Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИС РИВОЯТИ БИЛАН ТАНИЛГАН САҲОБАЛАРНИНГ КАСБЛАРИ

ҲАДИС РИВОЯТИ БИЛАН ТАНИЛГАН САҲОБАЛАРНИНГ КАСБЛАРИ

Қуйида ҳадис ривояти билан танилган муксирун (кўп сонли ҳадис ривоят қилган) ва муқиллун (кам сонли ҳадис ривоят қилган)дан бўлган жами ўн етти саҳобанинг туғилиши, ҳадис билан алоқаси, эгаллаган касби, турмуш тарзи ва вафоти ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

 

Кўп сонли ҳадис ривоят қилган саҳобалар

Абу Ҳурайра (р.а.)

Азд қабиласининг Давс уруғига мансуб бўлган Абу Ҳурайранинг туғилиш санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ[1]. Мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган (муксирун) етти саҳоба орасида энг кўп ривоят қилган саҳобадир. Унинг ривоятларидан 326 таси ҳам Бухорий, ҳам Муслимда зикр қилинган. Шунингдек, 93 ривояти фақат Бухорийда, 98 таси фақат Муслимда мавжуд. Ривоятлари Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида тўпланган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”идаги ривоятларининг сони 3862 та[2].

Абу Ҳурайранинг ягона хоҳиши, Расулуллоҳдан олдин эшитмаган нарсаларни эшитиш, ёд олмаган нарсаларни ёд олиш ва берган таоми билан таомланиш эди[3]. Пайғамбар (а.с.) даврида моддий жиҳатдан имконияти чекланиши  туфайли уйланолмаган Абу Ҳурайра, етимликда катта бўлгани ва қорин тўйдириш учун Бусро бинт Ғазвоннинг ёнида ишлагани, кейин эса унга уйланганини айтган[4].

Абу Ҳурайра халифа Ҳазрати Умар даврида Баҳрайн волийлиги вазифасини бажарган[5], кейинчалик Муовия даврида Мадина волийлигини қилган. Муовия ундан мамнун бўлмаган пайтда Марвонни, Марвондан мамнун бўлмаган пайтда эса Абу Ҳурайрани волий сифатида тайинлаган[6].

Абу Ҳурайра вафотидан қисқа бир муддат олдин касалланган ва 58/678 йилда вафот этган[7].

 

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)

Абдуллоҳ ибн Умар рисолатнинг учинчи йили Маккада туғилган. Абу Ҳурайрадан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган иккинчи саҳобадир. Унинг 168 ривоятини Бухорий ва Муслим биргаликда нақл қилган. Мустақил равишда, “Саҳиҳул Бухорий”да 81, “Саҳиҳи Муслим”да 31 ривояти мавжуд[8].

Абдуллоҳ ибн Умар саҳобаларнинг етакчи бадавлат кишиларидан эди[9]. У Муъта, Ярмук, Жалула, Қодисийя, Ниховант жангларида, шунингдек, Миср, Африка, Хайбар, Макка, Фаластин фатҳларида, Хоразм ва Табористон юришларида иштирок этган[10]. У турмушини таъминлаш учун маблағнинг бир қисмини эҳтимол тарқатилган файъ даромадларидан топган[11]. Ҳазрати Усмон халифалик даврида юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун муфаттишлар тайин қилган ва Абдуллоҳ ибн Умарни ҳам Шомга муфаттиш сифатида юборган[12].

Абдуллоҳ ибн Умар 73/693 йили (баъзи ривоятларда 72 ёки 74) вафот этган. Уни Ҳарамдан ташқарига дафн қилишни хоҳлаган бўлса-да, Ҳажжож уни Ҳарам ҳудудидаги муҳожирлар қабристонига дафн қилган[13].

 

Анас ибн Молик (р.а.)

Ҳазраж қабиласининг Бани Нажжор сулоласидан бўлган Анас ибн Молик ҳижратдан ўн йил олдин (м. 612) туғилган[14]. Муксирун саҳобалардан бири бўлган Анас Пайғамбар (с.а.в.)дан 2286 та ҳадис ривоят қилган. Бу ривоятларнинг 168 таси ҳам Бухорий, ҳам Муслимнинг “Саҳиҳ”ларидан жой олган. Бундан ташқари, Бухорий 80 та, Муслим эса 90 та ривоятини ҳам ўз “Саҳиҳ”ларида келтирган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида эса 2172 ривояти мавжуд[15].

Анас ибн Молик деҳқончилик билан шуғулланиб кун кечирган. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг дуолари билан моли баракотланган Анаснинг йилига икки марта ҳосил берадиган боғи бор эди[16]. Ҳазрати Абу Бакр халифалиги пайтида уни Баҳрайнга солиқ йиғувчи сифатида тайинлаган. Анас ибн Молик Ҳазрати Абу Бакр даврида Басрага солиқ йиғувчи сифатида тайинланган. Ҳазрати Умар даврида эса Басрага волий этиб тайин қилинган Абу Мусо Ашъарий билан бирга Басрага борган, у ерда имомлик қилган, ҳадис ва фиқҳдан дарс берган. Шунингдек, Анас ибн Моликнинг Басрада тўртта уйи бўлгани ҳам қайд этилган[17].

Анас ибн Молик ҳижрий 93/711-712 йили 103 ёшида вафот этган[18].

 

Ҳазрати Ойша (р.а.)

Рисолатнинг 4-йили (м. 614) туғилган[19]. Отаси Абу Бакр Сиддиқ, онаси Умму Руммон[20]. Пайғамбар (а.с.)нинг завжаларидан бири бўлган[21]. Муксирундан бўлган Ҳазрати Ойша 2110 ҳадис ривоят қилган. Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида Ҳазрати Ойшадан биргаликда нақл қилинган 174 ривоят мавжуд. Жами ривоятлари 297 бўлиб, 54 таси фақат Бухорийда, 69 таси фақат Муслимда жой олган. Ҳазрати Ойша ривоят қилган ҳадисларнинг кўпчилигини тўғридан-тўғри Ҳазрати Пайғамбар (а.с.)дан олган[22].

Ҳазрати Умар Пайғамбар (а.с.)нинг аёлларини молиявий таъминлаб, Ҳазрати Ойшанинг таъминотини бошқа аёлларга нисбатан икки минг дирҳам кўпроқ қилиб, ўн икки минг дирҳам маош билан таъминлаган[23].

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин 47 йил яшаб, 58/678 йили 65 ёшида вафот этган[24].

Давоми бор…

[1] Kandemir. Абу Ҳурайра. ТДИЭ. Ж. 10. – Б. 160.
[2] Kandemir. Абу Ҳурайра. ТДИЭ. Ж. 10. – Б. 162.
[3] Ибн Саъд. Табақотул кубро. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1990. Ж. 2. – Б. 277.
[4] Ибн Саъд. Табақотул кубро. – Байрут: Дорус садр, 1968. Ж. 4. – Б. 326.
[5] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 4. – Б. 250.
[6] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аъламин нубала. – Байрут:. Муассасатур рисола, 1985. Ж. 2. – Б. 613.
[7] Kandemir. Абу Ҳурайра. ТДИЭ. Ж. 10. – Б. 161.
[8] Kandemir. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб. ТДИЭ. Ж. 1. – Б. 126-127.
[9] Kandemir. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб. ТДИЭ. Ж. 1. – Б. 127.
[10] Ozkan. Fakih sahаbilerden Abdullah b. Omerin içtihad anlayişi. – Истанбул, 2018. – Б. 269.
[11] Yuksel. Dort halife donemi olaylari karşisinda Abdullah b. Omer. – Истанбул, 2005. – Б. 65.
[12] Yuksel. Dort halife donemi olaylari. – Б. 73.
[13] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 4. – Б. 142.
[14] Canan. Анас ибн Молик. ТДИЭ. Ж. 11. – Б. 234.
[15] Canan. Анас ибн Молик. ТДИЭ. Ж. 11. – Б. 235.
[16] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 339.
[17] Canan. Анас ибн Молик. ТДИЭ. Ж. 11. – Б. 235.
[18] Заҳабий. Сияр. Ж. 3. – Б. 406.
[19] Fayda. Ойша бинт Абу Бакр Сддиқ. ТДИЭ. Ж. 2. – Б. 201.
[20] Ибн Саъд. Табақот. Ж. 8. – Б. 46.
[21] Ибн Исҳоқ. Сийрату Ибн Исҳоқ. – Байрут: Дорул фикр, 1978. – Б. 255.
[22] Fayda. Ойша. Ж. 2. – Б. 204.
[23] Заҳабий. Сияр. Ж. 2. – Б. 197.
[24] Fayda. Ойша. Ж. 2. – Б. 202.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

МУҲАДДИСЛАРНИНГ КАСБ-ҲУНАРЛАРИ

Инсон бошқаларга муҳтож бўлмаслиги ва ризқини таъминлаши учун ҳалол меҳнат қилиши ва бирор касб-ҳунарга эга …