Home / МАҚОЛАЛАР / ИХТИЛОФЛИ ҲАДИСЛАРНИНГ АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙ ТАЛҚИНИДАГИ ЕЧИМИ

ИХТИЛОФЛИ ҲАДИСЛАРНИНГ АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙ ТАЛҚИНИДАГИ ЕЧИМИ

Бугунги кунда илм ривожланиб, билим олиш воситалари кўпайди, улардан турли услуб ва мақсадларда фойдаланиш ҳам кенг оммалашди. Ушбу воситалардан устозсиз, тушуниб-тушунмай маълумот олаётганлар ҳам кўпайиб кетди. Хусусан, диний масалаларда, янада аниқроқ айтсак, ақидавий ва фиқҳий масалаларда бошқа мазҳаб ё оқимлар маълумотларини, далил ва ҳукмларини ўқиб, кўр-кўрона унга амал қилиш анчагина хатарли ишлардан бўлиб қолди. Бундай масалаларни, албатта, аниқ, ишончли, синалган устозлардан ўрганиш керак. Зеро, диний масалаларда адашиш оқибатлари жуда ёмон эканини озгина исломдан хабари бор инсон жуда яхши билади.

Ихтилофли масалаларда адашишнинг олдини олиш ва у ҳақда аниқ, илмий жавоб бериш мақсадида ислом уммати тан олган уламолар китобларидан далил келтирамиз. Бунда ўтган аср бошларида яшаган аллома Анвар Шоҳ Кашмирий (ваф. 1933)нинг ихтилофли масалаларни қандай тушунгани ва уларга қай услубда ечим излаганини кўриб ўтамиз. Ҳинд ўлкасида охирги уч-тўрт асрда етишиб чиққан кўпгина олимларнинг ислом уммати, ислом дини, илм-фан олдидаги юксак хизмати барчага маълум. Шундай олимлардан бири Анвар Шоҳ Кашмирий бўлиб, бундан бир аср олдин Ҳиндистоннинг Кашмир вилоятида яшаб, илмий фаолият олиб борган.  Фақат ўз юрти учун эмас, балки бутун ислом олами учун хизмати қадрли саналадиган бу олим фиқҳ, калом, ҳадис, тафсир каби йўналишларда кўплаб китоб ёзган. Кашмирий “Асрининг мужаддиди”, “Асрининг имоми” каби номлар билан машҳур бўлган. Ушбу аллома “Сиҳоҳи ситта”га кирадиган “Олти саҳиҳ” китобни, жумладан, икки буюк муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис китоблари –“Саҳиҳул Бухорий” ва “Сунани Термизий”ни атрофлича шарҳлаган. Унинг ёзган шарҳлари бир томондан ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақидаси асосида экани учун, иккинчи томондан ҳадисларга холис баҳо бериши, мазҳаблар ўртасида айирмачилик қилмаслиги ҳамда бошқа мужтаҳид олимлар ва уларнинг  қарашларини ҳам ҳурмат қилиб ёзилгани сабабли бошқа шарҳ китоблардан ажралиб туради.

Аллома Кашмирийнинг ҳанафий-мотуридий мазҳабини ривожлантириш учун қилган саъй-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида қуйидаги бешта фиқҳий масала мисолида ҳадисларни қайси услубларда шарҳлаганини ва улар орқали мазҳабини қандай асослаганини таҳлил қиламиз.

Дастлаб таҳоратда бошга масҳ тортиш учун олинган сув билан қулоққа масҳ тортиш ҳақидаги ҳадисларни қандай шарҳлаганини кўриб чиқамиз. Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ҳанафийлик мазҳабини қўллаб-қувватлашини баъзан бир қарашда киши хаёлига келмайдиган ҳадисларни далил қилиб келтириш билан амалга оширганини ҳам кўриш мумкин. Бунга “Сунани Термизий”да келган мана бу ҳадис мисол бўла олади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ – أَوِ : الْمُؤْمِنُ – فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَتْ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ – أَوْ : مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ. أَوْ نَحْوَ هَذَا – وَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَتْ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ – أَوْ : مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ – حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنَ الذُّنُوبِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам айтдилар: “Мусулмон киши таҳорат олаётиб юзини юваркан, сувнинг охирги томчилари оқиши билан кўзлари билан қараб қилган барча хатолари юзидан тўкилади. Қўлларини ювганда қўллари билан содир этган барча хатолар қўлларидан оқаётган сўнгги томчи сув билан оқиб кетади” [2:92].

Кашмирий бу ҳадисни қисқа равишда зикр этгач, “Бошини масҳ қилган вақтда қулоқлари билан содир этган барча хатолар тўкилади” деган иловасини ҳам келтирган ва ҳанафийларнинг бу борадаги фикрларини қуйидагича баён этган: “Бу ҳадис шуни кўрсатяптики, қулоқлар бошнинг ҳукми билан бир хилдир. Шу сабаб ҳанафийлар айтганидек, бошга масҳ тортгандан сўнг қулоқларга масҳ тортиш учун янги сув олиш шарт қилинмаган” [10:37].

Ҳанафийлар таҳоратда қулоқлар бошнинг ҳукмида эканини далил қилиб,  бош учун олинган сув билан қулоққа масҳ тортишга кифояланиб, янги сув олмасликни тавсия этган ва бунинг учун  الاذنان من الراس– “Қулоқлар бошдандир” [2:157; 3:49], деган ҳадисни далил келтирган. Кашмирий эса, аслида таҳорат фазилати ҳақида зикр этиладиган ушбу ривоятни мазҳабнинг фойдасига далил сифатида келтирган. Бу ҳам Кашмирийнинг далил келтиришдаги маҳоратидан далолат беради.

Анвар Шоҳ Кашмирийнинг мазҳаблар орасидаги ихтилофли масалаларда ҳанафий мазҳабининг фойдасига далил бўла оладиган ҳадисларни излаб, уни танлаб олишига ёрқин бир мисол сифатида имомнинг ортида иқтидо қилиб, намоз ўқиётган жамоатнинг “Фотиҳа” сурасини ўқимаслик  масаласидир. Мазҳаблар орасида ихтилофга сабаб бўлган бу масала хусусида кўплаб китоблар ёзилган, шу жумладан, Имом Бухорий “Ал-қироату халфал имом” номли асар ёзиб, унда бу борадаги ривоятларни жамлаган.

Ҳанафийлар бу масалада имом ортида намоз ўқувчи қироат қилмай, жим туришини таъкидлаган. Бунга қарши шофеъийлар фарз намоз ўқувчи муқтадийга “Фотиҳа”ни ўқишни фарз қилган ва бу борада кўплаб китоб ёзган. Аллома Кашмирий ҳанафийларни қўлловчи ҳадислар икки дона бўлиб, Бухорий уларни китобида келтирмаган, деб маълум қилган [10:302]. Кашмирий Имом Байҳақийнинг бир ҳанафий олимга ушбу масалада танқиди борлигига жавобан мавзуга доир бир асар ёзиш зарурати бор деб ҳисоблаган. Масалани кенг равишда олган Кашмирий “Сунани Термизий”ни шарҳлашда ўн тўрт бетда бу борада баҳс юритган [10:302-316].

Анвар Шоҳ Кашмирий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу (ваф: 34/654) ривоят қилган الكتاببفاتحةيقرألملمنصلاةلا– “Фотиҳатул китоб”ни ўқимаганнинг намози йўқдир” [3:823] деган ҳадисни шарҳлаб, унда икки масалага урғу берган:

Биринчиси “Фотиҳа”нинг ҳукми бўлиб, Кашмирийнинг айтиши бўйича ҳанафийларнинг наздида намозда “Фотиҳа” сурасини ўқиш вожиб, қолган уч мазҳабда эса, рукн ҳисобланади.

Иккинчи масала эса, жамоат имомнинг орқасида “Фотиҳа” сурасини ўқиш ё ўқимаслигидир.

Кашмирий ушбу ҳадис билан биринчи масалани шарҳлар экан, ҳанафийлар қарашини қўллаб қуйидаги икки ривоятни далил келтирган: “Ким имомга иқтидо қилса, имомнинг қироати унга ҳам қироат ҳисобланади”. “Имом қироат қилса, жим туриб, қулоқ солинг” [11:168]. Сўнгра Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни шарҳлашга ўтиб, (صلاةلا) – “намози йўқдир”  ифодасини баъзи ҳанафийлар айтганидек “мукаммал намози йўқдир” шаклида жавоб беришга қарши чиққан ва қуйидаги фикрни билдирган: “Менинг фикримча бундай жавоб қарши тараф фойдасига эътироз эшигини очиш саналади. Чунки “Фотиҳа”ни ўқиш бизда вожибдир. “Мукаммал намози йўқдир” деган жавобга кўра, намозда “Фотиҳа”ни ўқиш вожиб эмаслиги келиб чиқади. Зеро, усул уламолари айтганидек, субут жиҳатиданми ё далолати жиҳатиданми зонний бўлган бир ҳадис билан вожиблик собит бўлмайди” [9:385-386]. Яъни бир амалга вожиб дейиш учун далилининг бизгача етиб келиш даражаси ва ушбу масалани қўллаш кучи ўртача бўлмаслиги, балки кучли далиллардан бўлиши талаб этилади.

Кўриниб турганидек, Кашмирий усул қоидаларини ишлатиб, кўринишда ҳанафийлар фатвосига қарши кўринган бир ҳадисни ҳанафийлар далиллари таркибига олиб кирган. Шунингдек, صلاةلا (“Ла солата”) сўзидан сўнг كاملة (“камила”) сўзини тақдир қилиш, яъни бор деб фараз қилиш араб тили нуқтаи назаридан фасоҳатли гапириш бўлмаслигини, наҳв – грамматика олимлари зарурат бўлмаса, бу ишни очиқ равишда қилмаслигини айтиб, ўз фикрини билдирган [10:263-254].

Анвар Шоҳ Кашмирий “Муззаммил” сурасидаги فاقرؤوا ما تيسر من القران “Қуръондан муяссар бўлганича ўқинг” деган оят билан баҳс қилинаётган ҳадис ўртасида ўзаро мувофиқлик борлигини айтиб, бу борада ҳанафийларнинг қараши ниҳоятда тўғри эканини таъкидлайди ва намозда ўқиладиган “Фотиҳа” ва зам сурага бир хил – вожиблик ҳукмини бериш кераклигини уқтиради. Кашмирий  шофеъийларнинг намозда “Фотиҳа” сурасини қироат қилиш фарз, зам сурани суннат дейишини танқид қилган. Намозда бу иккисини ўқиш ҳақидаги ҳадислар хабари воҳид, яъни бир ривоят асосида етиб келганини ва бу ҳолатда иккисига икки хил ҳукм бериш тўғри эмаслигини таъкидлайди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийларнинг айтгани каби умумий маънода намозда қироат қилиш оят сабабли фарз, “Фотиҳа” ва зам сура бўлса, хабари воҳид билан собит бўлгани учун иккисининг ҳукми вожиб бўлиши энг тўғридир [9:394-395].

Шом намозининг фарзидан олдин икки ракат намоз ўқиш. Аввало, Кашмирийнинг Абдуллоҳ ибн Муғаффал (ваф:59/679)дан қилган ривоятини кўриб чиқамиз. Бу ривоят Аллома томонидан ҳанафийларнинг қарашларини қўллаб-қувватлаганига яққол мисол бўла олади. Бу ривоятга кўра, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: “Хоҳлаган кишига азон ва такбир ўртасида намоз бор” [1:157; 2:351]. Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби баъзи мазҳаб имомлари ҳадиснинг умумий маъносидан хулоса қилиб, шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб амал деган бўлса, Имом Абу Ҳанифа бу намозга макруҳ деб ҳукм чиқарган. Тоҳовий, Айний [4:178] каби муҳаддислар билан бир қаторда Кашмирий ҳам ҳанафийларнинг бу қарашини тўғри деб билиб, уни қўллаб-қувватлаган. Кашмирий “Сунани Термизий” шарҳида бу ривоятни шофеъийларнинг далили эканини айтиб, ҳанафийларнинг далилларини зикр этган ва юқоридаги ҳадисни таъвил қилган. Кашмирий томонидан “Арфуш шазий” асарида бу борада келтирилган далиллар қуйидагилардир:

  1. Суннатга тўлақонли умрини берган ва ҳар бир суннатга амал қилиб юрган Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонида ҳеч кимнинг шомдан олдин икки ракат намоз ўқиганини кўрмадим” [3:188]. Кашмирий ушбу ҳадис санадини “ҳасан” деб айтиб, шунга кўра ҳукм чиқарган.
  2. Кашмирий “Сунани Абу Довуд”да келган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқинг” дегандан кейин иккинчи марта такрорлаб туриб, одамларнинг бу намозни суннат деб тушунмаслиги учун “хоҳлаган ўқисин” [3:188] деган гапни қўшимча қилишларидан ҳам далил сифатида фойдаланган.
  3. Баззор (ваф. 292/905) ва Ибн Шоҳин (ваф. 385/996)нинг бу ривоятни насх бўлган деганларини ҳам далил қилган Кашмирий ҳадисда келган “Шом намози бундан мустасно” [5:303] деган гапни носих деб таъкидлаган.
  4. Шунингдек, Анвар Шоҳ бу ҳадисдан мақсад азон ва иқомат орасида икки ракат намоз ўқигудек даражада вақт ўтиши кераклигини айтган ва бу борада Баззорнинг “Муснад”ида келган “Ҳар бир азон ва иқомат ўртасида бир намоз бордир, шом намози бундан мустасно”[5:303] деган ҳадисни далил келтирган.

Кашмирий шу ва шунга ўхшаш далиллар билан шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб амал эмаслигини исботлаган [201-202].

Бомдод намози вақти кирмасдан азон айтиш. Мазҳаблар орасидаги ихтилоф қилинган масалалардан яна бири бомдод вақти киришидан олдин азон айтиш масаласидир. Ҳанафийлар наздида бу амал жоиз эмас. Агар айтилган бўлса, бомдод вақти киргач, қайтадан айтилади. Ҳанафийларнинг бу ҳукмига қарши кўринадиган баъзи ривоятлар бор. Жумладан, “Билол кечаси азон айтади, сизлар Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг азонини эшитгунингизча еб-ичаверинг” [1:156] деган ҳадис. Кашмирий бу ривоятнинг шарҳида мазҳабларнинг қарашларини зикр этиб, ҳижозликлар ва шофеъийлар наздида субҳи содиқдан – бомдод вақти киришидан олдин азон айтиш жоизлигини айтган. Имом Абу Ҳанифа (ваф.150/767) ва Имом Зуфар (ваф.158/775) наздида бошқа намозларда бўлгани каби бунда ҳам вақтидан олдин айтилган азон жоиз эмас ва у қайтарилади. Имом Абу Юсуф (ваф.182/798) дастлаб жоиз эмас деган бўлса, имом Молик (ваф.179/795) билан баҳс-мунозарадан кейин жоизлигига фатво берган [10:216].

Кашмирий юқоридаги ҳадисга қуйидагича жавоб берган:

“Азонни икки марта айтишнинг сабаби одамларни саҳарлик қилдиришдир”. Чунки “Саҳиҳайн”да келган ҳадисда “Сизлардан бирингизни Билолнинг азони саҳарликдан қайтармасин. Зеро, у намоз ўқувчи намозидан тўхташи ва ухлаган уйғониши учун азон айтади” [1:156] дейилган. Шундай экан, азонни такроран айтиш рамазон ойида бўлиши керак. Абдулмалик ибн Қаттон Шофеъий (ваф.123/741) ва Ибн Дақиқул Ийд (ваф.702/1302) буни очиқ равишда билдирган. “Ширъатул ислом” китобида саҳарлик учун азон айтиш мустаҳабдир деб айтилган. Бу китобнинг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (ваф.593/1197)нинг устози бўлиб, унинг асари далил сифатида қабул қилиш мумкин бўлган эътиборли китоб саналади. Мен шуни айтаманки, азонни такроран айтилиши бутун йил давомида бўлган иш эмас. Бу борада “Шарҳу маонил осор” ва “Насбур роя”  асарларида кўпгина далил мавжуд” [10:216-217]. 

Кашмирий ҳанафийлар наздида ҳадисларни мана шу услуб ва йўллар билан ҳам тушуниш ва амалга киритишни кўрсатиб берган. Юқоридаги ҳадисни шарҳлашда ва тушунишда ҳанафийлар тўғри йўлда эканини янада аниқ исботлаш учун Дороқутний (ваф.385/996)нинг “Сунан” номли ҳадис асарида келган бир ривоятни келтирган. Ушбу ҳадисга кўра, Мадинанинг тўққиз бурчагида масжидлар фаолият олиб борган ва улар Билолнинг азонини эшитиши билан намозга турган [6:458]. Бундан ҳам маълум бўлмоқдаки, Билолнинг бомдод вақти киришидан олдин айтган азони бутун йил бўйича давом этмаган, акс ҳолда улар саҳарлик қилишга киришиш ўрнига, намозга турган бўлармиди?! [9:218].

Намознинг интиқол – бир ҳолатдан бошқасига кўчишда айтиладиган такбирлар вақтида қўлларни кўтариш. Намозга киришдаги биринчи такбир – такбири таҳримани айтишда қўлларни кўтариш кераклиги борасида барча мазҳаб бир хил фикр билдирган. Аммо улар руку ва саждага боришда қўлларни кўтариш борасида ихтилоф қилган. Саҳобалардан Умар (ваф.23/644), Али (ваф.40/661), Ибн Масъуд (ваф.32/652), Ибн Умар (ваф.73/693), Ибн Аббос (ваф.66/686), Абу Ҳурайра (ваф.58/678) (розияллоҳу анҳум)дан, мазҳаб имомларидан Имом Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий (ваф.161/778)дан қўлларни кўтармаслик ҳақида ривоятлар нақл қилинган [7:354]. Қолган имомлардан эса қўлларни кўтариш ҳақидаги фикрлар етиб келмаган [12:193].

Кашмирий ушбу мавзуга атаб “Найлул фарқадайн фи рофъил ядайн” китобини ва унга ҳошия – шарҳ сифатида “Бастул ядайн ли найлил фарқодайн” деган алоҳида асар ёзган. Шунингдек, “Сунани Термизий”ни шарҳлашда масалани кенгроқ ёритган ва мазҳаблар орасидаги фарқларни ҳамда уларнинг далилларини баён қилган [9:451-501]. Масалага тегишли ҳадисларни шарҳлаш жараёнида фиқҳий мунозараларни тилга олган ва ҳар бир мазҳабнинг далилларини батафсил келтирган, ҳатто мазҳаб имомларидан турли қарашлар етиб келган бўлса, уларни ҳам эринмасдан келтирган ва бу билан кучли, аниқ, ишончли натижага эришишга ҳаракат қилган.

Аллома Кашмирий дастлаб Имом Шофеъий ва Аҳмад Ибн Ҳанбалнинг намозда қўлларни кўтаришга алоқадор қарашларини, сўнг имом Моликдан келган бир ривоятга кўра, унинг Имом Абу Ҳанифа билан бир хил фикрда эканига урғу берган. Моликий мазҳабида айнан ўша ривоятга асосан қўллар кўтарилмаслигини ҳам баён этган. Шундан сўнг ривоятларни шарҳлашга киришиб, мавзуга дахлдор барча ривоятларни кўриб чиққан. Улар ичида икки сажда орасида ва учинчи ракатга туришда ҳам қўлларни кўтаришга тегишли ривоятлар борлигини, лекин шофеъийлар нимагадир буларга амал қилмаганини баён қилган. Кашмирий ҳанафий мазҳаби далилларига ўтишдан олдин, моликийларнинг қарашларини яна бир бор тилга олган. Шу ерда у “Бидаятул мужтаҳид” асаридан ривоятларни нақл қилиб, Имом Моликнинг намозда қўлларни кўтармасликни таржиҳ қилгани Мадина аҳлининг амалига асосланганини айтиб ўтган [9:454-455].

Хулоса сифатида Кашмирий ҳар икки тарафнинг иши ҳам мутавотир йўл билан собит бўлганини, уларни инкор этиш имкони йўқлигини таъкидлаб, ўртага учта эҳтимолнинг юзага чиққанини айтган. Булар – қўлларни кўтармаслик (бу биз ҳанафийларнинг тутган йўлимиз); қўлларни кўтариш; таржиҳ қилишга қолдиришдир. Кашмирий қўлларни кўтармасликка доир барча марфуъ ҳадисларни ва кўтариш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган ривоятларни бир жойга жамлаганда ҳанафийларнинг далиллари ниҳоятда кўпайиб кетишини айтган [10:263]. Қўлларни кўтаришга тарғиб қилинган ҳадисларнинг санадини тадқиқ қилиб, у санадларни танқид қилган [10:458]. Охирги натижа ва хулоса сифатида Кашмирий қуйидагиларни айтган: “Бу масаладаги ихтилоф афзалият, яъни энг яхшироғини қилишга бўлган ихтилофдир. Ҳанафийлардаги қўлларни кўтариш макруҳ деган қавл фақатгина “Мунятул мусоллий” номли фиқҳий китобда очиқ равишда келтирилган. Манба сифатида келтириладиган бошқа ҳанафий китобларда эса, бунинг аксини кўриш мумкин” [8:155].

Юқоридаги намозга тегишли фиқҳий масалаларни ўрганиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, Анвар Шоҳ Кашмирий ҳадисларни ҳар томонлама ўрганиб, сўнгра унга ҳукм берган. Ривоятларни зоҳирига қараб “бу олинмайди” ёки “бу ривоятда қайсидир камчилик бор” деб қайтармаган. Шунингдек, ҳадисларни батафсил ўрганиб, кўринишидан мазҳабга мувофиқ келмайдиганларини атрофлича таҳлил қилган. Бошқа уламолар эътибордан четда қолдирган ҳадисни керак бўлса, мазҳаби учун далил қилиб келтирган. Буларнинг барчаси Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ҳадисларни англаш ва мазҳаб билан боғлашдаги маҳоратидан далолат беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Т.: Ғафур Ғулом. 1999. Ж:1.
  2. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра. Жомеъут Термизий. –Каротиший, Покистон: Мактабатул Бушро. 2012. Ж.1.
  3. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний Аздий. Сунани Абу Довуд. – Байрут, Дорул фикр, 1998.
  4. Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад Бадриддин Айний. Сунани Абу Довуд би-шарҳи Ал-Айний. – Ар-Риёд: Мактабат ар-Рушд, 1999. Ж.V.
  5. Абу Бакр Аҳмад ибн Омир ибн Абдулхолиқ ал-Баззор. Ал-Баҳр аз-заҳҳор ал-маъруф би-муснади ал-Баззор. – Мадина: Ал-Мактабат ал-улум вал ҳукм, 2009. Ж.X.
  6. Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий Дороқутний. Сунани Дороқутний. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2011.
  7. Абулҳасан Али ибн Холаф ибн Абдулмалик ибн Баттол Қуртубий. Шарҳу Саҳиҳ ал-Бухорий. Ар-Риёд, Мактабат ар-Рушд, 2008. Ж.II.
  8. Иброҳим Анар. Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ҳадисчилиги”. Караман ўғли Меҳметбей университети, ижтимоий фанлар институти. – Караман., 2020.
  9. Кашмирий. Маорифус сунан. II. – Каротиший, Покистон., 1990.
  10. Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. Арфуш шазий ъала Жомиъи Термизий. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2007. Ж. 1.
  11. Муслим ибн Ҳажжож Қушайрий Найсабурий. Саҳиҳи Муслим. – Байрут: Дорул кутубил илмия. 1999.
  12. Хаттобий. Маолимус сунан. – Ҳалаб: Матбаатул илмия. 1933. Ж. I.
ҲОШИМЖОН НИЗОМИДДИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

Check Also

У АРШ УЗРА “МУСТАВИЙ” БЎЛМИШ РАҲМОНДИР

Аҳли сунна вал жамоа уламолари, улуғ тилшуносларнинг айримлари, масалан, Субкий, Ибн Ҳожиб ва бошқалар “(У) …