Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Исломгача бўлган даврда Сўғд ва илк ислом даврида Мовароуннаҳр: давлат бошқаруви ва камончилик анъаналари

Исломгача бўлган даврда Сўғд ва илк ислом даврида Мовароуннаҳр: давлат бошқаруви ва камончилик анъаналари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида галдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Европанинг бир қатор давлатларидан олимлар иштирок этди. 

Семинарда АҚШнинг Хемпштеддаги Хофстра университети тасвирий санъат, дизайн ва санъат тарихи профессори Др. Александр Наймарк “Исломгача бўлган даврда Сўғд ва Мовароуннаҳрнинг илк ислом даврида давлат бошқаруви ва камончилик анъаналари”  мавзусида маъруза қилди.

Олим археологик қазишмалар вақтида Афросиёб харобаларида Қорахонийлар саройи топилгани ва сарой деворида камон ва ўқ тутган ҳукмдор тасвирланган расм аниқланганига урғу берди. 

Айтиш жоизки, ҳокимият тимсоли бўлган ушбу тасвир  Ўрта Осиёда  Қорахонийлар сулоласига қадар тангаларга зарб этилган. Буни Ношхаб ва Самарқанд тангаларида кузатишимиз мумкин.

Профессор Александр Наймаркнинг таъкидлашича, камончи образи Парфия тангаларининг орқа томонини 450 йил давомида эгаллаб турган. Шу боисдан олим бу тасвирларни  азалдан халқларнинг аралашуви ва савдо-сотиққа боғлайди.

Абдулкарим Сотуқ Буғрохон асос солган   қорахонийлар сулоласи даврига келиб, зарб қилинган  тангалардаги ёзувларнинг аксарияти араб алифбосида бўлиб,  халифага ҳурмат ва садоқат ўлароқ унинг номи ёзилган. 

Олимнинг мазкур йўналишдаги изланишлари тадқиқотчиларга Марказий Осиё тарихи ва маданиятини нумизматика орқали очиб бериш имконини беради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Мисрнинг Ал-Азҳар …