Сулаймон ибн Тарҳон Таймий розияллоҳу анҳу
97 ёшида вафот этгани ривоят қилинганига кўра, эҳтимол 46/666 йилда туғилган[1]. Сиқа (ишончли) ровий бўлган Сулаймон, саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган[2]. Имом Бухорийнинг таъкидлашича, 200 га яқин ҳадис нақл қилган[3].
Басра масжидида қирқ йил давомида имомлик қилган[4].
143/761 йилда вафот этган[5].
Яҳё ибн Саид Ансорий розияллоҳу анҳу
70/689 йилдан олдин туғилган. Анас ибн Молик, Абу Умома ибн Саҳл, Саид ибн Мусайяб, Амра бинт Абдураҳмон, Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳум каби шахслардан ҳадис тинглаган[6].
Ўзига қолдирилган меросни олиш учун Африкага бориб, у ердан 500 динор билан қайтган[7]. Дастлаб Мадинада қозилик фаолияти билан шуғулланган, кейинчалик Мансур (р.а.) уни Ироқдаги Ҳошимийя қозилигига тайинлаган[8].
Турли ривоятларга кўра, Яҳё 143/760 йили Ҳошимийяда вафот этган[9].
Ибн Шубрума розияллоҳу анҳу
Вафот этганида 86 ёшда бўлгани ҳақидаги ривоятга кўра, 58/678 йилда туғилган. Анас ибн Молик, Шаъбий, Абу Салама ибн Абдурраҳмон, Иброҳим Нахаъий, Ибн Сирийн розияллоҳу анҳум каби кўплаб кишилардан ҳадис ривоят қилган[10].
Юсуф ибн Умар (р.а.) томонидан Куфа қозилигига тайин этилган, кейинчалик эса Сижистон амири вазифасига тайинланган[11]. Бир ривоятга кўра, Яман волийси бўлган[12], бошқа бир ривоятга кўра эса Яман қозилиги ва турли вазифаларда ишлаган[13]. Аббосийлар халифаси Абу Жаъфар Мансур (р.а.) даврида Куфада Савод деб номланган ҳудудда қозилик қилган, шунингдек, Исо ибн Мусо (р.а.) томонидан ҳам ҳокимлик вазифасига тайинланган[14]. Ибн Шубрума раҳбарлардан келган совғаларни ҳам қабул қилган[15].
144/761 йилда вафот этган[16].
Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳу
61/680 йили Мадинада туғилган[17]. Отаси Урва ибн Зубайр, амакиси Абдуллоҳ ибн Зубайр, Фотима бинт Зубайр, Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳум каби кўплаб кишилардан ҳадис ривоят қилган[18].
Уч марта Куфага борган. Бир сафари давомида Халифа Мансур (р.а.)га фарзандларини уйлантириб, уларга уй сотиб олгани ва 100,000 дирҳам қарзга кирганини айтган ва ундан қарз сўраган, Мансур унга қарзини тўлаши учун 100,000 дирҳам ва қўшимча равишда яна 100,000 дирҳам берган[19].
Ҳишом Халифа Мансурнинг ёнидалигида бир ривоятга кўра, 145/762 ёки бошқа бир ривоятга кўра 147/764 йилда вафот этган[20].
Аъмаш розияллоҳу анҳу
Асли табаристонлик. Рай шаҳарларидан бири Дунбавандда туғилган[21]. Анас ибн Молик билан кўришган, Абдуллоҳ ибн Авфо, Абу Воил, Икрима, Иброҳим Нахаъий розияллоҳу анҳум каби саҳобалар ва тобеинлардан ҳадис ривоят қилган[22].
Савдода фойдаланиш учун бошқаларга ҳам бериб турган моллар соҳиби Аъмашга, одамлар савдодан кўрган фойдани олиб келар эдилар[23]. У Куфада ўзига тегишли дўкони борлигини айтган, аммо фақат илм билан машғул бўлганидан кейин бу ишни ташлаган[24]. Исо ибн Юнус (р.а.) Аъмашга ҳадис ёзиши учун 1000 дирҳам юборган, аммо Аъмаш ҳадислар сотиладиган нарса эмаслигини айтиб, буни рад этган[25]. Мол-давлат соҳиби бўлмаган Аъмаш, ҳаётининг охирида Байтулмолдан ажратилган ойлик беш дирҳам билан рўзғорини таъминлаган[26].
148/765 йили Куфада вафот этган[27].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими