Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ УЙҒУНЛИГИ

ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ УЙҒУНЛИГИ

Боболарни эъзозлаш азалий миллий қадриятимиздир. Агар боболаримиз бутун дунё манфаатлари учун хизмат қилган, уларнинг даҳосидан инсоният фойдаланаётган бўлса, бундай буюк шахслардан нафақат фахрланиш, балки уларга муносиб авлод бўлишга интилишимиз лозим. Бунинг учун, энг аввало, уларнинг мақсад-муддаолари ва кашфиётлари моҳиятини чуқур англаб етишимиз, илмий ютуқларини замонавий талаблар нуқтаи назаридан ривожлантиришимиз зарур. Бундан ташқари, янги кашфиётларни амалга оширишимиз ҳамда боболаримиз даҳосини дунёга тарғиб қилишимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Қарори бевосита ана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Алломаларимиз нафақат дунёвий фанлар соҳасида, балки эътиқод ва диний илм соҳасида ҳам минг йиллар мобайнида дунё мусулмонларига устозлик қилган. Бу ҳақда буюк исломшунослар “Ислом дини Арабистонда шаклланган бўлса, Мовароуннаҳрда камолга етган” деган фикрни айтади. Ҳақиқатдан ҳам, ҳадис илмида пешқадам алломалар Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Насоий, калом илмида Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби етук уламолар ислом дини тараққиёти борасида улкан ишларни амалга оширган. Шунингдек, улар бу диндаги бағрикенглик, инсонпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб, ислом динининг маърифий йўналиши равнақида салмоқли ўрин эгаллаган.

Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши бир томондан исломшунослик йўналишидаги тадқиқотларнинг юртимизда янада тараққий этишига сабаб бўлса, иккинчи томондан, исломшунос олимларимизнинг жаҳондаги шу соҳага ихтисослашган марказлар тадқиқотчи олимлари билан ҳамкорлиги ривожланади деб ўйлаймиз.

Маълумки, бугунги геосиёсий жараёнлар фаоллашган, жаҳон миқёсида миллий манфаатлар учун кураш кескинлашган даврда айрим носоғлом кучлар ислом динидан ўзининг тор геополитик мақсадларини қондириш йўлида фойдаланишга уринмоқда. Бу борада улар кўпчиликнинг ислом дини ва унинг асл моҳияти ҳақидаги билими етарли даражада эмаслигидан фойдаланиб, исломни тажовузкор, шафқатсиз ва агрессив куч сифатида кўрсатишга интилмоқда.Улар бу мақсадини амалга ошириш учун ислом дини бўйича билими саёз, соддадил ва ишонувчан мусулмон ёшларидан ҳам фойдаланмоқда. Бундай оқимларнинг ҳалокатли йўли асл ислом дини табиатига хос эмаслигини Имом Мотуридий асослаб берган, ундан кейин эса алломанинг шогирди Абу Муин Насафий жамоатчиликка изоҳлаб берган. Хуллас, юртимиздан етишиб чиққан алломалар жангари оқимлар йўли исломга зид экани ҳақида халқни ўз вақтида огоҳлантирган. Бундай асарлар ҳозирги замон жиҳодчиларининг ғоявий йўлига зарба берувчи қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин. Марказ олимлари юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, алломаларимизнинг ана шундай асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Бу йўлда ҳам хорижий олимлар билан ҳамкорлик яхши натижалар бериши мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Марказда хорижлик олимлар билан бевосита ва билвосита мулоқот олиб боришга кенг имконият яратилди. Бир томондан Марказда ташкил этиладиган халқаро анжуманларда хорижлик олимлар ҳам келиб маъруза қилса, иккинчи томондан юртимиз олимлари ҳам марказ тавсияси билан чет элда ўтказиладиган илмий анжуманларда иштирок этмоқда.

Марказда бир неча йўналишда тадқиқот ишларини олиб бориш режалаштирилган. Бунда, энг аввало, ҳадисшунослик йўналишини кўрсатишимиз мумкин. Бу борада Марказий Осиёда катта тажриба тўпланган. Муҳаддислар ҳадисларни ўрганиш, уларнинг санади ва саҳиҳлигини аниқлаш бўйича ўзига хос тажриба тўплаган. Бу тажриба кейинги 200 йил ичида йўқотилди. Чунки мустамлакачилик даврида ҳадисшунослик тажрибалари йўқотилган, кучли эътиқодга эга айрим мусулмонлар эса тафсир ва шариат асосларини ўрганиш билангина чегараланиб қолган эди. Марказ тадқиқотчилари олдида йўқотилган ҳадисшунослик тажрибаси ва анъаналарини тиклашдек масъулиятли вазифа турибди. Бу вазифани адо этиш учун халқаро тажрибадан фойдаланиш лозим. Бу бўйича ходимларимизни ҳадисшунослик соҳасида катта тажрибага эга мамлакатларга илмий стажировкага юбориш, халқаро семинар, давра суҳбатлари, конференция ва симпозиумлар ўтказишга тўғри келади.

Марказда ҳадисшунослик билан бир қаторда, қуръоншунослик, тафсиршунослик, тасаввуф йўналишларида ҳам тадқиқот олиб борилади. Бу иш тадқиқотчилардан араб тили қоидаларидан яхши хабардор бўлишни талаб қилади. Шу сабабли илмий ходимларга араб тили қоидалари бўйича дарслар ташкил этилади. Тадқиқотчилар исломшунослик соҳасидаги изланишларни муваффақиятли амалга ошириши учун уларни юртимиз тарихи, манбашунослик, мантиқ ва фалсафа фанлари соҳасидаги билимларини ҳам чуқурлаштиришга тўғри келади.

Олимларимизга илмий тадқиқот методологияси бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этиш тадқиқотлар сифатини янада оширган бўлар эди. Марказ олимлари тўплаган тажрибалар асосида илмий мақола, монография ва илмий ишлар тўпламлари нашр этилади. Марказда тадқиқот натижалари “Имом Бухорий сабоқлари” номли илмий журналимизда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилиб борилади.

Ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий меросини ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Марказ илмий ходимлари томонидан 100 дан зиёд илмий мақолалар маҳаллий ва хорижий нашрларда эълон қилинди. Марказ нашриётидан илмий ходимлар ва бошқа муаллифлар томонидан 50 дан зиёд илмий-оммабоп китоб, рисола ва альбомлар нашр этилди. Жумладан, “Самарқандлик алломалар”, “Имом Бухорий таърифи”, “Исломда болалар одоби”, “Қўлёзмалар каталоги” ва “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми” каби китоблар нашрдан чиқди. Диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик, сохта тариқатлар ва жамоалар мақсадлари, ғоявий-ақидавий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ва уларга қарши курашнинг илмий-маърифий асосларига бағишланган Олимхон Исахон ўғлининг “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, Доктор Имодуддин Хийтийнинг “ИШИДнинг ботил даъволарига раддиялар” (таржима ва изоҳлар муаллифи А.Хофий) китоблари нашрдан чиқди ва халқимизга етказилди.

Умид қиламизки, бунёд этилаётган ушбу марказ дунё миқёсида муқаддас динимиз обрўсини сақлаш, исломнинг тинчликпарварлик ва инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, буюк бобокалонларимизнинг ўлмас маънавий меросини юзага чиқариш, уни бутун инсоният мулкига айлантириш, ўсиб келаётган ёшларни Она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, динимиз шаънини булғаётган бузғунчи кучларнинг вайронкор фаолиятини маърифий йўл билан жиловлаш ва бу йўлда жаҳоннинг тинчликсевар кучларини ғоявий бирлаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, хориждаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Илмий-тадқиқотлар йўналишида халқаро ҳамкорлик географияси йил сайин кенгайиб бормоқда. 2022 йилда Марказ Малайзия Ислом университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан англашув меморандумини имзолади. Бу билан унинг хорижий ҳамкорлари сони 35 тага етди.

Англашув меморандумларидаги асосий бандлар қўшма илмий тадқиқотлар ташкил қилиш, биргаликда турли мавзуларда семинар, конференция ва симпозиумлар ўтказишни назарда тутади. Шундан келиб чиққан ҳолда, давомли равишда турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, 2023 йилда Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO), Туркиянинг Мармара, АҚШнинг Мичиган, Мисрнинг Ал-Азҳар университетлари билан ҳамкорликда “Шарқ алломаларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси”, “Мусулмон олимларининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий мероси ва унинг илк Шарқ Ренессанси ва ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги ўрни ва аҳамияти”, “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон”, “Ўзбекистонда фалсафа тарихи мактаби ва Учинчи Ренессанс”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби”, “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” каби мавзуларда 8 та халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Буюк Британиядаги “Ал-Фурқон” ислом мероси фонди, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти, Франциянинг Париж-Сорбонна-Пантеон университети, Франция миллий тадқиқотлар маркази, АҚШнинг Индиана университети, Малайзия халқаро ислом университети билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзусида 10 та халқаро илмий семинар ўтказилди. “Тинчлик учун педагогика” дастури доирасида АҚШ Тинчлик институти билан биргаликда “Стратегик режалаштириш ва татбиқ этиш” мавзусида 3-семинар-тренинг ташкиллаштирилди.

Хорижда ҳам қўшма тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Марказ ташаббуси билан Швейцариянинг Базель университети, Туркия илмий-тадқиқот марказлари, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати”, “Ислом хаттотлиги”, “Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари” каби мавзуларда жами 6 та халқаро кўргазма, ислом амалий санъати турлари бўйича “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” деб номланган фестиваль ва савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Буюк Британиянинг Лондон ислом маданияти марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти, “Ал-Фурқон” ислом мероси фондида “Қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва каталоглаштиришнинг аҳамияти мавзусида” давра суҳбати бўлиб ўтди.

Германиянинг Фрайбург университетида “Таъвилотул Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган 29-30-жузлари, “Саҳиҳул Бухорий шарҳи” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Марказнинг 3 нафар илмий ходими Туркия Қўлёзма асарлар Бош бошқармаси китоб шифохонаси ва архив ишлари бўлимида қўлёзма ва тошбосмаларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича малака оширди. Бундан ташқари, 4 нафар илмий ходим Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида араб тили, замонавий фиқҳ масалалари, илоҳиёт, ақида, ҳадис ва тасаввуф илми йўналишларида ташкил этилган 1 ойлик малака ошириш курсларида ўқиб келди. 2 нафар илмий ходим Памуккале университетининг Исломий илмлар институтида ташкил этилган 2 ҳафталик малака ошириш курсини тамомлади. Бир нафар илмий ходим Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида 5 ойлик илмий малака ошириш курсини ўтаб келди.

Марказ вакиллари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтган “Замонавий ислом оламида муаммолар ва ечимлар” – II халқаро симпозиумида “Ўзбекистондаги диний ҳаёт ва диний ташкилотлар”, Германиянинг Фрайбург университетида ташкил қилинган “Миллий давлатлар ва Қуръон: Постсовет ҳудудида таржимонлар, ривоятлар ва мунозаралар” халқаро илмий семинарида “Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қуръон тафсири таржимаси”, Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиумида “Темурийлар даврининг машҳур калом илми уламолари” мавзусидаги маърузалар билан иштирок этди.

Булар, албатта, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бир йиллик фаолиятига доир маълумотлар. Ўзбекистондаги бошқа турдош муассасалар фаолияти ҳам таҳлил қилинса, мамлакатимизнинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиоридан ҳеч ҳам оғишмасдан дадил олға бораётгани янада яққол намоён бўлади.

ШОВОСИЛ ЗИЁДОВ,
                                                                         Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
 т.ф.д., профессор

Check Also

КАМ СОНЛИ ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛГАН (МУҚИЛЛУН) САҲОБАЛАР 2-ҚИСМ

Абу Мусо Ашъарий Ашъар қабиласига мансуб[1]. Абу Мусо жами 360 ҳадис ривоят қилган бўлиб, бу …