Бугунги кунда инсон руҳий-маънавий камолотининг илмий манбаи бўлган ҳадисшунослик фанига қизиқиш тобора ортмоқда. Бунда кейинги йилларда ислом илмларининг олтин даврида яшаб ижод қилган алломалар меросини ўрганишга кенг йўл очилгани муҳим омил бўлмоқда. Шу боис бўлса керак, халқимизнинг ҳозирги тараққиёт босқичида ўша давр алломаларининг асарларида нозик нуқталар билан ифодаланган дурдоналарни ўрганиш тадқиқотчиларнинг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бундай юксак илм соҳиблари орасида Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган етук муҳаддис аллома, тафсир, ҳадис каби фанларнинг асосчиларидан бири Имом Доримий алоҳида ўрин тутади. Унинг шоҳ асари бўлмиш «Сунан» фақат нодир мерос эмас, балки «Кутуби тисъа», яъни «Тўққиз китоб» деб аталувчи энг ишончли ҳадис тўпламларидан бири сифатида ғоят қадрлидир.
Имом Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуллоҳ Абу Муҳаммад Тамимий Доримий Самарқандий 181/797 йили Самарқандда таваллуд топган. Бу сананинг эътибор тортадиган жиҳати бор – худди шу йили йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий вафот этган. Манбаларда шу сабабли Имом Доримийга Абдуллоҳ деб исм қўйилгани қайд этилади. Жумладан, буюк олим Исъҳоқ ибн Иброҳим Варроқ бундай дейди: “Мен Доримийнинг: «181/797 йилда, яъни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ вафот этган йили туғилганман» деганини эшитганман”.
Муҳаддиснинг бобоси Бани Тамим қабиласи мавлоси ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлган Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга боғлангани учун алломага Доримий нисбаси берилган. Ўша даврда олимларга отаси ё бобосининг исми ёки туғилган жойининг номи ёки устозининг исми билан нисбат бериш одат бўлган.
Алломанинг тўлиқ исми – Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Тамимий Доримий Самарқандий раҳимаҳуллоҳ. У «Нақз» ва «Муснадул кабир» асарлари соҳиби ҳофиз Усмон ибн Саид Доримий эмас, балки унинг замондошидир.
Аллома ҳифзу хотираси, илм йўлида сафарда бўлиши ва илмий маҳорати билан танилган. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ: «Ҳадис борасида сафар қилганлардан бири, ҳадисни хотирасида сақлаб қолиш, жамлаш, маҳоратлилардан ўзига ишонч, сидқидиллик, тақво ва сўфийлик билан сифатланганлардан бири эди. Диёнати, ҳалимлиги ва динда ҳушёрлиги билан зарбулмасал қилинган», дейди [3:26].
Имом Доримий ҳадис илмининг султони Имом Бухорийдан ўн уч ёш катта бўлган. Улар бир замонда (ИХ аср) яшаб, ҳадис тўплаган, китобат қилган. Албатта, бу икки буюк муҳаддис бир-бирини таниган, яқин илмий муносабатда бўлган.
Имом Доримий Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий каби муҳаддис уламоларга устозлик қилган. Шунинг ўзи алломанинг қандай мавқега эга бўлгани тўғрисида ёрқин тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Имом Доримий ўз замонасининг ҳам ҳадис, ҳам фиқҳ соҳасида фаолият кўрсатган энг машҳур олимларидан бўлган. Дунёқараши мураккаб сиёсий, диний ва ижтимоий муҳитда шаклланган бўлса, илмий фаолияти ҳар хил сохта, тўқима ҳадислар тарқалган даврда, турли фирқа ва оқимлар ўртасидаги баҳс-мунозаралар авж олган пайтда кечган. Асосан мана шу омиллар олимни ишончли ҳадисларни жамлашга, бу ғоят масъулиятли ишга чуқур мулоҳаза, ўта синчковлик билан, танқидий ва таҳлилий ёндашишга етаклаган.
«Cияр аъламин нубало», «Табақотул ҳуффоз» ва «Аълом» асарларида Имом Доримий Мовароуннаҳрнинг энг йирик муҳаддисларидан бири сифатида эътироф этилган.
Таниқли олимлар Имом Доримий ҳақида қуйидагича фикр билдирган: “Ҳофизул ҳадис Абу Қурайш раҳматуллоҳи алайҳи муҳаддис ҳақида бундай дейди: “Мен Муҳаммад ибн Башшорнинг: «Дунёда тўрт буюк ҳофиз (жуда кўп ҳадис ёд олган муҳаддис) бор. Биринчиси – Абу Зуръа, иккинчиси – нишопурлик Имом Муслим, учинчиси – самарқандлик Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, тўртинчиси – бухоролик Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий», деганини эшитганман”.
Муҳаммад ибн Иброҳим Шерозий айтади: «Ибн Абдураҳмон Доримий ақл-идрокда, дину диёнатда етук киши эди. У зотнинг ҳадис ва турли дарсларни ёдлашдаги қувваи ҳофизаси, ҳалимлиги, комил мўминга хос ибодати, зоҳидлиги ва ҳадис илми соҳибига хос зийрак-билимдонлиги зарбулмасал қилингандир». Яна шу ровий: «Имом Доримийнинг ҳадис, тафсир, фиқҳга оид ва бошқа илмий ишлари ҳали у Самарқандда пайтидаёқ маълум ва машҳур эди. Сўнг Хуросонда, ундан кейин Шом, Ироқ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Мисрдаги уламолар ҳузурида бўлиб, ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларини ўрганган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг ҳадисларига қўшилган ёлғонлардан қўриқловчилар қаторида бўлиб, буюк муҳаддис, комил муфассир ва фақиҳ олим эди», деб айтади [3:5].
Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Самарқандий: «Имом Доримий илмда ўз замонасининг етук пешвоси эди. Ибн Абдураҳмон бекаму кўст ҳофизлардан бўлиб, тақво аҳлидан саналган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ёд олган, ёзиб жамлаган, динда фақиҳ олим даражасига етган, бир қанча китоблар тасниф этган, тингловчи мухлисларга ҳадис айтган. Аллома ўз она шаҳри Самарқандда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жорий қилган улуғ кишилардан бўлиб, мўминларни суннатга амал қилишга чақирган ва шариат топталган жойларда уни ҳимоя қилган. Шариатга хилоф иш қилганларни тўғри йўлга солиш мақсадида баъзи бир лоқайд кимсаларга муносиб раддиялар бера олган зот эди», деб таъриф берган.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нумайр: «Бу зот ҳифз ва тақвода биздан ўзиб кетган», деб айтади.
Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ: “Бағдодда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Мубаррад Маҳромийнинг бундай мурожаатини эшитдим: «Эй Хуросон аҳли, токи орангизда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий бор экан, бошқа муҳаддислар билан машғул бўлишнинг ҳожати йўқдир», деган.
Бандорнинг зикр қилишича: «Дунёнинг ҳофизлари тўрт киши: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Найсобурий, Абу Зуръа Розий ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандийдир».
Нававий: «Ўз замонасининг ҳофизларидан бўлиб, ҳадис ёд олиш ва ҳусни фазилатда унга тенглашадигани кам эди», дейди.
Булардан бошқа кўплаб уламолар ҳам унинг ақл-заковати, одоб-ахлоқи ва илмини васф қилган.
Имом Доримий ҳаёти давомида бир неча асарлар ёзган бўлиб, илмий-маънавий меросини «Муснад», «Тафсир», «Жомиъ», «Сулосиёт фил ҳадис», «Китоб сунна фил ҳадис» ва «Китоб савмул мустаҳазот вал мутахаййирот» каби асарлари ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари «Муснад» (луғавий маъноси – «Таянч» ёки «Санадли ҳадислар тўплами») бўлиб, «Сунани Доримий» номи билан машҳур. Эътиборли томони шундаки, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд Сижистоний, Имом Термизий, Ибн Можа ва бошқа кўплаб бошқа муҳаддислар ўз асарларида Имом Доримийнинг «Сунан»идаги ҳадисларни келтирган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳовлисида хурмо дарахти бор хонадон аҳли ҳеч қачон оч қолмайди» ёки «Сирка – энг яхши нонхуруш (ҳазм қилувчи восита)дир» деган сўзларини юқорида зикр этилган кўпчилик муҳаддислар Имом Доримийдан ривоят қилган.
Имом Доримийнинг вафот санаси ва дафн этилган жойи ҳақида турлича маълумотлар мавжуд. Бироқ аксарият ишончли манбаларда, жумладан, Хатиб Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Шамсуддин Заҳабий каби олимларнинг таъкидлашича, Имом Доримий 255/869 йили 75 ёшида вафот этиб, Арафа (зулҳижжа ойининг тўққизинчи, жума) куни дафн этилгани қайд қилинади. Шунингдек, Ҳофиз Аҳмад ибн Сайёр Марвазийнинг айтишича: «Доримий етмиш беш ёшда, 255/869 йил зулҳижжа ойининг тарвия (саккизинчи) куни, аср намозидан сўнг дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилиб, арафа (жума) куни дафн қилинган» [1:7].
Доримийнинг ҳадис китобига келсак, у суннати набавияни жамлаган китоблар орасида алоҳида ўрин тутади. Имом Жалолиддин Суютий ва бошқа бир қанча уламолар уни ҳақли равишда саҳиҳ деб атаган. Имом Ибн Ҳажар «Сунан Ибн Можа»дан кўра Имом Доримийнинг китобини «Олти энг ишончли китоб»нинг олтинчиси деб ҳисоблаш маъқул, эканини таъкидлаган. Бу эса унинг ҳадиси шариф китоблари орасида юксак мавқега эга эканидан далолат беради.
Асар набавий мўъжизалар билан тўлдирилган. Шунингдек, ишончлилиги, илм фазли ва юксак одоб-ахлоқи баъзи фазилатлари билан ажралиб туради. Асар шарҳлашга, изоҳлашга ва толиби илмлар орасида ёйишга муносибдир.
Асарни фиқҳий бобларга бўлинадиган сунан китобларига мувофиқ тузган. Асар китоблар ва боблар услубига асосланган. Асарни набавий сийратлар ва мўъжизалар, суннатга амал қилиш, ёшларнинг одоб-ахлоқи ва илмнинг фазилати ҳақидаги бир неча бобни ўз ичига олган муқаддима билан тақдим этган. Сўнг одатий тартибда «Покланиш» китоби билан бошлаб, «Намоз», «Закот», «Рўза», «Ҳаж» китоблари билан давом эттирган, сўнгида «Қуръоннинг фазилатлари» китоби билан тугатган. Марфуъ, мавқуф, мақтуъ, муттасил, мунқатиъ, саҳиҳ ва заиф ҳадисларни иқтибос қилган. Буларнинг ҳаммаси ривоят санади билан, санадлари танқид қилинмайдиган ҳолда баён қилинган.
Нававий, Ибн Салоҳ ва Алоий раҳимаҳумуллоҳ каби баъзи алломалар санадларининг кучли ва ровийларининг афзаллиги боис Доримийнинг «Сунан» асарини Ибн Можанинг «Сунан»идан юқори қўйган.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: «Сунан» китоби «Муснади Доримий» деб номланган. Аммо у мартаба жиҳатидан «сунан»дан қуйи эмас. Балки бешинчи бўлиб қўшилса, Ибн Можадан авлороқ бўлади. Чунки унда кўпроқ ҳадис келтирилган”, деган.
Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ: «Имом Доримий илмда ўз замонасининг пешвоси эди. Ибн Абдураҳмон бекаму кўст ҳофизлардан бўлиб, тақво аҳлидан саналган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ёд олган, ёзиб жамлаган, динда фақиҳ олим даражасига етган, бир қанча китоблар тасниф этган, тингловчи мухлисларга ҳадис айтган. Аллома ўз она шаҳри Самарқандда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жорий қилган улуғ кишилардан бўлиб, мўминларни суннатга амал қилишга даъват қилган… Шариатга хилоф иш қилганларни тўғри йўлга солиш мақсадида баъзи бир лоқайд кимсаларга муносиб раддия бера олган зот эди», деб ёзган.
Шайх Абдулҳай Каттоний: «Унинг санади юқори даражада турадиган сулосиёт ҳадислари ҳам бўлиб, Бухорийнинг сулосиётларидан ҳам кўпдир», деган.
«Cияр аъламин нубало», «Табақотул ҳуффоз» ва «Аълом» асарларида Имом Доримий Мовароуннаҳрнинг энг йирик муҳаддисларидан бири сифатида эътироф этилган.
«Сунан»нинг 1986 йилда Фавоз Аҳмад Зумарий ва Холид Сабъа Аъламий томонидан Байрутдаги «Дорул китобул арабий» матбаа уйида чоп этилган замонавий нашрида ҳадислар, боблар ва китобларга рақамлар қўйилиб, мундарижа ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, Имом Доримийнинг энг машҳур китобларидан бири «Сунани Доримий» бўлиб, уни Доримий асарларининг дурдонаси, жавоҳири, деб аташади. У ҳақли равишда «Олти саҳиҳ»нинг бири деб ҳам юритилади [6].
Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Мақдисий (448/1056-508/1114) «Атрофул кутубис ситта» китобида Имом ибн Можанинг «Сунан»идаги ҳадислар беш «Саҳиҳ»дагилардан 1339 тага зиёдалигини ҳисобга олиб, Имом ибн Можани олтинчи ўринга қўйган. Кейинги баъзи уламолар ҳам шунга эргашган. Лекин Шайх Салоҳиддин Аълоий айтади: “Имом Доримийнинг «Муснад»ини Ибн Можа «Сунани» ўрнига қўйилса, энг маъқул иш бўлур эди”. Шайх Абулҳақ Деҳлавий (1551-1642) шу фикрни ҳужжат билан исботлаб: “Баъзи уламолар фикр юритиб, Имом Доримийнинг «Сунани» олтинчи саҳиҳ китоб бўлиши афзалроқлигини, чунки ундаги ривоятлар иснодида заиф кишилар озлиги, инкор қилинган сўзлар камёблиги, иснодларнинг ишончлилиги ва ҳатто сулосий (санади уч ровийли) ҳадислари Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»идагилардан кўпроқ эканини айтади”, деб таъкидлайди.
Имом Доримийнинг «Муснади» мусулмон кишининг шахсий ва ижтимоий ҳаётида учрайдиган деярли барча ҳолат (масала)ларни ўз ичига олган кенг қамровли асардир. Олимлар «Сунан»нинг номланишига турлича муносабат билдирган. Ҳофиз Ироқий ва Имом Заҳабий асардаги барча ҳадислар мукаммал иснод билан берилгани учун – «Муснад», Алоуддин Муғултоий ҳадисларнинг ишончлилиги даражасидан келиб чиққан ҳолда – «Саҳиҳ», Ибн Ҳажар Асқалоний ва Суютий каби уламолар фиқҳий ҳадислар тўплами бўлгани боис – «Сунан» деб атайди. Бироқ айрим тадқиқотчилар муаллиф ўз асарини умумий ном билан атаганини тахмин қилади [2:14].
Китоб фиқҳий бобларга бўлиб ёзилгани, тўпламда турли (марфуъ, мавқуф, мақтуъ) ҳадислар мавжудлигини эътиборга олиб, уни «Сунан» деб аташ тарафдори бўлган уламолар кўпчиликни ташкил этади. Шундай бўлсада, асарга берилган барча номлар ҳақли равишда унинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб қўйилганини таъкидлаш керак.
Имом Доримийнинг «Сунан»ида Қуръони каримнинг 51 сурасидаги баъзи оятлар ҳадислар орқали шарҳлангани алломанинг етук муфассир ҳам бўлганидан далолат беради.
Асарда бўлим ва бобларнинг фиқҳий тартибда берилиши ва фиқҳга оид ҳадислар кўплиги муаллифнинг фақиҳлик салоҳияти юксак даражада эканини кўрсатади. Имом Доримий ҳадислардан ҳукм олишда эътиборга лойиқ шаръий масалаларни пухта ўрганиб, уларни фиқҳий мавзусига кўра тегишли бобларга жойлаштирган. Фиқҳий масалаларни ечишда ҳанафий мазҳабига эргашган ҳолда, Қуръон оятлари, ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг фикрларини келтириш билан асосли ҳукм чиқариш жоизлигини кўрсатиб берган.
Имом Доримийнинг «Сунани» бобларга ном бериш, баҳс-мунозарали ҳадислар бўйича изоҳ ёзиш ва ўз фикрларини қайд этиш усули, шунингдек, бошқа саҳиҳ тўпламларда учрамайдиган ҳадислар ривоят қилингани, ровийлар силсиласининг қисқалиги билан алоҳида ажралиб туради. Эътиборга молик яна бир жиҳати унда ўн бешга яқин сулосий (санади уч ровийли) ҳадис мавжудлигидир.
Вақт ўтиши билан бу асар «Сунани Доримий» ўлароқ танилиб, айнан шу ном билан ҳозирга қадар етиб келган.
Имом Доримийнинг «Сунан» асари кўплаб уламолар томонидан тадқиқ қилиниб, нашр этилган. Хусусан, «Сунан»нинг 1407/1987 йилда Фавоз Аҳмад Зумарий ва Холид Сабъа Аъламий томонидан Байрутдаги «Дорул китоб арабий» матбаасида чоп этилган замонавий нашр нусхасида ҳадислар, боблар ва китобларга рақамлар қўйилиб, мундарижа ишлаб чиқилган.
Ушбу нусха икки жилддан иборат бўлиб, биринчисида арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилати ҳақида сўз юритилган муқаддима, кейин ибодат, таҳорат, намоз, закот китоблари келтирилган. Иккинчи жилди рўза, ибодат, қурбонлик, ов, егуликлар, ичимликлар, тушлар, никоҳ, талоқ, жазолар, ваъдалар ва қасамлар, хун, жиҳод, савдо, изн сўраш, мерос ҳуқуқи, васиятлар, Қуръон фазилатлари ҳақидаги китобларга бўлинган.
Асар 3503 ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, жами 23 китоб, 1374 бобдан ташкил топган.
«Сунани Доримий»нинг энг мукаммал шарҳ ва тадқиқи Саййид Абу Осим Набил ибн Иброҳим ибн Ҳошим Ғумарий ёзган «Фатҳул Маннон Муснадил жомиъ» асаридир. Ушбу шарҳда ҳар бир ҳадис рақамланган, санади ва матни тадқиқ қилинган бўлиб, мундарижа тузилган. Шунингдек, ровийларнинг даражалари баён қилинган, ҳар бир ҳадиснинг тахрижи келтирилган. Асар ўн жилддан иборат, Макка кутубхонаси ҳузуридаги «Башоирул исломия» нашриёти томонидан 1999 йилда нашр этилган.
Ҳадисларни тўплам ҳолига келтириш деярли ўз якунига етгандан кейин ривоятларни ўқувчига янада мукаммалроқ етказиш учун шарҳлар битилган бўлса, ўрганишни енгилроқ қилиш мақсадида «Сайланма», «Мухтасар», «Сулосиёт» услубида машҳур ҳадис тўпламларини алоҳида, ҳажми кичрайтирилган китоб шаклига келтирилиш ҳам кенг тарқалди. Шу тариқа Имом Доримийнинг шоҳ асаридан ҳам жамиятда жуда долзарб бўлган ҳадислар ажратиб олиниб, катта-кичик ҳажмда сайланма китоблар тузилган.
Ушбу хайрли ишларнинг давоми ўлароқ ва китобдан фойдаланишни енгиллатиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Имом Доримийнинг «Сунан»идан бугунги кунда энг долзарб бўлган ҳадисларни саралаб олиб, ўзбек тилига таржима қилди. Бунда юқорида келтирилган икки асар асос қилиб олинди. Ўқувчи осон тушунишига алоҳида эътибор қаратилди – зарур ўринларда изоҳлар берилди. Сайланмага жами 946 та ҳадис киритилди. Жумладан, ижтимоий-ахлоқий кўрсатмалар, шаръий масалаларда илмсизлик ва жоҳиллик билан фатво бермаслик, шариат илмини эгаллаган кишилар фатво масаласида жуда эҳтиёт бўлишга чақирилгани тўғрисидаги ҳадислар ўрин олган. Шунингдек, сайланмада мўмин киши ўзи учун лозим бўлган шаръий масалалар ечимини қандай ҳал қилишига оид кўрсатмалар бор.
Масалан, Қосимдан ривоят қилинади: «Киши Аллоҳ таолонинг ҳаққини билганидан кейин жоҳил (илмсиз) ҳолда яшаши унинг учун билмаган нарсасини гапиришдан кўра яхшироқдир».
Маълумки, Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда оддий инсоннинг ақли илғамайдиган маънолар бор. Шу боис ислом таълимотида тафсир ва ҳадис илмларини чуқур ўзлаштирмай туриб, ақидавий ва фиқҳий масалаларда фатво беришдан эҳтиёт бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланади. Бундай оятларни уламолар жамоатисиз, ўзича тафсир қилиб, фатво берадиган кимсалардан узоқ бўлиш буюрилади.
Сайланмада бунинг яна бир тасдиғини кўриш мумкин: Оишадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “У Сизга Китоб нозил қилган Зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли – моҳияти бўлган муҳкам – аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказо ҳақидаги) муташобиҳ – тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир)” [5] оятини тиловат қилиб: «Қуръондаги муташобиҳ оятларга эргашадиган тоифани кўрсангиз, улардан эҳтиёт бўлинг», дедилар”.
Шаръий масалаларда фатво бериш учун фақат илмнинг ўзи етарли эмас, балки фатво берувчи киши Қуръон ва суннатни мукаммал билиши билан бир қаторда, ибодат, тақво ва зуҳдда ҳам пешво бўлиши керак.
Абу Салама сўзлаб берди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Китоб (Қуръон) ва суннатда бўлмаган, янги пайдо бўладиган иш(лар – бидъат) ҳақида сўралди. У зот: “У иш(лар)ҳақида мўминларнинг энг ибодатли бўлгани фикр юритади (ҳукм чиқаради)”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда мўмин киши шаръий масалаларда қандай йўл тутиши лозимлигига ишора қилиниб, уламоларга эргашиш кераклиги ҳақидаги оят келтирилади: Атодан ривоят қилинади: «Аллоҳга, Расулга ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига итоат этингиз!» [4] оятидаги «иш эгалари» ибораси «Илм ва фиқҳ эгалари», деб, «Расулга итоат этиш» ибораси «Китоб ва суннатга эргашиш», деб тафсир қилинади”.
Илм олиш йиллар давомида машаққатларга бардош беришни талаб қилади. Сайланмада толиби илмга бу йўлда азму қарорини мустаҳкам қилмоқ ва барча қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтмоқ буюрилади: Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Қушайрийдан ривоят қилинади: “Пайғамбар Довуд алайҳиссалом: “Илм соҳибига темирдан бўлган асо (ҳасса) ва темирдан бўлган оёқ кийим олишни ва асоси синиб, оёқ кийими тешилгунча илм талаб қилишни айт”, деган”.
Шунингдек, Имом Доримийнинг «Сунан»ида илм олиш ва бошқаларга ўргатишнинг фазилати баён этилиб, илм талаб қилиш икки дунё саодати экани уқтирилади:
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси киши илм талаб қилган ҳолда йўл юрса, ўша иши сабабли Аллоҳ унга жаннат йўлини енгил қилиб қўяди. Амали сустлаштирган кишини насаби тезлаштира олмайди» (яъни, кишининг солиҳ амаллари бўлмаса, юқори насл-насаби уни жаннатга кирита олмайди), дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда суҳбат қилиб ўтирган икки жамоа ёнидан ўтдилар. Сўнг у зот: “Уларнинг иккиси ҳам яхшилик устидадир. Лекин уларнинг бири иккинчисидан афзалроқ. Анавилар Аллоҳ таолога дуо қилиб, Унга рағбат қилмоқда. Хоҳласа, уларга (сўраганларини) беради, хоҳламаса, бермайди. Аммо анави даврадагилар фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганиб, илмсиз одамларга ўргатмоқда. Шунинг учун улар афзалроқдир. Албатта, мен ўргатувчи қилиб юборилганман”, дедилар ва улар орасига бориб ўтирдилар”.
Уламолар борида уларнинг қадрига етиш лозимлиги, акс ҳолда, эътиборсизликнинг оқибати аянчли бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги ҳадислар ҳеч бир даврда долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмайди: Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло илмни инсонлардан тортиб олиб қўймайди, илмнинг олиниши уламоларни вафот эттириш билан бўлади. Бирорта ҳам олим қолмагач, одамлар ўзига жоҳилларни раҳбар қилиб олади. Сўнг уларга савол берилса, илмсиз(лик билан)фатво бериб,(ўзи)адашади ва(бошқаларни ҳам) адаштиради”, дедилар”.
Имом Доримий олимлар Аллоҳ таолонинг суйган бандалари экани, шу билан бирга, улар зиммасида улкан масъулият борлигини, яъни илм талаб қилиш ва ёйишда бардавом бўлиши зарурлигини баён қилади: Муовиядан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб айтаётганларини эшитдим”.
Товусдан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Энг илмли инсон ким?» деб сўралди. У зот: «Ўз илмига қўшиб, инсонларнинг илмини ҳам эгаллаган киши ва илмга чанқоқ барча толиби илм», дедилар”.
Таъкидланганидек, сайланмага ақидага оид ҳадислар ҳам киритилган бўлиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсон ўз тақдирида битилган нарсадан қочиб қутула олмаслиги, унинг аччиқ синовларига бардошли бўлиши кераклиги тўғрисидаги сўзлари киритилган: Макҳул сўзлаб берди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирингизга бирор мусибат етса, менинг (вафотим) сабабли унга етадиган мусибатни эсга олсин. Чунки, у энг катта мусибатдир”, дедилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар, хотин-қизлар жамиятнинг муҳим қатлами эканига алоҳида урғу бериб, хайрли ишларда уларни четда турмасликка чақирадилар: Амр ибн Муоз момоси Ҳавводан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй муслима аёллар, ҳеч бирингиз қўшни аёлга қўйнинг куйдирилган туёғи билан бўлса ҳам яхшилик қилишни паст санамасин», дедилар”.
Баён этилганлардан маълум бўладики, Имом Доримий ўз замонасининг ҳадис, фиқҳ ва ақида илмлари соҳасида фаолият кўрсатган энг машҳур ва мақбул олимларидан бўлган. Бинобарин, унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиб, кенг афкор оммага етказиш олимларимиз олдида турган долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.
-
Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий. Сунани Доримий. Муҳаммад Абдулазиз Холидий тадқиқи. Дорул кутубил илмия. – Байрут: 1996.
-
Алимова М. Имом Доримий. – Т.: ТИУ, 2009.
-
Имом Доримий. Сунани Доримий. –Самарқанд: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2023.
-
Нисо сураси, 59-оят.
-
Оли Имрон сураси, 7-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 1-жуз. – Т.: Шарқ, 2008.