Самарқанд бутун Ўрта асрлар давомида дунёдаги энг юқори сифатли қоғоз ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи асосий марказ бўлган. Самарқанд қоғозида яратилган қўлёзма асарлар ва миниатюралар бугун ҳам дунёдаги машҳур кутубхона, музей ва коллекцияларнинг ноёб мулки ҳисобланади. Ана шундай хазиналардан бири Самарқанд давлат университети кутубхонасидир.
Хорижлик тадқиқотчилар қадимги қўлёзма асарлар ва ҳужжатларни кодикологик жиҳатдан тадқиқ этишда, қоғоз таркибини ўрганишда замонавий техник воситалардан унумли фойдаланмоқда. Уларнинг айримлари бугунги кунда юртимизда ҳам мавжуд бўлиб, уларни илмий тадқиқотларга кенг жалб қилиш мумкин. Шунга қарамасдан, қадимий манбалар билан ишловчи маҳаллий тарихчи-манбашунос олимлар орасида бундай усуллар оммалашмаган. Ваҳоланки, қадимий ёзма манбаларнинг қоғоз таркибини ўрганиш орқали унинг ишлаб чиқарилиши тарихи ва технологияларига оид муҳим маълумотларни аниқлаш мумкин. Олинган натижаларни қадимги манбалардаги қоғоз ясовчи усталар фаолиятига оид маълумотлар билан бойитиш ўша давр ижтимоий ҳаётини ҳам ёритишда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда маҳаллий тарихчи-манбашунос олимлар бу борадаги хориж тажрибасига эътибор қаратиб, мавжуд техник воситалардан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга. Хориж тадқиқотларининг фойдали жиҳатларини ўзлаштириш ва оммалаштириш мамлакатимиздаги ёрдамчи тарих фанларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу мақолада кейинги йилларда Самарқанд давлат университетида олиб борилган ушбу йўналишдаги тадқиқотларнинг дастлабки натижалари баён этилади.
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Замонавий технологиялар имкониятларига қарамасдан, нафақат Ўзбекистонда, ҳатто постсовет маконида ҳам қадимий ёзма манбалар қоғозини тадқиқ қилиш ривожланмаган. Тарихий ҳужжатлар ва уларнинг қадимий қоғозини технологик тадқиқ этишнинг замонавий йўналишлари, усуллари ва воситалари ҳақидаги умумий шарҳ А.П.Балаченкова ва Д.О.Цыпкиннинг мақоласида [13] келтирилган. Унда “маҳаллий мутахассислар қадимий қоғозларга замонавий технологик тадқиқотлар ўтказиш вазифалари ва имкониятларига ҳамон эътибор қаратмаяпти”, деб таъкидланган [13:375]. Ваҳоланки, бундай таҳлиллар учун бугун катта имконият ва салоҳият бўлиб, у фанлараро ёндашувни талаб қилади.
Ушбу йўналишдаги тадқиқотлар ҳақида умумий тушунча ҳосил қилиш учун хорижий нашрларга мурожаат қилиш лозим. Уларнинг кўпчилиги “Халқаро қоғоз тарихчилари уюшмаси” – IPH (International Association of Paper Historians) конгресслари материалларида чоп этилган. Қуйида энг муҳим мақолаларга қисқача тўхтаб ўтилган.
Қадимги шарқ қоғозлари ҳақидаги қатор нашрлар [8; 6; 3; 7; 4] орасида Дания Миллий музейи реставратори A.-G. Rischel тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу олима қадимий қоғозларни технологик ўрганиш соҳасида етакчи мутахассис ҳисобланади. Унинг изланишлари Евроосиё қитъасида қоғоз ишлаб чиқариш технологиясининг трансмаданий ривожланиши ва узлуксизлигининг яхлит манзарасини очиб беришга қаратилган. 1998 йилда олиманинг Марказий Осиёдан топилган қадимий ҳужжатлар қоғози ҳақидаги мақоласи нашр этилган. Унда Стокгольмдаги Этнография музейида сақланаётган “Свен Гедин коллекцияси” ва Копенгагендаги Дания миллий музейида сақланаётган “Дуньхуан коллекцияси” таркибидаги қадимий ҳужжатлар тадқиқ қилинган [10]. A.-G. Rischel ўзининг навбатдаги мақоласини Свен Гедин (1865-1952) томонидан тўпланган “Лулан коллекцияси”ни консервация қилиш натижалари асосида ёзган. Олима қоғознинг Шарқдан Ғарбга ҳаракати жараёнида уни ишлаб чиқариш технологиясининг ривожланиши билан боғлиқ маълумотларни келтирган ва бу бўйича бир қатор хулоса чиқарган [11]. У ўзининг навбатдаги мақоласида Дания миллий музейи ва баъзи хорижий коллекцияларда сақланаётган, “самарқанд” (VIII аср), “дуньхуан” (IX-XI асрлар), “араб” (XII-XIII асрлар) ва “европа” (XVI аср) қоғози намуналарини микроскопда текшириш бўйича олган умумий натижаларини келтирган [12]. Айтиш мумкинки, A.-G. Rischel Самарқанд қоғозининг энг қадимий намунасини таҳлил қилишга муваффақ бўлган мутахассислардан биридир.
Самарқанд давлат университетида бу йўналишдаги тадқиқотлар Япониянинг Аичи санъат университети профессори Кожи Шибазаки раҳбарлигидаги япон олимлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.
Тадқиқот методологияси фанлараро ёндашувга асосланган. Мақолани ёзишда тарихий-хронологик изчиллик, қиёсий таҳлил усулларидан фойдаланилди. Шу билан бирга, қадимий манбаларнинг қоғоз таркибини ўрганишда асосан энг янги портатив микроскоп камераси ёрдамида суратга олиш, юқори аниқликдаги илмий таҳлиллар учун эса махсус лаборатория (электрон микроскоп, оптик микроскоп) текширувлари каби усуллар қўлланди. Бундан ташқари, қоғоз толаси ҳолати ҳақида йиғилган намуналарни қиёсий ўрганиш ва таҳлил қилишда сўнгги замонавий илмий ёндашувлардан фойдаланилди.
Самарқанд давлат университети ташкил топган кундан бошлаб араб ёзувидаги қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни йиға бошлаган. Кундан кунга ўз жамғармасини бойитиб борган бу фонд бугун сони ва аҳамияти жиҳатидан етакчи ўринда туради. Бу эса мазкур “хазина”нинг илмий, тарихий, маданий аҳамиятининг қанчалик юқори эканини билдиради.
Бу ерда тўпланган ноёб ёзма ёдгорликларнинг энг қадимгиси XIII асрда, энг сўнгиси эса XX асрда кўчирилган. Улар форс-тожик, туркий (ўзбек), араб ва бошқа тиллардаги шарқ қўлёзма асарлари, тошбосма усулида нашр этилган китоблар, шунингдек, араб ёзувидан фойдаланган кўплаб мусулмон давлатларида нашр этилган китоб, факсимиле нашрлар, газета ва журналлардан иборат. Бу ноёб жамғарма нафақат маҳаллий, балки хорижий тадқиқотчиларни ҳам ўзига жалб қилиб келган. Бугун ҳам унга бўлган қизиқиш катта.
Самарқанд давлат университети 2017-2020 йилларда “The research for the culture of contemporary Hand-Made Paper and artistic expression. With the focus on the revival of Samarkand Paper” мавзусидаги лойиҳада иштирок этди. Натижада, япон олимлари билан ҳамкорликда университет қўлёзмалар фондида сақланаётган қадимий асарларнинг қоғоз таркибини ўрганиш йўлга қўйилди ва бу йўналишдаги тадқиқотлар давом этмоқда.
Таҳлил ва натижалар. Дастлаб, XV асргача кўчирилган қўлёзма манбаларнинг қоғоз таркиби ўрганилди. Уларга қуйидаги асарлар киради:
1306 йилда кўчирилган “Такмилат ас-Саҳоҳ ал-Жавҳарий”, 1348 йилда кўчирилган “Шарҳи китоби талхис ал-мифтоҳ”, 1375 йилда кўчирилган “Фи илмул араб”, 1378 йилда кўчирилган “Шарҳи таълимул фаройиз”, 1452 йилда Абдураҳмон Жомий томонидан кўчирилган мажмуа ва бошқалар.
Уларнинг орасида Фаридиддин Аттор томонидан ёзилган “Тазкиратул авлиё” асари қўлёзмаси алоҳида аҳамиятга эга. Фаридиддин Аттор мўғуллар истилоси даврида 1221 ёки 1229 йилда, жуда кекса ёшда вафот этган деб ҳисобланади.
“Тазкиратул авлиё” асари қўлёзмаси Самарқанд давлат университети кутубхонасида 1008579 рақами билан сақланмоқда. Асрлар давомида қўлёзманинг муқоваси ва биринчи саҳифаси зарарлангани учун бутунлай алмаштирилган. Қўлёзма ҳижрий 685 йил Абдураҳим ибн Маҳмуд томонидан кўчирилган. Бу милодий 1286 йилга тўғри келади.
Кейинги босқичда XX асргача Самарқандда кўчирилган асарлар ҳам тадқиқотга жалб қилинди. Бунда асосан энг янги портатив микроскоп камераси ёрдамида суратга олиш орқали қадимий манбаларнинг қоғоз толаси ҳақидаги маълумотлар олинди. Улар олдин йиғилган шундай маълумотлар билан қиёсий ўрганилди. Шу билан бирга, ўзига хос хусусиятга эга ва жуда муҳим деб топилган манбалар қоғоз толаси Япониянинг етакчи лабораторияларида махсус текширувдан ўтказилди. Масалан, 2018 йил май ойида Коти префектурасининг қоғоз саноати ва технологияси марказида JIS P 8120 стандартига мувофиқ “қоғоз, картон ва қоғоз массаси таркибини толалар бўйича аниқлаш усули”га мувофиқ юз баробар катталаштириб кўрсатувчи оптик микроскопли камера ва индикатор (С бўяш эритмаси) ёрдамида суратга олиш ишлари ўтказилди. Бу тадқиқот объекти Самарқанд қоғозининг 10 та намунаси бўлиб, улардан 3 таси Самарқанд давлат университети томонидан тақдим этилган [19: 11].
Ўтказилган таҳлиллар натижасида XVII-XVIII асрларга оид қоғоз парчалари пахта толасидан, XIII-XVI асрларга оид қоғоз парчалари эса каноп ёки зиғир толаларидан иборат экани аниқланди. Шунингдек, бу даврда пахта ва бошқа номаълум толалар аралашмасидан иборат қоғоз парчалари ҳам борлиги маълум бўлди. Номаълум толанинг нимадан олинганини замонавий лаборатория текширувлари ҳам кўрсата олмагач, буни қадимий ёзма манбалар орқали аниқлаш ишлари бошланди. Бунда айнан Самарқандда кўчирилган ўсимликлар ҳақидаги манбалар ва ўз даврининг қоғоз ясовчи усталари фаолиятига эътибор қаратилди.
Тахминан 40-90 йилларда яшаган қадимги юнон олими Диоскуриднинг “Ўсимликлар китоби” жаҳон олимлари томонидан тиббиёт ва фармокология тарихида катта ўрин тутиши эътироф этилган. Бу асар Бағдодда IX асрда араб тилига таржима қилинган. X асрда эса Самарқандда Абдуллоҳ Натилий томонидан қайта ишланган. Абдуллоҳ Натилий нусхасининг 1083 йил 6-февралда Самарқандда кўчириб тугатилган жуда қадимги қўлёзмаси бугун Нидерландиянинг Лейден университети кутубхонасида (Ms.or. 289) сақланади. Агар Самарқанд қоғозини тайёрлашда ўсимликлар толасидан фойдалангани ҳисобга олинса, унинг машҳур сифати мазкур илмий асар билан бевосита боғлиқ бўлганига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Айтиш мумкинки, самарқандлик усталар қоғоз ишлаб чиқариш хом ашёси ва технологиясини танлашда ўз даврининг илмий ютуқларига асосланган. Шунинг учун ҳам қоғоз сифати юқори бўлган.
Самарқандлик қоғоз ясовчи усталар фаолиятини ўрганиш орқали ишлаб чиқариш технологияси ва хом ашёси ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, Самарқанд қоғозини ким тайёрлаган? деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилинди. Афсуски тадқиқотларда бу ҳақда маълумот учрамади. Яна қадимий қўлёзма асарларга мурожаат қилишга тўғри келди.
Бу борадаги энг ишончли манбалар Самарқанд шаҳри тарихига оид асарлар ҳисобланади. Уларда келтирилган қоғоз ясовчи усталар ҳақидаги маълумотлар тадқиқотчилар эътиборидан четда қолган экан. Шунинг учун мазкур тадқиқотга жалб қилинган манбалар ҳақида ҳам қуйидаги умумий маълумотларни келтириш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Шаҳарлар тарихи жанри ислом оламида айниқса, мўғулларгача бўлган даврда жуда ривожланган. Одатда бу жанрдаги китоблар шаҳар географияси ва унинг тарихига оид бўлимлар билан бошланади. Кейин эса шаҳарнинг ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари (فضایل) ҳақидаги бўлим келади. Немис олимининг фикрича, бундай китобларни ёзиш сабабларидан бири маҳаллий аҳоли ўртасидаги ватанпарварлик бўлган [9: 16].
Ўрта Осиёда ҳам ўз вақтида шаҳарлар тарихининг салмоқли қисми ёзилган, аммо уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган [5]. Агар улардан нимадир сақланган бўлса ҳам, араб тилидаги асл нусха парчалари ёки форс тилига қилинган таржималарнинг қисқартирилган шакли бўлади. Шаҳар тарихининг тўлиқ қадимий араб тилидаги матни бугунги кунгача етиб келгани жуда кам учрайди [20].
Бу турдаги манбаларда жуда кўп сонли, кўпинча мингдан ортиқ шахслар номи келтирилади. Улар орасида турли касб эгалари бўлган ҳунармандлар ҳам бор. Шунинг учун Самарқанд тарихига оид асарлар бизнинг мавзуимиз учун энг муҳим манба ҳисобланади. Ана шундай асарлардан бири XII асрнинг биринчи ярмида ёзилган. Унинг муаллифи Нажмиддин Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад Насафийдир. У 461/1068 йилда Ўрта Осиёнинг илмий марказларидан бири бўлган Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилган. Умрининг кўп қисмини Самарқандда ўтказиб, 537/1142 йилда вафот этган ва шу шаҳарда дафн этилган.
Нажмиддин Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад Насафий гуманитар фанлар соҳасидаги энг машҳур олимлардан биридир. Манбалардан маълумки, у ислом илмларининг турли соҳаларига оид юздан ортиқ рисола ва асар ёзган. Унинг бизгача етиб келган китоблари орасида “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли тарихий асари алоҳида аҳамиятга эга. Бу манба араб тилида ёзилган бўлиб, номи “Самарқанд олимлари билимидаги ширинликлар” ёки “Самарқанд олимлари хотирасига оид қанддек ширин китоб” деб таржима қилиниши мумкин. Олим ўз асарини умрининг сўнгги йилида (537/1142) ёзган. Бу асар унинг шогирди Абулфазл Муҳаммад ибн Абдужалил Самарқандий томонидан қисқартирилган.
Бу асарнинг Париж (Bibliotheque Nationale № 6284) ва Истанбул (Turhan Valide № 70) шаҳарларида сақланаётган араб тилидаги икки қадимий қўлёзма нусхаси маълум. Улар ушбу китобнинг сақланиб қолган парчалари ҳисобланади. Иккала қўлёзма ҳам катта илмий қийматга эга бўлиб, кўп жойларда бир-бирини сезиларли даражада тўлдиради ва ҳар бири бошқасида йўқ қисмларга эга.
Араб тилида ёзилган бу асарда VIII аср ўрталаридан то муаллиф замонигача, яъни ХII аср биринчи ярмигача бўлган даврда Самарқандда яшаган олимлар ҳақида қисқача биографик маълумот берилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Нажмиддин Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг бу асари бизгача етиб келмаган ал-Идрисий (ваф. 405/1015) ва ал-Мустағфирий (ваф.432/1041) каби олимларнинг “Самарқанд тарихи” номли китобларининг давоми сифатида ёзилган. Агар кейинги икки муаллиф ёзган асарлар қўлёзмалари топилса, Самарқанд тарихига оид кўплаб янги маълумотлар олиш мумкин.
“Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарининг Истанбулда сақланаётган қўлёзма матни Саудия Арабистони (Ар-Риёд шаҳри)да нашр этилган [1]. Теҳрон (Эрон Ислом Республикаси) нашрида эса Истанбул ва Париж қўлёзмалари матнлари бир ном остида нашр этилган [2]. Бу манба германиялик [9] ва тожикистонлик [14] олимлар тадқиқотларига жалб қилинган. Ўзбекистонлик олимлар томонидан ҳам Самарқанд шаҳрининг тарихи [15:17] ва тарихий географиясини ўрганишда фойдаланилган [16:18]. Ушбу сатрлар муаллифи томонидан мазкур асар илк бор Самарқанд қоғози усталари тарихига оид манба сифатида ўрганилмоқда.
Бу каби араб-форс тилларида ёзилган асарларда қоғоз усталари ал-Коғазий ( الكاغذي ) ёки ал-Коғадий ( الكاغدي ) лақаби билан тилга олинади. Бу лақаб كاغذ – коғаз сўзидан келиб чиққан. Агар бу сўзнинг охирги ҳарфини
( ذ ) нуқтасиз ёзсак ( د ), у коғад деб ўқилади.
“Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида келтирилган маълумотларга кўра, ҳар бир асрда машҳур қоғоз ясовчи усталар бўлган. Улар ҳақида биз топган дастлабки маълумотлар IX асрга тўғри келади. Бу вақтда Самарқандда махсус қоғоз бозори бўлган. 281/895 йилда вафот этган Абу Сулаймон Довуд бу бозорда даллол эди.
Шунингдек, қуйида Самарқанд қоғози усталаридан айримларининг номлари келтирилган: Абу Тавба Саид ал-Қоғазий – 259/874 йилда вафот этган; Абу Солиҳ Шуъайб ал-Қоғазий – 272/886 йилда вафот этган; Абу Турба ал-Қоғадий – IX аср; Абул Фазл ибн Аҳмад ал-Қоғазий – IX-X асрлар; Шуъайб ибн ал-Лайс ал-Қоғазий – IX-X асрлар; Абул Фазл Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Қоғазий – IX-X асрлар; Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қоғазий – X аср.
Абул Фазл Мансур ибн Наср ал-Қоғазий – 423/1033 йилда вафот этган. У “Қоғазул Мансурий” – (“Мансур қоғози”) номи билан машҳур қоғоз турини ясовчи уста бўлган.
Бу устадан кейин Самарқандда XI асрда Абу Али Ҳасан ибн Носир ал-Қоғазий шуҳрат қозонган. У тайёрлаган қоғоз жуда чиройли, оқ ва сифатли бўлиб, “Қоғазул Ҳасаний” (“Ҳасан қоғози”) номи билан машҳур бўлган.
Хулоса ва таклифлар ўрнида қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдириш мумкин:
– Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фонди аждодларимиз тарихи, илм-фани, тили ва адабиётига бағишланган. Бу ноёб жамғарма катта илмий аҳамиятга эга бўлиб, нафақат университет фахри, балки мамлакатимиз миллий бойлиги ҳисобланади. Бу бебаҳо хазина келгуси авлодлар учун донолик ва билим ўргатувчи ҳамда янги тадқиқотлар учун ажойиб манбадир. Шунинг учун ҳам уларни сақлаш ва фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб қилинади.
– Самарқанд давлат университетининг Аичи санъат университети билан ҳамкорлик қилиши юртимизда кам ўрганилган мавзу ҳисобланган қадимги қўлёзма асарларнинг қоғоз таркибини ўрганиш имконини берди. Профессор Кожи Шибазаки раҳбарлигидаги япон олимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар Самарқандда тут толасидан қоғоз тайёрлаш XVIII асрдан кейин ривожланганини кўрсатди. Бу эса Самарқанд қоғозининг ишлаб чиқариш технологиясини асрлар кесимида, яъни ўз даврининг машҳур усталари фаолияти билан бирга ўрганиш зарурлигини англатади.
– Қадимий Самарқанд қоғозининг юқори сифати чуқур илмий ёндашувлар ва қоғоз ясовчи усталарнинг маҳоратига асосланган. Ҳар бир даврнинг машҳур усталари бўлиб, улар ўз атрофида кенг тарқалган ўсимлик хом ашёси ва уларни қайта ишлашнинг янги технологияларини топиш учун доимий изланиш олиб борган. Натижада, улар энг сифатли қоғоз тайёрлашга эришган.
– Самарқанд тарихига оид қадимий қўлёзма асарлардан қоғоз ясовчи усталар ҳақидаги маълумотларни топиб ўрганиш ўша даврнинг ижтимоий ҳаёти ва илмий ютуқларини ёритишга хизмат қилади.
– Етакчи хорижий давлатлар олимлари томонидан қоғоз таркибини ўрганиш борасида олиб борилаётган тадқиқотларни юртимизда оммалаштириш зарур. Энг янги портатив микроскоп камера ва шу каби ускуналардан фойдаланиш маҳаллий тадқиқотчиларга янги қулайликлар яратади. Шунингдек, янги илмий ютуқларни қўлга киритишга асос бўлиб хизмат қилади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Al-Nasafi, Najm al-Din Abu Hafs ‘Umar b. Muhammad, al-Qand fi dhikr ‘ulama’ Samarqand, ed. Nazar Muhammad al-Faryobi. – Ar-Riyod: Maktabat al-Kavsar, 1412/1991.
- Al-Nasafī, Najm al-Dīn Abu Hafs ‘Umar ibn Muhammad, al-Qand fī dhikr-i ‘ulamā’-i Samarqand, ed. by Yusuf al-Hadi, Tehrān: Ayene-ye Mīras, 1378/1420/1999.
- Amar Z., Gorski A., Neumann I. Raw Materials in the Paper and Textile Industry in al-Sham during the Middle Ages in Light of an Analysis of Documents from the Cairo Genizah // IPH Congress Book. 2004. Vol. 15.
- Enami K, Sakamoto S, Okado Y, Mori M, Masuda K. Paper Made from Millet and Grass Fibre Found in the Secular Documents of Pre-Tang and Tang Dynasty // IPH Congress Book. 2012. Vol. 19.
- Frye R.N. City Chronicles of Central Asia and Khurasan: A History of Nasaf? // Mélanges Fuad Köprülü. – Istanbul, 1953. – P.165-170. Reprinted in: Islamic Iran and Central Asia (7th-12th centuries). – London: Variorum Reprints, 1979. XXXI.
- Helman-Wazny A.Tibetan historic manuscripts as a source of information on past papermaking in Inner Asia // IPH Congress Book. 2004. 15.
- Liu A.W. – S.Comparing the properties of contemporary chinese papers manufactured in China with Japanese Kozo Washi paper // IPH Congress Book. 2008. Vol. 17.
- Paireau F. An approach of Japanese handmade paper texture // IPH Congress Book. 1998. Vol. 12.
- Paul Jürgen. The histories of Samarqand // Studia Iranica, Tome 22,
- Rischel A. – G. Looking at Central Asian paper of Turkish, Tibetian and Chinese origin from the Silk Roads // IPH Congress Book. 1998. Vol. 12.
- Rischel A. – G. Analysis of the papermaker’s choice of fibrous materials and technology along the paper road // IPH Congress Book. 2002. Vol. 14.
- Rischel A. – G. Arabian paper – the oriental link between asiatic and european paper (A comparative macroscopic and microscopic analysis) // IPH Congress Book. 2006. Vol. 16.
- Балаченкова А.П., Цыпкин Д.О. Возможности технологического анализа исторических бумаг в источниковедческом исследовании памятников // Вестник Санкт-Петербургского университета. История. 2017. Том 62. Вып. 2.
- Додхудоева Л. Малоизвестная рукопись XIV века по истории городов Мавераннахра // Известия АН ТаджССР. Серия: Востоковедение, история, филология, № 3 (23), 1991.
- Камолиддин Ш.С. Новые данные о потомках царя Согда Гурака // ОНУ, 2003. № 3.
- Камолиддин Ш.С. Абу Хафс ан-Насафи и его сведения о средневековом Самарканде // Тарихий манбашунослик муаммолари. Республика илмий-амалий анжумани материаллари. – Т.: ТДШИ, 2003.
- Камолиддин Ш.С. Новые данные о крепостных сооружениях средневекового Самарканда // O‘zbekiston moddiy madaniyati tarixi (ИМКУ). – Т.: Фан, 2006.
- Камолиддин Ш.С. Новейшие исследования сочинения “Ал-Канд” Абу Хафса ан-Насафи // Марказий Осиё тарихи: манбашунослик ва тарихнавислик изланишлари. 3-илмий тўплам. – Т.: ТДШИ, 2011.
- Сибадзаки Кодзи, Хонда Мицуко, Сато Наоки, Банно Томохиро, Судзуки Микако, Юри Урано, Оянаги Ёити, Ивата Акико. Промежуточный отчет по гранту японского общества содействия науки (JSPS) “Программа сотрудничества ведущих научных центров” на тему “Бумага ручной работы и средства художественной выразительности в современной культуре. На материале проекта возрождения производства самаркандской бумаги” // Отдельный оттиск на русском языке из “Бюллетень университета искусств Аити”. № 48.
- Хамза б. Юсуф б. Ибрахим ас-Сахми. Тарихи Джурджан. – Хайдарабад: изд. Низамад дин, 1950.