Home / МАҚОЛАЛАР / ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 4-ҚИСМ

ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 4-ҚИСМ

Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу

Ҳазрати Усмоннинг халифалиги даврида туғилган[1]. Отаси Абдуллоҳ ибн Умар, амакиси Зайд ибн Хаттоб, Ҳазрати Ойша, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Абу Лубоба Ансорий ва Саид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳум каби кўп кишилардан ҳадис ривоят қилган[2].

Зоҳидона ҳаёт кечирган, давлат раҳбарлари томонидан берилган совғаларни қабул қилмаган[3]. Бозордан нималардир сотиб олиб, шу билан олди-сотди қилгани ривоят қилинади[4]. Шунингдек, Умар ибн Абдулазиз (р.а.)нинг Мадина волийлиги даврида маслаҳат кенгашида фаолият кўрсатган[5].

106/725 йили Мадинада вафот этган[6].

 

Сулаймон ибн Ясор розияллоҳу анҳу

34/654 йилда туғилган. Кўп сонли ҳадис ривоят қилган сиқа (ишончли) ровийдир[7]. Зайд ибн Собит, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган[8].

Умар ибн Абдулазиз (р.а.) Мадина волийси сифатида фаолият олиб борганида Сулаймонни Мадина бозорига масъул этиб тайинлаган[9]. Бундан ташқари, у Умар ибн Абдулазизнинг маслаҳат кенгашида иштирок этган[10].

107/725 йили[11], 73 ёшида вафот этган.

 

Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний розияллоҳу анҳу

Туғилган йили ҳақида маълумот мавжуд эмас. Басралик[12]. Анас ибн Молик, Ибн Аббос, Ибн Умар, Муғийра ибн Шуъба, Ҳасан Басрий, Урва ибн Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳум каби саҳоба ва тобеинлардан ҳадис ривоят қилган[13].

Музанийнинг онаси ва рафиқаси бой одамлар бўлган. Унинг ҳам аҳволи яхши бўлиб, ҳатто кийган кийимининг қиймати 4000 дирҳам деб баҳоланган. Бойлар каби кийинар, аммо камбағаллар билан суҳбатлашиб, уларнинг кўнглини олган[14].

108/726 йили вафот этган. 106 йилда вафот этганига доир ривоятлар ҳам мавжуд[15].

 

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу

Ҳазрати Умарнинг халифалиги тугашидан икки йил олдин, 21/642 йили туғилган[16]. Имрон ибн Ҳусайн, Муғийра ибн Шуъба, Абдураҳмон ибн Самура ибн Жундуб, Нуъмон ибн Башир, Ибн Аббос ва Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум каби шахслардан ҳадис ривоят қилган[17].

Хуросон волийси Робиъ ибн Зиёд (р.а.)нинг котиблигини қилган[18]. Басра волийси Сулаймон ибн Ҳарб (р.а.) даврида Басра қозилиги вазифасида ишлаган[19].

110/728 йили Ражаб ойида[20] 89 ёшида вафот этган.

 

Ибн Сирийн розияллоҳу анҳу

Ҳазрати Усмоннинг халифалиги тугашидан икки йил олдин, 34/654 йили туғилган[21]. Анас ибн Молик, Зайд ибн Собит, Ҳазрати Ҳасан, Ҳузайфа ибн Яман, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби шахслардан ҳадис ривоят қилган[22].

Ҳукм чиқариш, фароиз (мерос) ва ҳисоб ишлари бўйича мутахассис бўлган. Рўзғори таъминоти учун савдо билан шуғулланган[23]. Ривоятларга кўра, савдо учун 40,000 дирҳамга сотиб олган ёғнинг ичига сичқон тушиб кетгач, ҳаммасини тўкиб юборган ва катта зарар кўрган. Қарзи бўлган Ибн Сирийн шу сабабли қарзини тўлай олмагач, қамоққа тушган[24].

110/729 йили туғилган жойи Басрада[25], 76 ёшида вафот этган.

[1] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 458.
[2] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 458.
[3] Ибнул Жавзий. Мунтазам. Ж. 7. – Б. 114.
[4] Заҳабий. Тазкира. Ж. 1. – Б. 69.
[5] Said Kaya. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар. ТДИЭ. Ж. 36. – Б. 47.
[6] Зириклий. Аълом. Ж. 3. – Б. 71.
[7] Зириклий. Аълом. Ж. 3. – Б. 138.
[8] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 444.
[9] Ибн Асокир. Тарих. Ж. 72. – Б. 227.
[10] Çeker. Сулаймон ибн Ясор. ТДИЭ. – Б. 110.
[11] Заҳабий. Тазкира. Ж. 1. – Б. 70.
[12] Самъоний. Ансоб. Ж. 12. – Б. 230.
[13] Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. 1. – Б. 484.
[14] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 534.
[15] Ибн Ҳиббон. Сиқот. Ж. 4. – Б. 74.
[16] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 7. – Б. 115.
[17] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 565.
[18] Заҳабий. Тазкира. Ж. 1. – Б. 157.
[19] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 7. – Б. 116.
[20] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 7. – Б. 132.
[21] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 7. – Б. 143.
[22] Ибн Ҳажар. Таҳзиб. Ж. 9. – Б. 214.
[23] Бухорий. Тарих. Ж. 1. – Б. 91.
[24] Ибнул Жавзий. Мунтазам. Ж. 7. – Б. 139.
[25] Зириклий. Аълом. Ж. 6. – Б. 154.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

СУННАТ ВА ҲАДИСЛАРНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ТОИФАЛАР: ТАРИХИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЎХШАШЛИКЛАР (2-қисм)

Бундай тоифалар исломнинг илк тарихида пайдо бўлиб, ўзларининг ботил ғоя ва ақидалари билан танилган эътиқодий …