Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Уммат учун улкан мерос қолдирган аллома

Уммат учун улкан мерос қолдирган аллома

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” номли илмий лойиҳа доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб мадрасаси олимлари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари, Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари ҳамда Туркия ва Германиядан тадқиқотчилар, шунингдек, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани мутасаддилари қатнашди.

Семинарда Туркиядаги Анқара Йилдирим Боязид университети профессори Др. Аҳмет Йилдирим “Имом Доримий илмий мероси ва ҳозирги замон” мавзусида маъруза қилди.

Олим маърузасини мовароуннаҳрлик юксак илм соҳиби, етук муҳаддис аллома, тафсир ва ҳадисшунослик каби фанлар асосчиларидан бири Имом Доримий ҳаёт йўлининг қисқа баёни билан бошлаб, унга Доримий нисбаси берилиши сабаби, Имом Бухорий билан илмий алоқалари, кўплаб номдор шогирдлари ҳақида маълумот берди.

Имом Доримий ўз замонасининг ҳам ҳадис, ҳам фиқҳ соҳасида фаолият кўрсатган энг машҳур олимларидан бўлган. Дунёқараши мураккаб сиёсий, диний ва ижтимоий муҳитда шаклланган бўлса, илмий фаолияти ҳар хил сохта, тўқима ҳадислар тарқалган даврда, турли фирқа ва оқимлар ўртасидаги баҳс-мунозаралар авж олган пайтда кечган. Асосан мана шу омиллар олимни ишончли ҳадисларни жамлашга, бу ғоят масъулиятли ишга чуқур мулоҳаза, ўта синчковлик билан, танқидий ва таҳлилий ёндашишга етаклаган.

Профессор аллома кўплаб манбаларда жуда ақлли, ижтимоий фаол ва фазилатли инсон сифатида тасвирланганини, илми, амали, тақвоси ва гўзал хулқи билан илм аҳли орасида ўзига хос ўрин тутгани ва юксак мартаба эгаллаганини таъкидлади.

Имом Доримий ҳаёти давомида бир неча муҳим асарлар ёзган бўлиб, илмий-маънавий меросини “Муснад”, “Тафсир”, “Жомиъ”, “Сулосиёт фил ҳадис”, “Китоб сунна фил ҳадис”ва “Китоб савмул мустаҳазот вал мутахаййирот” каби ўта нодир ва қимматли илмий адабиётлар ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари “Муснад” (луғавий маъноси – “Таянч” ёки “Санади аниқ, ишончли бўлган ҳадислар тўплами”) бўлиб, “Сунани Доримий” номи билан машҳур.

Туркиялик олимнинг қайд этишича, Имом Доримий мустақил фиқҳий асар ёзмаган бўлса-да, унинг бу тўпламида фиқҳий, амалий ва кенг қамровли кўрсатмалар мавжуд. Масалан, муаллиф Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда меҳмон рўза тутиши ё тутмаслиги мумкинлигини айтган. Шунингдек, ниятли эканини унутиб, овқат еб қўйганда қазо рўзаси тутиш-тутмаслик ҳақида фикр билдирган. Рамазонда ҳижома қилиш ортиқча эҳтиёткорликни талаб қилишини ёзган. Бу фикрлар Доримийнинг фиқҳий масалаларда ҳам ўз нуқтаи назарига эга бўлганидан дарак беради.

Таъкидланганидек, Имом Доримий мусулмон уммати учун катта мерос қолдирган. У асарларини ҳадис ва суннатни сақлаш, суннатни бузилишдан ҳимоя қилиш мақсадида ёзган. Доримий бутун умрини Самарқандда ҳадис илми ривожига бағишлаб, сохта ҳадисларни кескин фош этган ва қоралаган. Бу билан суннат таълими, айниқса, ҳукм ҳадисларини жамлаш ва уларни жамиятга етказишга алоҳида эътибор қаратган.

Ҳадислар ҳамма вақт ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича одил ҳукм чиқаришда муҳим ўрин тутган. Бу фиқҳ ва ақида асосларидан биридир. Имом Доримий бу ҳаракатнинг бошида турганлардан бири бўлиб, суннатни муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказиш йўлида буюк хизмат кўрсатган.

Маърузачи Имом Доримий илмий мероси бўйича туркиялик тадқиқотчилар олиб бораётган изланишлар ва уларнинг самараси юзасидан ҳам батафсил маълумот берди.

Семинарда кўплаб давлатлар олимларининг аллома илмий меросига оид тадқиқотларини умумлаштириш, оммалаштириш ва кенг тарғиб қилишга оид қизиқарли таклифлар билдирилди.

Анжуман қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат …