24 декабрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари ва IRCICA вакиллари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Имом Мотуридий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчи ва талабалари, Туркиядан тадқиқотчилар қатнашди.
Семинарда Истанбул университети доктори Нилуфар Калкан Ёрулмаз “Ҳижрий илк уч асрда Самарқандда ровийлик ва иснод анъанаси” мавзусида маъруза қилди.
Олима Самарқанд тарихи ва маданияти бой шаҳарлардан саналиши, унинг ислом илмлари ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳануз аҳамиятини йўқотмагани, илк ҳижрий асрларда бу ердан кўплаб уламолар етишиб чиққанини қайд этди.
Таъкидланганидек, Самарқанд ислом дини тарқала бошлаган илк даврларда ўзига хос ижтимоий ва маданий қийинчиликларни бошдан кечирган. Ҳижрий учинчи асрга келиб, бу шаҳарда илмга бўлган қизиқиш ва ҳаракат сезиларли даражада ўсди. Абу Ҳанифа ва унинг самарқандлик шогирдлари бу ривожга тамал тоши қўйиб, фиқҳ ва ақида соҳасида яратган муҳим асарлар орқали илк исломий илмларни кейинги авлодга қолдирди.
Туркиялик тадқиқотчи Абу Ҳанифа шогирдларига алоҳида тўхталди. Улар орасида Абу Муқотил энг машҳурларидан бири бўлиб, унинг Самарқанддаги илмий фаолияти улкан аҳамиятга эга эди. У етиштирган ўнлаб шогирдлар шаҳарни илмий марказга айлантирган. Шунингдек, Доримий ва унинг шогирдлари ҳам Самарқандни ҳадисшунослик соҳасида машҳур марказлардан бирига айланишига ҳисса қўшган.
Нилуфар Калкан Ёрулмаз фикрича, Самарқанддаги турли миллат ва динлар ўртасидаги мулоқот шаҳарда илм мактабларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатган. Айниқса, Абу Ҳанифа ва Доримий каби ҳассос уламоларнинг илм мактаблари ислом фиқҳи ва ақидасининг шаклланишига асос солди. Улар орқали Самарқанд аҳли нафақат ислом илмий меросини, балки инсоният маданиятига қўшган улкан ҳиссасини ҳам ўзида мужассам этди.
Семинарда Самарқанднинг илмий мероси бугунги кунда ҳам тадқиқотчилар ва таълимотчилар учун илҳом манбаи бўлиб келаётгани қайд этилди. Маърузачи ушбу шаҳарнинг тарихи бизга илмга бўлган интилиш ва маданиятлар ўртасидаги ҳамкорлик қандай улкан самара бериши мумкинлигини кўрсатиб турганини таъкидлади. Дарҳақиқат, Самарқанд нафақат ўтмишда, балки ҳозирги даврда ҳам илм ва маърифат маркази сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.