган ва уни «Кашшаф ан ҳақиқат ал-танзил»(Бодлеан кутубхонаси: №МС. Араб. д. 240 (Бодлеиан Либрарй, Охфорд Университй), №МС. Бодл. Ор. 637-640, №МС. Араб. д. 216, №МС. Араб. д. 179, №МС. Поcоcке 373, 157, 104 рақамида, Кембриж университети кутубхонасида № Ор. 163,164 рақами остида ва № мс. 43254 рақамида Шарқ ва Африка тадқиқотлари маркази СОАС кутубхонасида сақланмоқда. Маълумот учун қаранг: https://www.fihrist.org.uk/catalog/work_20743) («Қуръоннинг ҳақиқатини очиб берувчи асар»), деб номлаган. Бу қўлёзма машҳур тарихчи Айний томонидан ёзилган асл нусхадан, 978/1570 йилда кўчирилгани қайд этилган. Бу асар бугунги кунга қадар яхши сақланган (Маълумот учун қаранг: https://www.fihrist.org.uk/.).

  1. Шайх Абу Али Ҳусайн ибн Яҳя Бухорий Зандавистий Ҳанафийнинг «Ровзат ал-Улама» асари (Бу асар қўлёзма нусхаси № мс. 12188 рақамда Шарқ ва Африка тадқиқотлари маркази СОАС кутубхонасида сақланмоқда.)дан сайланма масалалар тўплами сифатида «Мунтахаб мин масаил ровзат ал-улама» (Равзат ал-уламода келган масалалар сайланмаси) номли асарни тасниф этган [22:119]. Бу ҳақда Ҳожи Халифа ва Қосим ибн Қутлубуғо ўз асарларида зикр қилган [6:569, 928].
  2. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Дамашқийнинг «Радд ал-вафир» («Етарли раддия») номли асарига Бадруддин Айний тақриз берган бўлиб, «Тақриз аълар-родд ал-вафир» («Радд ал-вафир» асарига тақриз») номи билан манбаларда зикр қилинган. Дамашқийнинг «Радд ал-вафир» номли асари Ибн Таймияни куфрга ҳукм қилган Абу Абдуллоҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий (ваф. 841/1438)га раддия сифатида ёзилган. Бу китобга Айнийдан бошқа Ибн Ҳажар ва Балқиний каби бир нечта олимлар томонидан ҳам тақриз ёзилган. Тақриз 835/1432 йил Қоҳирада ёзиб тугатилган. Бу тақриз Зуҳайр таҳрири остида нашр қилинган «Ғоят ал-аманий фир-родди аълан-Набаҳаний» (Набаҳонийга раддия сифатида ёзилган умидлар ғояси) номли китобнинг 157-165 саҳифаларида келтирилган [2:57].
  3. «Умдат ал-қорий фи шарҳи ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» бўлиб, бу энг машҳур асарларидан саналади. Асар илк бор Туркиянинг Константинопол шаҳрида 1890 йили 11 жузда, кейин Мисрда Мунирийя босмахонаси томонидан йигирма беш жузни ўз ичига олган ўн икки мужалладда нашр этилган.

Ҳожи Халифа Бадруддин Айнийни «Мухтасар ал-виқоя»ни шарҳлаганлар қаторида ҳам санаб, «Шарҳ мухтасар ал-виқоя» асари уни қаламига мансуб эканини айтган (тадқиқот давомида аниқланмади).

Бадруддин Айнийнинг ҳаёти, илмий мероси, ислом илмларига қўшган ҳиссаси ва дин учун қилган хизматлари унинг устозлари, замондош ва ундан кейинги давр олимлари томонидан эътироф этилган. Жумладан, Имом Саховий «Аз-Завʼ ал-ламеъ» асарида: «У имом, олим, сарф, араб тили ва бошқа фанлар билимдони, тарих ва тилшунослик фани ҳофизи бўлган».

Ибн Тағрибарди: «Айний кўпгина фанлардан моҳир олим, айниқса, фиқҳ, усул, ҳадис, наҳв, сарф, араб тили, тарих каби фанлар билимдони эди».

Ибн Иёс Ҳанафий: «У ўз даврининг нодир олими ва фозил кишиси эди. Унинг асрларга татигулик асарлари бўлиб, чиройли услубда ва маълумотлари аниқ тартибда ёзилган» [18:292], деган.

Шунингдек, мутааххир уламолардан Тошкўприлизода (Аҳмад ибн Мустафо): «У имом, олим, араб тили, сарф ва бошқа фанлар билимдони ҳамда ўз йўналишида кўзга кўринган аллома эди» [25:265], дея қайд этган.

Абул Маъоний Ҳусайний: «У имом, аллома, ривоя ва дироя илми ҳофизи, қарши чиққанларга Аллоҳнинг ҳужжати ва бидъатчиларга Аллоҳнинг катта мўъжизаси эди. Ўз даврининг илмда, зуҳд ва тақвода кўзга кўринган машҳур кишиларидан бўлиб, фиқҳ ва ҳадис илми билимдони бўлган. Мусулмонлар унинг вафотидан сўнг қайғуга тушган».

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Бадруддин Айний Буржий Мамлуклар султонлиги даврида сиёсий-ижтимоий ва диний таълим соҳасига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Султонлар билан яқин муносабатда бўлиб, давлат бошқаруви ва диний масалаларда уларга маслаҳатчи бўлган. Султонликка ташриф буюрган хорижий меҳмонларни кутиб олиш ва улар билан дипломатик муносабатларни ўрнатишда, Султоннинг истагига кўра, айрим вақтларда унинг вакили сифатида иш юритган.

Мамлук султонлари туркий тилда сўзлашган, Бадруддин Айний туркий тилни билгани боис, давлат бошқарувидан ташқари, султонларга араб тили, ҳадис, фиқҳ, тарих ва диний илмлардан сабоқ берган. Шунингдек, бошқарувда султон томонидан кўзга кўринадиган айрим хато ва камчиликларни унга айтиб, уларни бартараф этган. Шунинг учун султонлар Бадруддин Айнийни «Муаллим ва тарбиячи» сифатида эътироф этган.

Бадруддин Айнийнинг «Умдат ал-қорий фи шарҳи ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ лил Бухорий» асари Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асарига ёзилган шарҳдир. У шундай асарлар ичида энг муҳим, кенг қамровли шарҳлардан ҳисобланган. Шунингдек, у Айний ёзган китоблар ичида ҳам кўзга кўринарли асардир. Ушбу асар ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган шарҳлар ичида энг машҳури бўлиб, унинг асосий ғояси умумбашарий ахлоқ-одобларни гўзаллаштириш ҳисобланган. Шу билан бирга, тўрт мазҳабга тааллуқли хусусан, ҳанафий мазҳабининг масалаларини насс (ҳужжат, аниқ далил) билан равшанлаштириб берган.

Бадруддин Айнийнинг ҳадис илми ва ҳанафий мазҳаби асосида ёзган асарлари ҳадис ва ҳанафий фиқҳини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Мовароуннаҳр уламолари тасниф этган асарларда Айний битган шарҳ ва ҳошиялар аниқлангани муҳим илмий янгилик бўлиб, у бугунги кунда ҳадисшунослик ва фиқҳ йўналишида изланиш олиб бораётган ёш тадқиқотчиларга муҳим манба сифатида хизмат қилади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Аҳмад ибн Али Мақризий. ал-Маваиз ва эътибар би зикри хутот вал-асар. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Ж. 2.
  2. Бадруддин Айний Ҳанафий. Ал-Бинаяту фи шарҳ ал-ҳидая. Таҳқиқ: Айман Солиҳ Шаъбон. Ж. 13. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Ж. 1.
  3. Бадруддин Айний. Ақд ал-Жамон фи тарих аҳл аз-замон. // таҳқиқчи: Муҳаммад Муҳаммад Амин. – Қоҳира: Ҳайъат ал- мисриятил амма, 1992.
  4. Бадруддин Айний. Мағонил ахяр фи рижал маъанил асар. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 2005.
  5. Бадруддин Айний. Умдат ал-қорий. – Байрут-Лубнан: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. — Ж. 1.
  6. Ҳожи Халифа. Кашф уз-зунун ан асам ал-кутуб вал-фунун. Муҳаммад Шарафуддин таҳқиқи. – 2 жилд. – Макка: Мактабат ал-файсалия, 1981.
  7. Ибн Ҳажар Асқалоний. Адурар ал-камина фи аъян миат ал-самина. Ж. 4. – Байрут: Дар иҳя турос ал-арабий. 1990. Ж. 2.
  8. Ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-мужаммаъул муассис лил муъжамил муфаҳрис. 4 жилдлик. – Байрут: Дор ал-маърифа. 1992. Ж. 3.
  9. Ибн Имод. Шазарот уз-заҳаб фи ахбарин ман заҳаб // Муҳаммад Арнаут. 9 жилдлик. – Байрут: Дору ибн Касир, 1993.
  10. Ибн Тағрибарди. Ан-нужум аз-зоҳироҳ фи мулук Миср ва ал-Қоҳира. 6 томлик. – Миср: Мактаба ал-вақфия, 2016. Ж. 15.
  11. Исмоил Пошо Бағдодий. Ҳадият ал-орифин. 2 жилдли. – Истанбул: ал-Баҳия, 1951. Ж. 1.
  12. Иймон Умар Шукрий. Ас-Султон Барқуқ Муассис давлат ал-Мамалик ал-Жаракиса (784-801/1282-1398) мин хилал махтут Ақд ал-Жамон фи тарих аҳл из-Заман ли Бадр ал-Айний. – Қоҳира: Мактабат Мадбулий, 2002.
  13. Жамолиддин Юсуф ибн Тағрибарди. Ал-Манҳал ас-софий вал-муставфа баъд ал-вафий. – 13 жилдлик. – Таҳқиқчи: Муҳаммад Амин, Саид Абдулфаттаҳ. – Миср: Ҳайъат мисрийя амма, 1984. – Ж. 11.
  14. Маҳмуд ибн Аҳмад Бадруддин Айний Ҳанафий. Шарҳ манорул анвар фи усулил фиқҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 2002.
  15. Муҳаммад ибн Абдур Раҳмон ас-Саховий. Китоб ат-тибр ал-масбук фи зайл ис-сулук. Таҳқиқчи: Нажва Мустафо Комил. – 4 жилдлик. – Қоҳира: Дор ал-кутуб вал-васоиқ ал-қавмия, 2002. – Ж. 1.
  16. Муҳаммад ибн Абдураҳмон Саховий. Аз-Завʼ ал-ломэʼ ли аҳл ал-қарн ат-тасиʼ. 10 жилдли.– Байрут: Дор ал-жайл, 1992. Ж. 10.
  17. Муҳаммад ибн Абдураҳмон Саховий. Важайз ал-калом физ-зайл ала дувал ал-ислом. Таҳқиқчи: Башшар Аввад Маъруф. Аҳмад Хотимий. Қоҳира: Муассаса ар-Рисола, 1995.
  18. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ийёс. Китоб тарих Миср ал-машҳур би бадўи аз-зуҳур фи виқўи ад-дуҳур. 10 жилдлик. – Қоҳира: Кутуб ал-Ҳайъа ал-Мисрия, 1982. – Ж. 2.
  19. Муҳаммад ибн Зайнулобидин Рустам. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ лил Имам ал-Бухорий. – Мағриб: Дор ал-башаир ал-исламия. 2013.
  20. Нуруддин Али ибн Дауд Сайрафий. Нузҳатун нуфус вал абдан фи таворихиаз замон. Таҳқиқчи: Муҳаммад Жамол Ҳомид Шурбажий. – Қоҳира: Маъҳад ал-Махтутот ал-Арабия, 2019. Ж. 2.
  21. Қосим ибн Қутлубуғо. Тож ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. Таҳқиқчи: Муҳаммад Хайр Рамазон. – Димашқ: Дор ал-қалам, 1413/1992.
  22. Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадруддин Айний ва асариҳу фи илм ал-ҳадис. – Ар-Риёд: Дор ал-башаир ал-исламия, 1983.
  23. Тақиюддин Мақризий. Ас-Сулук фи маърифа дувал ал-мулук. Таҳқиқчи: Муҳаммад Абдулқодир Ато. – 8 жилдлик. – Байрут: Дор ал-кутуб илмия, 1997. – Ж. 2.
  24. Тақийюддин ибн Абдулқодир Тамимий Дорий Иззий Мисрий Ҳанафий. Ат-табақотус сания фи тарожимил ҳанафия. – Ар-Риёд: Дар ар-рифўий, 1983. Ж. 3.
  25. Тошкубрузода. Мифтаҳ ал-саъода ва мисбаҳ ал-сияда фи мавзуъатил-улум. – 3 жилдли. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Ж. 1.
  26. Зуҳра Арипова. Ўрта аср тарихчилари ҳақида. Тҳе лигҳт оф Ислам, 2020. – №-4.

 

БАРОТ АМОНОВ,
Ҳадис илми мактаби ректори
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

САЙЙИД АБДУЛЛОҲ МУШКИН ҚАЛАМ ВАСФИЙ ТЕРМИЗИЙ ҲАЁТИ ВА АДАБИЙ МЕРОСИНИНГ ГЕРМЕНЕВТИК ТАДҚИҚИ

Ҳар бир мамлакатнинг ўз тарихи, диний ва миллий қадриятлари борлиги барчамизга маълум. Она юртимиз – …