Ҳадислар исломнинг Қуръони каримдан кейинги манбаси ҳисобланади. Аввалига ҳадисларнинг Қуръони карим билан аралашиб кетишининг олдини олиш учун уни оммавий ёзишдан қайтарилган. Ҳадислар ёзилишининг бошланиши ва тараққий этиши жараёни ҳақида маълумотга эга бўлишимиз мазкур соҳанинг IX асрга келиб, қандай ҳолатга келганини англашимизга ёрдам беради.
Ҳадис илмининг ёзиб бошланиши ва тараққий этиши бўйича бир қанча олимлар тадқиқот олиб борган. Шундай олимлардан бири Фуод Сезгин [14] бўлиб, у ўз тадқиқотларида уммавийлар ва аббосийлар давридаги ровий ва муҳаддисларнинг қисқача таржимаи ҳоли, саъй-ҳаракатлари ва ёзган асарларига катта аҳамият берган. Шунингдек, муаллиф ровий ва муҳаддисларга оид қўлёзма манбаларнинг қаерда сақланаётгани ҳақида ҳам маълумот келтирган. Бу борада изланиш олиб борган Доктор Муҳаммад ибн Матар Заҳроний [5] эса саҳобалар давридан бошлаб IX/XV асргача бўлган ҳадисларнинг ёзилиши ва тамойилларини мисоллар билан ёритиб берган. У ўз тадқиқотларида ҳадисларнинг қайд этиб борилгани ва саҳифа ҳамда китоблар ёзилганига урғу берган. Қолаверса, ёзилган асарлар аҳамияти ва уларга ёзилган шарҳларга алоҳида эътибор қаратган.
Бундан ташқари, доктор Муҳаммад Мустафо Аъзамий [10] ҳам бу борада бир қанча ишларни амалга оширган. Жумладан, олим Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан II/VIII аср ярмигача бўлган ҳадисларни ёзиб борган саҳоба ва тобеинларни алфавит шаклида келтириб, уларнинг яшаган даври, кимлардан ривоят қилгани ва улардан ким ривоят қилганига кўпроқ тўхталган. Бошқа бир тадқиқотчи Доктор Акрам Зиё Умарий [2] эса “Буҳусун фи тарихис суннатил мушаррифа” номли китобининг “Ҳадиснинг ёзилиши” бобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан III/IX асргача бўлган даврда ровий ва муҳаддислар томонидан ёзилган битик ва саҳифалар, шунингдек, машҳур ҳадис китоблари ҳақида маълумот келтирган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шу кунга қадар аксарият ҳолларда, ҳадис илми ёзилишининг ривожланиш босқичлари ҳақида фақатгина араб олимлари томонидан тадқиқот олиб борилганини кўришимиз мумкин. Юртимиз олимлари томонидан эса бу борада амалга оширилган ишлар етарли эмас. Шу сабабли, бугунги кунда юртимиз олимлари томонидан Ибн Ҳиббонгача бўлган даврда ҳадис илмининг ёзилиши жараёнини ўрганиш долзарб илмий аҳамиятга эга бўлиб, бу, ўз навбатида, мазкур соҳада амалга оширилаётган тадқиқот ишларига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Маълумки, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида яқин кўмакдош бўлган. Вафотларидан кейин йўлларини маҳкам тутиб, ҳимоя қилган. Бу муборак авлоднинг саъй-ҳаракатлари суннатни ёзиб, асраб-авайлаш ва умматга етказишда биринчи асос бўлган. Улар динни ёйиш, эътиқодни мустаҳкамлаш ва суннатни барча нопок нарсалардан ҳимоя қилишда байроқдорлик вазифасини ўтаган.
Саҳобаларнинг суннатни ҳимоя қилиш ва сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бир неча тамойилни ўз ичига олган.
Дастлабки тамойил шуки, ҳадис ёдлашга ундаш ва ёд олинган ҳадисга қатъий риоя қилиш. Саҳобаларнинг аксарияти шогирдларига ёд олиш чоғида ҳадисларни ёзиб олишни буюрар, сўнг саҳифага ишониб қолмаслиги учун ёзганларини ўчиртирар ва ёдда сақлашни амр этарди.
Хатиб Бағдодий: “Салафлар ҳадисни ёд олишда аввал уни ёзиб олиб, китобатидан ўрганиб, фойдаланар, ўзлаштириб бўлгач, саҳифага таяниб қолишдан хавфсираб, ёзганларини ўчириб ташлар эди. Чунки бу ёдлаш даражасининг пасайишига, ёд олинганларга нисбатан кам диққат-эътибор берилишига олиб келади” [17:62-63], деган.
Иккинчи тамойил суннатни бир-бирига ёзишиш бўлган.
Хусусан, Усайд ибн Ҳузайр Ансорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадисларини ёзган. Вақти келиб, Абу Бакр, Умар ва Усмон шулар билан ҳукм чиқарган ва уни Марвон ибн Ҳакамга юборган [3: 226].
Жобир ибн Самура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларини китобат қилиб, талабига кўра, Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосга жўнатган [4:89; 9:883]. Бу ҳақда кўплаб мисол келтириш мумкин. Мавзу чўзилмаслиги учун қисқача келтирдик.
Кейинги тамойил саҳобалар шогирдларини ҳадисларни ёзма равишда қайд этиб боришга ундаган. Шу орқали келажак авлодлар учун муҳим манбалар ҳосил бўлишига хизмат қилган.
Бу хусусда Анас ибн Молик Ансорийни мисол келтириш мумкин. У фарзандларини илмни ёзиб боришга ундаб: “Эй ўғилларим, илмни ёзиш билан боғлаб қўйинг”, дер эди. Анас ибн Моликнинг: “Биз илмини ёзиб бормаган кишининг илмини илм деб ҳисобламас эдик”, деган сўзлари машҳурдир [6:16; 17:122-141].
Ҳадисни саҳифаларга ёзиш ва устоз-шогирд орасида нақл қилиш, саҳобалар орасида ҳукм сурган яна бир тамойилдир.
Улар қолдирган саҳифалар II-III/VIII-IX асрларда ёзилган “Жомеъ”, “Муснад”, “Сунан” ва бошқа таснифдаги асарлар учун ўта муҳим ва аниқ манба бўлиб хизмат қилган. Қуйида шундай саҳифаларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Абу Бакр Сиддиқнинг саҳифаси. Унда закотнинг фарзлари ҳақида ҳужжатлар келган.
Анас ибн Моликдан қуйидаги ривоят бор: “Абу Бакр Сиддиқ уни закот йиғувчи қилиб юборганида, закотнинг фарзлари ҳақида мактуб ёзиб берган. Мактубда, жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узук (муҳр)лари ва: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларга фарз қилган ва Аллоҳ Ўз Расулига амр қилган фарз закотдир…” дейилган” [13:361-362].
Шунингдек, “Али ибн Абу Толибнинг саҳифаси”, “Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг саҳифаси”, “Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг саҳифаси”. “Абу Мусо Ашъарийнинг саҳифаси”, “Жобир ибн Абдуллоҳнинг саҳифаси” [7:11; 18:35-36] ва бошқа “Саҳифалар”.
Шундай қилиб, саҳобалар кейинги умматга ўз ҳифз ва қайдлари орқали ўта муҳим хабарлар, динимиз таянчи бўлган ҳадиси шарифларни мерос қолдирган.
Кейинги авлод тобеинлар бўлиб, улар нафақат суннатни, балки бутун динни саҳобаи киромлардан ўрганди. Устозларидан кейин рисолатни инсониятга етказишни ўз зиммасига олди ва бу вазифани ниҳоятда эҳтиёткорлигу омонатдорлик билан бажарди. Чунки бу даврда фитналар авж олди, адашган фирқалар кўпайди ва ҳар хил бидъатлар урчий бошлади. Шу билан бирга, инсон ўз феъли (хатти-ҳаракати)нинг яратувчиси дейдиган қадарийлар, ақлга таяниб Қуръон ва суннатни “танқид” қилган жаҳмийлар, суннатни инкор қилган рофизийлар, ақл-идрокни ақиданинг асоси деб эътироф этган, ўзини тавҳид ва адолат тарафдори, деб билган мўътазилийлар каби бузғунчи оқимлар пайдо бўла бошлади.
Тобеинлар саҳобалардан кейинги энг яхши авлод бўлган. Улар Қуръон ва суннатни уларни бузиб талқин қилган душманлардан асраб-авайлаш, одамларга омонатни тўлиқ етказишга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратган.
Тобеинларнинг суннатни муҳофаза қилиши йўлидаги саъй-ҳаракатларига келсак, дастлабки тамойил шуки, тобеинлар одамларни суннатга амал қилишга, ёдлашга, ёзиб олишга, ривояти ва тингланишида бардавом бўлишга ундаган. Бу вазифаларни бажаришда суннатни ёзиб олишга устувор аҳамият берилган.
Имом Омир Шаъбий бундай деган: “Бирор нарсани эшитсангиз, деворга бўлса ҳам ёзиб қўйинг. Шу сизга саҳифадаги ҳолатидан кўра яхшироқдир. Бир кун келиб, ўзингизга керак бўлиши муқаррар” [17:128].
Ҳасан Басрий: “Илм китоб ичида қолиб кетмаслиги даркор. Биз уни ўрганишимиз жуда ҳам зарур. Бунда эса, ёзув алоҳида аҳамиятга эга. Ёзув билан илм мустаҳкамланади” [17:128], деб янада аниқроқ баён қилган.
Кейинги тамойил суннатни бевосита саҳифаларга ёзишдир. Ҳадис ёзиш саҳобалар давридагидан кўра, тобеинлар асрида кенгроқ миқёсда тарқалган. Чунки китобат ўша пайтда ислом шаҳарларида кўпайиб, илм ҳалқаларининг ажралмас қисмига айланган.
Илм ёзилишининг кенг кўламда ёйилишига қуйидагилар сабаб бўлган бўлиши мумкин: ривоятларнинг катта миқдорда тарқалиши, санадларнинг узун бўлиб кетгани, ровийларнинг исм, куня ва насл-насаблари ниҳоятда кўплиги.
Кейинги сабаб суннат ҳофизлари бўлган саҳоба ва катта тобеинлардан кўпчилигининг вафот этишидир. Уларнинг кетиши билан суннатнинг кўпи йўқолишидан хавотирлар кучайган.
Айни пайтда одамлар орасида ёзишнинг тарқалиши туфайли ёдлаш малакаси аввалгилардан кўра заифлашиб бормоқда эди. Шу билан бирга, фиқҳ, ақида каби илмларда ҳар хил йўналишлар кўпайиб кетаётганди.
Таъкидланганидек, турли бидъатлар ҳам урчиб бошлаган эди. Ҳавойи нафс йўлида ўзини олим деб даъво қилувчилар сафи кенгайгандан кенгайган, тарқалаётган сон-саноқсиз ёлғонларни жиловлаб бўлмай қолган эди.
Тобеинлар суннатни уни ёдда сақлаш ва унга ғайри нарсаларнинг киришини олдини олиш учун ҳам ёзишга киришган.
Ўша даврда бир қанча саҳифалар ёзилган. Жумладан, қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин.
Ибн Аббоснинг шогирди Саид ибн Жубайрнинг саҳифа ёки саҳифалари. Башир ибн Наҳикнинг Абу Ҳурайра ва бошқалардан ёзган саҳифаси [8:138]. Ибн Аббоснинг шогирди Мужоҳид ибн Жабрнинг саҳифалари. Абу Яҳё Киносий: “Мужоҳид мени хонасига олиб бориб, ёзганларини чиқарарди. Мен ундан кўчириб олардим”, деган [17:135]. Жобир ибн Абдуллоҳнинг шогирди Абу Зубайр Муҳаммад ибн Муслим Тадрус Маккийнинг саҳифаси [11:203]. Зайд ибн Абу Унайса Руҳовийнинг саҳифаси [15:160]. Абу Қилобанинг саҳифаси [11:144]. Айюб ибн Абу Тамийма Сижистонийнинг саҳифаси [15:161]. Ҳишом ибн Урва ибн Зубайрнинг саҳифаси [15: 162].
II-III/VIII-IX асрларда ёзилган мана шундай саҳифалар саҳобаларнинг саҳифаларидан кейинги асосий манбага айланган.
Яна бир тамойил Умар ибн Абдулазиз ва Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрийнинг суннатни ёзишдаги саъй-ҳаракатларидир. Улар суннатни тарқатиш ва бидъатни йўқотиш борасида назарий ва амалий фаолият олиб борган. Ҳадисларни ёзиб, тўплам тузиш расмий равишда халифа Умар ибн Абдулазизнинг амридан кейин кенг тус олган.
Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да Абдуллоҳ ибн Динордан бундай ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳазмга мактуб ёзди: “Қара, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан нима бўлса, шуни ёз. Чунки мен илмнинг йўқолиб битишидан, уламоларнинг вафот этиб кетишидан қўрқаяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларинигина қабул қил. Илмни кенг ёйинглар, (илмий) мажлислар қуринглар, токи билмайдиганлар билимли қилинсин. Чунки илм сир тутилмас экан, йўқ бўлиб кетмайди” [12:197].
Ибн Шиҳоб Зуҳрий эслайди: “Умар ибн Абдулазиз бизга суннатларни йиғишни буюрди, уларни дафтарларга ёздик. Сўнг ўзи ҳукмронлик қилган ҳар бир ҳудудга дафтар юборди” [20:76].
Имом Молик: “Илмни биринчи бўлиб ёзган Ибн Шиҳоб Зуҳрийдир”, деган [17:135].
Юқоридаги омиллар туфайли тобеинлар даврида суннатни ўрганиш ва китобатнинг ўзига хос жиҳати ҳамда шартлари пайдо бўлди. Албатта, бунда ҳадис ровийларининг ҳолати, хабарларнинг нақл қилиниши ва ишончли бўлмаганларини муомалага киритмаслик каби масалалар устуворлик касб этган.
Бинобарин, тобеинлар даврида шу тариқа ҳадислар ёзилиб, мажмуалари ва тўпламлари тузилган. Шу асрда ҳадисларни ёзиб олиш, китобат қилиб, тарқатишга давлат сиёсати даражасида аҳамият бериш бошланган.
II/VIII аср икки авлод даврини ўз ичига олади. Биринчиси 140/757 йилдан кейин яшаган кичик тобеинлардир. Иккинчиси эса, умматга суннатни ривоят ва динни нақл қилган учинчи ҳалқа табаа тобеинлардир. Мана шу авлод бидъат ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларни фош этиб, ислом цивилизациясининг ривожланиш жараёнига катта таъсир кўрсатган. Шу аср ўрталарида суннат ва ровийларга қарши чиққан бидъатчи зиндиқлар энг юқори чўққига чиққанди. Бу авлод ўшаларнинг ёлғон тўқималарини ажратиб, динни ҳимоя қилган. Ҳатто, халифа Маҳдий Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мансур (744-785) [16:221] ўз одамларидан бирини уларнинг хабарларини кузатиш учун хуфя тарзда зиндиқлар орасига киритган. Лекин улар шунчалик кўпайган эдики, ҳатто кузатишга тайинланган одам ҳам пировардида бидъатчи зиндиқ бўлиб чиқарди.
Мана шундай тубанлик даврида бу авлоднинг уламолари булғанган ҳар бир нарсадан суннатни ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган. Шунингдек, суннатни кенг қамровли тартиблаш ва бўлимларга ажратишни бошлаган. Ҳадисларни текширувлардан ўтказиб, қоғозларга битиб жамлаган. Гарчи, санадни суриштириш саҳобалар асрининг охири ва катта тобеинлар даврида бошланган бўлса-да, “илми рижол” (ровийларни билиш илми) айни шу пайтда ривожланган. Бу авлод ҳадисларни боб ва фаслларга ажратиб, тартибга солишда кашшоф бўлгани каби илми рижолни тасниф этишда ҳам пешқадам бўлган. Ровийлар тарихи ҳақида ҳам ёзиш бошланган. Шу битикларни биринчилардан бўлиб Лайс ибн Саъд (ваф.174/790), Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф.181/797), Замра ибн Робиа (ваф. 202/817), Фазл ибн Дукайн (ваф. 218/833) каби алломалар тасниф этган [10:88].
Шу авлод вакиллари ровийларнинг буюк билимдонлари бўлиб, суннат илмларининг асосчилари ҳисобланади. Молик (ваф. 179/797), Шофеъий (ваф. 204/820), Саврий (ваф. 161/778), Авзоий (ваф. 157/774), Шуъба (ваф. 160/777), Ибн Муборак, Иброҳим Фазорий (ваф. 188/804), Ибн Уяйна (ваф. 198/814), Ибн Маҳдий (ваф. 198/814), Вакиъ (ваф. 196/812) [1:10] каби алломалар шулар жумласига киради.
Ушбу асрдаги ҳадисларнинг ёзилишини уч шаклга бўлиб ўрганиш мумкин. Биринчисида ёзишнинг ривожланиши бўлиб, бунда ҳадисларнинг таснифида тартиблаш ва бобларга ажратиш устувор бўлган. Шунингдек, бу даврда ёзилган китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан бир қаторда, саҳобаларнинг сўзлари ва тобеинларнинг фатволари ҳам жамланган. Бундан аввалги саҳифаларда фақат набавий ҳадислар бўлган, холос.
Бу асрдаги ёзиш усули шундан иборат бўлганки, бир-бирига мутаносиб ҳадислар битта умумий бобга жамланган, сўнг китобга тартиб билан жойланган. Асарларнинг асоси саҳоба ва тобеинлар давридаги саҳифаларга ёзилган ҳадислардан, шунингдек, саҳобаларнинг оғиздан-оғизга ўтиб келган сўзлари, тобеинларнинг фатволаридан ташкил топган. Бу битиклар “муватто”, “мусаннаф”, “жомеъ”, “сунан” каби категорияларга бўлинган.
Иккинчи ўрганиладиган жиҳати ҳадис асарларини тасниф этган машҳур алломалар бўлиб, айримларининг номлари юқорида келтирилди.
Учинчиси шу даврда тасниф этилган ҳар хил асарларни қисқача ўрганишдан иборатдир. Намуна сифатида Имом Моликнинг “Муватто”сини олсак. Ўз замонасининг имоми бўлган Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас Асбаҳийни тарихчи Имом Заҳабий ҳофиз, имом, уммат фақиҳи ва шайхулислом [18:154] каби сифатлар билан улуғлаган.
Имом Шофеъий: “Муватто” Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ асар”, деган. Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ китоблар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”лари экани ҳақидаги кейинги уламоларнинг сўзлари билан бу гап ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, албатта. Чунки Имом Шофеъийнинг сўзи “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” вужудга келишидан олдин айтилган.
Шундай қилиб, II/VIII асрда ҳадис китоблари ёзилиб, ҳадис тўпламлари тузилган. Шунингдек, ҳадис илмлари шариатнинг қимматли манбасига айланган.
III/IX аср умум ислом илмлари, хусусан, набавий суннати илмларининг гуллаб-яшнаган даври ҳисобланади. Бу даврда илм талабида сафар қилиш ва ҳадис ровийларини ўрганиш илми фаоллашиб, ҳадисларни ёзиб бориш янада кенгайди. Уммат суянган ва ислом манбалари деб эътибор берилган “муснад”, олти саҳиҳ китоблар туркумига кирувчи “сиҳоҳ” ва “сунан” асарлари юзага келди.
Бу асрда ҳадис илми, жарҳ ва таъдил (ровийларнинг ишончли ва ишончсизлигини ўрганувчи илм) асосчилари бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Али ибн Маданий, Яҳё ибн Маин, Муҳаммад ибн Муслим ибн Вора, Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Абу Ҳотим Розиён каби кўплаб ҳадис ҳофизлари ва даҳо алломалар етишиб чиққан.
Бу алломалар қўлида “ақида китоблари” номи билан танилган янги китобат тури пайдо бўлган. У ақидага боғлиқ Қуръон ва суннат матнларини бирлаштирган. Бу матнларни тушунишда саҳоба ва тобеинларнинг ёндашувини ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларга бўлган муносабатни умумлаштирган. Буларга Аҳмад ибн Ҳанбал “суннат”и, ўғли Абдуллоҳ “суннат”и, Абу Наср Марвазий “суннат”и ва бошқа номлар берилган.
Шунингдек, алломаларнинг китобларида бидъатчи ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларнинг пардаларини йиртиш, сирларини очиш, одамларни улардан огоҳ этиш ва уларнинг хатарини умматга баён қилиш учун раддия йўли тутилган.
Аббосийлар давлати халифалари Маъмун, Муътасим ва Восиқ даврида мўътазила ва жаҳмийлар ўз ривожланишининг энг юқори чўққисига чиққан. Улар қарашлари ва ақидалари билан халифаликнинг марказига кириб борган. Шунда умматнинг ўша даврдаги буюк алломалари собит туриб, раддиялар билан уларга жавоб қайтарган. Жумладан, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ар-Радду алал жаҳмия”, Усмон ибн Саид Доримийнинг “Ар-Радду алал жаҳмия”, “Ар-Радду ало Бишрил Марисил Мўътазилий”, Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” каби раддиялари битилган [14:14-34].
II/VIII асрдаги кичик тобеинларнинг ҳадисларни ёзишдаги хизмати, ёлғондан ажратиб ҳимоя қилгани, уларни боб ва фаслларга ажратиб, тартибга солишда кашшоф бўлгани каби III/IX аср авлоди ҳам суннатга хизмат қилиш, ровийларнинг ишончли ва ишончсизлигини аниқлашда, ҳавои нафс йўлида ўзларини олим ҳисоблаган ва бидъатчиларни бостиришда катта саъй-ҳаракат қилган.
Суннатга хизмат қилишдаги бу саъй-ҳаракат, қуйидаги ёзилган турли асарларда намоён бўлган. Булар матн, яъни муснад, сиҳоҳ, сунан китоблари, турли мавзу ва соҳалардаги ровийларнинг ҳолатини ўрганадиган асарлар, шунингдек, ўша даврда кўпайган ақида китобларидан иборатдир.
Адашган фирқалар ва бидъатчиларни бостириш, улар билан курашиш, сирларини ошкор этиш ва одамларни уларнинг ёмонлигидан огоҳлантиришда аҳли суннанинг имомларидан бири Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал катта хизмат кўрсатган. Аллоҳнинг изни билан унинг ва бошқа алломаларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб бидъат бостирилган. Бидъатчилар мағлуб бўлиб, ортга қайтган. Бу ҳақда Шамсиддин Заҳабий батафсил маълумот берган [19: 232-298].
Бу асрда ҳадисларнинг ёзилиши бир неча турга бўлинган. Биринчиси II/VIII асрда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари саҳобаларнинг сўзлари ва тобеинларнинг фатволари билан қўшиб ёзилган. III/IX асрга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бошқа сўзлардан ажратилган.
Иккинчиси ҳадиснинг саҳиҳ ва заифлик даражасини кўрсатишга эътибор қаратилган.
Учинчиси, суннатни ёзиш натижасида асарларнинг хилма-хил турлари яратилган. Суннатни ёзишда асарларнинг қуйидаги турлари пайдо бўлган:
Имом Аҳмаднинг “Муснад”и каби саҳобаларнинг алоҳида тўпланган ҳадислари. “Муснад” асарлар;
“Олти саҳиҳ китоблар” каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини саҳиҳлигини аниқлаб, бўлим ва бобларга ажратиб ёзилган “саҳиҳ” ва “сунан” асарлар;
Имом Шофеъийнинг “Ихтилофул ҳадис”, Али ибн Маданийнинг “Ихтилофул ҳадис”, Ибн Қутайбанинг “Таълиф мухталифил ҳадис” китоблари каби “мухталифул ҳадис”, яъни бир-бирига қарши маъноли ҳадислар ва уларнинг муаммолари ҳақидаги асарлар.
Шундай қилиб, ҳижрий III аср ҳадис илмининг энг ривожланган даврига айланган. Бу муваффақиятга эришишда юртимиздан етишиб чиққан Доримий, Бухорий, Термизий каби буюк алломаларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Шу асрдан кейин келган муҳаддислар асосан аввалгилар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулланган.
IV/X аср умумисломий, хусусан, сунний илмларни китобга туширишнинг олтин даври ҳисобланади. Шу асрда Имом Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон яшаб ижод қилган. Аллома ва шу даврдаги бошқа муҳаддислар, табиийки, суннат ва унинг илмларига хизмат қилишда ўзидан олдингиларга эргашган. Шунинг учун ҳам улар саҳиҳ ҳадисларни тахриж қилишда икки “Саҳиҳ”, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг шоҳ асарларидан фойдаланган. Бундай тахриж асарларга мисол тариқасида “Саҳиҳи Ибн Хузайма”, “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”, “Саҳиҳи Ибн Сакан” ва “Мустадракул Ҳоким”ни келтириш мумкин.
Бу асарларнинг даражаси ҳақида айтадиган бўлсак, “Саҳиҳи ибн Хузайма” асари Бухорий ва Муслимнинг тўпламларидан кейинги саҳиҳларнинг энг ишончлиси ҳисобланади. Суютий бундай деган: “Саҳиҳи ибн Хузайма” мартабаси жиҳатидан “Саҳиҳ ибн Ҳиббон”дан юқори, чунки унинг тадқиқи кучлидир. У ҳадисларни саҳиҳга ажратишда исноддаги озгина шубҳали нарсага ҳам тўхталган” [5:115]. Баъзилар “Саҳиҳ ибн Ҳиббон” асарини “Саҳиҳи ибн Хузайма”дан юқори қўйган. “Саҳиҳ ибн Ҳиббон”ни “кутуби тисъа” (“тўққиз ишончли китоб”)га киритган.
Тахриж қилиш деганда, ҳадисни ривоят қилиш – ривоят қилганда ҳам далил ва мавзуси ривоятлар занжири билан келтирилган асл манбаларда саҳиҳлик даражаси ва маъносини кўрсатган ҳолда намоён қилишдир. Юқоридаги асарларни таълиф этишда ўша жиҳатларга катта эътибор берилган.
Машҳур муҳаддислар, уламолар ва уларнинг ҳаёт йўли, қолдирган илмий мероси биз учун нафақат қимматли манба, балки илмнинг машаққатли йўлида қатъият ва шижоат билан ишлаш учун ажойиб ибрат ҳамдир. Ҳадис илмининг фидойилари қаторида Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг ҳам бу соҳа ривожига қўшган ҳиссаси беҳад каттадир.
Ҳадис илмининг ёзилишидан бошлаб Ибн Ҳиббонгача, қолаверса, ундан кейинги давргача бўлган ривожланиш босқичларини диний билим юртларида дарслик сифатида таълим бериш шу соҳада таълим олаётган талабалар билимини янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
-
Абу Ҳотим Розий. Ал-Жарҳ ват таъдил. Ж.1. – Байрут: Дор иҳёут туросил арабий, 1952.
-
Акрам Зиё Умарий. Буҳусун фи тарихис суннатил мушаррифа (Нашр этилган жойи ва нашриёти кўрсатилмаган). 1984.
-
Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснади Аҳмад. Ж.4. – Байрут: Оламул кутуб, 1998.
-
Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснади Аҳмад. Ж.5. Оламул кутуб, 1998.
-
Жалолиддин Суютий. Тадрибур ровий. Ж. 1. – Ар-Риёд: Мактабатул кавсар.
-
Ибн Саъд. Табқотул кубро. Ж.7. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1990.
-
Ибн Ҳиббон. Машоҳир уламоил амсор. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1959.
-
Имом Доримий. Сунани Доримий. Ж.1. – Байрут: Дорул китобил арабий, 1987.
-
Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж.2. – Ар-Риёд: Дору Таййиба, 2006.
-
Муҳаммад Матар Заҳроний. Тадвинус суннатин набавия. – Ар-Риёд: Дорул ҳижра, 1996.
-
Муҳаммад Мустафо Аъзамий. Диросотун фил ҳадисин набавийи ва тариху тадвиниҳ. Ж.1. – Байрут: Ал-Мактабул исломий, 1980.
-
Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. Ж.1. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2018.
-
Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. Ж.2. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2018.
-
Робиъ ибн Ҳодий Умайр Мадхалий. Маконату аҳлул ҳадис. – Қувайт: Дорус салафия, 1985.
-
Фуод Сезгин. Тарихут туросил арабий. Ж.1. – Ар-Риёд: Жомиъатул имом Муҳаммад ибн Сауд, 1991.
-
Хайриддин Зирикли. Ал-Аълом. Ж.6. – Байрут: Дорул илм лилмалойин, 2002.
-
Хатиб Бағдодий. Тақйидул илм. – Қоҳира: Дорул истиқома, 2008.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. Ж.1. –Байрут: Дорул кутубил илмия, 1998.
-
Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж. 11. – Байрут: Муассасатур рисола, 1996.
-
Юсуф ибн Абдулбар Намирий. Жомиъ баёнил илми ва фазлиҳ. Ж.1. –Байрут: Дорул кутубил илмия, 1978.