Home / МАҚОЛА / ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг

 ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا قُلْ لَمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِنْ قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ﴾

“Аъробийлар: «Биз иймон келтирдик», деди. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Сизлар иймон келтирмадингиз. Лекин “ислом келтирдик (бўйсундик)”, денглар. Иймон сизларнинг қалбингизга кирмаган”[1], оятини далил қилиб келтиради. Улар: «Оятда ислом тасдиқланиб, имон эса нафий қилинган. Яъни ислом имондан бошқалиги айтилган», дейди. Улар яна Жаброил ҳадисини ҳам далил қилиб келтиради: “У (Жаброил) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан имон ҳақида сўраганида, у зот: (Имон) Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшию, ёмони Аллоҳ таолодан эканига имон келтиришингдир”, деганлар. У ислом ҳақида сўраганида: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ва Байтни ҳаж қилишинг», деганлар. Демак, Китоб ва суннатда бу икки нарса ўртасида фарқ борлиги кўзга ташланади”.

Биз айтамизки, имон ва ислом худдики القعود [ал-қуъуд] –  ўтирмоқ ва الجلوس [ал-жулус] – ўтирмоқ сўзлари каби маънодошдир. Имон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тил билан хабар берган нарсаларини қалбан тасдиқ этиш бўлса, Ислом Аллоҳ таолонинг амр ва қайтариқларига қалбан бўйсунишдир. Кишида имоннинг барча шартлари топилган ҳолда, мусулмон эмаслиги ёки исломнинг барча шартлари топилган ҳолда, мўмин эмаслиги тасаввур қилинмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари далолат қилади:

 ﴿إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ﴾

«Албатта, Аллоҳнинг наздида ҳақ дин Исломдир»[2],

 ﴿وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْهُ﴾

«Ким Исломдан ўзга динни истаса, ундан ҳаргиз қабул қилинмас»[3]. Имон бу диндир. Агар имон исломдан бошқа бўлганида, у қабул қилинмас эди. Фаришталар:

 ﴿فَأَخْرَجْنَا مَنْ كَانَ فِيهَا مِنَ الْمُؤْمِنِينَ (٣٥) فَمَا وَجَدْنَا فِيهَا غَيْرَ بَيْتٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ﴾

“Ва биз у жойдан мўминларни чиқардик. У ерда бир хонадондан (Лут хонадонидан) бошқа мусулмонларни топмадик”[4], деган. Оятда мўмин ва мусулмон лафзлари битта маънода ишлатилган.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида хабар қилиб айтадики, Мусо ўз қавмига:

 ﴿يَا قَوْمِ إِنْ كُنْتُمْ آَمَنْتُمْ بِاللَّهِ فَعَلَيْهِ تَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُسْلِمِينَ﴾

«Эй қавмим, агар Аллоҳга имон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина суянинг»[5], деди. Яна У Зот:

 ﴿يَمُنُّونَ عَلَيْكَ أَنْ أَسْلَمُوا قُلْ لَا تَمُنُّوا عَلَيَّ إِسْلَامَكُمْ بَلِ اللَّهُ يَمُنُّ عَلَيْكُمْ أَنْ هَدَاكُمْ لِلْإِيمَانِ﴾

“Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки Аллоҳ сизни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт”[6], деган. У Зот яна:

 ﴿قُولُوا آَمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا… وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ ﴾

“Айтинглар: “Аллоҳга ва (У Зотдан) бизга туширилган нарсага имон келтирдик. Ва биз Унга мусулмонлармиз”[7], деган. Бу оятларда ҳам мўмин ва мусулмон сўзлари бир хил маънода қўлланган.

Ҳадисда «Жаннатга фақат мўмин инсон киради»[8], дейилган. Бошқа ривоятда «фақат мусулмон инсон киради»[9], дейилган. Бу ўринда ҳам мўмин ва мусулмон лафзлари бир хил маънода қўллангани кўринади.

Лекин ислом сўзи икки важҳга кўра бўлади. Биринчиси шаръий бўлиб, у имон маъносида; иккинчиси луғавий бўлиб, у استسلم [истаслама] – таслим бўлиш ва انقاد [инқода] – бўйсуниш, итоат қилиш маъносида бўлади. Иккинчи маъно Аллоҳ таолонинг аъробийлардан имонни нафий қилиб, исломни собит қилганида юзага чиқади. Оятда:

﴿قُولُوا أَسْلَمْنَا﴾

«Ислом келтирдик» деб айтинглар”, дейилган. Оят: قولوا استسلمنا خوفا من معرة السيف – “қиличнинг шиддатидан қўрқиб: «таслим бўлдик» деб айтинглар” маъносида бўлиб, унда Ислом эмас, таслим бўлиш назарда тутилган. Исломдан кўзланган ҳақиқий мақсад Аллоҳ таолонинг

﴿وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا﴾

«Ким Исломдан ўзга динни истаса»[10], деган сўзида ўз ифодасини топган. Яъни Ислом – бу диндир. Дин эса имондир.

Жаброил ҳадисига келсак, бу ҳадис саҳиҳ ривоятларда зикр этилган. Жаброил биринчисида имон ҳақида сўраб, иккинчи мартасида ислом ҳақида сўраганда, исломнинг шариатлари (фиқҳий ҳукмлари) ҳақида сўраган. Имом Мотуридий «Тавҳид» асарида: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имон ҳақида, сўнг исломнинг шариатлари ҳақида сўралдилар»[11], деб келтиради. Бу Аллоҳ таолонинг

 ﴿وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ﴾

“Аллоҳ имонингизни[12] зое қилмас”[13], оятида имон сўзи зикр этилиб, ундан намоз ирода қилинганига ўхшайди. Ҳадисда келган «ислом» сўзидан ҳам мажозан исломдаги фиқҳий ҳукмлар ирода қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, имон ва ислом сўзлари луғавий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилсада, шаръий-истилоҳий жиҳатдан бир хил маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида:

﴿مَا كَانَ إِبْرَاهِيمُ يَهُودِيًّا وَلَا نَصْرَانِيًّا وَلَكِنْ كَانَ حَنِيفًا مُسْلِمًا وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ﴾

«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмасди. Лекин у тўғри мусулмон эди. У мушриклардан ҳам эмасди»[14], деган. Оятдаги «мусулмон» сўзини «мўмин» маъносида ҳам тушуниш мумкин. Демак, иймон ва ислом битта нарса дейилганда, уларнинг шаръий-истилоҳий маънолари назарда тутилган бўлади, луғавий маънолари эмас.

[1] Ҳужурот сураси, 14-оят.
[2] Оли Имрон сураси, 19-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 85-оят.
[4] Зориёт сураси, 35-36-оятлар.
[5] Юнус сураси, 84-оят.
[6] Ҳужурот сураси, 17-оят.
[7] Бақара сураси, 136-оят.
[8] Ушбу ҳадисни Термизий «Тафсирул Қуръон китоби»да келтирган. У бу ҳадисни ҳасан, саҳиҳ деган. Насоий «Китобул маносик»да, Имом Аҳмад, Доримий «Китобус солат»да келтирган.
[9] Имом Бухорий «Саҳиҳ» асарида «Китобул жиҳод вас сияр» бобида, Термизий «Китобул Ҳаж»да, Ибн Можа «Китобус сиям»да келтирган.
[10] Оли Имрон сураси, 85-оят.
[11] Абу Мансур Мотуридий. Китобут тавҳид. – Байрут: Дор содр, 2019. – Б.495; Абул Муин Насафий. Табсиратул адилла фий усулид дин. – Ж.1. – Қоҳира: Ал-мактабатул Азҳарийя лит турос, 2011. – Б.1099-1100; Нуриддин Собуний. Ал-кифоя фил ҳидоя. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2014. –Б.369-370.
[12] Оятда келган имон сўзидан мурод Байтул Мақдисга қараб ўқилган намоз назарда тутилган.
[13] Бақара сураси, 143-оят.
[14] Оли Имрон сураси, 67-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МУСУЛМОНЛАР ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТ: ТИНЧЛИК УСТУВОРЛИГИ

Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари …