Home / МАҚОЛАЛАР / АҚИДА ИЛМИНИНГ ТАДВИН ҚИЛИНИШИГА ТАЪСИР КЎРСАТГАН ОМИЛЛАР

АҚИДА ИЛМИНИНГ ТАДВИН ҚИЛИНИШИГА ТАЪСИР КЎРСАТГАН ОМИЛЛАР

Ислом динининг илк даврида бошқа ислом илмлари каби ақида илми ва унга доир масалалар тизимли тартибда, алоҳида китоб ёки рисола шаклида жамланмаган эди. Чунки саҳобаларнинг бирор ақидавий ёки фиқҳий масала борасида саволи бўлса, бевосита Пайғамбар (а.с.)дан сўраб, жавоб олар эди. Ўша даврда Пайғамбар (а.с.) саҳобаларни Қуръон оятларидан бошқа нарсаларни ёзиб олишдан қайтарган эдилар. Ҳатто Қуръон оятларига аралашиб кетишидан хавф қилганликлари учун ҳадисларни ҳам ёзиб олишдан қайтарганлар.

Уммавий халифа Умар ибн Абдулазиз ҳадисларни тадвин қилишга уламоларни тарғиб қилиб, Мадина волийси ва қозиси бўлган Абу Бакр ибн Ҳазмга одам жўнатиб, унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини текшириб, уларни ёзгин. Чунки илмнинг йўқ бўлиб кетишидан ва уламоларнинг ҳаётдан ўтиб кетишидан қўрқаяпман”, дейди. Ушбу волий халифа Умар ибн Абдулазиз топшириғига кўра ҳадисларни тўплайди.

Уламолардан Ибни Шиҳоб Зуҳрий биринчилардан бўлиб, саҳобалар ва тобеинлардан эшитган ҳадисларини китоб шаклида жамлади. Лекин у тўплаган ҳадислар бобларга ажратилмаган эди. Имом Зуҳрийдан кейин ҳижрий иккинчи аср биринчи ярмида жуда кўплаб муҳаддислар ҳадисларни бобларга бўлиб, тадвин қилишга киришиб кетди. Имом Молик ибн Анас, Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар шулар жумласидандир. Улар ҳадисларни имон, илм, таҳорат, талоқ, тавҳид, суннат каби бобларга ажратди ва натижада, ақида илми пайдо бўлди.

Ақида илмининг бошқа илмлар каби алоҳида ажралиб чиқишида бир неча ташқи ва ички сабаблар бўлган. Қуръони карим тавҳидга ва Пайғамбарга итоат қилишга даъват қилиш билан бирга, ўша вақтда мавжуд бўлган динлар ва таълимотларга таклиф қилинди. Яъни уларнинг нотўғри ақидаларини баён қилиш билан бирга, турли далиллар билан раддия берди. Ўша даврда баъзи инсонлар барча дин, илоҳиёт ва пайғамбарликни инкор қилиб: “Бизни фақат замон ўтиши ҳалок қилади”, деган эътиқодда эди.

Ақида илмига оид китобларнинг тадвин қилинишига таъсир кўрсатган омиллардан яна бири саҳобалар даврининг охирида эътиқод борасидаги ихтилофдир. Тақдир борасидаги ихтилоф шулар жумласидандир. Ироқлик Сусан исмли насроний биринчи бўлиб қадар борасида нотўғри эътиқодни тарқатган эди. У мусулмон бўлиб, яна насронийликка қайтади. У билан саҳобалар ўртасида ушбу масала борасида бир қанча баҳс-мунозара бўлиб ўтади. Яъни Аллоҳ таоло махлуқотлари ҳақида бирор нарсани тақдир қилмаган, балки уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган, деган қадарни инкор қилиш ақидасини тарқатишга ҳаракат қилган. Маъбад ибн Холид Жуҳаний тақдир борасидаги бузуқ ақидани мана шу одамдан олган. У Ҳасан Басрийнинг ҳам шогирди ҳисобланади. Ҳасан Басрий мана шу каби баъзи қадарий эътиқодида бўлган шогирдлари туфайли танқидга учраган. Амр ибн Убайднинг ҳам ўша эътиқодда юрганини кўрган баъзи басраликлар унинг қарашларига қўшилди. Унинг фитнаси катталашгач, ҳижрий 80 йилда Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий халифа Абдулмалик ибн Марво буйруғи билан уни дорга осади. Қадарийлардан узоқ бўлиш ва уларнинг нотўғри эътиқодидан Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Анас ибн Молик каби  саҳобалар бошқаларни огоҳлантирган эди [4:14-15].

Шунингдек, Жаъд ибн Дирҳам халифа Ҳишом ибн Абдулмалик даврида Қуръон борасида ўзининг нотўғри қарашларини тарқатгани учун қўлга олинади ва Ироқ волийси Холид Қусарий халифа буйруғига кўра, уни Қурбон ҳайити куни қатл қилади [3:32].

Усмон ибн Аффон халифалиги даврининг охирги йилларида Абдуллоҳ ибн Саба мусулмонлар ўртасида баъзи нотўғри ақидаларни тарқатишга ҳаракат қилади. У мусулмонлар ўртасида ражъат ва васият эътиқодини олиб киришга ҳаракат қилди. Натижада, шиачилик фирқасининг пайдо бўлишига сабабчи бўлди. У бу иддаоси билан Усмон ибн Аффонни халифаликни ноҳақ қўлга киритганликда айблаб, мусулмонларни унга қарши қўйишга ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам Абдулкарим Шаҳристоний халифалик борасида кўп кураш бўлганини, ҳатто бирор диний масала юзасидан ҳам бундай миқдорда жангу жадал юз бермаганини зикр қилган [2:45].

Сўнг мўътазилийлар асосчиси Восил ибн Ато ақидага оид маълум масалалар борасида китоб ёзиб, саҳоба ва тобеинлар эътиқодига қарши чиқди. Тобеинлар унга раддия беришга ва у билан баҳс-мунозара қилишга киришди.

Ҳижоз ўлкасида Абдуллоҳ ибн Зубайр халифалиги тугатилгандан сўнг, уммавийлар томонидан Ироқ волийси бўлган Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Сижистон вилоятига Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Ашъас Киндийни ҳоким қилиб жўнатади. Ибн Ашъас эса Ҳажжожга ҳам, уммавийларга ҳам қарши чиқиб, бир қанча жанглар олиб боради ва ҳатто уларни йўқотишга яқин қолади. Бу фитнада Шаъбий ва Саид ибн Жубайр каби катта тобеинлар ҳам қатнашади. Уммавийлар қўшини Ибн Ашъасни мағлубиятга учратади. Унинг мағлубияти ортидан муржиийлик ҳаракати пайдо бўлади.

Ҳижрий II аср ва III аср бошида мўътазилийлар ўз қарашларини турли йўллар билан тарқатишга ҳаракат қилди. Жумладан, дарс ҳалқалари ташкил  қилди ва мухолифлари билан баҳс-мунозара олиб борди. Шунингдек, ақидавий қарашлари ва мухолифларига раддия бериш учун жуда кўп асар ёзди ҳамда уларни барча шаҳарларга тарқатди [8:51-54]. Хусусан, халифа Маъмун даврида бошланган юнон фалсафаси китобларининг таржима қилиниши аҳли сунна вал жамоа томонидан ақидавий масалаларнинг тадвин қилинишига катта таъсир кўрсатган омиллардан биридир [10:21]. Гоҳида бирор олим исломий ақида ҳақида сўраганда, шу мавзуга оид алоҳида китоб ёзиш ҳолатлари кўплаб содир бўлган. Буни ақидага оид кўпгина китоблар муқаддимасида ҳам кузатиш мумкин.

Ақоид илмининг таърифида келтирилган турли шубҳаларни рад этиш мақсадида Восил ибн Ато, Амр ибн Убайд, Аллоф, Наззом, Қози Абдулжаббор каби мўътазила фирқаси намояндалари ҳам санавийлар, монийлар, маздакийлар каби турли дин ва таълимотларга раддия асарлар ёзган [1:145].

Калом илмининг пайдо бўлишига таъсир этувчи ташқи сабаблардан бири мусулмонлар билан бегона динлар тўқнашувидир. Рошидун халифалиги давридан бошлаб ислом географиясининг тезлик билан кенгайиши натижасида мусулмонлар турли динлардан бўлган уламоларни учратиб, улар билан маданий алоқага киришган ва диний масалаларни муҳокама қилган. Шу сабабдан мусулмон уламолари исломга эътирозларга жавоб топиши керак эди. Диний масалалар бўйича мунозара олиб борадиган гуруҳлар бошида насронийлар туради. Маълумки, айниқса, Уммавийлар даврида халифалар шарқ насроний олимлари билан мулоқотга киришиб, ўз саройларида уларнинг зиммасига турли вазифаларни юклаган. Уларнинг етакчиларидан бири Юҳанна ал-Димашқий ислом динини танқид қилувчи китоб ёзган. Насроний олимларининг баъзи иддаолари Қуръон моҳияти ва сифатлари тўғрисидаги баҳсларнинг пайдо бўлишида қисман роль ўйнаган.

Мусулмонлар ва насронийлар ўртасида ўхшатиш ва тажсим масалаларини муҳокама қилишда яҳудийларнинг ҳам ҳиссаси борлигини кўрсатадиган далиллар мавжуд. Дарҳақиқат, яҳудийларнинг ташбеҳ эътиқоди ҳақида ҳадислар тўқиб чиқаргани маълум. Мусулмонлар орасида сабаия, ғолия каби экстремистик оқимлар пайдо бўлиши ва тарафдорларининг кўпайишида ўша даврдаги айрим яҳудийлар ҳам катта роль ўйнаган. Бундан ташқари, қадимги Шарқ динлари вакилларидан санавийлик, зардуштийлик, дейсанлик, браҳманлик кабилар ҳам ўз ғояларини илгари сурган ва оз сонли бўлса-да, улардан таъсирланган кишилар мавжуд эди. Ислом динини танқид қилган хорижий дин олимларининг фалсафадан, хусусан, юнон тафаккуридан баҳраманд бўлиши мусулмон олимларини фалсафа маданиятини ўрганишга олиб келди. Моҳиятан юнон фалсафаси Искандария мактаби орқали мусулмонлар фатҳ қилган Мисрда тарқалди. Бундан ташқари, фалсафий асарлар араб тилига ҳам таржима қилинган.

Баъзи тарихчиларнинг ёзишича, мўътазилийлар фирқаси вакилларида насронийликдан таъсирланган ҳолда салоҳ, аслаҳ, ирода эркинлиги ва Яратувчининг исмлари ҳамда сифатларини инкор этиш каби кўпгина нотўғри ақидавий қараш шаклланган [6:26-36].

 Мана шу жараёнлардан кейин аҳли сунна вал жамоа ақидаси борасида китоблар ёзиш бошланди. Ҳатто бу иш адашган фирқа ва оқимларнинг нотўғри таъвилларига раддия бериш учун заруратга айланди. Калом илми борасида тадқиқот олиб борган олимлар фикрига кўра, аҳли сунна вал жамоа ақидаси бўйича энг дастлабки китоб Имом Абу Ҳанифанинг “Ал-Фиқҳ ал-акбар” асари ҳисобланади. Имом Абу Ҳанифа ушбу асарида мўътазила, қадария, жаҳмия ва шиа фирқаларига раддия берган. Уни Абу Мутеъ Балхий ва Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ривоят қилган. Мазкур асар асосан тақдир, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси, гуноҳ туфайли кофирга чиқарадиганларга раддия ва имон каби бешта асосий мавзуни ўз ичига олган. Шунингдек, бу асарда Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари, фитрат, пайғамбарларнинг маъсумлиги, саҳобалар даражаси каби ақидавий масалалар баён қилинган. Ақида фани бўйича биринчи асар ёзгани учун Имом Абу Ҳанифани ушбу фан асосчиси ҳам дейиш мумкин.

Имом Ибн Ваҳб (ваф.197) муҳаддислар услубида тақдир борасида келган ҳадисларни жамлаб, китоб ёзган. Мазкур асар бобларга ажратилмаган. Шофеъий мазҳаби асосчиси Имом Шофеъийга ҳам “Ал-Фиқҳ ал-акбар” номли китобнинг нисбати берилади. Лекин бу асарнинг Имом Шофеъийга нисбат берилиши ишончли эмас. Ҳожи Халифа бу асарнинг Имом Шофеъийга нисбат берилишида шубҳа бор, уни катта эҳтимол билан бошқа бир олим ёзган, деган.

Имом Абу Ҳанифадан кейин ақида илми борасида турли номлар билан кўплаб уламолар асар ёзган. Жумладан, Абу Убайд Қосим ибн Салом (ваф.224) “Китоб ал-имон” номли асар ёзган. Ўша даврда соғлом эътиқодни билдирадиган алоҳида ном пайдо бўлди. Яъни саҳиҳ эътиқод борасида ёзилган асарлар “Китоб ас-сунна” номи билан машҳур бўлди. Ибн Абу Шайба (ваф.235) ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф.241) эътиқод борасида “Китоб ас-сунна” туркумидаги асарларни ёзган.

Ҳижрий III асрнинг иккинчи ярмига келиб, ақида масалаларига бағишланган асарларни “Китоб ат-тавҳид” номи билан аташ анъанага айланди. Жумладан, Ибн Сурайж Бағдодий (ваф.306) ва Ибн Хузайма “Китоб ат-тавҳид” номли асар ёзган. Бу ҳолат “Усул ад-дин” атамаси пайдо бўлгунича давом этди. Ҳижрий V аср бошларидан эътиқодий масалаларга бағишланган асарларни “Китоб ал-ақида” номи билан аташ бошланди [4:16-17].

Халифа Маъмун даврида бошланган Қуръонни махлуқ дейиш фитнаси ҳам аҳли сунна вал жамоанинг тўғри эътиқодий қарашларини жамлаган алоҳида асарлар ёзилишига таъсир кўрсатган асосий омиллардан бири бўлди.

Тарихий манбаларда зикр қилинишича, халифа Маҳдий зиндиқларни текшириш ва уларни йўқотишга қаттиқ киришади. Ҳатто улар билан баҳс-мунозара қилиш учун алоҳида девон жорий қилиб, унга Умар ал-Калавозийни бошлиқ этиб тайинлайди. Улар билан баҳс-мунозара қилиш ва раддия бериш учун ақида китобларини ёзиш буюрилди. Имом Суютий “У (халифа Маҳдий) зиндиқлар ва даҳрийларга раддия бериш учун алоҳида китоб ёзишга буйруқ берган биринчи кишидир” [5:271].

Ўтган асрда яшаб ижод қилган олим Зоҳид Кавсарий хавориж ва шиа фирқалари бирор бир илмий далилга асосланмаган, балки сиёсий ҳис-туйғу сабаб пайдо бўлганини таъкидлайди [7:17].

Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳижрий III асрдан кейин адашган фирқалар ўзининг ақидавий қарашларини тарқатишни бошлаганидан сўнг уларга қарши раддия асарлар ёзиш бошланди. Жумладан, Имом Доримий “Ар-Радд ала Бишр ал-Марисий (Бишр Марисийга қарши раддия)” номли асари муқаддимасида қуйидагиларни зикр қилади: “Агар бу киши Марисийнинг нотўғри ақидаларини тарқатмаганида эди, биз у ҳақда зикр қилмаган бўлар эдик” [9:56-57]. Имом Доримий каби уламоларнинг мана шундай раддия асарлар ёзишдан асосий мақсади ақидавий масалалар борасида етарли илмга эга бўлмаган оддий мусулмонлар қалбига уларнинг айрим бузуқ ақидалари ўрнашиб қолмаслиги эди. Мазкур йўналиш борасида энг кўп ёзилган асар Қуръоннинг махлуқ эмаслиги масаласига бағишланган. Чунки бу нотўғри эътиқодий қараш мусулмонлар ўртасида кенг тарқалиб кетгани учун аҳли сунна вал жамоа уламолари мана шу мавзуда алоҳида асарлар ёзган. Шунингдек, ўша даврда адашган фирқа ва оқимлар ўзининг ақидавий қарашлари баён қилинган турли рисола ва  китоблар ёзиб, тарқатган.

Ақидавий масалаларнинг тизимли шаклда тадвин қилинишининг сабабларидан яна бири ислом дини етиб борган турли ўлкалардан келган мусулмонларнинг эътиқодий мавзулар бўйича турли саволларга жавоб бериш эди. Баъзи ҳолларда уламолардан эътиқод борасида китоб ёзиб беришни сўрашган. Бунга аҳли сунна вал жамоанинг машҳур имомлари муайян ақидавий масала борасида ёзган рисолалари ҳам далил бўла олади. Жумладан, Абу Наср Сажзийнинг (ваф.448/1056) Ямандаги Зубайд шаҳри аҳлига ёзган рисоласи мисол бўлади [4:54].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоанинг машҳур уламоларининг ўзларига нисбатан нотўғри эътиқодий қарашлар нисбат берилмаслиги учун ҳам ақидавий қарашлар борасидаги китоблар ёзилган. Чунки омма уларга эргашиб, эътиқодий қарашларини бир-бирига нақл қилар эди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулмажид Нажжор. Фиқҳ ат-тадайюн фаҳман ва танзила. – Қоҳира: Аз-Зайтуния, 1995.
  2. Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абулқосим Шаҳристоний. Ал-Милал ван-ниҳал. – Байрут: Дор ас-сурур, 1948. – Ж. I.
  3. Али Мустафо ал-Ғаробий. Тарих ал-фирақ ал-исломия ва нашъату илмил калом индал муслимин. – Байрут: Китобу турос, 2018.
  4. Доктор Носир ибн Яҳё ал-Ҳунайний. Манҳажу аҳли сунна вал жамоа фи тадвини илмил ақида. – Ар-Риёд: Марказ ал-фикр ал-муосир, 2010.
  5. Жалолиддин Суютий. Тарихул хулофо. – Байрут: Ал-Мактаба ат-тижория ал-кубро, 1969.
  6. Жоруллоҳ Зуҳдий. Ал-Мўътазила. – Қоҳира: Мактабату Миср, 1947.
  7. Муҳаммад Зоҳир Кавсарий. Муқаддимату китоб табйини кизбил муфтарий фи мо нусиба ил-имом Абил Ҳасан ал-Ашъарий ли Ибни Асокир. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1979.
  8. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдураҳмон Малатий. Ат-Танбеҳ ва вар-рад. – Ар-Риёд: Ал-Муътаман, 1994.
  9. Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий. Тариху Бағдод. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2004. – Ж. VII.
  10. Юсуф ибн Али ат-Тариф. Тадвину илмил ақида инда аҳли сунна вал-жамоа. – Ар-Риёд: Дор ибни Хузайма, 2009.
СОАТМУРОД ПРИМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Илмий ишлар ва фан бўйича проректори,
исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ДИНДА ЧУҚУР КЕТИШНИНГ ЖАМИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА БАРҚАРОРЛИГИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Динингизни Аллоҳ учун холис қилинг, шунда амалларнинг ози ҳам жаннатга киришингизга кифоя қилади(Имом Ҳоким ривояти)[1]. …