Home / МАҚОЛАЛАР / МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади:

حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ سَلامٍ، قَالَ‏:‏ أَخْبَرَنَا جَرِيرٌ، عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ إِسْحَاقَ، عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ‏:‏ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم‏:‏ لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا، وَيُوَقِّرْ كَبِيرَنَا‏.‏

Муҳаммад ибн Салом Жарирдан, у Муҳаммад ибн Исҳоқдан, у Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кичигимизга раҳм кўрсатмаган ва каттамизни улуғламаган биздан эмас”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу муборак ҳадислари билан норасида гўдакларга раҳм-шафқат қилишга, улуғ ёшдаги кишиларга меҳрибон бўлишга буюрмоқдалар.  Чунки ёш болалар ҳам, ёши улуғ, кекса кишилар ҳам заиф, бошқалар кўмагига муҳтождирлар. Айтиш жоизки, гўдакларга меҳр кўрсатмаслик мусулмонларнинг йўлига ва табиатига зиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу маънода “биздан эмас” дедилар.

Ота-она болаларини ҳимоя қилиши ва уларга раҳм-шафқат, меҳр кўрсатиши Аллоҳ таоло уларнинг қалбида яратган гўзал туйғудир. Агар қалби қотиб, болага раҳм-шафқатни билмаган ёки унга меҳрибон бўлмаган одам бўлса, унда яхшилик йўқлигидан далолат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида бундай таъкидланади: “У зот бир болани ўпдилар, бир бадавий: “Болаларингизни ўпасизларми? Аллоҳга қасамки, менинг ўнта фарзандим бор, уларни ўпмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбингиздан раҳматни олиб қўйган бўлса, мен нима қила олардим”, дедилар.

Гап эркалаш ёки ўйин-кулгига боғлиқ эмас. Гап тарбияда. Болани мурувват ва меҳрибонлик билан тарбия қилиш соғлом қалбга эга, руҳий хасталиклардан холи бўлган, бошқа болаларни хафа қилмайдиган, ғамхўрлик кўрсатадиган, гўзал хулқли мусулмонни шакллантиришнинг асосидир.

Фарзандингизнинг моддий талаб ва эҳтиёжларини қондиришдан кўра, уларга ғамхўрлик, меҳр ва мулойимлик кўрсатиш муҳимроқдир. Ота-онанинг зўравонлиги, муттасил танбеҳ ва айбловлари боланинг ота-онасидан узоқлашишига сабаб бўлади.  Оқибатда бола ёмон одамлар ва сохта дўстларга қўшилиб қолиши мумкин.

Ҳадисдаги “каттамизни улуғламаган” жумласи бошқа ривоятда  “кексаларимизнинг ҳақларини билмаган” шаклида келган. Ҳар икки ҳадисда ҳам сўз моҳияти бир хил: орамиздаги катталарни ҳурмат қилиш, кексалигини ҳисобга олиб, янада кўпроқ меҳрибон бўлишимиз лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳрибонларга Аллоҳ раҳм қилади”, деб марҳамат қилганлар. Кимки меҳрибон бўлмаса,  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашмаган бўлади. Бироқ ҳадисдан унинг мусулмон эмаслиги тушунилмайди.

Нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга раҳм-шафқатли бўлишга, катталарни ҳурмат қилишга алоҳида урғу берганлар?

Чунки  жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм суриши заифлар омон бўлиб, халқ орасида муносиб ҳаёт кечириши учундир.

Аллоҳ таоло бандалари учун раҳматнинг кўп шаклларини яратганки, улардан баъзилари очиқ-ойдин ва биз уларни ҳар доим ҳис қиламиз. Жумладан,  барака, саломатлик, ризқнинг кенг бўлиши. Кечирим, меҳр каби маънавий фазилатлар ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ раҳматини юз қисмга ажратди. Тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида сақлади, бир қисмини ерга туширди ва у билан ердаги жонзотлар бир-бирларига раҳм-шафқат қилади, ҳатто от тойчоғига азият бермаслик учун туёғини кўтариб туради”.

Ушбу ҳадисдан қуйидагиларни англаш мумкин:

  • Аллоҳ бандаларига бўлган раҳм-шафқатидан улар орасида умумий раҳм-шафқат пайдо қилди. Сўнгра бандаларнинг заифлари ва меҳр-мурувватга муҳтожлари бўлган ёш ва кексалар учун уни алоҳида таъкидлади.
  • Ёшларга раҳм-шафқат, кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмайдиганларга Аллоҳнинг ғазаби келади.
  • Ёшларга нисбатан меҳр-шафқатнинг энг муносиби – фарзандларига раҳм-шафқат кўрсатиш, катталарга меҳр-мурувват кўрсатиш ва эҳтиромнинг энг муносиби – ота-онаси ва яқинларига ҳурмат ва эҳтиромдир.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ёш, норасида гўдакларини сувга ташлаб юбормоқчи бўлган ёки эр-хотин ўзаро жанжал қилиб, аламидан фарзандининг жонига қасд қилиб қўйган ўта салбий ҳолатлар кўзга ташланиб қоляпти. Буларнинг бари орамиздаги айрим инсонларда Аллоҳ берган улуғ неъмат – раҳм-шафқатнинг йўқлиги ва илмсизлик сабабидандир.

Шу боис аҳоли, айниқса, ёшларимизни Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари, ота-боболаримиз ўгитлари ва насиҳатлари билан тарбиялашга  алоҳида аҳамият қаратиш лозим.

     Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга раҳм-шафқатли қилсин, катта-ю кичикни эъзозлашга тавфиқ берсин!

Ҳасан Расулов
Чилонзор тумани “Муҳсинхон тўра эшон” жоме масжиди имом ноиби

Check Also

МУСУЛМОНЛАР ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТ: ТИНЧЛИК УСТУВОРЛИГИ

Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари …