Home / МАҚОЛАЛАР / ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 6-ҚИСМ

ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 6-ҚИСМ

Ибн Абу Мулайка розияллоҳу анҳу

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида ёки ундан олдинроқ Маккада туғилгани ривоят қилинган. Ҳазрати Ойша, Абу Махзура, Ибн Аббос, Ибн Умар, Ибн Зубайр розияллоҳу анҳум каби кўплаб кишилардан ҳадис ривоят қилган[1].

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Макка ва Тоиф қозилиги, Масжидул Ҳаромда эса муаззинлик ва имомлик қилган[2].

117/735 йилда вафот этган[3].

 

Осим ибн Умар ибн Қатода розияллоҳу анҳу

Мадиналик[4]. Сиқа (ишончли) ровий бўлган ва кўп ҳадис ривоят қилган Осим отаси Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Молик ва Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳум каби шахслардан ривоят қилган.

Башир ибн Муҳаммад билан бирга халифа Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳудан қарз сўраган ва халифа уларга 400 динор пул берган[5]. Бу воқеадан кейин халифа Умар ибн Абдулазиз мағозий соҳасида мутахассис бўлгани учун ундан Шом масжидида одамларга мағозий ва саҳобалар маноқибларини айтиб беришини сўраган[6].

Ушбу вазифани адо этгандан сўнг Мадинага қайтган ва 120/738 йилда Мадинада вафот этган[7].

 

Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу

Манбаларда 50/670 ва 58/678 йиллар оралиғида туғилганига доир ривоятлар мавжуд. Тобеинлардан бўлган Зуҳрий, кўплаб саҳоба ва тобеинлардан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳунинг халифалиги давридаги ҳадисларнинг тадвини фаолиятида муҳим роль ўйнаган[8].

Зуҳрий ўттиз ёшларида талабалик пайтида рўзғор муаммосига ечим топиш учун Дамашққа кетган. Халифа Абдулмалик ибн Марвон розияллоҳу анҳу даврида девонга қайд этилган, унга энг юқори даражадан маош ва ерлар ажратилган. Дамашқда закот масъули сифатида ҳам ишлаган. Шунингдек, Умавийлар халифалигида халифалар ҳузурида турли вазифаларда ишлаган. Иккинчи Язид даврида қозилик вазифасини бажарган. Ҳишом ибн Абдулмалик розияллоҳу анҳунинг фарзандларига муаллимлик қилган[9].

Сиқа (ишончли) ровий бўлган Зуҳрий 124/742 йилда вафот этган[10].

 

Абу Исҳоқ Сабиъий розияллоҳу анҳу

Ҳазрати Усмоннинг халифалиги тугашидан икки йил олдин, 34/655 йилда туғилган[11]. Зайд ибн Арқам, Абдуллоҳ ибн Умар, Адий ибн Хотим, Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳум каби кишилардан ҳадис ривоят қилган[12].

Муовия розияллоҳу анҳу даврида Византия билан бўлган жангда қатнашган ва Муовия илгари отасига берган 300 дирҳамлик маошни унга ҳам тайинлаган[13].

Ҳижрий 127/745 йилда вафот этган[14].

 

Ато Хуросоний розияллоҳу анҳу

50/670 йили туғилган[15]. Саид ибн Мусайяб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Ибн Бурайда, Нофеъ, Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳум каби шахслардан ҳадис ривоят қилган[16].

Ўзининг айтишича, рўзғорини мусулмонлар ва давлат раҳбарлари берган нарсалар билан таъминлаган[17].

135/752 йилда, 85 ёшида Эриҳода вафот этган[18].

[1] Заҳабий. Сияр. Ж. 5. – Б. 89.
[2] Заҳабий. Тазкира. Ж. 1. – Б. 78.
[3] Заҳабий. Сияр. Ж. 5. – Б. 90.
[4] Миззий. Таҳзиб. Ж. 13. – Б. 529.
[5] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 269; Ибнул Жавзий. Мунтазам. Ж. 7. – Б. 203.
[6] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 116; Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. 5. – Б. 54.
[7] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 337.
[8] Fuat Futsi. Ибн Шиҳоб Зуҳрий. – Б. 96.
[9] Özkan. Зуҳрий. ТДИЭ. Ж. 44. – Б. 545.
[10] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 356.
[11] Заҳабий. Сияр. Ж. 5. – Б. 393.
[12] Суютий. Табақот. Ж. 1. – Б. 87.
[13] Заҳабий. Сияр. Ж. 5. – Б. 394.
[14] Зириклий. Аълом. Ж. 5. – Б. 81.
[15] Заҳабий. Сияр. Ж. 6. – Б. 143.
[16] Заҳабий. Сияр. Ж. 6. – Б. 140.
[17] Заҳабий. Сияр. Ж. 6. – Б. 142.
[18] Заҳабий. Сияр. Ж. 6. – Б. 143.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

ЗАМОНАВИЙ ХАВОРИЖЛАР ҲАҚИДА ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ ХАБАРЛАРИ

Ислом дини жамиятни тартибга солиш ва инсониятнинг икки дунёдаги ҳаётини гўзаллаштириш учун нозил қилинган. Аммо …