Абу Мусо Ашъарий
Ашъар қабиласига мансуб[1]. Абу Мусо жами 360 ҳадис ривоят қилган бўлиб, бу ҳадисларнинг 49 таси “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган, улардан 4 таси Бухорий, 15 таси эса Муслим томонидан мустақил равишда ривоят қилинган[2].
Пайғамбар (а.с.) даврларида Расулуллоҳ (с.а.в.) уни бир денгиз юришида сарийя қўмондони этиб тайинлаган. Пайғамбар (а.с.) Абу Мусони Яманнинг Забид, Римоъ, Адан ва Соҳил ҳудудларига қозилик қилиши, диний таълим бериш ва закот йиғиши учун юборганлар[3]. Пайғамбар (а.с.) вадо ҳажидан кейин эса уни Яманнинг Маъраб ҳудудига волий қилиб тайинлаганлар[4].
Ҳазрати Умар халифалиги даврида Абу Мусони Басра волийси этиб тайинлаган. Кейинчалик Куфа волийси этиб тайинланган ва вазифасини Ҳазрати Усмон даврида ҳам давом эттирган[5].
Абу Мусо 42/662-663 йили вафот этган[6].
Абу Зарр Ғифорий (р.а.)
Ғифор қабиласига мансуб. Пайғамбар (а.с.) билан доим ёнма-ён бўлгани туфайли илмда юқори даражага эришган. Илмни тарқатишга катта аҳамият берган. Кўп ҳадис ривоят қилгани боис Ҳазрати Умар уни Мадинадан ташқарига чиқармагани нақл қилинган. Ривоят қилган ҳадисларининг 281 таси Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида, 33 таси эса Бухорий ва Муслимнинг китобларидан ўрин олган[7].
Оддий ҳаёт кечирган Абу Зарр, Пайғамбар (а.с.)нинг хизматларида бўларди. У зотнинг ёнларида бўлмаган пайтларда эса масжидда ётиб-турган[8]. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га тегишли йигирма қўйни Мадина яқинидаги “Ғоба” деб аталадиган жойда боққан[9]. Мол-мулкка катта аҳамият бермагани каби, эҳтиёждан ортиқ молларни ҳам Аллоҳ йўлида сарфлаш лозим деб билган[10]. Унга тўрт минг дирҳам берилганида, хизматчига бир йиллик етадиган озуқа олдириб, қолганини садақа қилган[11]. Умму Талқ Абу Заррнинг уйига борганида уни жудаям ҳорғин ва ҳолсиз ҳолда кўргани, қўлида икки таёқ билан жундан ип йигираётгани ва унга ун билан буғдой берганини айтган[12]. Абу Зарр қўлида ортиқча мол бўлганларга уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилишни тавсия қилган. Муовия Абу Заррнинг ўзи ҳам шундай йўл тутишини синаш мақсадида хизматчиси орқали ярим тунда минг динор юборган. Эрталаб хизматчисига Абу Заррга бориб хатолик содир бўлгани ва минг динорни қайтариб беришини сўрашни буюрган. Аммо Абу Зарр садақа қилганини айтган. Шундан кейин Муовия унинг сўзи ва ҳаракати бир-бирига мос эканига ишонч ҳосил қилган[13].
Абу Зарр 32/653 йили Рабазада вафот этган[14].
Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.)
Милодий 592 йили Маккада туғилган[15]. Ҳадис ривоятида эҳтиёткор бўлган Саъд, ривоят қилган ҳадисларининг ўн беши “Саҳиҳайн”да муштарак келтирилган. Ривоятларининг беши Бухорийда, саккизи эса Муслимда мустақил равишда нақл қилинган[16]. Жами 271 ҳадис ривоят қилган.
Пайғамбар (а.с.) уни Бани Дамра қабиласи билан олиб борилган уруш[17]да ва Ҳаррор сарийяси қўмондони этиб тайинлаганлар[18].
Ҳазрати Умар даврида Ироқ фронти бош қўмондони бўлиб Қодисийя жангида Сосонийларни мағлубиятга учратган. Ҳазрати Умарнинг буйруғи билан Куфа шаҳрини қурган ва унинг волийси бўлган[19].
Саъд мол-мулки кўп экани, қизидан бошқа меросхўри йўқ экани ва молининг учдан икки қисмини садақа қилмоқчи эканини Расулуллоҳ (с.а.в)га айтганида Расулуллоҳ (с.а.в.) буни рад этганлар[20].
Саъд Ақиқ деб аталган ҳудудда 55/675 йили вафот этган. Саъднинг Марвон ибн Ҳакамга 5000 дирҳам закот юборгани ва вафот этганида 250000 дирҳам қолдиргани ривоят қилинган[21].
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)
Фил воқеасидан уч йил кейин дунёга келган. Ҳадис ривоятида жуда эҳтиёткор бўлган Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Пайғамбар (а.с.)дан жами 142 ҳадис ривоят қилган. Бу ҳадисларни Абу Бакр Аҳмад ибн Али Марвазий “Муснади Абу Бакр Сиддиқ” номли асарида тўплаган[22].
Ҳазрати Абу Бакр рисолатдан олдин Дорун Надвада “ал-Ашноқ” (дият[23] ва ғанима[24]лардан келган моллардан масъул шахс) вазифасини бажарарди[25]. Шунингдек, мато ва кийим савдоси билан шуғулланган Абу Бакр савдо карвонлари билан Шом ва Яманга саёҳатлар қилган. Исломни қабул қилган пайтида 40000 дирҳамга яқин сармояси бўлган[26].
Исломни қабул қилгандан сўнг савдони бир муддат тўхтатган Ҳазрати Абу Бакр Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) томонларидан турли жангларда қўмондон ва байроқдор сифатида вазифаланган, шунингдек, ҳаж амири вазифасини бажарган. Ҳижратдан кейин савдони яна давом эттирган. Савдодан ташқари қўйлари ҳам бўлган Ҳазрати Абу Бакр вақт-вақти билан бу қўйларни боққан, баъзан эса ҳақ эвазига бошқаларга боқтирган. Ҳазрати Абу Бакрнинг яна бир даромади эса урушлардан олинган ғаниматлардир. Бунинг мисоли сифатида, Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) у кишига Хайбарнинг фатҳидан кейин 100 васқ ғалла берганлар[27].
Пайғамбар (а.с.)нинг вафотларидан кейин халифаликка сайланган Ҳазрати Абу Бакр савдо ва чўпонлик касбини давом эттирган, кейинчалик эътироз қилганига қарамай Ҳазрати Умар ва Абу Убайда ибн Жарроҳ бошчилигида Байтулмолдан халифалик маоши билан таъминланган[28].
Ҳазрати Абу Бакр 13/634 йили, 63 ёшида вафот этган.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон (р.а.)
Фил воқеасидан олти йил олдин Тоифда дунёга келган. Отаси Қурайшнинг бой савдогарларидан бўлган. У Ҳадис ривоятида жуда эҳтиёткор бўлган Ҳазрати Усмон Пайғамбар (а.с.)дан 146 ҳадис ривоят қилган[29].
Ёшлигидан отасининг ёнида савдо қилиш орқали тижорат борасида ўзини ривожлантирган. Отаси Аффон Шомга савдо мақсадида чиққан саёҳатида вафот этиб Ҳазрати Усмонга катта мерос қолдирган. Ҳижоз минтақасининг муҳим савдогарлари орасига кирган Ҳазрати Усмон Шом, Яман ва Ҳижоз ярмаркаларига бориб, мато, кийим ва озиқ-овқат савдоси билан кун кечирган[30].
Ҳазрати Усмон Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик даврида унинг котиблигини қилган. Ҳазрати Умарнинг халифалиги даврида эса Ҳазрати Умарга маслаҳатчилик қилган, Ҳазрати Умар пойтахтдан кетганда унинг ўрнига вакиллик вазифасини бажарган ва Ҳазрати Умарнинг ҳам котиблигини қилган. Шунингдек, Ҳазрати Умар Ҳазрати Усмонга Водилқуро ва файъ даромадларидан улуш берган. Халифалиги даврида эса моддий аҳволи яхши бўлгани ва савдо билан шуғуллангани сабабли Байтулмолдан маош олмаган[31].
Машҳур ривоятга кўра 82 ёшида, 35/656 йили уйида Қуръон ўқиб турган пайтда шаҳид қилинган[32].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими