Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)
Абдуллоҳ илк мусулмонлардан[1]. Отаси каби ўзи ҳам Бани Зуҳранинг халифаси бўлган[2]. 848 та ҳадис ривоят қилган. “Саҳиҳайн”да 64 та ривояти мавжуд бўлиб, Бухорий 21, Муслим эса мустақил равишда 35 та ҳадисини нақл қилган[3].
Ёшлигида Уқба ибн Абу Муайтнинг қўйларини боққан[4]. Ҳазрати Умар эса уни Куфага ўқитувчи ва волий сифатида юборган[5]. Куфада шунингдек қозилик ва Байтулмол бошқарувчиси вазифасида ҳам ишлаган[6]. Абдуллоҳнинг аёли Роита бинти Муовия эса қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулотларни сотиб, даромад топган[7].
Абдуллоҳ ибн Масъуд 32/652-653 йили Мадинада вафот этган[8].
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.)
Ҳижратдан етти йил олдин Маккада туғилган[9]. Унинг ҳадислар борасидаги нуфузи ҳақида Абу Ҳурайра: “Абдуллоҳ ибн Амрдан бошқа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан ҳеч ким мендан кўра кўпроқ ҳадис билмайди. Чунки у ҳадисларни ёзарди, мен эса ёзмас эдим”, деган[10]. Ривоят қилган ҳадисларининг сони тахминан 700 та[11].
Муовия томонидан Куфа волийси этиб тайинланган, кейинчалик бу вазифадан олинган. Отасининг вафотидан кейин Мисрга волий этиб тайинланган, аммо бу вазифада ҳам узоқ вақт қолмаган[12]. Отаси унга кўплаб мол-мулк, қуллар, хизматчилар ва Ваҳд водийсида минглаб дирҳам қийматидаги ер ҳудудини мерос қолдирган[13].
Абдуллоҳ ибн Амр 65/684-685 йили[14] 72 ёшида Мисрда вафот этган.
Ҳазрати Али (р.а.)
Ҳижратдан йигирма икки йил олдин (м. 600) Маккада туғилгани ривоят қилинади. Ҳулафои рошидийн – Чаҳорёрнинг тўртинчиси[15]. Ривоят қилган ҳадисларининг сони 586 та. Бу ривоятлардан 20 таси ҳам Бухорий, ҳам Муслимда муштарак ривоят қилинган. Бухорий мустақил равишда 9, Муслим эса 15 та ҳадис ривоят қилган[16].
Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) даврида байроқдорлик вазифасида бўлган, ушр ва закот амалдори сифатида вазифаланган, Суффада муаллимлик қилган ва Яман қозиси сифатида тайинланган[17]. Ҳазрати Али шунингдек савдо-сотиқ ишлари билан ҳам шуғулланган. Туяларга изҳир ўти юклаб Бани Қайнуқоликларга сотиш учун олиб келган. Шунингдек, кийим-кечак савдоси билан ҳам шуғулланган.
Ҳазрати Али Ҳазрати Пайғамбар(с.а.в)нинг рўзғорда қийинчилик кечираётганларини билганида, бир яҳудийнинг боғида чўмич билан сув чиқарган, бунинг эвазига яҳудийдан хурмо олган ва бу хурмоларни Пайғамбар (с.а.в.)га олиб келган[18].
Ҳазрати Али ҳижрий 19 ёки 21 Рамазон 40 куни (м. 661) 62 ёшида вафот этган ва Куфага дафн этилган[19].
Ҳазрати Умар (р.а.)
Фил воқеасидан ўн уч йил кейин, бошқа бир ривоятга кўра эса Фижор урушидан тўрт йил олдин Маккада туғилган[20]. Ҳазрати Умар ҳадис ривоятида жуда эҳтиёткор бўлар, Расулуллоҳдан эшитмаган ҳадисларни ривоят қилганлардан гувоҳ олиб келишларини талаб қилар эди. Ҳатто ҳадисларни бир жойга тўплашни ўйлаган, аммо Қуръоннинг тарк этилишидан қўрқиб бу фикридан воз кечган. “Кутуби Ситта”да ривоят қилган 539 ҳадиси бор[21].
Ҳазрати Умар, болалигида отасининг қўйлари ва Бани Маҳзум қабиласидан бўлган амакиларининг қўйларини боққан[22]. Кейинчалик савдо билан шуғулланган, тери ва мато билан савдо қилган. Савдо билан биргаликда олди-сотди ишларига воситачилик қилган. Булардан ташқари, деҳқончилик билан ҳам шуғулланган[23].
Ҳазрати Умар ёшлик чоғида Маккада котиблик ва Қурайш қабиласининг элчилигини қилган. Указ ярмаркаси каби катта ярмаркаларга қатнашган. Исломни қабул қилганидан кейин Пайғамбар (а.с.)нинг вазири ва ҳокимлари орасида эди. Пайғамбар (а.с.) даврларида қозилик, ваҳий ёзувчилиги ва ҳарбий бўлинмалар қўмондонлиги вазифаларини бажарган. Шунингдек, Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) уни Қурайшга элчи қилиб тайинлаганлар[24].
Ҳазрати Абу Бакр даврида эса Ҳазрати Умар, маслаҳатчи ва қозилик вазифалари адо этган. Шунингдек, Ҳазрати Абу Бакр уни Ҳаж амири сифатида тайинлагани ва ўзига вакил қилгани ҳам ривоят қилинган[25]. Халифалиги даврида эса Ҳазрати Абу Бакрга берилган миқдорда маош ола бошлаган. Файъ ерларининг даромадларидан ҳам олган[26].
Ҳазрати Умар 23/644 йили вафот этган[27].
Умму Салама (р.а.)
Умму Салама 84 ёшида вафот этганига кўра рисолатдан ўн уч йил олдин (м. 597) туғилган бўлиши керак. Ҳазрати Пайғамбар (а.с.)нинг завжаларидан бири бўлган Умму Салама, Ҳазрати Ойшадан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган. Жами 378 ҳадис ривоят қилган. Ривоятларидан 13 таси Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида муштарак, 3 таси Бухорийда ва 3 таси Муслимда мустақил равишда нақл қилинган[28].
Умму Саламанинг терини ошлагани ҳақида ривоятлар мавжуд[29]. Бундан ташқари Пайғамбар (а.с.) унга Хайбар фатҳидан кейин йигирма васқ[30] арпа берганлар[31]. Шунингдек, Ҳазрати Умар Умму Саламага 12 минг дирҳам маош тайинлаган[32].
Умму Салама 65/681 йили вафот этган[33].
давоми бор…
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими