Пайғамбарлар нубувват сифатларидан ташқари, уларга эргашиш ва ўрнак бўлиш учун инсон сифатидаги хусусиятларга ҳам эгадирлар. Бу инсоний ўзига хослик билан келадиган масъулиятлардан бири эса турмуш тарзларини идора қилишдир. Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг ҳам турмушларини таъминлашлари учун касб-ҳунарлари бўлган. Бир нечта мисол келтирсак: Идрис (а.с.) тикувчилик[1], Ҳуд (а.с.) ва Солиҳ (а.с.) савдо билан шуғулланган[2], Юсуф (а.с.) эса давлат бошқарувида бўлиб, Мисрда молия вазири бўлган[3].
Пайғамбар (а.с.) инсон сифатида инсонлар оламининг бир аъзоси бўлгани каби жамият ичида ҳам яшаганлар. Шунинг натижаси сифатида Пайғамбар (с.а.в) ҳам турмушини таъминлаш учун кўплаб касблар билан шуғулланган. Улардан бири қўйларни боқиш эди. Абу Ҳурайрадан нақл қилинган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбар бир неча қийрот эвазига Макка аҳолисининг қўйларини боққанлари[4]ни айтган. Бошқа бир ривоятда эса Жобир ибн Абдуллоҳ Пайғамбар (а.с.) билан бирга Марруз Заҳронда дарахтдан “кабас” деб аталадиган мева тўплар экан, Пайғамбар (а.с.)дан қўй боқиб-боқмаганлари ҳақида сўраганида, Пайғамбар (а.с.): “Ҳеч қўй боқмаган пайғамбар борми?”[5] деб жавоб берганлар.
Пайғамбар (а.с.) шуғулланган яна бир касб тижорат эди. Ҳазрати Пайғамбар болалик даврида амакилари Абу Толибнинг Шомга борган савдо карвонига қўшилганлар[6]. Пайғамбар (с.а.в.) амакиси кексаёшга етганда ҳам савдони давом эттирган ва маккалик бир киши билан шерикчилик қилган. Шунингдек, бу даврда савдо мақсадида турли ўлкаларга саёҳат қилган. У Ҳубоша ярмаркасига, Яманга ва Шарқий Арабистондаги Мушаккар ва Дебо ярмаркаларига қатнашгани ривоят қилинган. Булар билан бирга Пайғамбар (а.с.)га савдо саёҳатларига чиқиш таклифлари ҳам тушган. Бу саёҳатлардан бирида эса касал бўлиб сафарга чиқолмаган бир савдогарнинг молларини олиб, муваффақиятли натижа билан қайтганлар[7]. Саёҳатларнинг яна бири эса Ҳазрати Хадичанинг карвони билан бўлган. Ҳазрати Хадича шараф ва мол соҳиби бўлган савдогар аёл эди. У молларининг бошида бўлиши учун одамлар билан келишиб, уларга улуш берарди. Расулуллоҳнинг ишончлилигини ва гўзал хулқини эшитиб, Ҳазрати Пайғамбарга Шомга борган карвоннинг бошида бўлиши таклифини берган ва бу таклиф Ҳазрати Пайғамбар томонидан қабул қилинган. Ҳазрати Пайғамбар бошчилигидаги карвон Шомдан қайтганда катта фойда билан қайтган[8].
Пайғамбар (а.с.)нинг Мадинага ҳижрати билан бирга, қурилиш арафасида турган бир давлатнинг асосчиси бўлиш сифати намоён бўла бошлаган. Мадина васиқаси билан бирга низоларни ҳал этиш ваколати берилгани ҳижратдан кейин Мадинада бошқарувни қўлга олганини кўрсатади[9]. Ҳазрати Пайғамбар ҳаётлик давомида ҳам давлат раҳбарлиги, ҳам ҳокимлик ва армия қўмондонлиги вазифаларини ҳам бажарган[10].
Расулуллоҳнинг турмуш воситаларидан яна бири урушлардан олинган ғаниматлардир. «Агар Аллоҳга ва ажрим куни[11] – икки қўшин тўқнашган куни – бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилган нарсамиз (оятлар, фаришталар, ғалаба)га имон келтирган бўлсангиз, билиб қўйингизки, ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга, Расулга, қариндош(лари), етимлар, мискинлар ва мусофирларга (тегишли)дир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир»[12] ояти билан мустаҳкамланган.
Пайғамбар (с.а.в.) давлат даромадларидан улуш олишда минимал турмуш шароитларини асос қилганлар. Бошқа пайғамбарлар каби у зот ҳам оиласига кўп мерос қолдирмаганлар[13]. Даромадлари орасида Бани Назир яҳудийларининг ерларида, Хайбар ва Фадак ҳудудларида етишган маҳсулотлардан олган файъ[14] даромадлари бор[15]. Ҳазрати Умарнинг айтишича, Пайғамбар (а.с.) бу даромадлардан ўзлари ва оиласига бир йил етадиган миқдорини олиб, қолган қисмини қўшин учун от ва қурол сотиб олишга ишлатган[16]. Молининг катта қисмини мусулмонлар учун сарфлаган Ҳазрати Пайғамбар жуда фақирона ҳаёт кечирганлар.