Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁДА НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА “МАКТУБОТ”НИНГ АҲАМИЯТИ 

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА “МАКТУБОТ”НИНГ АҲАМИЯТИ 

Нақшбандия тариқати намояндалари ва уларнинг турли кишилар билан ёзишмалари жамланган “Мактуб”лар тариқат тарихини ўрганишда муҳим ўрин тутади.

Тарихда «Мактуботи Румий», «Мактуботи Хожа Боқибиллоҳ», «Мактуботи Раббоний», «Мактуботи Маъсумия», «Мактуботи Хожа Сайфиддин», «Мактуботи Мирзо Мазҳар», «Макотиби шарифа», «Мактуботи Ургутий»да муршидларнинг мактуби китоб ҳолатида жамланган. Бу атрофдаги кишилар учун дастур, яъни қўлланма бўлиб қолган.

Мактублар одатда қоғозга ёзилиб, муайян бир шахс номи кўрсатилиб юборилган. Кейинчалик мактублар китоб ҳолига жамланган. Бундан асосий мақсад, аввало устознинг сўзларини манзилга етказиш бўлса, кейинги мақсад жамланган мактублар орқали, у (муршид)нинг турли масалаларга оид илмий қарашларини авлодларга етказиш бўлган. Бу билан баъзи ечимини топмай турган масалалар исботини топиб, илмий мубоҳасаларга сабаб бўлувчи қарама-қаршиликлар бартараф этилган. Шунингдек, мактублар орқали тариқатга оид баҳсли фикр-мулоҳазаларда баъзан ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва маънавий мерос масалаларини учратиш мумкин. Мактублар муайян тариқат муршидларининг нечоғлик таъсир доирасига эга эканини ҳам намоён этади.

XVII асрнинг бошларида Ҳиндистонда фаолият олиб борган Аҳмад Форуқи Сирҳиндийнинг (1564-1624) мактублар тўплами мавжуд.

Ҳиндистонда нақшбандия-мужаддидия таълимоти Шоҳ Акбарнинг (1542-1605) диний сиёсати ва ислоҳотлари натижасида заифлашиб қолган исломни қайта кучайтириш ҳаракати билан боғлиқ ҳолда дунёга келди. У тез фурсатда ривож топиб, мамлакат бўйлаб тарқала бошлади. Нақшбандийлик тариқатининг мазкур янги кўринишига Аҳмад Форуқи Сирҳиндий асос солган ва тасаввуф тарихида “мужаддид алф соний” (мужаддид алф соний – иккинчи минг йилликда тариқатни янгиловчи (қувватлантирувчи) маъносини билдиради) номи билан шуҳрат қозонган.

Хожа Абдубоқий Имканагийнинг (1512-1600) шогирди Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ Деҳлавий (1563-1603) устозидан таълим олиб, тариқат ижозати –иршодни олгач, ўз юрти Ҳиндистонга кетади. Шу даврларда яшаган Аҳмад Сирҳиндий Хожа Боқибиллоҳ хизматига кириб, Марказий Осиё ҳудудидан борган тариқат силсиласига уланади [Шунингдек, яна бир бошқа нақшбандия тариқати вакили Хожа Убайд Кобулийдан ҳам ижоза олганлиги айтилади. Батафсил қаранг: 9: – P. 198].

Шайх Аҳмад Сирҳиндий 971/1564 йилда Сирҳинд шаҳрида таваллуд топган (1: 6б варақ). Отаси шайх Абдулаҳад улуғ авлиёлардан бўлиб, Мавлоно Абдулқуддус ва унинг ўғли Мавлоно Рукниддин хизматида юриб, чиштия тариқати одобларини ўрганган. Ўз фарзанди Аҳмад Сирҳиндий тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, исломий билимларни пухта эгаллаши, кўплаб устозлардан сабоқ олиши учун шароит яратган. Шайх Аҳмад Сирҳиндий дастлаб Сиёлкут шаҳрига бориб, Камол Кашмирий хизматига киради [9: – P. 198] ва кейинчалик кубровия тариқати вакили Яъқуб Кашмирийдан (ваф. 1003/1595 йил) ҳадис илми бўйича дарс тинглайди [3: – Б. 460]. У яна Шоҳ Искандардан қодирия тариқати хирқасини қабул қилган [3: – Б. 427].

Шайх Аҳмад Сирҳиндий нақшбандия тариқатидаги устози Хожа Боқибиллоҳ вафот этгач, унинг ўрнига иршод маснадига ўтиради. Шу даврдан то умрининг охирига қадар мазкур тариқатнинг ривожланиши ва тараққий этиши учун хизмат қилган. У улуғ муфассир, муҳаддис ва мутасаввиф уламолардан бири бўлиб, тинимсиз изланишлари натижасида нақшбандия сулуки янада тараққий топиб, нақшбандия-мужаддидия номи билан кенг тарқала бошлайди. Шу зайлда тариқатнинг янги йўналиши – нақшбандия-мужаддидия пайдо бўлади. XVII асрнинг ўрталаридан бошлаб, асосан мазкур аср охирларида ва XVIII-XIX асрларда нақшбандия-мужаддидия таълимоти Марказий Осиёда ёйилиб, етакчи тариқатлардан бирига айланади.

Аҳмад Сирҳиндий «Мактубот»ининг биринчи жилди (313 та мактуб) 1025/1616 йилда Бадахшоний, иккинчи жилди (99 та мактуб) 1028/1619 йилда Абдулҳай Ҳисорий томонидан тузилган. Учинчи жилди (124 та мактуб) эса Хожа Муҳаммад Ҳошим Кишмий томонидан 1031/1622 йилда тўпланиб, китоб ҳолига келтирилган.

Мактуботни Мустақимзода Сулаймон Афанди усмонли-туркчага ва  Муҳамад Мурод Қозоний 1302/1887 йилда араб тилига таржима қилган. Мустафо Ҳасанайн Абдулҳоди томонидан қилинган арабча таржимаси Макка шаҳрида 1316/1901 йил “Дурарул макнунот” [Асарнинг ушбу таржима нусхаси 2015 йилда қайта нашр этилган. Қаранг: 6] номи билан чоп этилган, 1963 йили Истанбулда факсимили нашр қилинган. Шунингдек, 1961 йил Меҳмет Сулаймон Терму ўғли томонидан “Асоми Раббоний Аҳмад Фарруқий мактуботи” номи билан нашр эттирилган. Ҳусайн Ҳилмий эса 1968 йили биринчи жилдини, Абдулқодир Акчичек 1977 йилда икки жилд ҳолида таржима қилиб, нашр эттирган.

Шайх Аҳмад Сирҳиндий ўзининг 536 мактуб мажмуаси (“Мактуботи Имоми Раббоний”) билан ушбу тариқатнинг кенг кўламда – Ҳинд яримороли ва Афғонистонда тарқалиши учун замин яратиб берди. У ўз замонасининг машҳур давлат арбоблари, ўз халифа-шогирдлари, буюк олимлар ва мутасаввифлари билан кенг алоқа ўрнатиб, Ҳиндистондан туриб бошқа жойларга мактублар ёзиб турар, турли мавзулардаги мураккаб масалалар, ирфоний ва ақидавий муаммоларни ечиб беришга ҳаракат қилган. Масалан, 268 мактубини туркистонлик Хожа Муҳаммад (Абул) Қосим (ибн Хожагий) Имканагийга ёзиб, унда нақшбандия тариқатининг бешиги бўлган Мовароуннаҳрда топилган айрим бидъатлар борасида ачиниб сўзлайди [4].

Шунингдек, 536 та мактубда 316 та [5: – S. 206] ҳадис келтирилган. Мактубларнинг 116 таси сиёсий соҳа вакилларига, 243 таси маънавият соҳибларига, 130 таси диний амалдорларга, 47 таси турли кишиларга юборилган.

Мактублар Афғонистон (137, 400, 467), Бадахшон (117-124, 132-136, 146, 159, 161, 171, 173, 176-177, 188-190, 204, 209, 211-212, 217, 224, 228, 231, 238, 246, 257, 261, 281, 312, 317, 340, 344, 360-361, 364, 381, 382, 395, 405, 412-413, 416-417, 420-422, 424, 430-431, 433, 437-438, 442, 448-449, 461, 471, 487, 493, 502, 504, 508, 526), Балх (150, 511), Бенгалия (158, 22, 292, 359, 397), Бухоро (43-56, 163, 165), Чанпур (1), Деҳли (115, 342, 533), Имкана (150, 168, 180), Хоразм (510), Хўтан (322), Кобил (1-20, 131,140, 146, 148-149, 166, 174, 183, 186-187, 199, 205, 222, 235, 307, 383, 463), Кўлоб (12), Нишопур (125, 126), Паркана (86) ва Самарқанд (142, 206, 235) каби жами 39 та ҳудуддаги, 204 та кишига йўлланган.

Нақшбандия-мужаддидия тариқати намояндалари ўртасида узоқ йиллик дўстона муносабат доимий сақланиб қолган. Аҳмад Сирҳиндий бу тариқатнинг етакчиси сифатида узоқ ўлкаларга мактуб юбориб, узвий алоқани таъминлаб турган.

Бу анъана ундан кейин ҳам давом эттирилиб, унинг силсиласида фаолият кўрсатган Муҳаммад Маъсум [“Мактуботи маъсумия” уч жилддан иборат. Қаранг: 7], Сайфиддин, Мирзо Жон Жонон каби тариқат арбоблари ўз даврида махсус мактублар ёзиб, турли ҳудудлардаги замондош бўлган тариқат пирлари билан ёзма ҳамфикр бўлишган. Мулла Абдулғофур Самарқандий, Абулқосим ибн Имканагий, Хожа Убайдуллоҳ, Хожа Абдуллоҳ каби мовароуннаҳрлик тасаввуф алломаларига – Аҳмад Сирҳиндий,  Ҳожи Ҳабибуллоҳ Ҳисорий Бухорий, Мир Боқи Бухорий, Шайх Араб Балхий, Назарбек Самарқандий, Хожа Аҳмад Бухорий, Ҳожи Муҳаммад Ашур Бухорий, Хожа Муҳаммад Шариф Бухорийга  – Муҳаммад Маъсум, Хожа Муҳаммад Шариф Бухорий, Муҳаммад Мусохон хожа Даҳбедий, Муҳаммад Амин хожа Даҳбедийга – Мирзо Жон Жонон томонидан йўлланган ёзишмаларда асосан тариқат фаолияти давомида пайдо бўлган саволларга жавоб излаш ёки жавоб бериш орқали фаолиятидаги муайян бўшлиқлар тўлдириб борилганини кўриш мумкин. Шундай мактублардан бири 1188/1774 йил сафар/апрель ойида Мирзо Мазҳар Жони Жонон (1701-1780) томонидан Мусохон хожа Даҳбедийга юборилган мактубда [Батафсил қаранг: 2: 242а-244а варақ; 8: 259-260 саҳифа] ҳам ижтимоий ҳаётда учрайдиган ҳолатлар юзасидан фикрини баён этиб, ўзининг Деҳлида яшаётгани ва 80 ёшга қараб кетаётганини таъкидлаб ўтган.  

Хулоса, нақшбандия-мужаддидия муршидларининг фаолияти ва ўзаро ёзишмаларни олиб бориш жараёнлари (мактубларни расмийлаштириш ва тасдиқлаш тартиби)га кўра муршидларнинг нафақат ўз муридларига, балки узоқ ўлкаларда фаолият юритаётган тариқатнинг таниқли шайхларига ҳам мактуб йўлланганини учратиш мумкин. 

Нақшбандия-мужаддидия тариқати намояндаларининг ўзаро муносабатлари, устоз-шогирдлик анъаналари, улар ўртасидаги самимий қарашларини ўрганишда мактубларнинг илмий аҳамияти юқори экани юқорида санаб ўтилган мактублар тўпламида батафсил баён этилган.

Мактубларнинг тарихий аҳамияти шундаки, у нақшбандия-мужаддидия тариқати намояндаларининг фаолияти ҳақида турли қўлёзма ва шу каби манбаларда учрамайдиган маълумотларни асосли тўлдиради.

Муайян шахсларга юборилган мактублар кенг жамоатчиликка қўлёзма асарлар орқали етказилган.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
  1. Бадриддин Сирҳиндий. Ҳазорат ул-қудс. Биринчи дафтар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (бундан кейин-ЎзР ФА ШИ) қўлёзмалар фонди инв. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №76. 6б варақ.
  2. Мирзо Мақсуд Даҳбедий. Миръот ус-соликин. Қўлёзма. 242а-244а варақ;
  3. Муҳаммад Ҳошим Кишимий. Насимат ул-қудс мин ҳадоиқ ул-унс. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №635. – Б. 460.
  4. Абдулҳаким Жўзжоний. Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси. 2007 йил, 33-сон.
  5. Abdullah Orhan. İmam-ı Rabbanı’nin mektübat’ındaki hadislerin tahriç ve değerlendirilmesi. İstanbul: Nisan, 2018. 290 s.
  6. Имом Аҳмад Раббоний. Ал-Мактубот ар-раббониййа. Бейрут-Лебанон: Дорул кутубул илмиййа, 2015. 3 жуз. 1472 б.
  7. “Мактуботи маъсумия”, уч жилддан иборат. Қаранг: Муҳаммад Маъсум. Мактуботи маъсумия. Форс тилида. Ҳиндистон-Карачи. 1396/1976. 256-саҳифа.
  8. Мактуботи Мирзо Мазҳар Жони Жонон. Лоҳур: Мактабати мужадидия, 2012. 259-260-саҳифалар.
  9. Sayyid Athar Abbas Rizvi. A History of sufism in India. – New Dehli. 1992. – P. 198.
Мехрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

МУСУЛМОНЛАР ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТ: ТИНЧЛИК УСТУВОРЛИГИ

Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари …