Home / МАҚОЛАЛАР / ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 2-ҚИСМ

ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАКЛАРИ 2-ҚИСМ

Абу Салама ибн Абдураҳмон (р.а.)

20/642-643 йили атрофида туғилган[1]. Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо унинг туғишган аммаси бўлган[2]. Ишончли, кўп ҳадис билган фақиҳ кишилардан бўлган[3]. Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ибн Умар (р.а.) каби кишилардан ҳадис олган ва ундан Зуҳрий, Яҳё ибн Саид Ансорий, Шаъбий каби олимлар ҳадис тинглаган[4].

Саид ибн Ос Мадина волийси бўлганида уни қозиликка тайинлаган. Абу Салама Саид ибн Ос валийликдан озод қилингунига қадар вазифасини давом эттирган[5].

Абу Салама 94/712-713 йилда[6] 70 ёшлар атрофида Мадинада вафот этган.

 

Урва ибн Зубайр (р.а.)

23/643 йилда Мадинада туғилган[7]. Урва асосан ҳадис ва фиқҳга эътибор қаратган, Ҳазрати Ойша, Ҳазрати Али, Абу Ҳурайра ва бошқа кўплаб саҳобалар (р.а.)дан ҳадис ривоят қилган[8]. 87/706 йилда Мадина волийси Умар ибн Абдулазиз (р.а.) томонидан ташкил этилган ўн кишилик маслаҳат кенгашида фаолият юритган[9].

Урва 94/713 йили, 71 ёшида[10] Фур маҳалласида вафот этган ва ўша ерга дафн қилинган.

 

Абу Бакр ибн Абдураҳмон (р.а.)

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида туғилган[11]. Мадинадаги етти фақиҳдан бири бўлиб, кўп ҳадис билган ва ишончли ровий бўлган Абу Бакр[12] отаси Абдураҳмон ибн Ҳорис, Ҳазрати Ойша, Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд ва Умму Салама (р.а.) каби шахслардан ҳадис тинглаган[13].

Султонлар билан тез-тез учрашиб, давлат арбоблари билан яқинлик алоқада бўлган. Умар ибн Абдулазизнинг Мадина халифалиги даврида ўн кишидан иборат маслаҳат кенгашида қатнашган[14].

94/713 йили Мадинада вафот этган[15].

 

Саид ибн Жубайр (р.а.)

45/665 йилда Маккада туғилган. Ҳадис ўрганишни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг дарс ҳалқасида бошлаган. Адий ибн Хотам Тоий, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Саид Худрий (р.а.) каби кишилардан ҳадис нақл қилган[16].

Ироқ волийси Ҳажжож томонидан Куфа қозилиги ва Куфа имомлиги вазифасига тайинланган[17]. Кейин Ҳажжож Саидни бу вазифадан олиб, вазирлик ва котиблик вазифасига тайинлаган[18].

Саиднинг 94 ёки 95/713-714 йилда вафот этганига доир ривоятлар мавжуд[19].

 

Иброҳим Нахаъий (р.а.)

46/666 йилда туғилган[20]. Ҳадис ривоят қилишда сиқа (ишончли) бўлганлиги хусусида ижмо қилинган кам сонли кишилардан бири. Ривоят қилган ҳадисларининг баъзилари “Кутуби ситта”дан жой олган[21].

Иброҳим унга закот берилишига қарамай, берилган закотларни қабул қилмаган, давлатдан олган инъомлар билан ва ерни ижарага олиб, деҳқончилик қилиб рўзғорини таъминлаган[22]. Шунингдек, давлат раҳбарларидан берилган совғаларни ҳам қабул қилган[23]. Унга берилган кийимлар ва 1000 дирҳамни қабул қилгани ривоят қилинган[24].

Нахаъий, 96/714 йили[25], 50 ёшида вафот этган.

[1] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 287.
[2] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 118.
[3] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 288.
[4] Имом Бухорий. Тарихул кабир. Ж. 5. – Б. 129.
[5] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 118.
[6] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 289.
[7] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 422.
[8] Aycan. Урва ибн Зубайр. ТДИЭ. Ж. 42. – Б. 184.
[9] Aycan. Урва ибн Зубайр. ТДИЭ. Ж. 42. – Б. 184.
[10] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 5. – Б. 139.
[11] Зириклий. Аълом. Ж. 2. – Б. 66.
[12] Ибн Асокир. Тарих. Ж. 66. – Б. 33.
[13] Ибн Асокир. Тарих. Ж. 66. – Б. 31.
[14] Özgür Aras. Абу Бакр АБдураҳмон. ТДИЭ. Ж. 10. – Б. 109.
[15] Миззий. Таҳзиб. Ж. 33. – Б. 117.
[16] Efendioğlu. Саъд ибн Жубайр. Ж. 35. – Б. 553.
[17] Ибн Қутайба. Ж. 1. – Б. 446.
[18] Efendioğlu. Саъд ибн Жубайр. Ж. 35. – Б. 553.
[19] Efendioğlu. Саъд ибн Жубайр. Ж. 35. – Б. 553.
[20] Зириклий. Аълом. Ж. 1. – Б. 58.
[21] Özen. Иброҳий Нахаъий. Ж. 32. – Б. 536.
[22] Özen. Иброҳий Нахаъий. Ж. 32. – Б. 538.
[23] Заҳабий. Тазкира. Ж. 1. – Б. 59.
[24] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 6. – Б. 284.
[25] Бухорий. Тарихул кабир. Ж. 1. – Б. 334.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

ТОБЕИН МУҲАДДИСЛАРНИНГ МАСЛАК(КАСБ)ЛАРИ

Каъбул Ахбор (р.а.) 104 ёшида вафот этгани ривоят қилинганига кўра, милодий 551 йили атрофида туғилган …