Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИС РИВОЯТИ БИЛАН ТАНИЛГАН САҲОБАЛАРНИНГ КАСБЛАРИ 2-ҚИСМ

ҲАДИС РИВОЯТИ БИЛАН ТАНИЛГАН САҲОБАЛАРНИНГ КАСБЛАРИ 2-ҚИСМ

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)

Ҳижратдан уч йил олдин Маккада туғилган[1]. Расулуллоҳ вафот этганларида 13 ёшда[2] бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос 1660 ҳадис ривоят қилган. 120 ҳадисини фақат Бухорий, 9 ҳадисини фақат Муслим ривоят қилган, 75 ҳадисини эса ҳам Бухорий, ҳам Муслим биргаликда нақл қилган[3].

Турмушини, отаси Аббос ибн Абдулмутталибнинг узум боғларида ишлаб чиқариш билан давом эттириб таъминлаган[4]. Фақатгина савдо билан шуғулланиб қолмай, 656 йилда Ҳазрати Усмон воситасида Ҳаж амири этиб тайинланган. Ҳазрати Али даврида эса Басра волийлиги вазифасини бажарган[5].

Етмиш бир йил яшаган Ибн Аббос, 68/687-688 йили вафот этган[6].

 

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)

Ҳижратдан ўн олти йил олдин (м. 607) Мадинада туғилган[7]. Мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган олти саҳобадан бири бўлиб, 1540 ривояти ҳадис тўпламларида ўрин олган. У ривоят қилган ҳадислардан 58 таси Бухорий ва Муслимда, шунингдек, 26 таси фақат “Саҳиҳул Бухорий”да, 126 таси эса фақат “Саҳиҳи Муслим”дан жой олган. Ривоятлари жами Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида ҳам мавжуд[8].

Жобирнинг Уҳуд жангида шаҳид бўлган отаси Абдуллоҳ ибн Амрнинг қарзларини Пайғамбарнинг (с.а.в) тавсияси билан боғидаги хурмоларни “ажва” ва “азқу зайд” навларига ажратиб тўлагани нақл қилинади. Жобирнинг турмушини эса савдо ва деҳқончиликдан олган даромадлари билан таъминлагани ҳам ривоят қилинади[9]. Шунингдек, ўша даврнинг халифаси Абдулмалик ибн Марвон томонидан унга беш минг дирҳам берилгани қайд этилган[10].

Ҳаётининг сўнгги даврларини кўзи ожиз ҳолда ўтказган Жобир 78/697 йили[11] 94 ёшида вафот этган.

 

Абу Саид Худрий (р.а.)

Ҳазраж қабиласига мансуб. Абу Саид Мадина муфтийси сифатида танилган[12]. Кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бўлиб, Абу Саиднинг 43 ҳадиси ҳам “Саҳиҳул Бухорий” ҳам “Саҳиҳи Муслим”да зикр қилинган. Бухорий мустақил равишда 16, Муслим эса 52 ҳадис ривоят қилган[13]. Жами ривоят қилган ҳадислари сони эса 1170 тани ташкил этади[14].

Отаси Уҳуд жангида оиласига ҳеч нарса қолдирмасдан шаҳид бўлганида, онаси уни ёрдам сўраш учун Расулуллоҳга юборган, Аллоҳнинг Расули эса унга: Сўрашдан сақланган кишини Аллоҳ иффатли қилади, одамлардан ҳеч нарса кутмай, ўз қўлидаги билан кифояланган кишини Аллоҳ бой қилади, сабр қилишни истаган кишига сабр беради, деб айтганлар. Бундан кейин Жобир ҳеч кимдан бирор нарса сўрамаган[15]. Ишлари изга тушган ва мадиналик мусулмонлар орасида саноқли бойлардан бири бўлган. Илк бор Ҳандақ ғазотида қатнашган, кейинчалик 12 та ғазотда иштирок этган. Баъзи сарийя[16]ларда вазифа олган, ҳатто сарийя қўмондонлиги вазифасини бажарган.

Саҳобаларнинг фақиҳларидан бири бўлгани туфайли, Абу Саид Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин Мадинада фатво бериш ва таълим билан шуғулланган[17]. Унинг касбига оид аниқ маълумот мавжуд бўлмасада, Ҳижоз минтақасининг муҳим савдо марказларидан бири бўлгани сабабли Ҳазрати Пайғамбар билан мулоқотда бўлганидан кейин савдо билан шуғулланган бўлиши мумкин. Шунингдек, сарийя ва ғазотларга қатнашгани сабабли у ерларда олинган ғаниматлардан ҳам улуш олган бўлиши мумкин.

Аллоҳнинг Расулининг саҳобаларидан ва ансорларнинг фазилатлиларидан бири бўлган Абу Саид 74/693-694 йили вафот этган[18].

 [1] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 380.
[2] Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1998. Ж. 1. – Б. 33.
[3] Çakan. Абдуллоҳ ибн Аббос. ТДИЭ. Ж. 1. – Б. 77.
[4] Azizova. Çalişma hayati ve meslekler. – Б. 131.
[5] Çakan. Абдуллоҳ ибн Аббос. ТДИЭ. Ж. 1. – Б. 76.
[6] Заҳабий. Сияр. Ж. 4. – Б. 394.
[7] Kandemir. Жобир ибн Абдуллоҳ. ТДИЭ. Ж. 6. – Б. 530.
[8] Kandemir. Жобир ибн Абдуллоҳ. ТДИЭ. Ж. 6. – Б. 531.
[9] Azizova. Çalişma hayati ve meslekler. – Б. 142.
[10] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 193.
[11] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 194.
[12] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 168.
[13] Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. Ж. 1. – Б. 36.
[14] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 172.
[15] Küçük. Абу Саид Худрий. ТДИЭ. Ж. 10. – Б. 273.
[16] Пайғамбаримиз (с.а.в.) шахсан қатнашмаган юришлар.
[17] Kandemir. Riyazus salihin Peygamberimizden hayat olçuleri. – Истанбул: Арқам, 2011. Ж. 1. – Б. 166.
[18] Ибнул Жавзий. Мунтазам. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1992. Ж. 6. – Б. 144.
Otabek MUHAMMADIYEV,
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi katta ilmiy xodimi

Check Also

ҲАЗРАТИ ПАЙҒАМБАР (С.А.В.)НИНГ ТУРМУШ ТАРЗИ

Пайғамбарлар нубувват сифатларидан ташқари, уларга эргашиш ва ўрнак бўлиш учун инсон сифатидаги хусусиятларга ҳам эгадирлар. …