Фарғона водийси – шимол тарафдан Тяншан, жанубдан Ҳисор-Олтой тоғ тизмалари билан ўралган. Узунлиги шарқ – ғарб йўналишида 170 километрни ташкил қилади. Водий шарқда даралар ва сўқмоқлар орқали Шарқий Туркистон ва Хитой билан, ғарбда Ўратепа ва Ховос йўли орқали Жиззах чўли ва Зарафшон водийси билан боғланган. Шу билан бирга, Фарғона водийси Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари ҳавзаси ва Тошкент воҳаси билан ҳам қадимдан узвий алоқада бўлган. Табиийки, бу алоқалар ва боғланишлар узоқ вақтлар давомида Фарғона маданиятининг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган. Фарғона водийсининг Сўх сойи бўйидаги Селенғур ғорида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида у ерда бундан 700-500 минг йил муқаддам инсон яшагани аниқланган. Бу макон жуда қадим замонлардан деҳқончиликка мослашган, чунки бу ернинг табиати илк тарихий даврлардаёқ инсонни ўтроқликка ундаган. Ҳақиқатан ҳам, деярли чор атрофдан тоғлар билан ўралган, айтарли катта бўлмаган географик ҳудудда қудратли сув оқими – Сирдарёнинг, шунингдек, Норин, Қорадарё, Қуршоб, Оқбура, Аравон, Исфайрам, Сўх, Исфара, Қора унғур, Кўгарт, Косонсой ва бошқа катта кичик ирмоқлар, дарё ва дарёчалар ҳамда сойларнинг мавжудлиги инсон тарихининг илк даврларидаёқ уни шу сойлар ва сувлар бўйига ундаган [3:43-98].
Водийда инсон тарихининг илк овчи – йиғувчилик даврига хос манбалар ҳозирча фақат Селунғур тоғидан топилган бўлса, илк деҳқончиликдан дарак берувчи ашёлар анчагина. Улар сўнгги неолит ва ҳатто илк жез даврига, яъни милоддан аввалги (бундан кейин – м.а) VI-IV минг йилликларга хос бўлиб [4:288], ҳозирги Андижон ва Наманган вилоятлари чегарасидан, Норин тумани ҳудудидаги қадимги Эйлатон шаҳарчасидан топилган. Бу топилмаларга кўра, қадимда ушбу маконда яшаган одамларга деҳқончилик маданияти хос бўлиб, улар дон етиштириш ва боғдорчилик билан шуғулланган. Топилган ашёларга кўра, Фарғона маданияти худди ўша даврдаги Яқин ва Ўрта Шарқ маданиятидан паст бўлмаган. Аравондаги қоядан топилган, м.а. V-IV асрларга тааллуқли расмларда одамлар билан бирга ёввойи ҳайвонлар тасвирланган. Унда ҳайвонларнинг кўпайиши ва муваффақиятли ов манзараларидан иборат диний характердаги тасвирлар келтирилган. Яна ўша ерда топилган м.а. III-I асрларга хос бир расмда машҳур Фарғона отларининг кўпайиши билан алоқадор манзара тасвирланган.
Аравон расмларидан маълум бўлишича, у даврда Фарғона аҳолиси ҳаётида ёввойи ва хонаки ҳайвонлар аҳамияти катта бўлган. Марказий Осиё ҳақидаги энг қадимги ёзма хабарлар қадимги форс подшоларининг ёзувларида ва юнон тарихчиларининг асарларида келтирилади. Бу ёзма хабарларнинг энг қадимийси м.а. VI аср ўрталари ва иккинчи ярмига тааллуқлидир. Милодий I-IV асрларда ва ундан бироз кейин Марказий Осиё халқлари ҳақида янада кўпроқ хабарлар келтирилади. Лекин бу ёзма хабарларнинг бирортасида Фарғона номи тўғридан-тўғри тилга олинмайди. Масалан, қадимги юнон тарихчиси Геродот (м.а. 486-424 йиллар) Эроннинг аҳамоний шоҳларига қарам ерлар ва халқларни қайд этиб, ўнинчи сатрапияга (мулкка) париканийлар ва ортокорибантийлар киришини ва улар шоҳга ҳар йили 450 талант кумуш солиқ тўлашини айтади [1:572]. Лекин бу кўрсатилган қабила ёки элатлар қандай мамлакат ёки юртда яшашини аниқ айтмайди. А.Бернштамнинг талқинига кўра, ортокорибантийлар – Беҳистун ёзувларида эслатилган «сака тиграхауда», яъни «чўққи қалпоқли саклар» қабиласи бўлиб, улар Сирдарёдан шарқроқда яшаган. Бундан ташқари, Марказий Осиё сакларининг яна икки қабиласи бўлган, улар – «сака тиамтара дарая», «дарё (ёки денгиз) ортидаги саклар» ва «сака ҳаумаварка (ёки амургий)», яъни «ҳаума» (май) қайнатувчи саклар». А.Бернштам бу кейинги икки қабилани ҳам Сирдарёдан шарқроққа, яъни Фарғона водийсининг шимоли-шарқий қисмига «жойлаштиради».
Геродот эслатган иккинчи қабила – париканийларга келсак, м.а. I асрда яшаган Рим тарихчиси уларни париканлар деб атайди. Яна А.Бернштамнинг айтишича, «Фарғона» атамаси ана шу париканларнинг номидан келиб чиқади ва аслида бу атама «Паргона» бўлиб, бу сўз маҳаллий халқ тилида «тоғлар орасидаги водий» маъносини англатган. Бу ҳолда ҳақиқатан ҳам водийнинг ҳар томондан тоғлар билан ўралгани қайд этилиб, унинг асл номи «Паргона» бўлиб, кейинчалик араблаштириш натижасида у «Фарғона» шаклини олган, дейиш мумкин. Кейинчалик Хитой манбаларида келтирилган водий номларининг бири «Палона» эканида ҳам «Паргона» номи шаклига яқинлик сезилади.
Фарғонанинг тарих саҳнасига чиқишининг яна бир омили – м.а. II аср ўрталарида Юнон-Бақтрия давлати яксон қилиниб, Марказий Осиёнинг талай қисмида Кушон давлатининг таркиб топиши бўлди. Кушон подшолиги қадимги даврнинг анча сирли ва у ҳақда маълумотлар кам бўлган давлатларидан ҳисобланади. М.а. II асрнинг биринчи ярмида ё Хитойда ривожланаётган сиёсий вазиятнинг таъсири натижасида ёки Юнон-Бақтрия давлатининг парчаланиши туфайли, ёинки бу икки ҳодиса бир вақтга тўғри келгани сабабли Марказий Осиёнинг ғарбий қисмида кўчманчи, яримкўчманчи ҳамда турли ирқ ва тил гуруҳларига мансуб бўлган Тяншан қабилалари ҳаракатга келиб, улар орасида кушонлар устунликка эришади ва Фарғонани ишғол қилиб, Кушон подшоҳлигига асос солади. Кейинчалик бу подшоҳлик ҳудудлари Ғарбий Ҳиндистонгача ёйилади. Одатда «кушон» номи Хитой манбаларидаги «усун» номи билан бир деб ҳисобланади. Хитой манбаларида Фарғона учун алоҳида иероглифли атама – «Даван» атамаси бўлган. Ажабланарлиси шуки, бу хитойча номнинг маъноси бир томондан, юқорида айтилган «Паргона» номининг маъносига яқин бўлса, иккинчи томондан, у туркча «довон» маъносини ҳам англатиб, бу ҳолда гўё «довон ортидаги юрт» (яъни шарқдан, Хитой тарафдан қаралганда) маъносини ҳам англатади. Юқорида келтирилган хабарлардан кўрамизки, Фарғона дунё аҳамиятига молик воқеаларда фаол қатнашган. Фарғонанинг араб халифалиги билан мулоқоти бошланган даврлардан то IX аср бошларигача қарийб юз йил давомида Фарғона ўз подшоҳи – Ихшид бошчилигида ўз мустақиллигини сақлаб туради. Шу билан бирга, Фарғона доимо турклар билан узвий алоқада ва уларнинг таъсирида бўлади. Шу сабабли араблар даврида ҳам Фарғона жамияти этник жиҳатдан турклашишда давом этади. Иккинчи тарафдан эса ихшидлар узоқ вақтгача исломни тан олмаган бўлса ҳам, аҳоли аста-секин ислом, жумладан, Фарғона араб халифалиги таркибига кирганидан сўнг бу ерда халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бир муддат турғунлик юз беради. Бу ерда кушонлар давридаёқ бошланган феодаллашув жараёни араб фатҳи даврида бироз тўхтаб қолади. Бу даврда халифаликнинг марказий қисмлари – Ироқ, Сурия ва Мисрда феодал муносабатлар жадал ривожланади. VII аср бошларида араб жамияти ҳали ижтимоий тузумнинг қабила – уруғчилик босқичида турган бўлса, марказлашган ягона халифалик шаклланиши билан халифаликнинг илғор вилоятларининг хўжалик, иқтисодий ва маданий ютуқларини ўзлаштириш натижасида у феодал муносабатларга тўлақонли равишда киришади. Шунга кўра, VIII аср ўрталарида халифаликнинг марказий вилоятларида феодализм Мовароуннаҳрдагига нисбатан анча юқори поғонага кўтарилган эди. Лекин халифаликнинг ягона иқтисодий доирасига кириш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг ривожланиши, халифаликнинг бошқа вилоятлари билан фаол савдо муносабатлари олиб бориш натижасида VIII аср охирларидан шаҳарлар ривожланди, ишлаб чиқариш кучлари тараққий топиб, Марказий Осиё ҳудудида ҳам халифаликнинг бошқа ерларидаги каби тараққий этган феодализм даври бошланади. Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудлари каби Фарғонада ҳам фан ва маданият янги тарихий шароитда тараққий этади.
Шундай қилиб, IX асрда бутун халифаликда фан ва маданиятнинг кучли ривожланиши юз берди. Марказий Осиё халқлари ҳам бу жараёнда халифаликнинг бошқа халқлари каби фаол иштирок этади. Бу пайт халифалик таркибига кирган халқлар «ислом маданияти» деб аталадиган, лекин аслида турли халқлар маданиятининг ўзаро сингиши натижасида юзага келган ягона маданий ҳаракат қатнашчилари бўлиб қолди. Илм-фанда ҳам ҳамкорлик ўрнатилади. Халифаликда фан ва маданият соҳасида қудратли тўлқин, кўп жиҳатдан ўша даврда бой илмий иборалар билан суғорилган араб тили ягона халқаро тилга айлангани туфайли юз берди. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний «Сайдана»сида қуйидаги сўзларни айтган: «Араблар тилига бутун дунё мамлакатларининг илмлари ағдарилган: улар безалиб, қалбларга ёқадиган бўлди, улардан тилнинг кўрки ортиб, томирларга ёйилди».
Турли халқлар вакиллари, хусусан, Марказий Осиё олимлари қаторида Фарғоний ҳам ўз илмий асарларини араб тилида ёзган. Юнон, санскрит, форс (паҳлавий), сурёний тилларида ёзилган илмий асарлар араб тилига таржима қилинарди. Бу эса келиб чиқишига кўра турли халқларга мансуб бўлган олимларга турли замонлардаги турли халқларнинг илмий меросидан баҳраманд бўлиш имконини берди. Натижада, турли-туман маҳаллий ва миллий таркибдаги ислом илм ва маданияти юзага келди. Улар орасида Марказий Осиёнинг, жумладан, Фарғонанинг ҳам улуши бор эди. Чунки бу ҳудуд олимлари халифаликда фаннинг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ал-Фарғоний даври бўлмиш VIII аср охири ва IX аср ҳамда унинг атроф-муҳитини тавсифлаш билан бирга, ўша даврнинг қуйидаги хусусиятларига аҳамият бериш лозим. Бу даврда феодализм катта одимлар билан ривожлангани учун объектив шароит ишлаб чиқариш кучларини такомиллаштиришни ва шу билан боғлиқ равишда ишлаб чиқаришни катта шаҳарларда тўплашни тақозо қиларди. Феодализмдан аввалги илк даврларда шаҳар фақат ҳарбий-маъмурий вазифани ўтаган бўлиб, уларнинг нуфузи бир неча минг кишидан иборат бўлса, ривожланган феодализм даврида янги шаҳарлар қурилади, эскилари эса мисли кўрилмаган даражада катталашиб кетади. Арманистон, Эрон ва айниқса, Марказий Осиёда IX – X асрларда шаҳарлар сони ҳам, катталиги ҳам ортиб боради. Қоҳиранинг барпо қилиниши араб Шарқида Ўрта асрлар ривожланиш даврининг якуни деб ҳисобланади.
Баъзи шаҳарлар шу қадар йириклашдики, уларни ҳақли равишда Ўрта асрлар агломерацияси дейиш мумкин. Чунончи, шундай шаҳарлардан бири Бағдод эди. У еттита кичик шаҳарларнинг қўшилишидан юзага келган. Қоҳира ҳам шулардан бири, у иккита шаҳарнинг қўшилишидан ҳосил бўлган эди. Шаҳарлар шу тариқа иқтисодий ва маданий марказларга айланади. Ишлаб чиқариш кучлари ва шаҳар ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг ўсишини фундаментал ва татбиқий фанлар соҳасидаги тадқиқотларни йўлга қўймасдан ва ташкил қилмасдан таъминлаб бўлмас эди. Илмий тадқиқотларни ташкил қилишга объектив талаб пайдо бўлди. Ҳарбий юришлар даврида халифалар фақат «ер ва сув тўплаш» билан машғул бўлган пайтларда бундай талаб ҳали йўқ эди. Халифалар Мансур (754-775) ва Ҳорун ар-Рашид (786-809) даврида аҳвол тубдан ўзгарди. Аслида, айнан улар даврида халифаликда маърифат даври бошланди. Илмий ишларнинг ташкил қилувчиси ва раҳбари халифа Маъмун (813-833) эди. У халифалик олимларини «Байтул ҳикма» – «Донишмандлар уйи»га бирлаштирди. Беруний айтганидек, «илм ўз зоти билан матлубдир, ҳақиқатан ҳам, барча нарсадан лаззатли. Илмдан бошқа қандай нарсада манфаат зоҳирроқ ва қандайида фойда кўпроқ бўлади, фақат илм билангина ҳам дин, ҳам дунё учун хайрли ишларни қилиш ва уларга зарар келтиришдан сақланиш мумкин. Агар илм бўлмаганида, биз жалб қилаётган нарса ёмонлик эмаслигига ва четланаётган нарса яхшилик эмаслигига ишонч бўлмас эди». Агар илмга шундай ёндашадиган фидойилар бўлмаганида, ҳеч қандай халифа ёки вазир илмни бу даражада ёя олмас эди. Шунинг учун халифалар даврида илмнинг ҳақиқий ташкилотчи ва раҳбарлари йирик ва серқирра олимлар эди. Улар фаннинг ҳар соҳасидан чуқур билимли бўлиб, ходимларни танлаш ва жойлаштириш уларга боғлиқ эди. Санад ибн Али, Ҳабаш Ҳосиб, Холид Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансур, Муҳаммад Хоразмий каби олимлар шулар жумласидандир. Халифалар Восиқ ва Мутаваккил даврида шундай шарафли вазифа Аҳмад Фарғонийга насиб этди. Шундай қилиб, халифаликда VIII аср охири ва IX асрда фан ҳамда маданият соҳасидаги улкан кўтарилиш асосан халқ оммаси онги ва тафаккуридаги прогрессив ўзгаришлар туфайли юз берган эди.
Фарғоний яшаган давр ижтимоий-сиёсий ҳаётда суронли воқеалар, фан ва маданиятда улкан кўтарилиш даври эди. Фарғонанинг Ахсикат, Косон, Ўзганд, Ўш, Андижон, Марғилон, Хўжанд, Асбара сингари катта шаҳарлари Сирдарёнинг ёқасида ёки унинг яқинида жойлашган. Яна аллақанча кичик шаҳарлар ҳам бор. Улар оралаб шарқдан ғарбга Хитойдан келадиган Буюк ипак йўли ўтади. 712-713 йилларда лашкарбоши Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги ислом-араб қўшини Фарғонага бостириб кирди. Бу фотиҳлар Фарғонада муқим яшаётган аҳоли ўртасида ислом дини ва араб тилини ёя бошлади. Фарғона халқи буддий, зардуштий, моний эътиқодларига риоя қилар эди. 819-820 йилларда Халифа Маъмун Фарғонани Бухородаги ўзига қарам ҳокимият ихтиёрига ўтказди. Шу йўсинда Фарғона ўлкаси жуда катта ерларни ўз ичига олган араб халифалигининг шарқий вилояти бўлиб қолди. Бу вақтлар араб халифалиги ғарбда Миср, Мағриб (шимолий Африка) орқали Испаниягача, шарқда эса Эрон, Хуросон, Мовароуннаҳр орқали Шош ва Фарғонага қадар чўзилар эди. Бағдод халифалик маркази эди.
Дарҳақиқат, аждодларимиз VII-VIII асрларда арабларга қарши узоқ муддат давомида кураш олиб борди. Бу курашда Фарғона ҳукмдорлари гоҳ Ўрта Осиёнинг Чоч, Сўғд мулклари билан, гоҳ турклар ва хитойликлар билан иттифоқ тузди. Аммо охир-оқибат бу курашда фарғоналиклар мағлуб бўлди ва Фарғона водийси Араб халифалиги таркибига қўшиб олинди. Бу ерда аста-секинлик билан ислом дини ёйилди ва шариат қонунлари қарор топди [2:68].
Хулоса қилиб айтганда, Фарғона водийсининг исломгача бўлган давридаги диний-ижтимоий ҳаёти мураккаб ва бой тарихга эга. Бу даврда ҳудудда кўпхудолик динлар, хусусан, зардуштийлик ва буддизм кенг тарқалган. Маҳаллий қабила ва халқлар турли маданий анъаналар ва эътиқодларга эга бўлиб, жамият қабилавий тузилмага асосланган эди. Буюк Ипак йўли орқали амалга оширилган савдо-сотиқ бу ҳудудга турли дин ва маданиятларнинг кириб келишига сабаб бўлган. Санъат ва маданиятнинг ривожланиши натижасида ибодатхоналар, ҳайкаллар ва бошқа санъат асарлари яратилган. Буларнинг барчаси Фарғона водийсининг исломгача бўлган даврдаги диний-ижтимоий ҳаётининг ранг-баранглиги ва мураккаблигини кўрсатади.
-
Анарбаев А. Ахсикат – столица древний Ферганы. – Т.: Тафаккур, 2013.
-
Bosworth C.E. The new islamic dynasties. A chronological and genealogical manual. – Edinburgh: University Press, 1996.
-
Кляшторный С.Г. Древнетюркская руническая надпись на бронзовом перстне из Ферганы // Археологические работы в Таджикистане 1957 году. Вып. IХ. – Сталинабад., 1959.
-
Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар (Қадимий ва Илк ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар). – Фарғона., 2013.