Кириш. Дунёнинг кўплаб илмий-тадқиқот марказларида Ўзбекистон маориф тизимининг ХХ аср 20 йиллари тарихини ўрганиш бўйича илмий изланишлар амалга оширилмоқда. Илмий жамоатчилик томонидан тарихий ҳужжат ва манбаларни қайта таҳлил этиб, илмий муомалага киритилиши тарихимизнинг кўплаб мавҳум қирраларини очди. Илмий изланишлар натижасида чоп этилган янги монография ва адабиётлар аҳоли орасида ўзи яшаб турган ўлка тарихига қизиқишни оширмоқда.
Маълумки, ХХ аср бошлари Туркистон ўлкасининг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти қарама-қаршиликларга тўла давр сифатида тилга олинади. Бу даврда бир томондан совет маъмурияти мафкуравий ҳукмронликни қўлга олиш учун кураш бошлади, иккинчи томондан тараққийпарварларнинг миллий ўзликни тиклаш йўлидаги интилишлари авж палласига чиқди. Совет ҳукумати томонидан ўз мухолифларини бартараф қилишнинг бошланиши, норозиликни кучайишига олиб келди. Шунингдек, мустамлакачи ҳукуматнинг ғоявий ҳукмронлик учун кураши мактаб таълимига ҳам таъсир кўрсатган.
Тадқиқот методологияси. Ушбу мақолани тайёрлашда тарихийлик ва мантиқийлик тамойилларига мос тизимли, объектив, қиёсий ва статистик таҳлил, муаммовий-хронологик ва танқидий ёндашув методларидан фойдаланилди.
Адабиётлар таҳлили. Шўро ҳукумати ҳокимиятга келгач, халқ онгида «ягона коммунистик мафкура»ни шакллантириш чораларини қўллай бошлаган. Масалан, Тарасов ўзининг «Ихтисосли билим юртларининг қурилиши тўғрисида ўқуғучиларнинг роли» номли мақоласида: «Шўро мактабининг буржуазия мактабига солиштириб қараганда, унинг муҳим нуқталаридан бириси ўқуғучиларнинг ўз-ўзларини идора қилишларидир. Унинг тузулишидан мақсад ўқуғучиларни жамият ишларига қизиқтириш ва малакаларини юксалтиришдир. Ўқиш юртининг ҳаётида ва коммунизм руҳида ижтимоий, ҳам сиёсий тарбия беришда муташаккир бўлғон ҳолда иштирок қилишдир», деган [7: 9]
«Маориф ва ўқитғувчи» журналининг «Меҳнат мактаби нимадир» сарлавҳаси остидаги мақолада: «Коммунистлар тарбиясининг идеали, ўз асридаги билимлар билан ҳар жиҳатдан қуролланғон ўзида, тамом ўрганган – билимли ва шунинг билан баробар турмушға хўжаликни бирга қўшқон меҳнат кишисидир». Ўртоқ Крупская айтадир: “Коммунизм ишлаб чиқаришни тадрижий, ақлий равишда ташкил қилишға айлайдир. Ҳеч бир куч, ҳеч бир қобилият бекорга йўқ бўлиши керак эмасдир. Ақлий равишда кучлардан истифода қилиш, уларнинг тадрижий фойдали тарбия қилишда йўл очодир. Мана шул сабабли Халқ Маориф Комиссарлиги айниқса шундай «бирлик меҳнат мактабини» вужудга келтиришни ўзига вазифа қилиб қўйди”, деган эди [3: 26]
Туркистон мактаб ва мадрасалари ёшларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш йўлидаги марказ вазифасини ўтаган. Хонлик ва амирлик давридаги сиёсий келишмовчилик ва ҳарбий тўқнашувлар халқ турмушига салбий таъсир кўрсатган. Бу вазият ХХ аср 20 йилларида ҳам таълим усулини кўп мактабларда қадимги давр тартибидек юритилишига сабаб бўлган. 1923 йилдаги маълумотларга қараганда, Самарқанд шаҳридаги 1-босқич 11 та маҳаллий эски мактабнинг 36 та синф хонасига ўртача 32 нафардан ўқувчи тўғри келган [9]. Мактаб таъминоти Инспекция (назорат органи) ва маҳаллий аҳоли ихтиёрида бўлган. Бу даврда таълим муассасаларининг энг катта муаммоси ўқув жиҳози ва асбоб-ускуналар етишмовчилиги эди.
1923 йилдан Совет ҳукумати ўз режимини мустаҳкамлаш йўлида Маориф Халқ Комиссариати таркибида Бош Вақф бошқармасини ташкил этган [14]. Дастлабки йилларда Бош Вақф бошқармаси зиммасига вақф мулкини бошқаришни ташкил этиш, улардан даромад олиш ва туб аҳолини маданий-маърифий ишларга йўналтириш вазифаси юкланган. Шундай бўлса-да, ушбу Бошқарманинг, асосий вазифаси мактаб ва мадрасаларни қайта ташкил этиш билан бирга, унинг мулкини давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат бўлди. Ўқитиш услубини ислоҳ қилиш, умумий таълим ва фанларни ўқув дастурига киритиш белгиланган. Шунингдек, янги совет мактабларини ташкил этиш орқали халқ таълимига ёрдам бериш, мавжуд эски усулдаги мадраса ва мактабларни советлаштириш кўзда тутилган. Бу мақсадга эришиш учун Бош Вақф бошқармаси ўз фаолиятининг дастлабки босқичлариданоқ ўзининг маҳаллий бўлимларини ташкил қила бошлаган.
Бу даврда Бош Вақф бошқармаси фаолиятига Совет ҳукуматининг Туркистонда вақф тартибини тан олиши ҳам таъсир этган. Архив материалларида ташкилот Туркистон ижтимоий, маънавий ва маърифий йўналишларни қайта ташкил этиб, зудлик билан мадрасаларнинг «ақидапарастлик ва қоронғу» тизимини бузишга киришгани ёзилган. Шунингдек, илгари «зарарли таълимнинг» тарқалишига хизмат қилган маданий-маърифий марказлар энди Маориф Халқ Комиссариатининг «Главсотсвос» ишлаб чиққан ўқув дастурини жорий этган таълим муассасаларига мурожаат қилаётгани қайд этилган. Масалан, Тошкент шаҳар вақф бошқармаси (эски шаҳарда) қошида 6 та қуйи, 5 та умумтаълим мактаби, 1 та ўқитувчилар курси, жами 450 нафар ўқувчи ҳозирданоқ янги усул дастури бўйича фаолият юритаётгани ёзилган. Шунингдек, Самарқанд вақф бошқармаси (Самарқанд ш.) 14 та умумтаълим мактаби, ўқувчилар сони 440 нафар ўқитувчилар курслари мавжуд эканини, Хўжанд вақф бошқармаси 380 ўқувчига мўлжалланган 11 та умумтаълим мактаби ва 1 та ўқитувчилар малакасини ошириш курсини, Каттақўрғон вақф бошқармаси 110 ўқувчига мўлжалланган 3 та умумтаълим мактаби, жами 1600 нафар ўқувчига мўлжалланган жами 60 та янги услубдаги мактабни рўйхатга олган [11].
Бош Вақф бошқармаси мактаб ва мадраса ислоҳотини амалга оширишда эҳтиёткорлик билан ёндашишга мажбур бўлган. Бу ҳолат Самарқанд ва Қўқон каби ҳудудларда миллий норозилик кураши авж палласида бўлгани учун яққол кўзга ташланади. Мактаб ва мадрасаларни қайта ташкил этиш миллий анъана ва одатларга тўғридан тўғри қарши чиқмасдан, босқичма-босқич амалга оширилган. Совет ҳукумати ўз мақсадига эришиш учун ўқув муҳитини янгилашга эътибор қаратди. Натижада, Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Андижон, Хўжанд вақф бўлимлари вақф маблағи ҳисобидан тўрт ойлик педагогика курсларини очган [13].
Қайта ташкил этиш режалаштирилган ҳар бир эски мактаб вакиллари ўз ўқитувчиларидан бир ёки икки кишини курсларга ажратиши белгиланган. Агар муассасадан қайта тайёргарликка юбориладиган ўқитувчи бўлмаса, Вақф бўлими курсларни ўташ учун муносиб номзодни ўзи танлаб бериши тартиби киритилган. Курсда малака ошириб тугатган кадрлар қайта ташкил этилган мактабларга ишлашга юборилган [13].
«ХХ асрнинг 20 – 30 йилларида Ўзбекистонда совет халқ таълим тизимининг шаклланиши: мафкура ва тамойиллар» номли мақолада бу давр ҳақида: “Республикада дунёвий мактаб таълимини йўлга қўйиш жараёни катта қийинчиликлар билан кечди. Бу, биринчи навбатда, янги ташкил топган Совет давлатининг вақфлар туфайли анча қулай ҳолатда бўлган мусулмон мактабларидан фарқли ўлароқ, янги совет мактабларини очиш ва сақлаш учун мутлақо маблағи бўлмаган оғир молиявий аҳволи билан изоҳланади. Кадрлар масаласи жуда кескин эди. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида янги очилган мактаблар учун ўқитувчилар етишмовчилиги эски тизим асосида тайёрланган мутахассислар томонидан қопланди. Уларни ишга жалб қилиш Совет давлати томонидан вақтинчалик мажбурий чора эди” – деб муносабат билдирилади [8: 221] Шунингдек, маҳаллий халқ тилида дарс бера оладиган ўқитувчиларнинг камлиги муаммоси бу даврда қисман ҳал қилингани таъкидланади.
1924 йилда СССР бюджетидан Туркистон АССРга олтин ҳисобида 2 миллион сўмдан кўпроқ пул ажратилган. [6:285] Адабиётларда социализм ғалабалари мақтаб келинган бўлса-да, совет мактабларида ўқув қуроллари ва асбоблар етишмовчилиги бу даврда ҳам давом этган. Ҳужжатларда ўқувчиларнинг асосий қисми сабоғини қорилар каби ёддан ўқишга, айрим ҳарфларни танимаслиги бутун вилоят мактабларида кузатилиши ёзилган. Масалан: “Самарқанднинг 9 та янги шаҳар мактабида 3729 нафар талаба бўлгани ҳолда 44 та эски шаҳар мактаб талабасининг сони 3200 нафарни ташкил этган. Айниқса, қишлоқ мактабларида болаларнинг жуда оз қисми ўқишни давом эттиради. Бир синфда 7, 8, 10 нафаргина талаба учратилди. Янги мактаб бинолари солиш ва мавжуд бўлғон мактабларни римонт ишлари ўқув йили бошиға эмас, балки қишнинг ўртасигача тугаган эмас. Бошланғон мактаб биноларининг тепалари ёпилмағонларидан ёмғур остида бузилиб ёноди. Римонтға етарлик даражада ақча берилмаган, баъзи туманларда мактабларни аҳоли ўз ҳисобиға римонт қилса ҳам, кўб мактаблар чала римонт ҳам кўрмаганлар” – деб маълум қилинган [4:63].
Бу даврда мавжуд бўлган меҳрибонлик уйлари ҳам оғир шароитда иш юритган. Самарқанд уезди бўйича 1923 йил 1 апрель ҳолатига кўра, жами 12 та меҳрибонлик уйи 63 нафар педагог-тарбиячи ва 68 нафар техник ходим билан фаолият кўрсатган. Барча меҳрибонлик уйларидаги болалар сони: ўғил болалар – 546 нафар, қизлар – 366 нафар. Ҳаммаси бўлиб 911 нафар бола тарбияланган. Тарбияланувчилар сони ҳар бир меҳрибонлик уйига ўртача 75 кишидан тўғри келган [9]. Бу муассасаларда ҳам маблағ ва озиқ-овқат етишмаслиги, кийим-кечак, кўрпа-тўшак йўқлигидан улар хайрия уйларини эслатиши қайд этилган.
Маъмурий бошқарув ходимлари ўқув муассасаларида текширув ўтказиб, камчиликларни муҳокама қилган. Масалан, бу борада Самарқанд вилоят маориф шўбасининг иши тўғрисида вилоят шўба мудири Атауллаев ҳисоботи билан вилоятда маориф ишларини текширган инспектор Носирбековнинг қўшимча маърузаси мавжуд. Текшириш материалларига биноан Самарқанд вилоятида маориф ишининг аҳволини қуйидагича келтирган: «Бутун вилоятда мавжуд бўлган 1- ва 2-босқич мактабларнинг сони 274 та, синфларнинг сони 678 та, уларда ўқувчилар сони 16229 нафардир. Ўтган йилга нисбатан (1926 йил назарга тутилмоқда – муаллиф) синфлар сони 85 тага ва ўқувчилар сони 917 тага ўсгани англашилди. Вилоят маориф аппаратининг умумий тузилиши, тартибот ва админстрация иши яхши йўлга қўйилғон, ташкилот ва молия ишлари дуруст боради, аммо ҳисобот ишлари заиф. Туманларга жонли раҳбарлик бўлмағон, ёз билан бўлғон раҳбарлик туманларни қаноатлантира олмағон, чунки юборилган таълимотлар кўб вақт ўрунларга кечикиб борғон» – деб қисқача тасвирлаган [4: 63]. Мақолада ўқув йилининг ярми ўтиб кетгани ҳолда вилоят мактаблари дастури яратилмагани ва айрим муассасаларда ўқиш муаллимлар тайёрлаган дастур асосида олиб борилаётгани қайд этилган.
Мафкура майдонида ўқув адабиётлари ва асбоб-ускуналари алоҳида аҳамият касб этган. Аммо «муассасаларда ўқиш-ўқитиш асбобларини ҳозирлаш учун энг кейинга қолган заказлар келган бўлсада, уларни олишга пул йўқлиги сабаб бир ярим ойдан буён Жиззах вокзалида қолиб кетган»и тўғрисида ҳам маълумот мавжуд [4: 63].
Маълумки, Чор мустамлакачилиги даврида Туркистон аҳолисининг саводлилик даражасини ачинарли аҳволда экани адабиётларда ёзиб қолдирилган. Архив материалларида совет даврида ҳам: «1920 йилда аҳолининг саводлилик кўрсаткичи 1000 кишига нисбатан: ўзбеклар – 36 нафар, қирғизлар – 42, тожиклар – 32 ва туркманлар – 11 нафарни ташкил этган» – деб келтирилган [12]. Совет ҳукумати даврида ҳатто Туркистон маҳаллий миллат комсомоллари таркибида саводсизлар мавжудлигини ҳисоблаб: «Аъзолар ва саводсизлар сони бўйича қирғиз ёшлари устунлик қилади, улар асосан 99 фоиз Сирдарё ва Еттисув вилоятларида тўпланган. Аъзолар ва саводсизлар сони бўйича иккинчи ўринда ўзбек ёшлари (Самарқанд, Фарғона, қисман Сирдарё вилояти) туради. Учинчи энг саводсиз туркман ёшлари (Туркманистон). Тўртинчи ўринни европалик ёшлар (Самарқанд, Тошкент, Қўқон) эгаллади. Бешинчи ўринни ҳам европалик ёшлар эгаллаган» – деб натижа кўрсатилган [10]. Бу жойда икки тизим даврида ҳам халқнинг саводхонлик даражаси фақат бир ҳолатдаги кўрсаткични маълумот сифатида бериб ўтишдан нарига ўтилмаган.
1923 йил Туркистон АССР Маориф Халқ Комиссариати ҳузурида саводсизликни тугатиш билан иш олиб борувчи фавқулодда комиссия ўз фаолиятини бошлаган. Шу муносабат билан Республиканинг барча олий ўқув юрти талабалари саводсизликни тугатиш ҳаракатига жалб этилади. Аммо бу даврдаги аҳолининг оғир турмуш шароити, таълим муассасаларидаги синф хоналарининг баҳор-қиш фасллари мавсумий шароитига мослаштирилмагани дарсларнинг қисқартирилиши ёки қолдирилишига ҳам олиб келган. Бендриков ўз монографиясида: “1924 йилдан кейин Ўрта Осиёнинг янги миллий республикаларида «саводсизликни йўқ қилиш» асосан 1924 йилда ўтказилган Маориф таълими бўйича Бутунтуркистон қурултойида белгилаб берилган йўлдан борган. Бир неча йил давомида аҳолининг уюшган қисми орасида саводсизлик барҳам топди. Ўзбекистон ССРда 1930 йилга келиб, саводхонлик 1920 йилдаги тахминан 8 фоизга нисбатан ўртача 27,3 фоизга етди” – деб келтирган [1: 474].
Эски араб ёзувига ихтисослашган аҳоли саводини кўтариш масаласининг ечими изланилаётган бир вақтда, янги ўзбек (лотин) алифбосига ўтишнинг кун тартибига қўйилиши вазиятни атайин шу ҳолда сақлаб туришни давом эттиргандек таассурот уйғотади. Масалан, 1926 йил август ойида Самарқандда йиғилган ўзбек илмий доиралари кенгаши томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзуви ишлаб чиқилиб, қабул қилинган [5:50]. Мафкуравий ҳукмронликни қайта тиклаш учун бошланган бу ҳаракат матбуот саҳифаларида «бу кунги маданият дунёсида бизнинг бошқаларга қараганда бир қадар орқада қолганимиз маълум. Масалан, Оврўпа элларида ҳар юз нафар одамга фақат (тахминан) 3-4 нафар саводсиз одам тўғри келса, бизда ҳар юз нафар одамнинг 91 нафари саводсиз ҳисобланадир. Шу сабаблик, ҳозирги маданий қурилиш ишларимизда ҳал этилиши зарур бўлган масалаларнинг бири омма орасидаги умумий саводсизликни йўқотишдир» – деган важ олға сурилган [2:11]. Аҳолини саводсиз деб, мавжуд вазиятни камчиликлар билан кўрсатиш орқали халқ орасида «социализм ғоясини» кенг ёйиш одатий ҳолга айланган.
Таҳлил ва натижалар. Ўзбекистоннинг ХХ аср 20 йиллари маориф тизимининг сиёсийлашуви ва мафкуравий муҳитга бўйсундирилиши даврига холисона ёндашиш кўплаб жумбоқларга ечим бўлади. Бу давр Туркистон маориф тизимига назар ташласак, бир-бирининг таълим услубини инкор қилган, маҳаллий аҳолининг билим савиясининг кучайиб кетишидан хавфсираган чор империяси ва совет мустамлакачи бошқарувининг зиддиятли муносабатини кузатамиз. Россия империяси мустамлакачилиги даврида маданий ҳаёт босқичма-босқич назоратга олинган бўлса, шўро ҳукмронлиги йилларида эса бу муассасалар меҳнат мактабига айлантирилган. Ҳар иккала бошқарув даврида ҳам эски мактаб ва мадрасалар фаолиятига душман назари билан қаралиб, уларнинг фаолиятини тугатиш йўлида турли режалар ишлаб чиқилган. Ўқув адабиётлари ва асбоб-ускуналар масаласида давлат ўз назоратини кучайтириб, эски адабиёт ва қўлланмалар давлат ҳисобига мусодара қилинган. Тараққийпарварларнинг ислоҳот дастурлари рад этилиб, совет даврида ягона «коммунистик ўқув дастури» ишлаб чиқилган.
Хулоса ва таклифлар. ХХ аср 20 йилларидан ўлка маориф соҳаси дунё цивилизация тизимидан ажратилиб, социализм мафкурасига мослаштириб келинган. Саводсизликни тугатиш баҳонасида ўлка аҳолисини қайта ўқитиш, «тарбиялаш» амалга оширилган. Бу тартиб жамоатчиликни социалистик ғоя байроғи остида марказ манфаатларига хизмат қилишга етаклаган. Чор мустамлакачилиги даврида бошланган таълимдаги сиёсий тақиқ ва ғоявий ҳукмронлик совет даврида ҳам давом этган. Маориф Халқ Комиссариати таркибидаги Бош Вақф бошқармаси таъсирида маориф тизими, яъни таълим муассасалари биноси, моддий базаси, вақфи, ўқувчи ва ўқитувчилар таркиби тўлиқ ўрганилиб, советлаштирилган. Маориф тараққиётига танқидий кўз билан қараш сўниб борган бўлса-да, таълимдаги муаммо ва камчиликлар давом этган. Бу етишмовчиликларни бартараф этиш турли баҳона ва сабаблар билан кейинги йилларга қолдириб келинган.
-
Бендриков К.Е. Очерки по истории народного оброзования в Туркистане. – М., 1960.
-
Лотинлаштириш ишида асосий директивлар. Аланга журнали 1928 йил январь. 8-сон.
-
Меҳнат мактаби нимадир // Маориф ва ўқитғувчи. –1925. №1-сон.
-
Самарқанд вилоят маориф шўбасининг ишлари тўғрисида // Маориф ва ўқитғувчи. 1927. 3-4-сон.
-
Савол-жавоб. Янги алифбо тўғрисида: ўртоқ Р.К.Абдураҳмоновнинг сўроқлари // Маориф ва ўқитғувчи. 1927 йил май. 5-сон.
-
6. Шамсутдинов Р., Каримов Ш. Ватан тарихи (Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида) 3-китоб. –Т.: Шарқ, 2010.
-
Тарасов. Ихтисоси билим юртларининг қурилиши тўғрисида ўқуғучиларнинг роли// Маориф ва ўқитғувчи. 1929. 6-сон.
-
Ўзбекистонда таълимнинг ривожланиш тарихи ва тарихшунослиги очерклари. И. – Т., 2016.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-1859. 1923 йил. 24-варақ.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2052. 1923 йил. 8-варақ.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2133. 1923 йил. 8-варақ.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2167. 1923 йил. 31-варақ.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2302. 1923 йил. 140-варақ.
-
Ўз.МА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2318. 1923 йил. 2-варақ.