Home / МАҚОЛА / ҲАДИСЛАРНИ ТЎҒРИ АНГЛАШ ВА ШАРҲЛАШДА ЗАРУР БЎЛГАН ОМИЛЛАР

ҲАДИСЛАРНИ ТЎҒРИ АНГЛАШ ВА ШАРҲЛАШДА ЗАРУР БЎЛГАН ОМИЛЛАР

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда айрим кимсалар томонидан ҳадисларнинг нотўғри талқин қилиниши, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пок номларига ва муҳаддис алломаларимиз шаънига турли бўҳтон сўзларнинг айтилиши, шунингдек омма орасида муҳаддис уламоларимизга нисбатан ишончсизлик уйғотишга уринишларни кўрмоқдамиз.

Ҳадисларни ўзича таржима қилиб, уларни тўғри ёки нотўғрига ажратаётган бундай кимсалар гўёки ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли кўрсатиб, у зотнинг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилаётганини даъво қилмоқда. Аслида эса улар суннат ва ҳадиси шарифни инкор этувчилар билан ҳамкорлик қилган ҳолда мусулмон оламининг ардоқли муҳаддис олимлари Имом Бухорий ва бошқа атоқли алломаларнинг номига, улар орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига нисбатан турли бўҳтон сўзларни тарқатмоқда. Бундан кўзланган мақсад, умматнинг буюк алломаларини обрўсизлантириш ва оммани уларга бўлган ихлосини сўндириб, эътиқодини пароканда қилишдир.

Бундай кимсалар ҳадис таржимасини уни инкор қилувчи шахс ёрдами билан тайёрлаганининг ўзиёқ уларнинг ниятлари ғаразли эканини билдиради. Шунингдек, бу таржималарига изоҳ ва факт қолдириб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан изоҳ талаб қилиши ҳам уларнинг асл мақсади нима эканини кўрсатади. Ҳадисни инкор қилувчиларнинг “Фақат Қуръонга амал қиламиз,” деган даъвосидан мақсад Қуръонга амал қилиш эмас, аксинча мусулмонлар қалбидан аввал ҳадисларни тортиб олиш, кейин эса муқаддас китобимиз Қуръони каримга хуруж қилишдир. Улар учун ўз мақсадини амалга оширишнинг энг мақбул йўли, аввал муҳаддисларнинг номини ёмонга чиқариш, ундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий ва маъсум шаънларига бўҳтон ёғдиришдир. Ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, ўзининг ноқис фикрларини ижтимоий тармоқ орқали мусулмонлар оммасига сингдиришга уринаётганлар ҳам ана шундай кимсалар жумласидандир.

Аслида ҳадисларни тўғри таржима қилиш, тўғри тушуниш учун бир қанча шарт ва омиллар зарур. Биринчиси Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган устоз ҳисобланади. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан нафратланадиган кимсадан илм ўрганган одамнинг бу ҳақда айтган сўзлари мусулмонлар томонидан эътиборга олинмайди. Чунки бундай кимсаларнинг мақсади ислом дини моҳиятини  бузиб талқин қилиш ва оммага ўша тарзда етказишдир.

Ҳадисларни тўғри тушуниш ва талқин этиш учун зарур бўлган асосий шартлардан яна бири араб тилини, фасоҳат ва балоғат илмини яхши билиш саналади. Шу билан бирга ҳадис шарҳловчи ҳадис санадидаги саҳоба ва ровийларнинг насаби ва устозларини яхши таниб олиш зарур. Чунки, салаф уламоларимиз “Санад диндандир” деган.

Шунингдек, муҳаддис алломаларимиз томонидан айтилган ҳадисга оид шарҳларни ўрганиш, ҳадиснинг ривоят қилиниш тарихи, унинг ақидавий ва фиқҳий аҳамиятини англаб етиш зарур.

Юқоридаги талаблар билан бир қаторда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар, жумладан саҳобаларнинг сўзларини таржима қилиш ва шарҳлаш, улардан ҳукм чиқариш учун киши “Мусталаҳул ҳадис” илмини, яъни ҳадиснинг саҳиҳ ёки заиф, мансух ёки носих, маъмулун биҳ ёки ғойри маъмулин биҳ эканлигини, хос ёки оммага тааллуқлилигини мукаммал билиши зарур. Ҳадис ривоят қилиб уни шарҳлаш учун бу айтилганлардан ташқари, истилоҳ илмида келтирилган яна бир қанча шартлар борки, уларни фақат диний соҳа олимлари ва имомларимиз тушунадилар. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ: Мусталаҳ илмини билмаган имомни минбардан уриб туширинглар, деганлар. Ҳозирги вақтда мусталаҳ илмини билмаган имом хатибнинг ўзи йўқ, аммо бу илмни билмасдан ҳадисларни таржима қилишга ва шарҳлашга уринадиган кимсаларнинг борлиги одамни хавотирга солади.

Кишининг бирор соҳада олий маълумотли бўлиши уни дуч келган соҳага аралашиб, донишмандлик қилишига ижозат бермайди. Зеро, ундай хатти-ҳаракатлар содир этаётган шахс бу иши билан ўзини соғлом ақл эгаси эмаслигини кўрсатади. Шунингдек, ҳеч қандай диний саводга эга бўлмаган кишига ҳам омма олдига чиқиб оят ва ҳадисларни таржима ва талқин қилишга рухсат берилмайди. Бу мусулмонлар учун жуда оғир оқибатларга олиб келади. Буни аллома аждодларимиз жуда яхши англаганлар.

Тарихдан маълумки, мусулмонлар ислом динига оид масала ва ҳукмларни дуч келган кимсадан олиб кетавермаган. Фатво берадиган олимнинг илмий салоҳиятини текшириб аниқлаб олгандан сўнггина унга динга оид масалалар ҳақида сўзлашга ижозат берилган. Ҳатто имом Бухорийдек зотлар ҳам бир жойга бориб ҳадис айтишдан олдин ўша жойдаги уламоларнинг имтиҳонидан ўтган. Бунга унинг Боғдодда, Нишопурда Бухоро ва Самарқандда имтиҳон қилинишини мисол сифатида келтириш мумкин. Маҳаллий халқ ва уламолар Имом Бухорийнинг кимлигини яхши билар, ҳатто у келганда ёшу қари, эркагу аёл пешвоз чиқиб, паёндоз тўшаб кутиб олган. Аммо ислом динини турли фосид ниятли кимсалардан соф ҳолда асрашга бўлган қатъий эҳтиёткорлик ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига бўлган муҳаббат, ҳатто Имом Бухорийдек зотларни ўзи туғилиб ўсган она заминида ҳам бу имтиҳондан истисно бўлишига йўл бермаган.

Ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси динга оид бўлган масала ва ҳукмлар борасида имом хатибларимиз ва дин арбобларига мурожаат қилишади. Аммо ижтимоий тармоқларда диний илмлардан бехабар жоҳил кимсалар ўзининг ноқис ақли билан оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиши учраб турибди. Албатта, бу замин одамлари илм маърифати билан дунёни ўзига қаратган халқ ҳисобланади. Бу юрт аҳолиси ҳеч қачон дори-дармонни баққол ёки деҳқон бозоридан, нонни устахонадан сотиб олмаганидек, имон эътиқодига, динига тааллуқли масалаларни бетайин одамлардан, журналист ёки шоир, ёки диний илмга эга бўлмаган бошқа шахслардан ўрганмайди.

Аммо айрим кимсалар ўзи бу соҳада сўзлашга нолойиқ бўлса-да, динимизга оид масалалар ҳақида сўз юритмоқда. Ўзини диний соҳа билимдони сифатида кўрсатиб, айтаётган асоссиз сўзларига факт талаб қилиб баҳс мунозарага чорламоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини жоҳиллик билан нотўғри талқин қилиб, айбни Имом Бухорий, Имом Муслимдек машҳур муҳаддисларимизга ағдармоқчи бўлмоқда. Аслида олтину жавҳарга лой теккани билан улар ўз қадрини йўқотмаганидек, уларнинг ислом дини уламолари шаънига айтаётган бу аҳмоқона сўзлари билан буюк муҳаддисларимиз обрўси тўкилиб қолмайди. Ундай ақли фосид кимсаларнинг сўзлари динимизда эътиборга олинмаганидек, ақли расо кишилар уларнинг бу сўзларига алданиб қолмайди.

Қуйида ҳадиси шарифни нотўғри талқин қилувчи бундай кимсаларнинг фитналарини очиб бериш, айрим ҳадисларнинг тўғри таржимаси ва шарҳларини баён қилиш учун “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўпламидан айрим ривоятларнинг таржимаси ва уларнинг шарҳларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган “Умдатул Қорий” шарҳ асари, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул Борий” ва бошқа шарҳларга эътимод қилган ҳолда бундай кимсаларнинг нотўғри талқинларига бирма-бир жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳадис нотўғри таржима қилинганини эътиборга олиб, сўзимиз исботи учун уни арабий матни билан келтиришни лозим топдик.

148 – حَدَّثَنَا إِبْرَاهِيمُ بْنُ الْمُنْذِرِ قَالَ: حَدَّثَنَا أَنَسُ بْنُ عِيَاضٍ عَنْ عُبَيْدِ اللَّهِ عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ يَحْيَى بْنِ حَبَّانَ عَنْ وَاسِعِ بْنِ حَبَّانَ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ: ارْتَقَيْتُ فَوْقَ ظَهْرِ بَيْتِ حَفْصَةَ لِبَعْضٍ حَاجَتِي فَرَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهُ يَقْضِي حَاجَتَهُ مُسْتَدْبِرَ الْقِبْلَةِ

Бу ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”нинг Таҳорат китоби, “Ҳожат учун уйдан узоқроқ бориш” бобида келган.

Ҳадиснинг тўғри талқини:

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Мен Ҳафса онамизнинг уйининг томига ўзимга керак бўлган айрим нарсалар (ни олиш) учун чиқдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиблага орқа ўгириб (Шом томонга юзланиб), ҳожат чиқараётганларини кўрдим.”.

Биринчидан, исми келтирилган саҳобия Ҳафса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараси, мўминлар онаси бўлади. Ҳадисда кўриниб турганидек, томга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмас, ўша вақтларда ёш бола бўлган, Ҳафса бинти Умарнинг укаси Абдуллоҳ ибн Умар чиққан ва пастда атрофи ёпиқ жойда Пайғамбаримизнинг ҳожат чиқариш учун ўтирганларини кўрган. Ижтимоий тармоқдаги маҳмадона эса ҳадис матнини келтириб “Расулуллоҳдек пок инсон бировнинг уйи устига чиқиб, ҳожатини раво қилиши мумкинми?”, деб айтмоқда. Ўзини саводли ва олий маълумотли эканини даъво қиладиган бундай кимсаларни саводсизликда айблаб бўлмайди, албатта. Шундан келиб чиқиб, айтилган бу туҳмат сўзлар Пайғамбаримизга нисбатан нафратнинг бир кўриниши ёки муқаддас динимизга нисбатан хуружнинг бошланишидир. Аллоҳ таоло Каломи шарифида суюкли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата “Албатта, Сизни айбловчиларнинг ўзи барча яхшиликлардан маҳрумдир”[1] деб марҳамат қилган.

Иккинчидан, Абдуллоҳ ибн Умар ушбу ҳадисни ривоят қилишининг сабаби, ривоятда фиқҳий фойдалар мавжуд бўлиб, у ҳам бўлса атрофи ёпиқ жойда қиблага юзланиб ҳожат чиқариш мумкинлигидир. Уламоларимизнинг айримлари шу ҳадисни далил қилиб, ҳожатхоналарда қиблага орқа қилиб ёки юзланиб ҳожат чиқаришнинг зарари йўқ, деган. Ҳанафий уламолар эса ушбу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Умар атрофи ёпиқ бўлгани сабабли Пайғамбаримизнинг фақат бошларини кўрганини, гавдаларини кўрмаганини айтишиб, у зотнинг боши ёнга ўгирилиб қиблага тескари турган, шунда гавдалари эса қиблага ён ҳолатда бўлади, деб тафсир қилган. Шу сабабли қиблага юзланиб ё орқа қилиб ҳожат чиқариш мумкин эмас, дейилади. Албатта, бу масала биз ифода қилмоқчи бўлган нарса эмас. Бу ерда биз эътибор қаратадиган масала айримларнинг ҳадисни нотўғри талқин қилиб, жуда катта айб топиб олгандай “Расулуллоҳ томга чиқиб ҳожат чиқарди”, деб жар солиб, Расулуллоҳга ва Имом Бухорийга туҳмат қилаётганидир. Шу билан бирга, улар “Бу Бухорийда турибди” деб, сўзига бошқаларни ишонтирмоқчи бўлмоқда.

Дин душманлари томонидан Набий соллалоҳу алайҳи васалламга, ислом уламоларига нисбатан бундай хуружлар ҳар доим, ҳатто у зот ҳаётлик вақтларида ҳам, Имом Бухорий яшаган замонда ҳам содир бўлган ва бугун ҳам, эртага бундай ҳолатлар содир бўлиб туради. Биз мусулмонлар уларнинг мақсадларидан огоҳ бўлиб, ёлғон сўзлари домига илиниб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Муқаддас динимизга оид масала ва ҳукмларни ижтимоий тармоқдаги ўзимиз билмаган ва танимаган кимсалардан эмас, аксинча, яхши ва ёмон кунларимизда биз билан ҳамнафас бўлиб турган имом-хатибларимиз ва диний арбобларимиздан олишимиз энг тўғри йўлдир.

[1] Кавсар сураси, 3-оят.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ТИНЧЛИК ҲУҚУҚИГА ОИД БАЪЗИ ИСЛОМИЙ ТУШУНЧАЛАР

Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги бурчдир. Самовий …