Дунёда буюк зотлар, мутафаккир ва алломалар ҳаёти, илмий мероси ва оилавий муҳитини билишга қизиқиш катта. Бир олим ёки мутафаккирнинг етишиб чиқишида қанча инсоннинг хизмати бор. Барча улуғ инсонларнинг вояга етишида аввало, оиладаги илм-маърифатга эътибор, закий устозлар, садоқатли шериклар, олижаноб ва саховатли кишиларнинг улкан хизмати бор.
Имом Бухорийни ҳам худди мана шундай муҳит тарбиялаган. Муҳаддиснинг устозлари ва дўстлари ҳақида кўплаб манбаларда маълумот келтирилган. Муҳаддиснинг оиласи ҳақида, унинг оиласи бўлганми ёки йўқ?, Фарзандлари борми ёки йўқ?. Бу каби саволлар доимо илм аҳлининг диққат марказида бўлиб келган. Шунингдек, буюк имом уйланганми? Фарзандлари ҳақида бирон манбада маълумот борми каби саволлар ҳам кўп берилади. Ҳақиқатда буюк имомнинг буюклиги нимада, бу мартабага қандай эришган. Ўз шахсий ҳаёти билан машғул бўлганми? Бир умр у кишига ким хизмат қилган? Оч қолса таом, чанқаса сув тутган ким?. Бу хизматларни бирон киши унинг ёнида туриб бажарганми?. Буюк муҳаддиснинг шахсий ҳаёти ҳақидаги мавзуни ёритишда кўплаб манбалар тадқиқ этилди.
Ушбу мақолада Имом Бухорийнинг шахсий ҳаёти қандай бўлгани ҳақида маълумотлар жамланди, тадқиқотчилар қарашлари ўрганилиб, хулосавий фикр берилди. Бу масалада тарихчилар Имом Бухорийнинг оила қурмагани ва унинг фарзанди бўлмаганини таъкидлайди. Буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганиш натижасида, унинг оиласи ва ҳаётдаги шахсий фазилатлари ҳам кўплаб олимлар томонидан ўрганилган. Улуғ алломаларнинг шахсий ҳаётига назар солинса, уларнинг аксар қисми тасниф этган китобларида ўз оиласи ҳақида маълумот тақдим этмаган.
Мавзуни ёритишда асосан ислом тарихида эътироф этилган тарих ва тарожим китоблари ҳамда ҳадис илмида машҳур алломаларнинг нодир асарларидан фойдаланилди. Хусусан, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси борасида узоқ вақт тадқиқот олиб борган олим Абдусаттор Шайхнинг “Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн….” номли китобидаги тарихий маълумотлар, Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” асари, Имом Заҳабийнинг “Сияр аъломин нубало” асари, Ибн Асокирнинг “Тариху Димашқ” ҳамда Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Тағлиқут таълиқ” ва “Ҳадюс сорий” асарлари ўрганилиб, уларда келтирилган тарихий маълумотлар илмий таҳлил қилинди.
Мавзуни ёритишда кетма-кетлик, холислик, илмий-қиёсий таҳлил усулларидан фойдаланилди. Шунингдек, мавзу доирасидаги маълумотларнинг бир-бирига номутаносиблиги ҳисобга олиниб, алломалар ва муаррихлар қарашларидан келиб чиққан ҳолда беш босқичли хулосавий қарашлар ишлаб чиқилди.
Имом Бухорийнинг оиласи, фарзандлари ҳақида қуйидаги тарихий манбалар ва ҳаётий воқеликлар билан танишиб, хулоса чиқарамиз:
Биринчи қараш: Имом Бухорийнинг аҳли оиласи ва жорияси бўлган. Бунга далил сифатида Шамсиддин Заҳабийнинг “Сияр аъломин нубало” ва “Тарихул ислом” асарида келтирилган маълумотларни кўрсатиш мумкин. Муҳаддиснинг хос котиби Варроқ Муҳаммад ибн Ҳотамдан ривоят қилинган манбада “Имом Бухорий менга “Менинг аҳли оилам ва жориям бор. Сен эса балоғатга етган ёш йигитсан”, деб айтди”, деган маълумот келтирилган [4:12/451-452]. Имом Бухорий томонидан “менинг аҳли оилам бор” деб айтилиши муҳаддиснинг оиласи борлигига ёрқин ишора бўлган.
Варроқ томонидан яна бир тарихий ривоят келтирилади: “Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Сорифийни эшитдим: “Мен Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг уйида бўлдим. У кишининг олдига жориялари кирмоқчи бўлди. Унинг олдидан ўтаётганда, бехосдан сиёҳдонга оёғи тегиб кетди ва ундаги ранг тўкилиб кетди. Унга қараб Бухорий (ғазабланиб) “Шундай ҳам юрасанми….?!” деди. Жория: “Ҳожам, йўл жуда тор экан, ўтишга қийналдим. Узр”, деб жавоб берди. Бухорий қўлларини қўйдиларда: “Сен кет, мен сени озод қилдим”, деди. Шунда Имом Бухорийдан: “Эй Абу Абдуллоҳ жориянгиз ғазабингизни чиқардими?!” деб сўрашди. Имом Бухорий шундай деб жавоб берди: “Агар мени ғазабим чиққан бўлса, нафсим рози бўлган амални қилиб уни тинчлантирдим” [7:480]. Яъни уни озод қилдим, энди жория қиладиган ишларни ўз нафсим қилади, деган. Мазкур хабар Имом Бухорийнинг аёли ва жорияси бўлганига яққол далил сифатида келтирилади. Чунки бу хабар узоқ йиллар муҳаддисга котиблик қилган Варроқ ва Имом Бухорий билан кўп йиллар бирга туриб, ҳадис ўрганган муҳаддислардан бири Ҳофиз Сайрофидан ривоят қилинган. Бу, ўз навбатида, манбанинг ишончли деб саналишига асос бўлади.
Иккинчи қараш: Имом Бухорийнинг ўғил фарзанди бўлиб, унинг исми Аҳмад Абу Ҳафс бўлган. Бакр ибн Мунийр ва Муҳаммад ибн Абу Хотам бу ҳақда шундай хабар берган. Абу Бакр айтади: “Имом Бухорийда тижорат учун мол бор эди. Бу тижорат моли унинг ўғли Аҳмад Абу Ҳафс томонидан олиб келинган. Шунда бу тижорат молини олиш учун савдогарлар келди ва унга беш минг дирҳам беришини айтиб, савдо қилиб қайтиб кетди. Улар кетганидан сўнг бошқа савдогарлар келди-да, айни шу тижорат молига ўн минг дирҳам беришини айтди. Шунда Имом Бухорий улар таклиф этган фойда ва савдони рад этди. Бухорий шундай деди: “Мен кеча бу молларни бошқа тижоратчиларга сотишга ваъда берган эдим, фойда учун мен ўз ваъдамдан қайтишни истамайман” [4:12/448;3:2/11;5:53/81;12:2/28;6:480; 7:5/359]. Мазкур маълумот машҳур тарихий китоблар “Тарихи Бағдод”, “Тарихи Дамашқ”, “Сияр Аълоу Нубало”, “Табақату Субкий”, “Ал-Ҳадюс Сорий”, “Тағлиқут таълиқ” ва бошқа асарларда келган.
Ушбу хабар Имом Бухорийнинг фарзанди бўлгани ва унинг исми Аҳмад, куняси Абу Ҳафс эканидан далолат беради.
Хабарда келган “Бу тижорат моли унинг ўғли Аҳмад Абу Ҳафс томонидан олиб келинган эди” жумласи Имом Бухорийнинг ўғли бўлганига ишорадир. Шу манбани асос қилган баъзи муаррихлар Имом Бухорийнинг Аҳмад исмли ўғли бўлган, деб хулоса қилган.
Шунингдек, Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти тўғрисида узоқ йиллар тадқиқот олиб борган Абдусаттор Шайх “Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн” номли китобида Имом Бухорийнинг оиласи ва фарзандлари ҳақидаги маълумотларни умумлаштирган. Унда муаллиф Имом Бухорийнинг ўғил фарзанди бўлгани, унинг исмини Аҳмад қўйгани ва бу исмни муҳаддис Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг исмига ўхшаш қўйганини таъкидлайди [2:50]. Бу қараш кўплаб манбалар асосида олиб борилган илмий тадқиқот ва қиёсий таҳлиллар натижасидир. Ушбу фикрни ёқловчилар Имом Бухорийнинг оиласи, фарзанди ва жорияси бўлгани тўғрисидаги тарихий манбаларда келтирилган маълумотлардан фойдаланиб, шу хулосага келган. Албатта, бу мавзуда тўғри хулоса Аллоҳга маълум, буюк имомни Аллоҳ раҳмат қилсин.
Учинчи қараш: Имом Бухорийнинг қиз фарзанди бўлгани манбаларда зикр қилинган. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Байъил Ҳоким “Маърифатал улумил ҳадис” китобида Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг ўғил фарзанди бўлмаган, деб келтириб ўтган [9:52].
Ҳофиз Абдураҳмон ибн Али ибн Дайби Шайбоний Имом Бухорий ҳақида шундай дейди: “У вафот этганда унинг ўғил фарзанди йўқ эди”.
Сирожиддин ибн Умар ибн Али: “Имом Бухорий ва Имом Муслимларда ўғил фарзанд бўлмаган”, деб таъкидлаган.
Мулло Али Қорининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида [8:1/17], Муҳаммад ибн Исмоил Амир Санъоний “Таҳбир ли ийзоҳи маъонил тайсир” асарида [11:1/97], Муҳаммад ибн Али Шавконий “Найлу автор” асарида [10:1/21], Абдулҳақ Бухорий Деҳлавий Ҳанафий “Ламъот танқиҳ фий шарҳи мушкотил масобиҳ” асарида [1:10/261] Имом Бухорийнинг ўғил фарзанди бўлмаганини қайд этган. Ушбу манбаларда муҳаддиснинг фақат ўғил фарзанди бўлмаганининг қайд этилиши, унинг қиз фарзанди бўлганига ишора бўлиб, алломанинг қиз фарзанди бўлган деб хулоса қилинган. Баъзи манбаларда Имом Бухорийнинг ўғил фарзанди бўлмаган, аммо у кишининг бир нафар қиз фарзанди бўлган, деб таъкидланган.
Тўртинчи қараш: Имом Бухорийнинг оила қургани ва фарзандли бўлганини инкор этувчилар. Муаррих Аъжулий: “Мен бирон манбада Имом Бухорийнинг уйлангани ва ундан фарзандли бўлгани тўғрисидаги хабарни кўрмадим”, деган. Имом Бухорийнинг “Торих ал-авсат” асари муҳаққиқи Тайсир ибн Саъд Абу Ҳумайд эса: “Тарожим китобларида Имом Бухорийнинг оиласи ва унинг зурриёти ҳақида бирон маълумот келмаган. Фақат Имом Ҳоким: “Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ўғил фарзанд қолмаган”, деган маълумот мавжуд деб таъкидлаган. Шунингдек, муҳаддиснинг фарзандлари ҳақида маълумотнинг мавжуд эмаслиги, унинг фарзанди ва оиласи мутлақ бўлмаганига ҳам асос бўлмайди [13:50].
Бешинчи қараш: Имом Бухорийнинг зурриёти умуман бўлмаган, деб айтувчилар тоифаси ҳам мавжуд. Абдусалом Муборакфурий бу борада бир қанча маълумотларни жамлаган. У Валиддин Хатиб ва Мулло Али Қорий қарашига таяниб, Имом Бухорийнинг фарзанди бўлмаган, деган.
Ҳусайн ибн Муҳаммад Лоъий Мағрибий: “Имом Бухорийнинг фарзанди бўлмаган. Аммо Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай солиҳ фарзанддан ҳам афзал шараф ва мақомни берди. Бу унинг саҳиҳ асари шуҳратидир. Ундан бутун дунё мусулмонлари фойдаланади” [14:1/27], деб таъкидлайди.
Манбалардан маълум бўладики, Имом Бухорийнинг оиласи ва фарзанди бор бўлган. Аммо тарихий китобларда бу тўғрида очиқ баён қилинмаган. Умуман, алломалар тарихига эътибор қаратилса, уларнинг аксарияти шахсий ҳаёти ва оиласи ҳақида маълумот қолдирмаганини кўриш мумкин. Имом Бухорий ҳам оиласи ва фарзандлари ҳақида нодир асарларида маълумот бермаган. Буни муҳаддиснинг ҳадисга муҳаббати ва илмга нисбатан омонатдорлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Имом Бухорийнинг мақсади ўзидан нодир асар қолдириш бўлган. Муҳаддис ўзининг асари хусусида “Аллоҳ ва ўзим ўртамда ҳужжат бўлди”, деб таъкидлайди. Ҳақиқатда аллома яратган асар бутун мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейинги ҳужжатга айланди. Имом Бухорийнинг нияти гўзал бўлганига муносиб, Аллоҳ таоло уни мақсадига мувофиқ даражага кўтарди [13:50].
Тадқиқот натижаси ва манбалар таҳлили асосида қуйидагича хулоса қилиш мумкин:
Имом Бухорийнинг оиласи ва Аҳмад исмли фарзанди бўлган;
Муҳаддис ўз асарларида оиласи ва фарзандлари ҳақида хабар бермаган.
Имом Бухорий оиласи, уни ташвиши ва фарзандлари ҳақида ёзишдан кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир ҳадис ёзиб қолдиришни афзал кўрган.
Буюк муҳаддиснинг илмий меросини ўрганиш билан бирга, оиласи, фарзандлари ва унга яқин бўлган инсонлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчи учун қизиқарли ва айни вақтда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тарихий маълумотлар Имом Бухорийни янада яқинроқ билишга, буюк хизматларини амалга оширишида ёнида турган инсонларни танишимизга ёрдам беради.
-
Абдулҳақ Бухорий Деҳлавий Ҳанафий. Ламъот танқиҳ фий шарҳи мушкотил масобиҳ. – Байрут: Дор Кутуб, 2010.
-
Абдусаттор Шайх. Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн…. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2007.
-
Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Байрут: Сойд ал-хотир ал-илмиййа, – Ж. 3.
-
Заҳабий. Сияр аъломин нубало. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1998.
-
Ибн Асокир. Тариху Димашқ. – Байрут: Дорул фикр, 1998.
-
Ибн Ҳажар. Тағлиқут таълиқ. – Миср: Дор Аммор, 1985.
-
Ибн Ҳажар. Ҳадюс сорий. – Байрут: Дорул маърифа, 1995.
-
Мулло Али Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ. – Байрут: Дор илм, 2010.
-
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. Маърифат ал-улумил ҳадис. – Байрут: Дор Кутуб, 2010.
-
Муҳаммад ибн Али Шавконий. Найлу автор. – Миср: Ал-Мерос, 2002.
-
Муҳаммад ибн Исмоил Амир Санъоний. Таҳбир ли ийзоҳи маъонил тайсир. – Байрут: Дор ал-илмия, 2000.
-
Тожуддин Субкий. Табақотуш шофиъияти-л-л-кубро. Ж. 2. – Қоҳира: Дору Ҳажр, 1992.
-
Умаров Ш. Имом Бухорий таърифи. – Т., Илм 21, 2024.
-
Ҳусайн ибн Аҳмад Мағрибий. Бадрут тамом. – Байрут: Дор ал кутуб, 1994.