Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАДДИСЛАРНИНГ КАСБ-ҲУНАРЛАРИ

МУҲАДДИСЛАРНИНГ КАСБ-ҲУНАРЛАРИ

Инсон бошқаларга муҳтож бўлмаслиги ва ризқини таъминлаши учун ҳалол меҳнат қилиши ва бирор касб-ҳунарга эга бўлиши керак. Биз ҳам ўз тадқиқотимизда яшаган асрларида ҳадис илми билан шуғулланган баъзи муҳаддисларнинг кундалик ҳаётда қандай ҳунар билан шуғулланиб ризқ топганлари ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилдик. Тадқиқотимиз мақсади касбга эга бўлган муҳаддисларни мақташ ёки касби бўлмаган муҳаддисларни танқид қилиш эмас, балки уларнинг қандай ризқ топиб, ҳаёт кечиргани ҳақида маълумот беришдир. Тадқиқотимиз ҳадис илмига қўшадиган ҳиссаси билан бирга, одамлар Исломнинг меҳнатга берган аҳамиятини англаб етадилар ва муҳаддисларнинг илмий томонларидан ташқари қандай ҳунар билан ризқ топганлари, кундалик ҳаётда нима билан шуғулланганлари ҳақида маълумотга эга бўладилар.

Тадқиқотимизда Каттонийнинг “Рисола”[1]сида зикр қилинган муҳаддислар асос қилиб олинган бўлса-да, ўз даврида ҳадис илми соҳасида нуфузли бўлган ёки ҳадис илмида ўрин олган ва адабиётда касблари билан боғлиқ етарли маълумот мавжуд бўлган ҳадисчи олимлар тўпланган. Тадқиқ этилишига муҳтож бўлган мавзу бўлгани ва ҳадис илмига оз бўлса ҳам ҳисса қўшиши мумкинлиги туфайли тадқиқотга арзигулик мавзу эканини айтса бўлади.

Тарих давомида одамлар ўзларининг турмушини таъминлаш мақсадида меҳнат қилиб келишган. Шу каби Ислом ҳам шахснинг меҳнат қилишига аҳамият берган. Аввало пайғамбарлар ва Аллоҳнинг динига ишонганлар, Аллоҳ белгилаган ўлчовлар доирасида ўз ризқларини топишга ҳаракат қилганлар.

Илм соҳаси бўлган ҳадис илмида ҳам кўплаб олимлар етишган ва бу олимлар ҳадис илми билан шуғулланишлари билан бир қаторда кундалик ҳаётда ҳам турли фаолият билан шуғулланганлар. Дунё молини муҳим деб билмаган ва жуда сахий бўлган муҳаддислар, бошқаларга муҳтож бўлмаслик учун турли ишларда ишлаганлар. Шу сабабдан муҳаддислар давлат лавозимларида ишлаш орқали, савдогарлик қилиш орқали, чўпонлик қилиш орқали, мадрасаларда муаллимлик қилиш орқали ёки елкаларида юк кўтариш орқали ўз турмушини таъминлашга ҳаракат қилганлар ва бу ишларини бажаришда Ислом белгилаган чегаралардан чиқмасликка уринганлар.

Ҳалол касб ва ҳунар эгаллашнинг аҳамияти

Инсон ризқини таъминлаши учун меҳнат қилиши керак. Ислом дини ҳам инсонларни турмушини таъминлаш учун меҳнат қилишга тарғиб қилган. Иқтисодий ҳаёт инсон ҳаётининг бир қисми бўлгани каби Исломнинг ҳам бир қисми ҳисобланади. Исломнинг икки асосий манбаи бўлган Қуръон ва суннат эса иқтисодий ҳаётга оид онг даражасини шакллантиришга ҳаракат қилади.

Қуръони каримда меҳнатга оид кўплаб оятлар мавжуд. Аллоҳ таоло “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур. Унинг қилган саъйи (ҳаракати) яқинда (Қиёматда) кўринур”[2] деб, меҳнатнинг аҳамиятига эътибор қаратган. Шунга қарамай, мусулмонлар тўлиқ илмга, тақво ёки охират ҳаётига юзланиб, ўз турмушини таъминлаш учун меҳнат қиладиган ишни тарк этмасликлари керак. Яъни мусулмон киши дунё ва охират мувозанатини сақлаши лозим. “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин…”[3] ояти ҳам инсонларга шуни насиҳат қилади.

Исломда даромад йўли меҳнатдир. Шахснинг меҳнат қилишининг аҳамияти билан бирга даромади ҳам Ислом белгилаган чегараларга кўра ҳалол йўлдан бўлиши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда, “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалолу покларини тановул қилингизлар ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингизлар![4] деб айтилади. Демак, ризқимизни ҳалол ва пок йўллардан таъминлашимиз лозим. Ризқимизнинг ҳалол ва пок бўлиши учун ҳам меҳнат ҳаётимизда адолатли бўлишимиз, “Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз!”[5] (6:152) оятини ўзимизга шиор қилишимиз лозим.

Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларида ҳам даромаднинг аҳамияти билан боғлиқ насиҳатлар берилган. Пайғамбар (а.с.) мўмин киши ризқини ўзи таъминлаши кераклигини таъкидлаб, Ҳеч ким ўз қўли меҳнатидан кўра яхшироқ овқат емаган. Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Довуд ҳам ўз қўли меҳнати ва касбидан еган”[6] деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, бу ҳадис бизга намуна бўлган пайғамбарлар ҳам ўз турмушларини ҳалол йўллардан қўли меҳнати билан таъминлаганини кўрсатади. Умуман олганда, барча мусулмонлар, шу жумладан, муҳаддислар ҳам бошқаларга муҳтож бўлмаслиги ва бошқалардан сўрамаслиги керак. Бошқалардан сўраш ўрнига меҳнат қилиб, саъй-ҳаракат кўрсатиб, ўзлари ва оилалари учун ризқ топишлари керак. Шундай қилиб, пайғамбаримиз (с.а.в) бу ҳақда: Сиздан бирингиз арқонини олиб, елкасида бир боғ ўтин кўтариб келиб сотиши, одамлардан сўрашидан яхшироқдир. У сўраган кишиси унга ё беради, ё бермайди[7], деб айтганлар. Бу ҳадис билан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) инсоннинг энг оғир шароитларда ҳам тиланчилик қилиш ўрнига меҳнат қилиши яхшироқ бўлишини насиҳат қилганлар.

Шунингдек, киши ўз зиммасига олганларни парвариш қилишни эътиборсиз қолдиришнинг гуноҳ экани[8]ни таъкидлаган пайғамбаримиз (с.а.в.) ёқтирган кишининг бир ҳунари бор-йўқлигини сўрар, ҳунари йўқлигини айтганларни ёмон кўрганини, мўминнинг ҳунари бўлмагани тақдирда ўз турмушини дини билан таъминлашини қоралаб айтганлар[9].

Меҳнат қилиш масаласида пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобалари ҳам бизга намуна бўлиб қолганлар. Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага ҳижрат қилганида пайғамбаримиз (с.а.в.) уни Саъд ибн Рабиъ билан биродар деб эълон қилганлар. Бадавлат бўлган Саъд ўз молининг ярмини Абдурраҳмонга беришни таклиф қилган, лекин Абдурраҳмон бу таклифни қабул қилмаган. Бундан кўра, Саъддан савдо қилинадиган бир бозорни сўраган ва турмушини ўша ерда қилган савдо орқали таъминлаган[10].

Саҳобалардан ташқари, уламолар ҳам илм билан шуғулланмоқчи бўлганларга йўл кўрсатганлар. Меҳнатнинг аҳамияти туфайли Суфёни Саврий илм ўрганмоқчи бўлган кишидан турмушини таъминлаш учун иши борми-йўқми деб сўрар, агар бўлса илм ўрганишини, бўлмаса аввал турмушини таъминлашни буюрар эди[11]. Убайд ибн Жаннод, муҳаддисларга юзланиб, кишига аввал қаерда еб-ичиши ва қўним топишини билиши, кейин эса илм ўрганиши ярашади деб айтган[12].

Шу билан бирга мўмин киши ҳаётининг ҳар бир соҳасида ишончли бўлиши, ёлғон гапирмаслиги, бошқаларни алдашга уринмаслиги керак. Бу соҳаларнинг бошида ҳалол меҳнат туради. Пайғамбар (а.с.)нинг бозорда юрганларида нам гуручни қуруқ гуручнинг устига қўйиб, молининг айбини яширган сотувчига Бизни алдаган биздан эмас[13] деб огоҳлантирганлари, мусулмоннинг тўғри бўлиши ва ҳийла қилмаслиги кераклигини кўрсатадиган мазмунли бир мисолдир.

Абу Ҳурайрадан нақл қилинган ҳадисда ҳалол даромаднинг аҳамиятига ишора қилиб, Ҳазрат Пайғамбар: Аллоҳ покдир, фақат пок бўлганларни қабул қилади. Аллоҳ пайғамбарларга нимани амр қилган бўлса, ўша нарсани мўминларга ҳам амр қилгандир. Аллоҳ пайғамбарларга: Эй Пайғамбарлар! Пок ва ҳалол бўлганлардан ейинг ва солиҳ амаллар қилинг деб амр қилган. Мўминларга ҳам: Эй иймон келтирганлар! Сизга берган ризқлардан пок бўлганларини ейинг» деб амр қилган. Кейин Пайғамбар (а.с.): Бир киши Аллоҳ йўлида узоқ сафарлар қилади, сочи паришон, юзи чанг бўлган ҳолда қўлларини осмонга кўтариб: Эй Парвардигорим! деб дуо қилади. Ҳолбуки унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, озуқаси ҳаромдир. Аллоҳ бундай кишининг дуосини қандай қабул қилсин[14] деб марҳамат қилганлар.

Худди шундай ҳалоллик билан боғлиқ Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” номли асарида савдогар Юнус ибн Убайднинг мана бу гўзал амалини зикр қилади: “Юнус намоз ўқиш учун дўконини жиянига ишониб топшириб, дўкондан чиқиб кетади. Шу пайтда жияни бир матони ўз нархидан қимматга сотади. Намоздан қайтишда Юнус харидорнинг қўлидаги матони кўриб, унинг дўконидан ва ўз нархидан қимматга олинганини англайди. Харидор рози бўлган ҳолда ортиқча пул тўлаган бўлсада, ортиқчасини харидорга қайтариб беради”[15].

Ҳар бир мусулмон ҳалол даромад топишга масъул бўлгани каби, ҳадис илми билан шуғулланувчи шахс ҳам биринчи навбатда ўзи ва оиласининг турмушини таъминлайдиган даражада касбга эга бўлиши ва турмушини ҳалол йўлдан таъминлаши лозим. Ҳадисчи олим кучига қараб ҳадис илми билан шуғулланиши, фақирликдан узоқ туриши учун бир касб-ҳунар эгаси бўлиши лозим. Акс ҳолда, мувозанатга эътибор берилмаганда, баъзи муҳаддислар ўз вақтларини фақат ҳадис илмига ажратиб, бошқа иш билан шуғулланмагани туфайли касодга учрагани, аксинча, тижорат ва савдо билан шуғулланганлар турмушларида кўпроқ муваффақиятга эришгани, фақат ҳадис ўрганиш билан кифояланган шахс молиявий қийинчиликка тушгани кузатилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом, инсонларни меҳнат қилиб ўз эҳтиёжларини ҳам таъминлашларини хоҳлайди. Бунинг ҳам Ислом белгилаган чегаралар доирасида ҳалол йўлдан бўлишини талаб қилган.

[1] Каттоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Файз Жаъфар ибн Идрис Ҳасаний Идрисий. Рисолатул мустатрафа ли баёни машҳури ктубис суннатил мушаррафа. Муҳаммад Мунтасир Замзамий таҳқиқи. – Байрут: Дорул башоирил исламийя, 2000.
[2] Нажм сураси, 39-40-оятлар.
[3] Қасас сураси, 77-оят.
[4] Моида сураси, 88-оят.
[5] Анъом сураси, 152-оят.
[6] Имом Бухорий. ал-Жомеъус саҳиҳ. Буйуъ, 15.
[7] Бухорий. Закот, 50.
[8] Муслим. ал-Жомиъус саҳиҳ. Закот, 40; Хатиб Бағдодий. ал-Жомиъ ли ахлоқир ровий. – Риёз: Мактабатул маориф, н.й.н. Ж. 1. – Б. 97.
[9] Хатиб Бағдодий. Жомиъ. Ж. 1. – Б. 98.
[10] Бухорий. Буйуъ, 1.
[11] Хатиб Бағдодий. Жомиъ. Ж. 1. – Б. 98.
[12] Хатиб Бағдодий. Жомиъ. Ж. 1. – Б. 99.
[13] Муслим. Имон, 164.
[14] Муслим. Закот, 65.
[15] Ғаззолий. Иҳёу улумид дин. – Байрут: Дорул маърифа, н.й.н. Ж. 2. – Б. 79.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

ТИНЧЛИК ҲУҚУҚИГА ОИД БАЪЗИ ИСЛОМИЙ ТУШУНЧАЛАР

Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги бурчдир. Самовий …