Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳу
29/650-651 йилда туғилган. Мадинадаги етти фақиҳдан биридир[1]. Кўп ҳадис ривоят қилмаган. Ривоят қилган ҳадисларини отаси Зайд ибн Собит, онаси Умму Саъд бинт Саъд, амакиси Язид ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумлардан нақл қилган[2].
Зайд фароиз (мерос илми) соҳаси мутахассиси бўлган[3]. Шунингдек, Умар ибн Абдулазиз (р.а.)нинг ўн кишилик маслаҳат кенгаши аъзоси бўлган[4].
70 йилга яқин умр кўрган Хорижанинг, 99 ёки 100/718-719 йилда вафот этганига доир ривоятлар мавжуд[5].
Омир ибн Шураҳбил Шаъбий розияллоҳу анҳу
19/640 йили Куфада туғилган ва у ерда яшаган[6]. Ҳижрий 21, 27, 28 йилларида туғилганига доир ривоятлар мавжуд. Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайд, Абу Мусо Ашъарий, Адий ибн Хотим ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби кишилардан ҳадис ривоят қилган[7].
Абдуллоҳ ибн Язидга котиблик қилган[8]. Ҳажжож уни Шаъбийлар ва ҳамадонликларнинг масъул шахси деб эълон қилган[9]. Абдулмалик ибн Марвон услуби гўзаллиги учун уни Рум подшосига элчи қилиб юборган[10]. Ибн Ҳубайра эса Омирни қозиликка тайинлаган, аммо у ўз хоҳиши билан бу вазифасидан кетган[11]. Умар ибн Абдулазиз эса уни Куфа қозилигига тайинлаган[12].
Шаъбий 104/722 йилда вафот этган[13].
Абу Бурда Ашъарий розияллоҳу анҳу
Отаси Абу Мусо Ашъарийнинг Басра қозилиги даврида туғилган[14]. Отаси, Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом, Ҳузайфа ибн Салом, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби шахслардан ҳадис ривоят қилган[15].
Абу Бурда Байтулмолда фаолият олиб борган[16] ва Куфада қозилик қилган[17].
Туғилган йили ҳақида маълумот мавжуд эмас, аммо, 104/722 йили 80 ёшдан ошиб, вафот этгани айтилади[18].
Абон ибн Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу
Мадинада туғилган[19]. Сиқа (ишончли) ровий бўлган Абон, отаси Ҳазрати Усмон ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумолардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Амр ибн Динор ва Зуҳрий (р.а.) кабилар ҳадис нақл қилган[20].
Халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида ҳижрий 76-83 йиллар оралиғида етти йил Мадина волийси сифатида фаолият олиб борган[21].
105/723 йили Мадинада вафот этган[22].
Икрима Барбарий розияллоҳу анҳу
Асли фаслик ва Барбарийдир[23]. Ҳазрати Ойша, Абу Ҳурайра, Уқба ибн Омир, Абу Саид, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум каби кўплаб саҳобалардан ҳадис ривоят қилган[24].
Фарзандларининг таъминоти учун кўп жойларни кезиб, меҳнат қилган Икрима, одамлар берган совғаларини қабул қилмас, лекин давлат раҳбарлари томонидан берилган ҳадяларини қабул қилган. Билол ибн Мирдоснинг унга берган 3000 дирҳамини қабул қилгани ривоят қилинади[25].
105/723 йили Мадинада вафот этган. Унинг 106, 107 ёки 108 йилда вафот этганига доир ривоятлар ҳам мавжуд[26].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими