Шуъба ибн Ҳажжож розияллоҳу анҳу
Болалигидан бошлаб Басрада яшаган. У Анас ибн Сирийн, Ҳакам ибн Утайба, Амр ибн Динор, Айюб Сахтиёний розияллоҳу анҳум каби шахслардан[1], шунингдек, тобеинлардан бўлган 400 га яқин кишидан ҳадис тинглаган[2]. Басрада рижол танқиди фаолиятларини бошлаган илк шахсдир[3].
Илм билан шуғуллангани боис ишлай олмаган ва фақирона ҳаёт кечирган. Эҳтиёжларини жиянларининг ёрдами билан ва ўз буюмларини сотиб таъминлаган[4]. Унинг Башшор ва Ҳаммод исмли ака-укалари унинг номидан савдо-сотиқ қилишган[5]. Камбағал бўлишига қарамай, жуда саховатли киши бўлган ва ҳузурига бир тиланчи келганида уни уйига олиб, имконияти доирасида эҳтиёжини қондирар эди. Ундан кўмак сўраб келганларни ҳам имконияти доирасида бўш қайтармаган[6].
160/776 йили Басрада вафот этган[7].
Шарик ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу
Шарик ибн Абдуллоҳ 95/713 йилда туғилган. У Зубайд ибн Ҳорис, Симак ибн Ҳарб, Осим ибн Баҳдала, Мансур ибн Муътамир розияллоҳу анҳум каби шахслардан таҳсил олган[8].
Илм таҳсили давомида сут сотиб, китоб ва дафтар олган[9], лойдан ғишт тайёрлаб сотиш билан шуғулланган[10]. Абу Жаъфар Мансур (р.а.) унга Куфа қозилигини таклиф қилган, лекин Шарик бу вазифадан озод этилишини сўраган. Мансур Шарикни ёнига чақириб, тайинини амалга оширганига қасам ичганидан кейин, Шарик бу вазифани қабул қилишга мажбур бўлган[11].
Шарик 177/794 йили Зулқаъда ойида[12] 82 ёшида вафот этган.
Имом Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу
Имом Молик ибн Анас 93/712 йили туғилган[13]. У кўп сонли тобеинлар билан кўришган[14] ва ўша даврнинг илм марказларидан бири Мадинада етишган. Тобеин ва табаъ тобеинлардан иборат бўлган 900 кишидан ҳадис тинглаган[15]. “Муватто” номли машҳур ҳадис асарини ёзган[16].
Давлат амалдорлари унга моддий ёрдам кўрсатишган. У шинам ва чиройли кийимлар кийган, уй жиҳозларига ҳам алоҳида эътибор берган[17].
179/795 йили Мадинада[18] 86 ёшида вафот этган.
Ибн Лахиа розияллоҳу анҳу
97/716 йили туғилган[19]. У Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз Аъраж, Ато ибн Абу Рабоҳ, Мусо ибн Вардон розияллоҳу анҳум каби кўпчиликдан ҳадис ривоят қилган[20].
У Миср қозиси сифатида фаолият олиб борган. Халифа Мансур (р.а.) унга ойлик 30 динор маош тайинлаган[21].
Ибн Лахиа 174/790 йили Рабиул аввал ойида вафот этган[22].
Абу Авона Воситий розияллоҳу анҳу
92/710-711 йилда туғилган. Асли журжонлик бўлган Абу Авона Ҳасан Басрий ва Ибн Сирийн розияллоҳу анҳумолар билан кўришган, лекин улардан ҳадис ривоят қилмаган. У Амр ибн Динор, Қатода ибн Диама, Саид ибн Иброҳим, Мансур ибн Муътамир, Сулаймон Аъмаш розияллоҳу анҳум каби олимлардан ҳадис ривоят қилган[23].
Язид ибн Атонинг хизматкори (қули) бўлгани боис Язиднинг мато дўконида сотувчилик қилган[24].
176/792 йили Рабиул аввал ойида Басрада[25] 84 ёшида вафот этган.
Исмоил ибн Аъёш розияллоҳу анҳу
108/726-727 йилда туғилган. Шом муҳаддисларидан бўлган. Шураҳбил ибн Муслим, Муҳаммад Зиёд Алҳоний, Абдуллоҳ ибн Динор, Саффон ибн Амр розияллоҳу анҳум каби кўплаб шахслардан ҳадис ривоят қилган[26].
Абу Жаъфар Мансур (р.а.) уни кийим омборига масъул этиб тайинлаган. Шунингдек, отасидан унга мерос қолган 4000 динорнинг барчасини илм ўрганиш учун сарфлаган[27].
181/797 йилда вафот этган[28].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими