Ўзбек мумтоз адабиётининг диловар шоирларидан бири, етук сиёсат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахсий табиби Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф Табиб Ҳиравий ХV аср охирида Хуросоннинг Хавф шаҳрида, Муҳаммад ибн Юсуф хонадонида таваллуд топган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Афғонистонда турган пайтда бошқа машҳур кишилар қатори Юсуфий билан ҳам учрашиб, унинг иқтидори, ақл-заковати, хуш фазилатига қойил қолади.
“Бобурнома” асарида: “Мавлоно Юсуф табибким, томур кўрмоқ, ташхис қилмоқ анинг иши эрди”, деб маълумот бериб ўтган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таклифига кўра табиб Юсуфий (ота юрти Ҳиротнинг нотинчлиги сабаб) Ҳиндистонга кетади. Ҳиротдаги даврида тиббиётга оид ўн тўртта назмий ва насрий, этикага оид иккита асар ёзган. Бу асарлар Ўзбекистон ва дунёнинг турли қўлёзма фондларида сақланмоқда. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қўлёзмалар фондида “Адвият Юсуфий” асарининг қўлёзма нусхаси мавжуд.
“Адвият Юсуфий” (Юсуф табобати) (ادوية يوسفى – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди № inv. MR 3/III, форс тилидаги) асари муаллифи Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф Ҳиравий Ҳиндистонда Мирзо Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1526-1530 й.) ва Ҳумоюн Мирзо (1530-1556 й.) ҳукмронлик даврида табиблик лавозимида ишлаган.
Унинг ушбу асари назм ва шеърий усулда ёзилган бўлиб, асар тиббиёт илмига бағишланган. Унда қайси ўсимликдан тайёрланган дорини қандай касалликка даво бўлиши, касалликларни турлари ва муолажа усулларини келтирган. Асар 1507 йилда ёзилган.
Нусха тўлиқ. Басмала (в. 38б), Асар боши (в. 38б): دفع أب رفتن چشم هر… كسيكه كشيده است هر را در چشم …, Асар сўнги (в. 41а): … در زدنى شيركاو با خرما رنكى نيكو كند كند انكيز
Библиография : СВР I, № 585-586 ; V, № 3925-3927; IX, №6441-6442.
Настаълиқ. 5 варақ. (в. 38б-41а); 46а бўш варақ; 41б-54a табобат, намознинг вожиблари, дуо, жаноза одоблари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-боболари исми, Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллари келтирилган; 20 қатор; мистара; пойгир; сиёҳи қора; мистара; матн ораларида шарҳлар бор; шарқ қоғози; курраса 8; матн ўлчами: 190´85 mm.; варақ ўлчами: 255´150 mm.; варақлар шарқона рақамланмаган.
Саҳҳоф: Мулло Қудратуллоҳ.
Муқова: малла рангли, босма нақшли, шарқ муқоваси, турундж ва лола. Таякиси чармдан.
Қўлёзманинг ҳолати: яхши сақланган, муқовадан ажраган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида инв №49/II “Дар байон моъкул ва машруб”, 1404/II, 1356/XXI, 1355/V, 9687/II, 3334/XI рақамлари остида “Фавоидул ахёр” асарининг учта нусхаси сақланади (СВР V, 275-276). Яна мазкур фондда Юсуфийнинг “Жомеъул фавоид” асарининг олтита нусхаси инв №6277, 7689/II, 5538/III, 5534/I, 4936/I, 11259 рақамлари остида сақланади (СВР IX, 291-294).
Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф Ҳиравий ва унинг илмий мероси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Бобурийлар сулоласи даврида табобат илми учун алоҳида эътибор бўлганлигининг самарасидир.