Home / МАҚОЛАЛАР / “АТ-ТАРИХУС САҒИР” АСАРИ ҲАДИС РОВИЙЛАРИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШГА ОИД МУҲИМ МАНБА

“АТ-ТАРИХУС САҒИР” АСАРИ ҲАДИС РОВИЙЛАРИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШГА ОИД МУҲИМ МАНБА

Мамлакатимизда Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, тасаввуф каби ислом илмларига оид қимматли асарлар таълиф этган улуғ аждодларимиз илмий меросини ўрганиш янги босқичга чиқди. Бунда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қайд этиш керакки, шу вақтгача алломаларимиз асарлари якка тартибда она тилимизга таржима қилинган бўлса, бугунги кунда ушбу жараён тизимли илмий ҳаракатга айланди. Масалан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўзбек тилига ўгиришни йўлга қўйган. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази эса Имом Термизий ва Ҳаким Термизийнинг 20 дан ошиқ асарларини нашр этишга эришди. Худди шундай, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Ҳадис илмида мусулмонлар амири” деб ардоқланган бобомиз Имом Бухорийнинг барча асарларини ўзбек тилида чоп этишга яқин турибди.

Яқинда илмий жамоатчиликка тақдим этилган “Ат-Тарихус сағир” асарини Марказ фаолиятининг ёрқин амалий натижаси сифатида баҳолаш мумкин. “Ат-Тарихус сағир” таржимаси 570 саҳифадан иборат бўлиб, унда келтирилган айрим тарихий воқеаларга изоҳ ва шарҳлар берилди.

Имом Бухорий ҳадис ровийлари тарихига оид “Ат-Тарихул кабир”, “Тарихул авсат” ва “Ат-Тарихус сағир” деб номланган асарлар ёзган бўлиб, “Ат-Тарихул кабир”да жами 13 минг 798 нафар ровий ҳақида  маълумот келтирилган. “Ат-Тарихул кабир”даги ровийлар алифбо тартиби билан берилган бўлса, “Ат-Тарихус сағир” саналар бўйича, яъни ҳадис ровийларининг вафот этган йилларига кўра тартибланган.

Имом Бухорийдан “Ат-Тарихус сағир”ни Абдуллоҳ ибн Муҳаммад  ибн Абдураҳмон Ашқар ва Абу Муҳаммад Занжавайҳ ибн Муҳаммад Нисобурийлар ривоят қилган [2:27].

Уламолар Имом Бухорийнинг тарих китобларига юқори баҳо берган. Равдоний: “Асар саҳобалар тарихига оид бўлиб, улар ҳақида маълумот берилган илк асардир”, деган [3:32].

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий эса: “Абу Саҳл Маҳмуд Шофеъий бундай деганини эшитдим: “Ўттиздан зиёд мисрлик уламодан эшитган эдим. Улар: “Бизнинг бу дунёдаги эҳтиёжимиз Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарих” китобини ўқишдир”, деган эди”.

“Ат-Тарихус сағир” асари 2997 нафар ровий ҳақидаги маълумотларни жамлаган. Имом Бухорий бу асарда машҳур саҳобалар, тобеинлар ва тобеинларнинг издошларини, уларнинг вафот этган йиллари, наслу насаби, ўзаро мулоқоти ҳақида баён қилади. Кўп ҳолларда айрим ровийларнинг сифатларига хос бўлган ҳадис истилоҳларини: жарҳ ва таъдил, носих ва мансух, саҳиҳ ва заифлигини баён қилганини ҳам қайд этади. Муаллиф бу асарига воқеаларнинг йилма-йил кечишига қараб тартиб берган. Агар бир санани тугатса, у санада вафот этган машҳур шахсларни, улар билан боғлиқ муҳим ишларни зикр этиб, ундан сўнг кейинги воқеаларни ҳикоя қилишни бошлаган.

Имом Бухорий ушбу асарини ёзар экан, аввало, илмий омонатдорлик ва холислик тамойилларига қатъий риоя қилган. Бу асарнинг аҳамиятга молик жиҳати шундаки, айрим ровийларнинг сифати жарҳ ва таъдил иборалари билан келтирилган. Имом Бухорий жарҳ лафзини ишлатмоқчи бўлса, жуда эҳтиёткорлик билан ёндашган. Масалан: نظر فيه (фийҳи назарун – унинг ривоятларини текшириш лозим), عنه سكتوا (сакату анҳу – у ҳақда сукут сақлашган) ни ишлатган. Муҳаддиснинг бу борада қўллаган энг қаттиқ сўзи الحديث منكر (мункарул ҳадис – ривоят қилган ҳадиси рад этилган) сўзидир. Шу сабабли уламолар Имом Бухорийнинг ровийга берган енгилгина салбий таърифини ҳам жиддий қабул қилган.

Асарни тартибга келтиришда муаллифнинг қуйидаги мақсадлари кўзга ташланади:

  1. Ровийнинг исми ва кунясини аниқлаш-тириш:

– 1310. Абу Жаъфар Мадоинийнинг исми Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Мисвар ибн Авн ибн Жаъфар ибн Абу Толиб Қурайшийдир [1:319].

– 2579. Мусҳар ибн Абдулмалик ибн Салаъа Ҳамдоний Куфийнинг куняси Абу Муҳаммаддир[1:507].

– 2600. Аҳмад ибн Солиҳ айтди: “Юнус акамнинг ўғли Анбаса ибн Холид ибн Язид 197/813 йилда вафот қилди. Унинг лақаби Айлий эди” [1:509].

  1. Ровийнинг Пайғамбар алайҳиссаломни кўргани ва у зот алайҳиссаломдан ҳадис ривоят қилганини аниқлаштириш:

– 2358. Маъмар Собитдан, у Анасдан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтган. Маъмардан Абу Довуд ривоят қилган [1:476].

  1. Ровийнинг туғилган, яшаган, сафар қилган, вақтинчалик тўхтаб ўтган ва вафот этган сана ҳамда манзилларини аниқлаштириш:

– 1570. Яҳё ибн Букайр деди: “Қориз ибн Шайбанинг озод қилган қули Убайдуллоҳ ибн Абу Язид 126/744 йили вафот этди. У маккаликдир” [1:361].

– 1753. Амр ибн Қайс Сакуний Ҳимсий 140/757 йили вафот этган [1:388].

– 2392. Халафнинг куняси Абу Аҳмад бўлиб, Ашжаънинг озод қилган қули эди. Айтилишича, у 181/797 йили юз ёшида Бағдодда вафот этган. Халаф аввал Куфада яшади, кейин Воситга кўчди, сўнгра Бағдодга кўчиб ўтди. Аҳмад: “Халаф 180/796 ёки 179/795 йилнинг охирида вафот этди”, деди [1:481].

  1. Ровийнинг ҳадиси тарк қилинишининг сабабини баён қилиш:

– 1768. Яҳё бизга Суфёндан, у Мансурдан, у Иброҳимдан, у Холид ибн Саъддан, у Абу Масъуддан ривоят қилди: “У кўзадан набиз (маст қилувчи ичимлик) ичар эди” [1:390].

– 1771. Холид Абд Басрий ҳадисни Ибн Мунзир ва Ҳасандан ривоят қилган. Амр ибн Али уни ҳадис тўқувчи, деб айблаган[1:391].

– 2041. Жаъфар ибн Абу Жаъфар Ашжаийнинг отасидан ривоят қилган ҳадислари мункардир [1:433].

  1. Ровийлар силсиласини аниқлаштириш:

– 1430. Миқсамнинг Умму Саламадан ҳам, Маймунадан ҳам, Оишадан ҳам ҳадис эшитгани маълум эмас [1:338].

– 2241. Саид ибн Зувн Саълабий Басрий Анас ибн Моликни кўрган. Ундан Муҳаммад ибн Саид Қурайший ҳадис эшитган. Саиднинг ҳадисига эргашилмайди [1:461].

  1. Ровийнинг фазилатлари, нуқсонлари ва ҳадисга таъсир қиладиган бошқа хусусиятларини келтириш:

– 1898. Менга Убайдуллоҳ ибн Саид сўзлаб берди: Бизга Яҳё ибн Саид сўзлаб берди: “Менга Сарий ибн Исмоилнинг бир мажлисда ёлғон сўзлагани ошкор бўлди. У Куфий Ҳамдонийдир” [1:412].

– 1899. Али деди: “Жарир деди: “Умар ибн Яъло ҳадисни Анасдан ривоят қиларди”. Менга Умар ибн Яълонинг қавмидан Зоида: “Сенга у (Умар) қайси ҳадисларни айтиб берди?” деди. Мен: “Анасдан ривоят қилинган ҳадисларни айтди”, дедим. Зоида: “Гувоҳлик бериб айтаманки, у (Умар ибн Яъло) бундай-бундай (ҳалоллигига шубҳа бўлган) нарсаларни ичар эди. Шу сабабли хоҳласанг, ундан ҳадис ёзиб ол, хоҳласанг, ундан тийил”, деди” [1:412].

– 2098. Абдуллоҳ ибн Муҳриз Омирий Жазарий Қатодадан мункар ҳадис ривоят қилган [1:441].

– 2189. Майсара ибн Абду Роббиҳга ёлғончилик айби қўйилар эди [1:455].

  1. Ҳадиснинг даражасини белгилаш:

– 1303. Абу Савия Уқаймийнинг исми Суҳайлдир. Унинг ҳадиси басралик ровийлар ривоятлари қаторида туради [1:319].

– 1309. Шўъба Абу Авндан ривоят қилиб айтади: “Ҳорис бундан бошқа санад билан танилмаган ва бу саҳиҳ эмас” [1:319].

– 1564. Муоз ибн Муоз Шўъбадан, у Тавбадан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кийим ҳақида ривоят қилди. Аммо бу ҳадисни Ибн Умардан ривоят қилгани саҳиҳ эмас [1:360].

– 1801. Мусайяб ибн Нофеъ Абдуллоҳ ибн Сулаймон ибн Жунода ибн Абу Умайядан, у отасидан ҳадис ривоят қилган. У Давсийдир. Унинг ҳадисига эргашилмайди [1:395].

  1. Манзилларнинг географик жойлашуви ҳақида маълумот бериш:

– 1335. Замор Санъодан икки марҳала масофадаги жойдир [1:323].

– 1651. Менга Али ибн Наср сўзлаб берди: “Ашъас ибн Абдуллоҳ ибн Жобир Абу Абдуллоҳ Аъмо Ҳуддоний Басрийдир. Ҳуддон Аздда жойлашган” [1:374].

– 2025. Авзо Ҳумайр ҳудудига кирувчи жойдир. Ҳумайр эса Дамашқнинг Фародис Шомий дарвозаси томонидан чиққанда келадиган қишлоқдир [1:430].

  1. Муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қачон содир бўлганини ривоят қилиш:

– 290. Менга Ҳасан ибн Воқиъ сўзлаб берди: Бизга Замра сўзлаб берди: “Жамал воқеаси 36/657 йили бўлган эди”. Абу Нуайм: “У ражаб ойида бўлган”, деди [1:133].

– 2058. Али деди: “Суфённинг: “Жуҳҳоф (ҳалокатли ёғингарчилик) саксонинчи йили бўлган эди”, деб айтаётганини эшитганман” [1:435].

  1. Ровийнинг ҳадис илмидаги салоҳиятини аниқлаштириш:

– 1347. Баъзи насабшунос олимлар айтди: “Ҳакам ибн Утайба ибн Наҳҳос Бани Саъд ибн Ижл ибн Луҳайн қабиласидандир. Унинг (ҳадис) ёдлаган ёки ёдламаганини билмайман” [1:324].

– 2170. Бизга Муслим сўзлаб берди: Бизга Абу Ҳасан Саид ибн Зайд сўзлаб берди: “У ростгўй, ҳофиздир” [1:452].

– 2368. Али ибн Абдуллоҳ Менга Суфёндан сўзлаб берди: У айтди: “Молик ҳадис илмида пешво кишидир” [1:477].

  1. Ровий қайсидир фирқага мансуб бўлса, маълум қилиш:

– 1677. Яҳё ибн Саид деди: “Ато ибн Абу Маймуна ўлат касаллигидан кейин вафот этди. У қадарийларнинг эътиқодида эди” [1:377].

– 1988. Али ибн Наср менга айтиб берди. У Солиҳ ибн Абдулқуддуснинг ака (ёки ука)си Абдусаломнинг озод қилган қулидир. Абдусалом эса Абдураҳмон ибн Қайснинг озод қилган қулидир. У Маҳлабнинг она бир укаси бўлиб, қурбонлик куни хорижийлар билан бирга ўлдирилган [1:425].

– 2071. Менга Қутайба сўзлаб берди: “Абу Азҳар Муборак ибн Мужоҳид Марвазий қадарийлар тоифасидан эди”. (Қутайба) уни ўта заиф ҳисоблаган [1:437].

– 2517. Абу Сумайр Ҳаким ибн Хизом Басрий ҳадиси мункар кишидир. У қадарийлардан бўлган. Абдулмалик ибн Умайр ва Аъмашдан ҳадис эшитган [1:497].

– 2519. Менга Муҳаммад сўзлаб берди: Бизга Бишр ибн Умар сўзлаб берди: “Молик мени ундан (Иброҳим ибн Муҳаммад Абу Яҳё Асламийдан ривоят қилишдан) қайтарди”. Мен: “Қадарий бўлгани учун мени ундан қайтаряпсизми?” дедим. У: “Унинг дини кучли эмас”, деди [1:497].

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Имом Бухорий ровийлар тарихига жуда катта эътибор қаратиб, ҳар бир маълумотни илмий омонатдорлик нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганган, ўзига етиб келган хабарнинг ким томонидан айтилганига алоҳида аҳамият қаратган. Ушбу асар ровийлар ҳақида ёзилган дастлабки китоблардан бўлиб, ундаги маълумотлар энг ишончли услублар асосида сараланган. Шу нуқтаи назардан “Ат-Тарихус сағир” асарини ўрганиш нафақат ровийлар ҳақида энг тўғри маълумотга эга бўлиш имконини беради, балки Имом Бухорий ҳадис ривоят қилувчилар ҳақидаги маълумотларни саралаш бўйича қўллаган услуб-методларни ўрганиш ва ундан ахборот оқими кучайиб бораётган бугунги кунда турли фан ва соҳалар доирасида қўллашда долзарб аҳамият касб этади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ат-Тарихус сағир. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа уйи. 2023.
  2. Имом Бухорий. Ат-Тарихус сағир. – Байрут: Дорул маърифа,
  3. Имом Бухорий. Ат-Тарихул авсат. – Ар-Риёд: Дорус Сумайъий, 1998. 
ШАҲЗОД ИСЛОМОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходими

Check Also

ҲАДИС ИЛМИНИНГ ИБН ҲИББОН ДАВРИГАЧА РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

Ҳадислар исломнинг Қуръони каримдан кейинги манбаси ҳисобланади. Аввалига ҳадисларнинг Қуръони карим билан аралашиб кетишининг олдини …