Каъбул Ахбор (р.а.)
104 ёшида вафот этгани ривоят қилинганига кўра, милодий 551 йили атрофида туғилган бўлиши мумкин[1]. Каъб Пайғамбар (а.с.) даврларида яшаган, лекин у зотни кўрмаган. Кенг тарқалган фикрга кўра, Ҳазрати Умарнинг халифалиги даврида мусулмон бўлган[2]. Каъб Ҳазрати Умар ва Суҳайб каби саҳобалардан ривоят қилган, унинг ривоятлари Абу Довуд, Термизий ва Насоийнинг “Сунан” асарларидан жой олган[3].
Каъб дастлаб қиссагўйлик қилган, Ҳазрати Пайғамбар (а.с.)нинг қисса ҳикоя қиладиган киши давлат раҳбаридан рухсат олиши лозим[4]лиги тўғрисидаги сўзларини эшитиб, бу ишни ташлаган, аммо Муовия уни қайтадан қиссагўйлик қилишга буюргач, яна бу фаолиятини давом эттирган[5].
Каъб 32/652-653 йили Ҳумсда вафот этган. Вафот санаси 34/655 ёки 35/656 бўлганига доир ривоятлар ҳам мавжуд[6].
Абу Идрис Ҳавлоний (р.а.)
8/630 йили Ҳавлонда туғилган. Ҳазрати Умар, Абу Дардо, Муоз ибн Жабал, Убода ибн Самит, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган[7].
Шом олими Абу Идрис Ҳавлоний, Дамашқ воизи, қиссагўйи ва қозиси бўлган. Абдулмалик уни қиссагўйликдан озод қилиб, қозиликда қолдирганида, “Истаётган вазифамдан озод қилиб, қўрққан вазифамда қолдирдилар” деган[8].
80/699 йили[9], 72 ёшида вафот этган.
Яҳё ибн Яъмар (р.а.)
Басрада туғилган. Абу Зарр Ғифорий, Ҳазрати Ойша, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан ҳадис нақл қилган. Қуръони каримга нуқтали ҳаракатларни киритган илк шахс[10].
Язид ибн Муҳаллаб уни Хуросонда девон котиби этиб тайинлаган[11]. Марв қозиси вазифасида ҳам ишлаган[12].
Вафот санаси билан боғлиқ турли ривоятлар мавжуд. Халифа ибн Ҳайётнинг айтишича, Яҳё 80/699 йилдан сўнг вафот этган[13].
Саид ибн Мусайяб (р.а.)
Ҳазрати Умар(р.а.)нинг халифалигидан икки йил ўтгач, 15/636 йилда туғилган[14]. Мадинанинг пешқадам фақиҳларидан бири бўлган[15]. Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Ҳазрати Ойша, Абу Ҳурайра, Умму Салама розияллоҳу анҳум каби кўплаб саҳобалардан ҳадис ривоят қилган[16]. Ундан Ато Хуросоний, Амр ибн Шуъайб, Амр ибн Динар, Зуҳрий, Қатода (р.а.) каби шахслар ҳадис тинглаган[17].
Давлат хазинасидан унга 30,000 дирҳамга яқин маош ажратилган бўлса-да, у бу маошни олмаган[18]. Отаси ёғ савдоси билан шуғулланган[19]. У ҳам отаси каби ёғ савдоси билан шуғулланган ва ёғ савдоси айланмасида 400 динордан ортиқ сармояга эга бўлган[20]. Шунингдек, у мато тижорати билан ҳам шуғулланган[21]. Тижоратнинг яхши касб экани, инсоннинг рўзғорини таъминлаб, шахсияти ва динини сақлашга ёрдам беришини таъкидлаган[22].
94/713 йилда[23] 79 ёшида Мадинада вафот этган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими