Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон делегацияси Кембрижда

Ўзбекистон делегацияси Кембрижда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов бошчилигидаги Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси раҳбарларидан иборат делегация Буюк Британиянинг Кембриж шаҳридаги қатор илмий-маданий муассасаларда учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Кембриждаги Пембрук коллежида Шарқ бадиий адабиётининг ноёб дурдонаси ҳисобланган Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда Буюк Британия, Австрия, Франция, Германия, АҚШ, Нидерландия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон   вакиллари ҳам қатнашди. Конференцияда “Шоҳнома” асарининг дунё фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари таҳлили, Шарқ бадиий адабиётининг бугунги маданий ҳаётга таъсири муҳокама қилинди.

Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухалиқов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илмий марказлар, Халқаро ислом академияси фаолияти, ушбу муассасалар томонидан бой илмий маънавий меросимизни ўрганиш, уни халқимиз ва дунё илмий жамоатчилигига таништириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Конференция давомида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилишининг аҳамияти ҳақида фильм намойиш этилди. “Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари жаҳон тўпламларида” альбоми тақдимоти ўтказилди. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистоннинг қадимий тарих ва бой илмий-маданий меросга эга эканини қайд этиб, Самарқанд ва Бухоро каби бетакрор шаҳарларга ташриф буюриш истагани билдиришди. Кембриж университети профессори Жан Мишель Массинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб,  жумладан бундай деди: “Ўзбекистоннинг бой тарихини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш жуда катта аҳамиятга эга. Ушбу мерос Ер юзи бўйлаб тарқалиб кетган. Уларни тўплаш, ўрганиш учун дунё олимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Ташкил этилган кўргазма ҳам ушбу мақсадни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади”.

Шунингдек, конференция иштирокчилари Ўзбекистондаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини юксак эътироф этди. Жорий йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган Темурийлар даври қўлёзмаларига бағишланган халқаро конференция ўзининг долзарблиги ва аҳамияти билан чет эллик олимлар эътиборини тортгани таъкидланди. Кейинги йилларда ҳам ҳамкорликда бу каби халқаро илмий конференцияларни ўтказиш зарурати қайд этилди.

Конференцияга бағишлаб уюштирилган тантанали кечада Кембриж университети профессори Фируза Мелвилл сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасига юқори баҳо берди. Ушбу марказ концепциясини жаҳон стандартлари асосида мукаммал ҳаётга татбиқ этишда бор куч-ғайратини сарфлашга тайёрлигини маълум қилди. Тадбирда Ф.Мелвиллга Ислом цивилизацияси маркази томонидан тайёрланган “Девони Ҳусайний” асарининг ноёб намунаси тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистоннинг қадимий ва бой мероси дунё нигоҳида

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро …